Шайхул‑ислом Мухаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ҳазратларини хотирлаб...
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

 Юраклар тўлди, эй воҳ, бениҳоя дарду ҳасратдан,

Суяклар зирқирар, тан ўртанар ўтли мусибатдан,

Асар ҳам қолмади бу жисму жон ичра ҳаловатдан,

Ақл ҳам тонди ўздан, кўз тинар даҳшатли зулматдан,

Бутун бир бошли «уммат» кетди бу бечора умматдан,

Муҳаммад уммати бўлди жудо Ҳазрат Муҳаммаддан.

 

Фиғонким, уммати Ислом бу кун қадди дуто бўлди,

Мунаввар эрди миллат осмони, зим-зиё бўлди,

Кўнгиллар нурланиб турган эди, бирдан қаро бўлди,

Юраклар бу мусибатдан адо бўлди, адо бўлди,

Қабулият берилмиш эрди сизга Арши иззатдан,

Муҳаммад уммати бўлди жудо Ҳазрат Муҳаммаддан.

 

Яратмиш сизни Ҳақ дин, маърифат, ихлос боғида,

Униб-ўсмиш вужудингиз фидоийлик қучоғида,

Суғормиш сизни соф илму муҳаббат бошбулоғида,

Қилибдир тарбия минг турли меҳнатлар ўчоғида,

Азал дасти олибдир сизни олий зубда тийнатдан,

Муҳаммад уммати бўлди жудо Ҳазрат Муҳаммаддан.

 

Илм-тақво шиорин асли қилмиш сизга Ҳақ илҳом,

Мислсиз жидду жаҳду қувват этмиш доимо инъом,

Ўшал онлардаёқ сизга қўйилмиш «мужтаҳид» деб ном,

Кириб мастона ирфон дайрига қўлда синиқ бир жом,

Само Соқийси мўл-мўл май қуярди сизга ҳимматдан,

Муҳаммад уммати бўлди жудо Ҳазрат Муҳаммаддан.

 

Экилган дон униб, соя солар улкан чинор бўлди,

Вужудингиз улусга бир ҳидоятчи минор бўлди,

Ва лекин қалбингиз минг хил машаққатга дучор бўлди,

Сабр қилганди душманга, бироқ чин дўстга зор бўлди,

Уҳудларни кўтарган сарв қад синди хиёнатдан,

Муҳаммад уммати бўлди жудо Ҳазрат Муҳаммаддан.

 

Ажабким, сиз эдингиз доимо Ҳақдан иноятда,

На қилсангиз, на бўлсангиз, илоҳий лутфу ҳикматда,

Набийга ворис эрдингиз билим, тақвою даъватда,

Яна меросхўр ўлдингиз азият, сабру ҳижратда,

Ҳаким бир сизни танлаб эрди миллионларча миллатдан,

Муҳаммад уммати бўлди жудо Ҳазрат Муҳаммаддан.

 

Илм карвони дунё бўйлаб энди йўлга отланди,

Кезиб юртлар, йиғиб дурлар, яна меҳнатда тобланди,

Бухорий, Термизийлардан омонатлар-да юкланди,

Бу карвонга Худо сарбон эди, ҳар ёни қутланди,

Ватанда қурдингиз «Ирфон Мадина» ушбу ғурбатдан,

Муҳаммад уммати бўлди жудо Ҳазрат Муҳаммаддан.

 

Кириб жонларга оро, бўлдингиз Юрт дардига малҳам,

Бўлиб сиз йўлчи юлдуз, қиблага юзланди диллар ҳам,

Ўчибдир ихтилофлар, кийну даъволар топиб барҳам,

Қалам бирла кўнгиллар мулкини фатҳ этдингиз шаҳдам,

Сизи бир лаҳза маҳрум қилмади Ҳақ фатҳу нусратдан,

Муҳаммад уммати бўлди жудо Ҳазрат Муҳаммаддан.

 

Солибсиз маърифат қўшнини, қўлда нурли туғролар,

Юриб олға, оёқ остида қолди фитна-ғавғолар,

Олиб гарданга миллат ташвишин қартайди аъзолар,

Қиё ҳам боқмадингиз, пойингизни ўпди дунёлар,

Ўзин хор туйди душман сизда кўрган  иззу қувватдан,

Муҳаммад уммати бўлди жудо Ҳазрат Муҳаммаддан.

 

Салим қалбу ҳаниф дин сизга Иброҳимдан ўтмиш,

Синов зиндонидан сўнг сизни Юрт Юсуф мисол кутмиш,

Юриб Мусо каби сиз, ортингиздан эл кечиб ўтмиш,

Муҳаммад Мустафо хулқи азиму сийратин тутмиш,

Кимики сизга душмандир, ҳасад ё жаҳлу иллатдан,

Муҳаммад уммати бўлди жудо Ҳазрат Муҳаммаддан.

 

Бу кун сиз кетдингиз, эл оҳидан йиртилди осмонлар,

Жигарлар бўлди хун, жонлар эзилди, ютдилар қонлар,

Етим қолган гўдакдек жовдираб бош урди ҳар ёнлар,

Илм фарёд чекар, дин йиғлади, тўлғонди иймонлар,

Харобдир дил, бўшабдир тўрилар файзу маҳобатдан,

Муҳаммад уммати бўлди жудо Ҳазрат Муҳаммаддан.

 

Нетайлик, нурли юз, шонли хиромингизни соғиндик,

Кўнгил торини чертар нутқи томингизни соғиндик,

Каломуллоҳга йўғрилган каломингизни соғиндик,

Дуойингиз, нигоҳингиз, мақомингизни соғиндик,

Сўзингиз пок, кўзингиз пок, ўзингиз тоза фитратдан,

Муҳаммад уммати бўлди жудо Ҳазрат Муҳаммаддан.

 

Шаҳид бир жон тикар, юз бор тикибсиз сиз азиз жонни,

Эдингиз Ҳаққа ходим, сарф этиб бор барча имконни,

Шунингчун туйди жонлар хизматингизда шараф-шонни,

Соларди зуҳду истиғнойингиз эсга Сулаймонни,

Умид улким, Набийга қўшни бўлдингиз ҳақиқатдан,

Муҳаммад уммати бўлди жудо Ҳазрат Муҳаммаддан.

 

Тугатмоқ васфингизни сўз билан мумкин эмас, албат,

Берибдир сизга Ҳақ исму сифотидан улуш беҳад,

Карам, басту ғиною адлу нафъу мағфират, раҳмат,

Матонат, илму ҳикмат, фатҳу қаҳру иззату қудрат,

Жалолу рушду бирру вуд, жамолу нур, ҳидоятдан,

Муҳаммад уммати бўлди жудо Ҳазрат Муҳаммаддан.

 

Сўрар Ҳақ умрингиздан, айтинг, ўтди Сенга тоат-ла,

Сўрар тан‑жисмингиздан, денг, ибодат, илму қурбат-ла,

Сўралса илмингиздан, чин амал, ихлос, саховат-ла,

Сўралса молингиздан, мутлақ инфоқ-ла, қаноат-ла,

Ҳар иш, ҳар сўз келарди сизда холислик – насиҳатдан,

Муҳаммад уммати бўлди жудо Ҳазрат Муҳаммаддан.

 

Илоҳий, айла сиддиқлик мақомин туҳфа Ҳазратга,

Фидо қилмиш эди бор-йўғини Қуръону Суннатга,

Яна бер шундайин сиддиқ ва содиқларни миллатга,

Муҳаммад Содиқ исми, чун эди Содиқ Муҳаммадга,

Назар солганга жонли мадраса эрди у сийратдан,

Муҳаммад уммати бўлди жудо Ҳазрат Муҳаммаддан.

 

Етимлик солмаб эрди дилни бунча ўтли фурқатга,

Ҳусайно, муршидингнинг суннати – сабр эт мусибатга,

«Худонинг дўстига йўқ хавфу, тушмас ҳузну кулфатга»,

Жасадда бўйи жаннат, келди тушлар ҳам башоратга,

Илоҳий, қил насиб кўрмоқни ул сиймони жаннатдан,

Муҳаммад уммати бўлди жудо Ҳазрат Муҳаммаддан.

 

 9. 05. 1436./10. 03. 2015.

Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид

 

 

Дуто – эгик. Қабулият – кишининг ўзи ҳам, ҳар бир сўз‑амали ҳам элга мақбул, манзур бўлиши. Ҳадиси шарифда келадики, Аллоҳ таоло бир бандани яхши кўрса, уни осмон фаришталарига эълон қилади, уларга уни яхши кўришни буюради. Улар мазкур бандани яхши кўришади. Кейин улар ер юзига тушиб, ер юзи аҳлига ўша инсонни яхши кўришни илҳом қилишади. Шунда уни ер юзидагилар ҳам ўз‑ўзидан яхши кўриб қолишади. Натижада унинг ўзи ҳам, ҳар бир сўзи, ҳар бир иши ҳам кишиларга суюкли, манзур бўлиб қолади. Мана шу мақбуллик «қабулият» дейилади. Арши иззат – азизлик Арши, яъни Арши аъло. Арши Аълодан деганда Аллоҳ таолодан деган маъно тушунилади. Зудба – қаймоқ, нарсанинг қаймоғи, энг сифатли қисми. Кириб мастона ирфон дайрига қўлда синиқ бир жом, Само Соқийси мўл‑мўл май қуярди сизга ҳимматдан. Байтнинг маъноси қуйидагича: «Сиз илму ирфон «майхонасига» маърифат таъмидан маст бўлган ҳолда синиқ жом – кўнгил билан, яъни синиқлик, тавозуъ ва хокисорлик билан кириб келдингиз. Сизнинг ҳимматингизни кўриб, Само Соқийси, яъни Аллоҳ таоло илму маърифатни қалбингизга сероб қилиб қуйиб берарди». Ҳазратнинг мазкур хокисорликларига мисол сифатида дарсдошлари Акбаржон Тўражонзода зикр қилган «кесак воқеси»ни эслаш кифоя. Уҳудларни кўтарган сарв қад синди хиёнатдан – Уҳудларни кўтарган, яъни тоғдек машаққатларни, ғам‑ташвишларни кўтарган қоматингиз хиёнат сабабидан синиб қолди. Маълумки, саодат асридаги мағлубиятли жанг Уҳуд ғазоти бўлган. Ўша жангда мусулмонлар хиёнат эмас, адашмовчиликка йўл қўйишган эди. Бу ерда шу маънога ҳам ишора бор. Яъни адашмовчиликлардан келган Уҳуд тоғларидек улкан азоб‑уқубатларни кўтарган эдингизу, хиёнат сизни букиб қўйди. Илм карвони – Ҳазрат назарда тутилган. Бу карвонга Худо сарбон эди, ҳар ёни қутланди – яъни сизнинг йўлбошчингиз Аллоҳ таолонинг Ўзи эди. Шунинг учун қалбингизга беҳисоб маънавий бойлик ва озуқани жамғариб қўйди, ҳар тарафингизга барака берди. Ватанда қурдингиз «Ирфон Мадина» ушбу ғурбатдан. Ғурбат – ғариблик, яъни ватандан жудолик. Айтилмоқчики, ўша ғурбат воситасида Ватанда маърифат шаҳрини барпо қилдингиз. Бу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижрат қилиб, Мадинатур‑Расул шаҳрини қурганларига ишора қилинмоқда. Туғро – туғ, байроқ. Салим қалбу ҳаниф дин сизга Иброҳиймдан ўтмиш – Иброҳим алайҳиссалом Қуръони Каримда «Салим қалб» ва «Ҳаниф дин», яъни Ислом дини соҳиби сифатида зикр қилинганлар. Бу ерда ўша хислатлар Ҳазратда мукаммал мужассам бўлганига ишора бор. Синов зиндонидан сўнг сизни Юрт Юсуф мисол кутмиш – Юсуф алайҳиссалом синовлардан ўтиб, зиндонга ташланиб, минг қийинчиликлардан ўтгач, Мисрнинг раҳбари, энг улуғи бўлиб етишганлари, бутун мамлакатнинг ҳидоятига сабаб бўлганларига ишора қилинмоқда. Юриб Мусо каби сиз, ортингиздан эл кечиб ўтмиш – Мусо алайҳиссалом ўзларига эргашганларни Фиръавндан қутқариб, денгиздан олиб ўтганлари, у кишига эргашганлар нажот топиб, бошқалар ғарқ бўлиб кетгани эсга олинмоқда. Муҳаммад Мустафо хулқи азиму сийратин тутмиш – яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизга ўзларининг гўзал ва азим хулқларидан ҳамда ўз ҳаёт йўлларидан насиба тортиқ қилгандек эдилар. Шонли хиром – шону шавкатга тўла юриш, виқорли одимлаш. Нутқи том – баркамол нутқ. Зуҳду истиғно – кўнгил бойлиги ва нафс тўқлигидан дунёга рағбатсизлик, ўзни мутлақо беҳожат тутиш. Бу ерда Сулаймон алайҳиссаломнинг бойлик билан зоҳидликни жамлаганларига ишора қилинмоқда. Карам – олийжаноблик. Баст – қўли очиқлик. Адл – одиллик. Нафъ – махлуқотга фойда келтириш. Мағфират – кечирмлилик. Раҳмат – меҳрибонлик. Матонат  –метинлик. Илм – олимлик, билимдонлик. Ҳикмат – ҳар ишни ўз ўрнига қўйиш. Фатҳ – қалбларни очиш. Қаҳр – ҳаммани таслим қилиб қўйиш. Иззат – азизлик, ғолиблик. Қудрат – қодирлик, забардастлик. Жалол – улуғворлик. Рушд – тўғри йўлга бошлаш. Бирр – яхшилик қилиш. Вуд – меҳрлилик, муҳаббатлилик. Жамол – ички ва ташқи гўзаллик. Нур – ёғду, ёруғлик. Ҳидоят – мулойимлик билан тўғри йўлга, яхшиликка бошлаш, еталаш. Ушбу бандда айтилмоқчики, Аллоҳ таоло сизни, ҳадиси шарифда айтилганидек, Ўз хулқлари билан хулқлантириб қўйган, сизга Ўзининг комиллик сифатларидан насиба берган эди. Энди қандай қилиб сизни сўз билан тўла таърифлаш мумкин? Сўрар Ҳақ умрингиздан... Бу банд «Қиёмат куни банда тўрта нарсадан сўралмай туриб қадами қимирлатилмайди» деб айтилган машҳур ҳадисга ишора. «Худонинг дўстига йўқ хавфу, тушмас ҳузну кулфатга» – Юнус сурасидаги «Агоҳ бўлинглар, албатта, Аллоҳнинг валийларига хавф ҳам йўқ, улар маҳзун ҳам бўлмаслар» деган оятга ишора. Жасадда бўйи жаннат, келди тушлар ҳам башоратга. Шайх Ҳазратларининг вафотаридан сўнг таналаридан таралган хушбўйлик ҳамда у киши ҳақларида кўплаб солиҳ кишиларнинг бир хил маънода, яъни юксак мақомларга эришганларини билдирувчи тушлар кўрганлари Ҳазратимизнинг ҳақиқий валий зот бўлганларидан башоратдир.  
Мавзуга оид мақолалар
Тўйдан кейин саодат тўла оилавий турмуш бошланди. Ҳамма нарса бирбирига муносиб эди. Яшаш жойида эру давоми...

12:16 / 10.01.2017 4114
Дилфуза КОМИЛ ДЎЗАХИЙ ХАТАР ёхуд АБАДИЙ ҲАСРАТ Сиз ҳеч одам гўшти еганмисиз агар шундай савол давоми...

21:00 / 31.12.2019 2538
Ғусл ҳақида «Ғусл» сўзи луғатда «Бирор нарсанинг устидан сув оқизиш» деган маънони англатади. Шариатда эса давоми...

15:31 / 20.02.2017 5298
48. Савол Набий ва Расул орасида қандай фарқ бор Жавоб Расул ўзига келган пайғамбарликни ўзгаларга давоми...

16:28 / 13.12.2017 2927