Яшалмаган умр
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

У ўзи ёмон одам эмасди. Лекин бирорта кишидан унинг яхшилиги ҳақида ҳам эшитмагандим. Жуда ҳам савлатли, келишган бу киши йигитлигидаёқ бақувват эди. Бокс билан махсус шуғуллангани учун дўстлари ҳам у билан ўйлашиб ҳазиллашишарди. Лекин у спорт йўлини танламади. Дурадгор уста бўлди. Шунақа зўр уста бўлдики, айнан унга буюртма бериш учун не-не бойваччалар навбат кутиб туришарди. У уйланди. Уйланиши ҳам худди ўзи каби қандайдир ғалати бўлди. На муҳаббат билан уйланди, на ёқтириб, на ёқтирмай. У теварак-атрофга қанчалик бефарқ бўлса, хотинига ҳам худди шундай бефарқ эди. Янги куёв уйига асло шошмаганини кўрганмисиз? У шунақа эди. Лекин ҳеч қачон хотинини ёмон кўришини ҳам айтмаган. Қаҳрамонимиз фарзандли бўлди. Аввал қиз, кейин ўғил. Ниҳоят, энди у ўзгаради, деб кутяпсизми? Асло. Ҳатто фарзандлар ҳам унда бўлган бефарқлик ҳиссини у ёки бу томонга ўзгартира олишмади. У на барча оталар каби уларни суйиб эркалар, на ишдан келишда уларга деб атаб ширинликлар олиб келарди. У шунақа зерикарли одам эди. Отасидан меҳр кўрмаган бу болалар фақат онасидан меҳр излашарди. Аммо ҳаётнинг оқ-қора фильм каби зерикарли ва юракни сиқиб юборувчи бу даврида она ҳам фарзандларини ширин сўз билан сийламасди. Бирдан қаҳрамонимиз аслида ҳамма нарсага бефарқ эмаслигини намоён эта бошлади. У ўзининг туғишган укасини ўз ҳовлисидан ота-онаси тириклигидаёқ ҳайдаб чиқарди. Унга қарши на ука, на ота ва на она сўз айта олди. Бу бемеҳр инсон (агар уни инсон деб аташ мумкин бўлса) нимани истаётганлигини ҳеч ким билмасди. Айтгандай қаҳрамонимизнинг исми бор: Эшбек! Уни бундай бўлади, деб ҳеч ким ўйламаганди. Отаси, онаси қаришди. Беллари букилди, мункиллашди. Аммо ҳамон ўғилдан меҳр кўришмасди. Агар ўзлари ҳам унга меҳр беришмаганда деб ўйласангиз, хато қиласиз. У олти нафар фарзанднинг энг каттаси эди. Ҳамма эътибор, меҳр ва эркалашлар энг аввал унга бўлганди. Хуллас, Эшбекка катта укасини уйдан ҳайдаб чиқаргани камлик қилди. Энди мўлжалда кичиги эди. Унга нима керак экан, деб ҳамма ҳайрон! Ахир ҳайхотдек ҳовлида ҳамма бирга, ўйнаб-кулиб яшаганига нима етсин! Йўқ! У нимани ўйларди, ҳеч ким билмайди. Хуллас, кичик ука ҳам кўчага, ижарага уй топиб кўчиб кетди. Уйда фақат Эшбек, хотини ва икки боласи қолди. Ота-онаси ҳам ўтиб кетишди. Ўғлини уйлантирди. Келини қўлига бир пиёла чой тутганда оталик меҳри жўшиб, шунча йилдан бери қалбида йиғиб юрганларини уларга тортиқ қила бошлагандир, деб ўйлашга шошилманг! У ўз ўғлини ҳам уйидан ҳайдаб чиқарди. Энг қизиғи бунга арзирли бирор баҳона ҳам йўқ эди, аслида. Орага қариндош-уруғлар тушишди. Каттаю кичик, маҳалла аралашди. Икки боласи билан гоҳ у, гоҳ бу уйда ўғил ижарада яшай бошлади. Ҳатто яшаш жойи тайин эмаслигидан, набираси 8 ёшга тўлганда ҳам мактабга чиқа олмади. Эшбек аканинг қон босими кўтарилиб турарди. Кунларнинг бирида бу касал яна ҳуруж қилди. Қўшнисиникида қон босимини ўлчайдиган асбоб бор. Лекин ўзида куч топиб, уйдан қўшниникигача чиқа олмади. Айвонга чиқди-ю, йиқилди. Шифтга қараб ётар экан, биргина меҳрибон қўл бошига ёстиқ қўйишини тилади. Кимдир бир пиёлагина сув тутса-чи, дея орзу қилди. Афсус, бунинг иложиси йўқ эди. Уйдан ҳайдаб чиқарилган бўлса ҳам, акасидан бот-бот хабар олиб турувчи ука ҳам аксига олиб бугун келмади. Хотини эса унинг бемеҳрлигидан совиб кетган, имкон қадар кўпроқ жойда ишлаб, уйга иложи борича кеч келиш пайида эди. Қон босим эса борган сари ошиб, у алаҳсирай бошлади. Кўз олдидан бир оғиз ширин сўзга муҳтож бўлган ота-онаси ўтишди. Кейин укалари, фарзандлари. Умрида бир оғиз ширин сўз эшитмаган хотини. У айвондаги шифтга тикилганча кимнидир, ниманидир кутарди. Лекин кутилмаган меҳмон Ажал фариштаси кириб келди ва унинг жони узилди. Совиб бораётган жасади эса кимсасиз ҳовлининг бир бурчагидаги айвонда ётарди. Эрталаб узилган жон ҳақида шом қоронғусида хабар топилди. Хотини ишдан келиб қараса, не кўз билан кўрсинки, эрининг руҳсиз танаси айвонда узала тушиб ётарди. Ўзбекчилик... Ҳамма қатори уни ҳам қабрга қўйишди. «Қандай одам эди?» деб сўралганда, «Яхши одам эди» дейишди. Ким чин дилдан, ким тил учида. Уч кун ҳайдалган укалар, ўғил ва уларнинг фарзандлари эшик олдида бел боғлаб туришди. Маййит ҳаққига Қуръон тиловат қилинди. Аммо бу жаноза маросими бошқаларникига сира ўхшамасди. Бунда ҳеч ким кўз ёш тўкмасди, аксинча, бемалол суҳбатлашиб, гўёки ораларини тўсиб турган бир девор қулагандек, енгил тортиб ўтиришарди. Ўғил ўз бобосидан қолган ҳовлида эркин нафас ола бошлади. Хотини набираларини эркалаб, суйди. Икки ука ота мерос бўлган, болалигининг ширин дамлари ўтган маҳаллада яна болаликни, ота-онаси билан бу ҳовлида ўтган ёқимли дамларни хотирлашарди. Улар гўё қаерга ва нимага келганликларини унутгандек эдилар. Гўё ғор оғзини қўриқлаб турган аждарҳо ўлган-у, улар ғордаги хазинага эга бўлгандек эдилар. Мана ўша ҳаммадан қизғонилган ҳовли. Ундан ҳайдаб чиқарилганларнинг барчаси шу ерда, фақат бир киши йўқ: у ҳам бўлса, ҳайдаб чиқарган инсоннинг ўзи. Кимга насиб қилди, кимга эса йўқ. Сиз бу ҳикояни ўқиб кимга кўпроқ ачиндингиз? Эсиз умр, эсиз ғайрат, эсиз куч деяпсизми? Мен эса шу кишининг аёлига ачиняпман. Эсиз, бир оғиз ширин сўз эшитилмаган умр, эркаланиш нималигини билмай ўтган кунлар, аллақачон оқ тушган бу сочлар қачонлардир тим қора бўлиб, белга тушарди. Ўттиз йиллик турмушнинг мушти бу аёлга жуда қаттиқ текканди. Аслида ҳикоямиз қаҳрамони Эшбек ака эмас, мана шу аёл! Чунки шунақа эр билан яшашнинг ўзи жасорат. У «борей», деб кетиб қолмади, қўни-қўшнига чиқиб эрини ёмонламади. Биз бир зумгина бу инсон ҳақида билиб, сиқилиб кетдик, аммо у эри билан бутун умр яшади. Чидади. Йиллар давомида қалбида йиғилиб келган дард жанозадан сўнг икки оғиз сўз билан чиқиб кетгандек бўлди: «Худога шукр, қутулдик!». Пичирлаб айтилган бу сўзларни яқин атрофда турган ҳамма эшитди. Агар аввалги воқеалардан бехабар инсон бўлса, бу аёлни айбситиши табиий эди. Аммо уларнинг хонадонига бир бора бўлса ҳам қадам босган киши уни тушунарди. Ҳозир Эшбек аканинг тўққиз ёш бўлиб, 1-синфга чиққан набираси 3-синфда ўқияпти. Укалари дам-бадам хотинининг ҳолидан хабар олиб туришади. Қувилган ўғил ҳам яна ҳовлига қайтган. Ҳаёт ўз маромида давом этмоқда. Фақат ҳар бирининг қалбида кичкинагина қора доғлар қолган. Энди уларни кетказишнинг иложи бормикан? Ахир ўғил бошқатдан бола бўлиб қололмайди, онасининг тиззасига сиғмайди. Хотини ёш бўлиб, ёшлик, келинлик гаштини сура олмайди. На юзидаги ажинлари, на қалбидаги армонларини кетказиш мумкин энди. Ўтганларнинг ортидан ҳеч ким ёмон гап айтмайди. Илоҳим, ҳамманинг охирати обод бўлсин! Аммо биз фақат ўзимиз учун яшамаймиз. Ота-онамиз, фарзандларимизнинг ҳаёти ҳам бизники билан узвий боғлиқ. Агар ҳаётимиз давомида улардан ҳеч бўлмаганда биттасини бахтли қила олсаккина, ўз ҳаётимизни яшаб ўтдик, дейишимиз мумкин. Ортимиздан кишиларга ўзимиз ҳақимизда яхши хотиралар қолдирсаккина, биз яшаяпмиз. Акс ҳолда эса савол берайлик: «Биз яшаяпмизми?»
Умму Муҳаммад Билол
Мавзуга оид мақолалар
Барча фақиҳлар келин тушадиган уйни жиҳозлаш ва келиннинг сепи куёвнинг зиммасида эканига иттифоқ давоми...

22:08 / 24.11.2023 3232
Али каррамаллоҳу важҳаҳудан ривоят қилинади «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотимага бир чойшаб, давоми...

09:29 / 27.10.2016 4627
Ҳаётим давомида таскин излаган онларим кўп бўлди. Қуръондан ортиқ таскин берувчини топмадим.Дардларимни давоми...

21:06 / 10.07.2023 1724