Ушалган орзу
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ботиб бораётган қуёш заррин нурларини Байтуллоҳи шарифнинг қуббасидан йиғиб олаётган бир пайт олам узра муаззиннинг ёқимли овози янграмоқда эди… Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ҳавони муаттар бўйга тўлдириб такбир ва таҳлил айтиб тавофни бошладилар… Каъбанинг соясида юзларидан иймон нури, Ислом сакинати билиниб турган тўртта, ёш бўлишига қарамасдан катталардек виқорли бўлган йигитлар ўзаро секин суҳбатлашиб ўтирар эдилар.

Уларнинг қалби Аллоҳ ва Расулига бўлган муҳаббат билан урар, хаёлини Исломнинг тараққиёти банд этган эди. Шунда уларнинг каттаси бўлган Абдуллоҳ ибн Зубайр дўстларига Ҳижоз ўлкасига волий бўлишни, вилоятни адолат ила бошқармоқни орзу қилишини айтди.

— Мен эса, Куфа ва Басрага ҳоким бўлишни ва у ерларда менга қарши чиқадиган киши бўлмаслигини истайман, деди укаси Мусъаб ибн Зубайр.

Абдулмалик бин Марвон эса: — Сизлар шунга (яъни волийликка) қаноат қиласизларми? Мен бутун ер юзига подшоҳ бўлишни, Муовия ибн Абу Суфёндан кейин халифаликни қўлга олишни истайман, деди.

Урва ибн Зубайр жим турар эди. Учовлон унга қараб: — Ҳой, Урва, сиз нимани орзу қиласиз? – дейишди. — Аллоҳ таоло сиз орзу қилган дунёвий ишингизга барака берсин. Менинг орзумми? Мен амалли олим бўлишни, одамлар мендан Аллоҳнинг китобини, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини, дин аҳкомларини ўрганишларини, охиратда эса Роббимнинг ризолигини ва жаннатига лойиқ бўлишни орзу қиламан, деди. Орадан йиллар ўтди. Абдуллоҳ ибн Зубайр Язид ибн Муовиянинг вафотидан сўнг Ҳижоз, Миср, Яманга волийлик қилдилар. Мусъаб ибн Зубайр акаси Абдуллоҳ ибн Зубайрдан аввалроқ Ироқ ҳокими этилиб, кўп ўтмай вафот этди.

Абдулмалик ибн Марвонга эса отасининг вафотидан сўнг халифалик насиб этиб, ўз даврида ер юзининг энг улуғ шоҳларидан бирига айланди.

Хўш, бу учала йигит ўз орзусига эришган эканлар, аммо Урва ибн Зубайрчи?

У улғайган сари Аллоҳни янада яхшироқ таниш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини гўзал қилиб бажариш умидида илм ўрганишга қаттиқ киришди. Кўплаб саҳобалар розияллоҳи анҳум билан бирга бўлиш бахтига эришиб, Абу Бакр Сиддиқ ва Убай ибн Каъбдан Қуръон ўрганди. Оиша, Али, Зайд ибн Собит каби улуғ саҳобалардан ҳадислар ривоят қилди. Натижада Мадинанинг еттита улуғ фақиҳидан бирига айланди. Бу унинг ушалган биринчи орзуси эди. Урва ибн Зубайр илмни ана шундоқ усулда, энг олий устозлардан ўрганди. У зот ҳар куни эрталаб Мусҳафга қараб, Қуръоннинг тўртдан бирини тиловат қилар, қолганини эса кечгача ва кечқурун ёддан ўқиб хатм қилар, кечалари намозда қоим, кундузлари эса рўзадор эдилар. Дили доим Аллоҳга талпинган, тили зикруллоҳ билан банд бўларди.

У кишидан илм ўрганиш учун узоқ-яқиндан кишилар келар, ундан Қуръон, суннат ва диний ҳукмларни олар эдилар. Йиллар шу тарзда ўтиб борар, Урванинг илм зиёси атрофни тобора ёритарди. Аллоҳ таоло унга ўзи истагандек илм ва унга амал қилиш бахтини берди. Урванинг Каъбатуллоҳ ёнида туриб қилган орзуларининг иккитаси ушалган эди. Ёши ўтган сари Урвани оёқ оғриғи қийнай бошлади. Аммо у бунга эътибор бермас, доимий ишлари билан овора бўлиб юраверар эди. Оғриқ кундан-кунга кучайиб, оёқнинг тўпиғидан пастки қисми шишиб кетиб, юролмай қолди. Дўстининг оғриб ётгани, кундан-кунга ранги синиқиб, кўзлари ичига ботиб кетганини кўрган халифа Абдулмалик, атрофдан энг яхши табибларни чақира бошлади. Урвани текширган ҳакимларнинг барчаси оёқни даволаб бўлмаслиги, агар уни кесиб ташламаса, касаллик бутун баданга тарқаб кетиши мумкинлигини айтарди. Бошқа илож бўлмагани сабаб, ноилож бунга кўндилар.

Табиб барча керакли жиҳозларни ҳозирлагач, Урвага: — Жаноб, оғриқни сезмаслигингиз учун озгина мускир (наркозга ўхшаш, ичса маст қилиб, оғриқни сездирмайдиган ичимлик) ичиб юборишингизни маслаҳат бераман, деди. — Асло, мен шифо учун ҳаромдан фойдаланмайман, деб қатъий рад этдилар.

Табиб эса: — Уни ичирсак, ухлаб қоласиз, деди. — Мен аъзоларимдан бирининг менга оғриқ бермай кесиб ташланишини хоҳламайман, буни ҳам Аллоҳдан деб биламан, дедилар.

Жарроҳ тўпиқни кесишга ҳозирланаётганда, Урванинг атрофини кишилар ўраб олишди. Урва табибдан, булар нимага йиғилишган, деб сўради. — Улар сизни оёғингизни кесаётганимда оғриқнинг зўридан типирчилаб қолсангиз, сизни ушлаб туришади, деди. — Уларнинг менга кераги йўқ, мен зикр ва таҳлил айтиб, сизларни бу ишдан халос этаман (яъни зикр айтганимда танам ҳеч қандай оғриқни сезмайди), дедилар.

Жарроҳ асбобини олиб оёқнинг гўштини кеса бошлади. Суякка етганда, Урва тинимсиз «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни қайтарар эди. Табиб суякни арралай бошлади, Урва таҳлил, такбир, тасбиҳ айтишда давом этар, Аллоҳ таолога бўлган муҳаббат унга оғриқни сездирмас эди. Охири, иш битиб, қонни тўхтатиш учун кесилган оёқни қизиб турган ёғга ботиришганда, Урва ҳушидан кетди. Урва узоқ вақт ўзига келмади. Бу кун унга оғир келди. Бу кунда у умрида биринчи марта Қуръон тиловат қилмаган, оёғидан ажралган эди. Оёқнинг кесилган бўлаги дафн қилинди…

Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Толҳа Урвага далда бериш учун айтган ушбу сўзлари унинг учинчи тилаги ҳам бу дунёнинг ўзидаёқ рўёбга чиққанини билдириб туради: «Хушхабар, эй Абу Абдуллоҳ! Сизнинг бир аъзоингиз ва бир фарзандингиз ўзингиздан аввал жаннатга кетдилар, жисмингизнинг қолгани ҳам унга эргашади, иншааллоҳ».

Зебуннисо Қутбиддинхон қизи

Мавзуга оид мақолалар
Ёлғон ndash фақат ёлғончининг шахсига эмас ёки ёлғондан бевосита зарар топувчигагина эмас, балки бутун давоми...

01:20 / 02.04.2021 6230
Бирлашга Араб Амирликлари фуқароси Жамол Санад асСувайдий ўзининг «Сароб» номли китоби учун адабиёт давоми...

12:30 / 19.02.2019 2736
httpsyoutu.behjkpz3qOJv4

13:44 / 05.03.2019 2403