Фарзанд келажагига эътибор
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Исломда фарзанд келажагига ҳали оила қурилмасдан олдин эътибор қилинади. Қуйидаги ҳадиси шариф бунга далолат қилади. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Уруғларингизга ихтиёрни яхши қилинг. Тенгни никоҳингизга олинг ва ўшаларга никоҳланинг».
Ибн Можа ривоят қилган. Уламоларимиз:«Бу ҳадиси шариф, бўлғуси фарзанд учун муносиб ота-она танлашга амрдир», дейдилар. Муносиб жуфт танланиб, оила қурилгач, солиҳ фарзанд тилаб, Аллоҳга дуо қилинади. Фарзанд кутиш вақтида бўлғуси онага яхши шарт-шароит қилиб берилади. Ҳатто бундай вақтда аёлга рўза тутмасликка рухсат берилган. Намоз ўқишга қийналганларида ўтириб ўқишга изн берилган. Буларнинг барчаси туғилажак фарзанд соғ-саломат дунёга келиши ва шундай масъулиятни зиммасига олган онага кўмаклашиш учундир. Фарзан туғилгач, ота-она уни турли хавф-хатардан, иссиқдан ҳам, совуқдан ҳам асраб, кўзининг оқу қорасидан-да азиз кўриб, эҳтиёт қилади. Боланинг жисмини ҳимоя қилиш билан бирга, унинг руҳияти ҳам тарбиялаб борилади. Бола кичиклигидаёқ унга Қуръони Каримни тиловат қилиб бериб, руҳиятига Аллоҳнинг каломи сингдирилади. Бироз ёши улғайиб борган сари унга ақли етар даражада одоб-ахлоқдан таълим берилади. Зеро, ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб: «Ҳеч бир ота ўз фарзандига яхши одоб ўргатишдан ортиқ ҳадя қила олмайди», дейдилар.
(Саъид ибн Осс розияллоҳу анҳудан Термизий ривоят қилган) Фарзанд тарбияси инсонга Аллоҳ таоло томонидан қилинган амр бўлиб, «Таҳрим» сураси 6-оятда марҳамат қилинади: «Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар». Мазкур ояти карима нозил бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яқинларини, шу жумладан, кичик қизлари Фотима розияллоҳу анҳони ҳам огоҳлантириб, «Эй Муҳаммаднинг қизи Фотима! Ўзингни жаҳаннам оловидан қутқар!» дейишлари бизга ҳам фарзандларимизни ёшлигидан охиратда азобга – жаҳаннам оловига, азобига сабаб бўладиган амалларни қилмасликларига эътибор қилишимизга чақиради. Биз бу билан фарзандимизни  келажагини – охиратини обод қилишга огоҳлантирган бўламиз. Имом Дора Қутний Амр ибн Шуъайбдан, у киши отасидан, у киши бобосидан розияллоҳу анҳум қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ёш болаларингизни етти ёшликларида намоз ўқишга амр қилинглар. Ўн ёшга етганларида унинг учун уринглар ва ётар жойларини алоҳида қилинглар. Қачон бирингиз ўз чўрисини қулига ёки мардикорига никоҳлаб берса, унинг киндигидан пастига ва тиззасидан юқорисига назар солмасин. Чунки киндикдан пасти ва тиззадан юқориси авратдандир», деганлар. Мазкур ҳадисда ҳам фарзанднинг келажаги учун ўта аҳамиятли бўлган бир қанча тавсиялар келган бўлиб, биз уларга оғишмай амал қилишимиз лозимдир. Хусусан, болаларни ёшлик чоғларидаёқ намозга амр этилса, балоғатга етгандан сўнг намоз фарз бўлгач, ҳеч қийинчиликсиз адо этадилар. Қолаверса, бола балоғатга етгунига қадар таҳорат қилишлик, намоз ўқишликни тўлиқ ўрганиб олиб, бу муҳим ибодатни тўла-тўкис адо этишга тайёр бўлади. Балоғатга етган фарзандни оилалик қилиб қўйишлик ҳам ота-онанинг зиммасидадир. Шу билан ота-она жамиятга келажаги буюк бир фарзанд етиштириб берган бўлади, иншааллоҳ.
Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф тайёрлади.
Мавзуга оид мақолалар
Анонс. Марҳабо Каримова Марҳабо Каримова, шоира Бир сиҳатгоҳга дам олгани борсам, мендан олдин у ерда Шайх давоми...

12:46 / 30.01.2018 3117
Ҳайрон бўлманг, чиндан ҳам биз аёллар ҳаётимиз мазмуни, мустаҳкам тоғимиз, ишонган боғимиз бўлган давоми...

20:48 / 26.01.2017 5206
gallery linkfile ids6023,5960,5959,5951,5871,5868,5806,5807   Аллоҳ Аллоҳ Қанчалар оғир  мусибатга учради диним, халқим. Диним давоми...

09:41 / 05.02.2017 9979
Маҳражнинг луғавий маъноси, бир нарсанинг чиқиш жойидир. Истилоҳда эса ҳарфнинг чиқиш ва бошқасидан давоми...

06:39 / 23.11.2016 8994