Қоғоз пулдан қандай қилиб закот чиқарилади?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умуман нақд пулдан қандоқ қилиб pакот чиқарилади? Шартлари қандай? Нақд пулдан pакот чиқариш фарз бўлиши учун унда қуйидаги шартлар мавжуд бўлиши керак:

1. Пул нисобга етган бўлиши керак. Тилло пул бўлса,йигирма динор, кумуш пул бўлса икки юз дирҳам эканлигигини яхши билдик. Аммо  ҳозир тилло ҳам, кумуш ҳам пул сифатида ишлатилмайди. Қоғоз пулдан қандоқ қилиб закот чиқарилади? Унинг нисоби қанча? Кумуш халқаро миқёсда пул ўрнида умуман қабул қилинмай қўйди. Тилло эса пул ўлчови сифатида дунё бўйича мақбул бўлиб турибди. Шунинг учун уламолар қоғоз пулни тиллонинг қиммати билан ўлчаш керак, деганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида йигирма динор пулнинг оғирлиги йигирма мисқол бўлади. Йигирма мисқол эса саксон беш грамм бўлади. Демак, ҳар йили 85 грамм тиллонинг баҳоси қоғоз пулнинг нисоби бўлади. Кимда 86 гр. Тиллонинг қимматига тенг ёки ундан кўп қоғоз пул бўлса, закот бериш фарз бўлади. У одам пулини ҳисоблаб туриб, икки ярим фоизини закотга бериши керак. Баъзи ҳолларда тиллонинг нархи жуда кўтарилиб кетиб, бир юртда пули нисобга етадиганлар нодир бўлиб қолиши ҳоллари ҳам бўлиб туради. Шунда уламоларимиз «камбағалга фойдали томонни олиш» қоидасини олиб, кумушнинг нархини нисоб қилиш керак, дейдилар. Ана ўшанда беш юз тўқсон беш грамм кумушнинг баҳоси нисоб деб қабул қилинади. Ҳамаср уламоларимиздан баъзилари, агар тилло ҳам кумушга ўхшаб нархи тушиб, номақбул бўлиб қолса, ўртача нархдаги йигирмата қўйнинг нархини нисоб қилиб олиб, қоғоз пулдан закот чиқариш керак, дейдилар. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида икки юз дирҳамга йигирмата қўй келар экан. Табиийки, ўртача катталикдаги қўй эътиборга олинган. Чунки закотга тегишли ҳайвонлар ҳақида гап кетганда доимо ўртачаси кўзда тутилади. Демак, мабодо пулнинг нисобини қўй қиймати билан ўлчашга тўғри келиб қолса, қўйнинг нархи ўртача юргандаги ўртача қўйлардан йигирматасининг нархи пулнинг нисоби бўлади. Лекин ҳозирча амалда саксон беш грамм тиллонинг нархи нисобдир. Ҳанафий мазҳаби уламолари, тиллога бир оз бошқа маъдан аралаштирилган бўлса ҳам, бўлаверади, деганлар. Шу жойда бир масалага алоҳида эътибор беришимиз лозим. Закот нисоби турли нав молларда турлича чиқмоқда. Яъни қийматлари ҳар хил чиқяпти. Тилло ва кумушдан нисоб, деб эътибор қилинган маблағга йигирмата қўй келмоқда. Агар қўйнинг нисоби қирқталигини эътиборга олсак, қўйнинг нисоб нархи пулникидан икки баробар кўп бўлиб кетмоқда. Нима учун шундоқ бўлган? Бу жойда жуда ҳам нозик масала бор. Ислом шариати қанчалик мукаммал шариат эканини шундан билиб олсак ҳам бўлади. Қўй доим ўсиб турадиган мол. Шунингдек, бошқа ҳайвонлар ҳам. Туғади, семиради, жун, сут каби маҳсулотлар бериб туради. Замонавий тил билан айтганда ишлаб чиқариш маҳсулотлари чиқариб туради, фойдаси келиб туради. Шунинг учун унинг эгасига кенглик берилган. Закот бериши кечга сурилган ва оз қилинган. Пул эса уйда ишлатилмай туради, яъни ўз-ўзидан кўпаймайди. Натижада жамиятга фойдаси ҳам тегмайди. Шунинг учун у ҳайвоннинг қийматидан икки баробар кам бўлса ҳам, ундан закот бериш керак. Токи бир қисми камбағалларнинг қўлига бориб тегсин, ишлаб чиқаришга ишлатилсин. Қолган қисмини ҳам эгаси ишлатишга уринсин, бўлмаса закотга берилиб камайиб қолади. Бир неча киши шерик бўлиб ширкат тузса, жамланган мол нисобга етса, аммо ҳар бир аъзонинг улуш моли етмаса ҳанафий мазҳаби бўйича закот фарз бўлмайди. Шофеъий мазҳаби бу ҳолатда закот фарз бўлади, дейди. 2. Бир йил тўлиши керак. Нақд пуллардан ёки уларнинг ўрнига ўтадиган нарсалардан закот фарз бўлиши учун лозим бўлган шартлардан бири ўша пул нисобга етган ҳолида тўлиқ бир йил туриши керак. Ҳанафий мазҳаби бўйича йилнинг ўртасида пул нисобдан кам бўлса ҳам икки бошида тўлиқ бўлса, закот фарз бўлаверади. Фойдага келган моллар; ойлик маош, иш ҳаққи, мукофотлар, ҳунар қилиб топилган пуллар, ижарага қўйилган иморатлар, меҳмонхона, завод ёки фабрика ва машиналардан тушган фойдалар ҳам асл раъсул молга қўшиб туриб, закот чиқарилади. Шофеъий мазҳабида эса мазкур пулларга ҳам бир йил тўлиши керак, дейилган. 3. Қарздан холий бўлиши. Пулдан закот фарз бўлиши учун у қарзга қайтариб берилиши зарур бўлмаган пул бўлиши керак. Айтайлик, бировнинг қўлида нисобга етган пули бор. Шу билан бирга қарзи ҳам бор. У аввал қарзини бериши керак. Уни бергандан кейин пули нисобдан кам бўлиб қолса, унга закот фарз бўлмайди. 4. Ҳожати аслиядан ортиқ бўлиши керак. Дейлик, бир кишининг қўлида нисобга етган пули бор. Аммо у ўзига ва қарамоғидаги кишиларга қишлик ёки ёзлик кийим олиши керак. Ёки бир йиллик озиқ-овқатининг сарф-харажати ҳам бор. Уй сотиб олиши керак. Уйига керакли анжомлар, касб-ҳунари учун асбоблар, мингани, зарурат учун улов ёки ўқигани китоб олиши керак. Ушбу нарсаларни ёки улардан баъзиларини олганда пули нисобдан кам бўлиб қолса унга закот фарз бўлмайди. Чунки закот ўзига тўқ, ўз эҳтиёжларидан ортиқча пули бор бой одамларга фарздир. Бировда ҳам тилло пул, ҳам кумуш пул бўлса, икковини қўшиб ҳисоблаб, нисоб аниқланади. Кейин икковидан улушига қараб алоҳида-алоҳида закот чиқарилади. Демак, бир кишида турли пуллар бўлса, уларнинг ҳар бири алоҳида-алоҳида нисобга етиши шарт эмас. Мисол учун, доллар алоҳида, марка алоҳида, сўм алоҳида, рубль алоҳида нисобга етиши керак эмас. Бор пулларини қўшиб ҳисоблаб, нисобга етган-етмагани аниқланади ва ҳар пулдан ҳиссасига қараб закот чиқарилади. Ҳозирги кунимизда закот чиқариладиган молларнинг асосийларидан бири пул бўлиб қолган. Айниқса, шаҳар жойларда, асосан, молу мулк пулга айланиб қолган. Шунинг учун унинг нисобини аниқлаш, ҳар йили ўз вақтида закотини бериб, Аллоҳнинг амрини бажо келтириш, молиявий ибодатни қилиб туриш лозим бўлади.

Мавзуга оид мақолалар
Савол Тик туриб таҳорат қилса бўладими Жавоб «Ишлатилган сувнинг сачрашидан сақланиш учун баландроқ давоми...

19:09 / 21.03.2017 5348
Фарзандингизга диний таълим бериб, бир қанот бағишласангиз, дунёвий таълим бериб, иккинчи қанотини давоми...

21:18 / 22.05.2023 2337
Марҳум отам ўзлари яхши кўрган ҳар бир нарсани менга ҳам бўлиб берардилар. Албатта бу барча оталар қиладиган давоми...

01:14 / 07.05.2023 1388
Аллоҳ таолони зикр қилаётганда ўша зикр маъносига мувофиқ бўлган қалб амали ҳам ҳамроҳ бўлиши мақсадга давоми...

22:05 / 05.10.2023 1857