Икки ийд намози
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фитр куни таом ейиш, мисвок ва ғусл қилиш, хушбўй суртиш ва энг яхши кийимларини кийиш ва садақаи фитрини бериш мандубдир. Сўнгра намозгоҳга чиқади. Намозгоҳда ийд намозидан олдин нафл ўқимайди. Ийд намозининг вожиблик ва адо этиш шартлари худди жуманинг шартлари кабидир. Фақат хутба бундан мустасно. Ийд намозининг вақти қуёш кўтарилгандан то заволгача. Санодан кейин уч марта такбир айтади. Иккинчи ракъатда қироатдан кейин такбир айтади. Узр бўлса, эртасига ўқийди. Уни имом ўқиганидан кейин ҳеч ким қазосини ўқимайди.

Ал-Азҳо худди фитр кабидир. Лекин намозни ўқигунича таом ва шаробдан ўзини тиймоғи мандубдир. Йўлда овоз чиқариб такбир айтади. Узрли ёки узрсиз уч кунгача ўқиса бўлади. Хутбасида такбири ташриқ ва қурбонлик ҳақида таълим берилади. Сўнгра садақаи фитр ҳақида таълим берилади. Арафа куни Арафотда тўпланганларга ўхшаб тўпланиш мандуб эмас. «Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Лаа илаҳа иллаллоҳу! Валлоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Ва лиллаҳил ҳамд»ни айтмоғи вожиб. Бу такбирни айтиш Арафа кунининг Бомдодидан бошлаб ийднинг Асригача мустаҳаб, жамоат ила адо этилган ҳар фарзнинг ортидан мисрда муқим бўлган киши учун, эркакка иқтидо қилган аёл ва муқимга иқтидо қилган мусофир учун вожибдир. Имом Абу Юсуф ва Муҳаммадлар ташриқ кунларининг охирги Асригача деганлар ва шунга амал қилинади. Агар имом тарк қилса ҳам, муқтадий уни тарк қилмайди. «Ийд» сўзи қайтиш маъносини билдиради. Байрамлар қайта-қайта келгани учун «ийд» деб номланган. Энг муҳими икки ийд кунлари Аллоҳ таолонинг кўплаб хайру баракаси мўмин-мусулмонларга қайта келади. Ҳанафий мазҳабида ийд намозларини вожиб, дейилган. Бу намозни Ҳанбалий мазҳаби, фарзи кифоя, Моликий ва Шофеъий мазҳаблари суннат, дейдилар. Ийди Фитр Рамазон рўзасини тамом бўлгани муносабати ила хурсандчилик ва шукрни изҳор қилиш учун шариатга киритилган байрамдир. Ийди қурбон эса Ҳаж ибодатларини тамом бўлгани муносабати ила ва Аллоҳнинг йўлида ҳар қандай қурбон беришга тайёрликни изҳор қилиш учун шариатга киритилган байрамдир. Аллоҳ таоло «Кавсар» сурасида: «Албатта, Биз Сенга Касварни бердик. Бас, Роббинг учун намоз ўқи ва қурбонлик сўй», деган.(1-2 оятлар) Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида, улар икки кунда ўйнашар эдилар. «Бу иккови кун, қандоқ кун?» деб сўрадилар. «Жоҳилиятда ўйнайдиган кунимиз эди», дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ сизларга у иккиси ўрнига улардан кўра яхши, ал-Азҳо куни ва Фитр кунини берди», дедилар».

Сунан эгалари ривоят қилган. Энди «Мухтасари Виқоя»да келган матнни шарҳлашга ўтайлик. Фитр куни таом ейиш, мисвок ва ғусл қилиш, хушбўй суртиш ва энг яхши кийимларини кийиш ва садақаи фитрини бериш мандубдир. Юқоридаги жумлада ийди фитрга чиқишдан олдин қилинадиган амаллар ҳақида сўз бормоқда. Улар қуйидагилардан иборат; 1. Таом ейиш. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни бир неча хурмо емасдан туриб, чиқмас эдилар. Тоқ ер эдилар».

Бухорий ва Термизий ривоят қилган. Бошқа бир ривоятда: «Фитр куни таом емасдан олдин чиқмас эдилар. ал-Азҳо куни намозни ўқиб бўлмагунича емас эдилар», дейилган. 2. Мисвок. Ҳар бир намоз учун мисвок қилиш марғуб бўлганидек, ийди фитрдан олдин ҳам мисвок қилиш марғубдир. 3. Ғусл қилиш. Фокиҳ ибн Саъдон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр, ал-азҳо ва Арафа кунлари ғусл қилар эдилар».

Имом Ибн Можа ривоят қилган. 4. Хушбўй суртиш. Кишилар кўп тўпланадиган жойларга хушбўй нарса суртиб бориш мандуб бўлгани учун ийд куни хушбўй суртилади. 5. Энг яхши кийимларини кийиш. Имом Ибн Можа Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ийдда ҳибара чопон кияр эдилар». «Ҳибара» Яманнинг машҳур кийими. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам жума ва ийд учун алоҳида яхши кийим кийишлари маълум ва машҳур. 6. Садақаи фитрини бериш. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр Закотини рўзадор учун беҳуда гап-сўз ва ҳаракатлардан покланиш ва мискинлар учун таомланиш бўлсин учун фарз қилдилар. Ким уни намоздан олдин адо қилса, у мақбул Закот бўлур. Ким уни намоздан кейин адо қилса, садақалардан бир садақа бўлур».

Абу Довуд, Ибн Можа ва ал-Ҳоким ривоят қилган ва «саҳиҳ», деган. Садақаи фитрни ийддан бир неча кун олдин берса ҳам бўлади. Ийд намозига чиқишдан олдин қилинадиган амалларнинг мухтасарда зикр қилинмаганлари ҳам бор. 7. Икки ийд кечаларини ибодат ила ўтказиш. Бунда кечанинг ҳаммасини ёки охирги учдан бирини зикр, намоз, тиловати Қуръон, такбир, тасбиҳ, истиғфор билан ўтказилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Фитр кечасини ва ал-Азҳо кечасини савоб умидида бедор ўтказса, қалблар ўладиган кунда унинг қалби ўлмас», дедилар».

Имом Табароний Убода ибн Сомитдан ривоят қилган. Икки ийд кечасида дуо мустажобдир. Шунинг учун эртага ийд деган кечада кўп дуо қилишга ҳаракатда бўлиш зарур. 8. Муқтадий кишилар ийд намозига эртароқ, пиёда, виқор билан, такбир айтган ҳолларида борадилар. Намозга қанча кўп интизор бўлинса, савоби шунча кўп бўлади. Имом Термизий қилган ривоятда ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: «Ийдга пиёда чиқиш суннатдир», деганлар. Имом ийдга намозга етиб борадиган бўлиб чиқиши суннатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо шундоқ қилганлар. 9. Аҳли аёлга кенгчилик ва серобчиликка шароит яратиш. Нафл садақадаларни имконига қараб одатдагидан кўпроқ қилиш. 10. Кўринган ҳар бир мусулмонга хурсандчилик ва шодлик изҳор қилиш. Яқин кишиларни, ёру дўст ва аҳбобларни зиёрат қилиш. Сўнгра намозгоҳга чиқади. Абу Умайр ибн Анас розияллоҳу анҳудан у киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бўлмиш амакиларидан биридан ривоят қилинади: «Бир гуруҳ отлиқ кишилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига келиб, кеча ҳилолни кўрганлари ҳақида гувоҳлик бердилар. Бас, у Зот одамларга оғизларини очишни ва эрталаб намозгоҳга боришни амр қилдилар».

Абу Довуд, Насаий, Аҳмад ривоят қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва рошид халифалар ийд намозларини намозгоҳда ўқиганлари ҳақида ривоятлар кўп. Оддий масжидда ўқиса ҳам бўлаверади. Намозгоҳда ийд намозидан олдин нафл ўқимайди. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундоқ қилганлар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни чиқиб икки ракъат (ийд) намоз ўқидилар. Улардан олдин ҳам, кейин ҳам намоз ўқимадилар».

Бешовлари ривоят қилган. Ийд намозининг вожиблик ва адо этиш шартлари худди жуманинг шартлари кабидир. Фақат хутба бундан мустасно. Хутба жуманинг адо қилиниши учун шартдир. Икки ийдда бу шарт йўқ. Шунинг учун ҳам ийднинг хутбаси намоздан кейин бўлади. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва Умар икки ийд намозини хутбадан олдин ўқир эдилар». Ийд намозининг вақти қуёш кўтарилгандан то заволгача. Қуёш бир ёки икки найза бўйи кўтарилгандан кейин ийд намози ўқиса бўлади. Қуёш кўтарилаётган вақтда намоз ўқиш ман қилинган. Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Биз бу вақтда фориғ бўлган бўлар эдик», деди. Бу тасбиҳ вақтида эди». Бухорий ривоят қилган. Абу Довуднинг лафзида: «Абдуллоҳ ибн Буср – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаси – одамлар билан ийд куни чиқди ва имомнинг кеч қолганини инкор қилиб: «Бу соатда биз (намоздан) фориғ бўлган бўлар эдик», деди. Ўшанда тасбиҳ вақти эди», дейилган. Уламолар ушбу ривоятдаги «тасбиҳ вақти»дан мурод чошгоҳ намози вақти, деганлар. Шунга биноан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида чошгоҳдан олдин ийд намозини ўқиб бўлинган бўлади. Заволдан кейин ийд намози ўқиб бўлмаслигига қуйидаги ривоят далил. Абу Умайр ибн Анас розияллоҳу анҳудан, у киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бўлмиш амакиларидан биридан ривоят қилинади: «Бир гуруҳ отлиқ кишилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига келиб, кеча ҳилолни кўрганлари ҳақида гувоҳлик бердилар. Бас, у Зот одамларга оғизларини очишни ва эрталаб намозгоҳга боришни амр қилдилар».

Абу Довуд, Насаий, Аҳмад ривоят қилган. Бошқа бир ривоятда эса заволдан кейин келдилар, дейилган. Шунинг учун заволдан кейин гувоҳлик берилса, ийд намози эртаси кунга қолдирилади, дейилган. Ушбу ҳадисга ҳамма мазҳаблар бир хил амал қилишади. Санодан кейин уч марта такбир айтади. Иккинчи ракъатда қироатдан кейин такбир айтади. Бу икки жумлада одатда одамлар кўп адашадиган ҳукмлар зикр қилинган. Бошқа тарафлари оддий намозларга ўхшаш бўлганидан ийд намозини батафсил васф қилинмаган. Биз учун шу жойда Ҳанафий мазҳаби бўйича ийд намози қандоқ ўқилиши тўла васф қилинса, фойдадан холи бўлмаса керак. Аввал намоз бошланишини, сафларни ростлаш кераклигини эълон қилинади. Кейин ийд намозини ўқиш ният қилинади. Сўнгра эҳром такбири айтилиб, қулоқ қоқилади. Қўл боғлаб, киндик остига қўйилади. Имом ҳам, қавм ҳам «Субҳанакаллоҳумма»ни ўқийдилар. Кейин имом билан қавм уч марта такбир айтадилар. Ҳар такбирда қўл қулоқнинг юмшоқ жойигача кўтарилиб, сўнг ёнга туширилади. Бу такбирларни зиёда такбирлар деб айтилади. Ҳар такбирдан кейин уч марта тасбиҳ айтгунча муддат турилади. Кейин икки қўл боғланиб, киндик остига қўйилади. Сўнгра имом ичида «аъузубиллаҳ» ва «бисмиллоҳни» айтиб, «Фотиҳа» сурасини ва зам сурани овоз чиқариб ўқийди. Зам сура «Аъло» сураси бўлиши мандубдир. Кейин рукуъ ва сужуд қилиниб, иккинчи ракъатга турилади. Иккинчи ракъатда ҳам имом овоз чиқариб, «Фотиҳа» сураси билан зам сура ўқийди. Зам сура «Ғошия» сураси бўлмоғи мандубдир. Қироатдан кейин имом ва қавмлар уч марта зиёда такбирларни аввалгидек қилиб, қўлларини кўтариб, орасида уч марта тасбиҳ айтилгунча муддат туриб, айтадилар. Кейин яна бир такбир айтиб, рукуъга кетилади ва намоз охиригача ўқилади. Салом берилади. Узр бўлса эртасига ўқийди. Мисол учун, булут туфайли ҳилолни кўриб бўлмади. Кейин бошқалар заволдан кейин ҳилолни кўрганлари ҳақида гувоҳлик бердилар. Бу ҳақидаги ҳадис яқиндагина ўтди. Уни имом ўқиганидан кейин ҳеч ким қазосини ўқимайди. Ийд намози қазо қилинмайди. Ал-Азҳо худди фитр кабидир. Яъни икки ракъатлигида ҳам, такбирларида ҳам ва бошқа нарсаларидан ҳам. Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тилларидан собит бўлганки, ал-Азҳо намози икки ракъатдир. Фитр намози икки ракъатдир. Мусофирнинг намози икки ракъатдир. Жума намози икки ракъатдир. Тамомдир, қаср эмасдир». Насаий, Ибн Можа ва Байҳақий ривоят қилган. Лекин намозни ўқигунича таом ва шаробдан ўзини тиймоғи мандубдир. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни бир неча хурмо емасдан туриб чиқмас эдилар. Тоқ ер эдилар». Бухорий ва Термизий ривоят қилган. Бошқа бир ривоятда: «Фитр куни таом емасдан олдин чиқмас эдилар. ал-Азҳо куни намозни ўқиб бўлмагунунча емас эдилар», дейилган. Қурбон ийдида ҳеч нарса емасдан намозга чиқилади. Ўша куни биринчи таом учун ҳар ким ўзи қиладиган қурбонликнинг гўштидан еса, яхши бўлади. Йўлда овоз чиқариб такбир айтади. Уйдан масжидга етиб боргунча босиб ўтиладиган йўлда овоз чиқариб такбир айтиб борилади. Ийдга бир йўл билан бориб бошқа йўл билан қайтиш мустаҳабдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундоқ қилар эдилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ийд куни бир йўл ила чиқсалар, бошқаси ила қайтар эдилар». Термизий, Абу Довуд ва Бухорийлар ривоят қилган. Узрли ёки узрсиз уч кунгача ўқиса бўлади. Қурбон байрами кунлари уч кун. Шу кунларда ийд намозини ўқиса бўлади. Аммо ийд намозини кечга қолдириш гуноҳ бўлади. Хутбасида такбири ташриқ ва қурбонлик ҳақида таълим берилади. Имом ал-Азҳо ийдидаги хутбасида такбири ташриқни қачон ва қандоқ айтилиши ҳақида ҳамда қурбонликка оид ҳукмларни намозхонларга таълим берилади. Сўнгра садақаи фитр ҳақида таълим берилади. Агар ийд Рўза байрами бўлса, ўша ийдга англатиб, кишиларга хутбада таълим берилади. Арафа куни Арафотда тўпланганларга ўхшаб тўпланиш мандуб эмас. Арафотда жамланиш ўша ерга хос ибодатдир. У ибодатни Арафотдан бошқа ерда адо этиб бўлмайди. «Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Лаа илаҳа иллаллоҳу! Валлоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Ва лиллаҳил ҳамд»ни айтмоғи вожиб. Яъни ушбу такбир сийғасини бир марта айтиш вожиб. Ортиқча айтиш мустаҳаб ва савоб. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Аллоҳни саноқли кунларда эсланг», деган. (203-оят) Ушбу оятда Аллоҳ таоло саноқли кунларда, яъни ташриқ кунларида Ўзини эслашга, зикр қилишга буюрмоқда. Икрима розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики: «Саноқли кунларда Аллоҳни эсланг», дегани ташриқ кунларида фарз намозларидан кейин, «Аллоҳу акбар», «Аллоҳу акбар», деб такбир айтинг, деганидир». Бу такбирни айтиш Арафа кунининг Бомдодидан бошлаб ийднинг Асригача мустаҳаб, жамоат ила адо этилган ҳар фарзнинг ортидан мисрда муқим бўлган кишига, эркакка иқтидо қилган аёл ва муқимга иқтидо қилган мусофир учун вожибдир. Имом Абу Юсуф ва Муҳаммадлар ташриқ кунларининг охирги Асригача деганлар ва шунга амал қилинади. Агар имом тарк қилса ҳам, муқтадий уни тарк қилмайди. Мазкур такбирни бевосита фарз намозидан кейин айтилади. Орага намозни бузадиган амаллар тушмаслиги керак.

Мавзуга оид мақолалар
Кийимингиз озодалигига эътибор берганингиздек, рўзангизнинг поклигига ҳам эътибор беринг Беҳуда давоми...

08:20 / 25.12.2016 3361
Йўлдаги азиятни олиб ташлаш садақадир Ухдуд эгалари қиссаси Қуръони Каримнинг Буруж сурасида келган давоми...

08:35 / 26.01.2017 3398
Фарзанд инсон ҳаётининг мазмуни, наслнасабини давом эттирувчиси, оиланинг мустаҳкам занжири. Яхши, солиҳ давоми...

10:24 / 24.11.2016 5132
 «Седмица» хабар беришича, 2013 йил қурилаётган исломий ибодат масканлари сони бўйича мисли кўрилмаган давоми...

19:06 / 21.12.2016 2661