Саломлашиш одоби
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Салом бериш суннат бўлса, унга жавоб бериш фарзи-кифоядир. Яъни икки кишидан бири ёки жамоатдан бир киши жавоб берса, бошқалардан соқит бўлади. Агар жамоатдан ҳеч ким жавоб бермаса, барчалари гуноҳкор бўладилар. Жамоатнинг ҳаммаси жавоб бермоғи савобни янада зиёдароқ қилади.

Гунг кишининг жавоби лабини қимирлатишидир, яъни ҳатто гунг кишига ҳам жавоб бериш фарздир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Қачон сизларга бирон ибора билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олинглар ёки (ҳеч бўлмаса) ўша иборани қайтаринглар. Албатта, Аллоҳ таоло ҳамма нарсани ҳисобга олгучи бўлган Зотдир», деб марҳамат қилган. (Нисо, 86) Жумҳур уламо бу ояти карима салом бериш ва яна жавоб бериш вожиблигига далолат қилади, деганлар.

Айтибдурларки, насоронинг салом бериши қўлини оғзига қўйиш, яҳудийларнинг саломи бармоқлари билан ишора қилиш, мажусийларнинг саломи инхино, яъни бошини эгиш, арабларнинг саломи «Хайякаллоҳ», мусулмонларнинг саломи эса уч нав – «Ассаламу алайкум», «Ассаламу алайкум ва раҳматуллоҳ», «Ассаламу алайкум ва рахматуллоҳи ва барокатуҳ»дир. Мусулмонларнинг саломи саломларнинг энг шарафлиси ва энг улуғидир.

Биринчи бўлиб салом бериш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан бўлиб, бу хислат кишини кибр ва манманликдан узоқлаштиради. Уйга кирувчи киши биринчи салом бериши лозим. Бу оятда ҳам таъкидланган. Уйда ҳеч ким бўлмаса: «Ассаламу алайна ва ала ибадиллаҳис-солиҳин» , деб салом берилади. Чунки уйда ҳеч ким бўлмаса ҳам, фаришталар бўладилар.

Салом беришнинг ҳам ўзига яраша тартиби бор. Катталар ёшларга, камчилик кўпчиликка, суворий (от, туя, машинага минганлар) пиёдага, шаҳарлик қишлоқликка, устоз шогирдга, бошлиқлар қўл остидагиларга, турган ўтирганга салом беради. Чунки «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Арши Аъзамда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога шундай салом бердилар: «Аттаҳийяту лиллаҳи вассолавату ват тоййибат» – «Баракотли табриклар ва покиза салавотлар Аллоҳ учундир!» Роббимиз қуйидагича жавоб берди: «Ассаламу алайка аййуханнабиййу ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу». – «Аллоҳнинг саломи, раҳмати ва барокати сенга бўлсин, эй Набий».

Салом пайтида бош ва белни эгиб салом бериш ҳам жоиз эмас. Чунки бу насороларнинг амали бўлиши билан бирга саждага ўхшаб қоладики, сажда қилиш Аллоҳдан бошқага рухсат берилмаган. («Захирия» китобида келтиришича, Аллоҳдан бошқага сажда қилиш куфрдир).

Шунинг учун келинларни ҳам отасининг уйидан чиқаётганда отасининг оёғига бош қўйиши ёки салом бераётганда намоздаги рукудек эгиб салом бериши, шунингдек, куёвнинг уйига борганда баъзи жойларда одат бўлгандек олов ёқиб, атрофига келинни айлантириш ҳам мамнуъ амаллардандир.

Ҳадис айтиб турганда, азон ва иқомат айтилаётганда, намоз ўқиш ҳолатида, хутба, баҳс ва илмий музокара бўлиб турганда, устоз дарс бераётган пайтда салом бериш макруҳдир. Шунингдек, ҳожатхонада, ҳаммомда, соилнинг саломига жавоб бериш ёки унга салом қилиш, гуноҳга сабаб бўладиган беҳуда ўйин ўйнаб ўтирганларга (агар ўша гуноҳ ўйнидан бироз бўлса ҳам тўхтатиш ниятида салом берса жоиздир), ёлғончига, одамларни ҳақорат қилувчига, йўл устида ўтириб олиб, ўтган-кетганларга хусусан, аёлларга назар қилувчиларга, нағмачиларга салом берилмайди. Аҳли куфр ҳамда ғайридинларга биринчи салом берилмайди. Агар бир жойда мўминлар ва ғайри мўминлар жам бўлган бўлса, унда «Ассаламу ала маниттабаъал ҳуда» (яъни «тўғри йўлга эргашганларга салом бўлсин») деб салом беради.

Саломни каломдан олдин берилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Саломдан аввал гапирганга жавоб берманглар», деб таъкидлаганлар. Бегона ёш (яъни 55 ёшдан ошмаган) аёлларга ҳам салом берилмайди. Агар улар салом беришса, ёки аксадан кейин ҳамд айтса, эркак кишилар ичида – махфий жавоб берадилар. Шунингдек, улар билан мусофаха, яъни қўл бериб ҳам кўришилмайди.

Маҳрам аёллар, яъни қиз, опа-сингил, амма-холалар билан қўл бериб кўришишнинг ўзи кифоя қилади. Баъзи кимсалар ўзларининг балоғатга етган қизлари билан ўпишиб кўришадилар. Бу амалнинг оқибати ёмон бўлгани учун шариатда ман қилинган.

Ўз ўрнида оналар ҳам балоғат ёшидаги ўғилларини ўпишдан ўзларини тийишлари тавсия қилинади. Аммо балоғатга етмаган ёш ўғил-қизчаларини меҳр билан ўпиш айни савоб эканлиги ҳадиси шарифларида ворид бўлган. Билмоқ лозимки, балоғат ёши қиз болаларга 9 ёшдан, ўғил болаларга 12 ёшдан бошланади.

Албатта, зукко ва доно халқимиз юқорида зикр қилинган масалалардан хулоса чиқариб, мазкур номашруъ ва ножоиз амал ва ҳаракатлардан ўзларини тийиб, ҳаётларида бу шариат кўрсатмаларига амал қиладилар, деган умиддамиз.

Х.М.Шоҳмуродзода, Х.Ф.Кароматуллоҳ адабиётларидан олинди.

Муслима Робиа

Мавзуга оид мақолалар
Ҳадиси қудсий    Гувоҳлик бераманки,якка Ўзимдан бошқа илоҳ йўқ. Менинг шеригим ҳам йўқ. Муҳаммад Менинг давоми...

20:02 / 29.12.2016 3496
.Хушуъ, арабча сўз бўлиб, .қўрқиш, ўзини паст олиш, овозини пасайтириш, маъноларини англатади. Одатда бу сўз давоми...

08:06 / 07.12.2022 4437
«Истинжо» деб инсоннинг икки чиқарув аъзосини сийдик ва ахлатдан тозалашга айтилади. Анас розияллоҳу давоми...

11:13 / 29.11.2016 5524
Улар миллатни тарбиялайдиларБиласизми, Сингапурда дипломи бор аёллар турмушга чиқсалар, давлатдан катта давоми...

14:01 / 13.04.2023 3047