Ифторликми, атторликми?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

— Ҳув анавинисини менга кўрсатворинг! Росаям яхшига ўхшайди, – дейди биринчиси. — Вой, буни оламан деб айтиб қўйгандим-ку! – қизғонади иккинчиси. — Талашманглар, талашманглар, ҳали яна икки сумка нарса бор. Ҳаммага етади,–буниси энди сотувчининг сўзлари. Воқеалар бозорда бўляпти? деб ўйласангиз, роса янглишасиз. Бу ҳолат Рамазон муносабати билан ўтказиладиган ифторликнинг нақд ўртасидан олинган репортаждан лавҳа. Эҳҳе, ифторлик баҳона келган(чунки уларни ифторликка келган деб бўлмайди, ярмиси рўза тутмаган, чақирилгани учун уятли жойдан қолиб кетмаслик ниятида келган) йигирмата аёлнинг ҳаммаси нимадир сотяпти. Энг қизиғи, уларнинг деярли ҳаммаси нимадир оляпти ҳам. Бири иккинчисига косметика сотади, иккинчиси учинчисига кийим сотади, тўртинчиси тароқ, бешинчиси совун, ҳуллас, бозорга боришга эҳтиёж қолмаган. Ўзи бу аёллар бу ерда нима қилиб ўтирибди дейсизми? Одатга кўра ўзига тўқ хонадонлар Рамазонда ифторлик қилиб беришади, бўлмаса уят бўлади-да! Баъзан эса одатдаги гапини Рамазон ойига тўғри келгани учун ўтказиб ҳам олишади. Бу айнан шундай ҳолатдаги хонадон соҳиблари ёзган дастурхон. Келганлар эса «гап»чи аёллар. Нима бўлганда ҳам Рамазон мусулмонга яхши фурсат деб бежиз айтишмаган экан. Тўғрида, мана ифторлик деб қилинган гапга ҳам одатда гапларга қилинмайдиган  тоғоралар келади, ҳамма гапини кафеда қилиб бериб, еб- ичилганнинг пулини тўласа,  буёғи «Рамазон ифторлиги, албатта, уйда бўлиши керак» деган баҳона билан, иқтисодий ютуқдамиз. Рамазон чиндан ҳам яхши фурсат. Нега дейсизми? Мана шу гапдаги аёлларга аҳамият беринг. Айтдик-ку ҳаммаси нарса сотяпти, ҳаммаси нарса оляпти, деб. Нега дейсизми? Ўйлаб кўринг! Ҳа, тўппа-тўғри: рамазон тугаши билан нима байрам бўлади? Ҳайит! Ҳайитга узоқ-яқин қариндошларга, дугоналарга совға-салом улашиладими, ахир? Хўш, уларни қаердан оласиз? Мана, ифторликнинг ютуғи шундаки, у нафақат ўтказилмаган маросимларни «5таси 1да» тарзида ўтказиб олишга имкон, балки ҳали келмаган маросим: ҳайит учун совғалар харид қилишга ҳам имконият. Аёллар пайпоғидан тортиб, лаб бўёғигача, қимматбаҳо атирдан то урфдаги сумкагача, ҳамма- ҳаммасини мана шу ифторлик «ёймаси»дан топсангиз бўлади. Энг қизиғи эса олдинда: оғиз очиладиган фурсат келиб, баъзан ўтиб ҳам кетганини ҳеч ким билмай қолади. Чунки ҳамма гап билан овора, нарсасини реклама қилиш билан банд. Ўзи рўза тутган саноқли кишилар бўлиб, улар кўзаларнинг олдида «Бир пас жим туринглар, ифторлик дуосини ўқийлик, Аллоҳдан ниятларимизни сўраб олайлик» дейишга-да уяладилар. Ҳамма ич- ичида пичирлаб, дуони ўқиб, яна ўша ғала-ғовурга қўшилиб кетади. Аслида ифтор деганда, узоқ-яқин танишлар бир дастурхон атрофида ўтириб, ифтор вақтини кутиш баробарида бир-бирларига хайру-насиҳат қилиб, қуръон тиловати, зикр ва дуолар билан машғул бўлишлари, илм тинглашлари керак эмасмиди? Оч ва чанқаган бўла туриб, Аллоҳнинг буюрганига сўзсиз бош эгаётганларининг рамзи ўлароқ дастурхондаги неъматларни кўриб, уларга қўл узатмай, балки Аллоҳнинг нақадар улуғлиги хусусида фикр юритишлари, нега олма яшилу, гилос қизиллиги, нега тарвуз каттаю, ўрик кичиклигини тафаккур қилишлари керак эмасмиди? Эй, кечирасиз! Хаёлий саволларга берилиб кетиб, гапнинг анча қисмидан бехабар қолиб кетдик. Айтганча, сиз ҳайитликка совға олдингизми? Агар ҳали ҳам олмаган бўлсангиз, яқин ўртада ўтказиладиган ифторликлардан қолиб кетманг. Айтганча кўпроқ пул ва сотилмай қолиб кетган молларингиз бўлса, олволинг, ахир ифторлик атторлик учун зўр фурсат!  

Умму Муҳаммад Билол

Мавзуга оид мақолалар
Организмда вужудга келган темир танқислиги ҳолати ва унинг ўта камайишидан келиб чиқадиган камқонлик, давоми...

14:02 / 22.11.2016 16083
embedhttpswww.youtube.comwatchvW4OnpqGZSTsfeatureyoutu.beembed

14:50 / 09.12.2016 4900
httpsyoutu.behjkpz3qOJv4

13:44 / 05.03.2019 2403
Ирланд шаҳри гербида яримой шакли қандай пайдо бўлган «ИсламРевью»сайтидан олинди таржимон Алишер давоми...

20:37 / 08.02.2017 3795