Ҳақиқий эркакларни эр кишилар вояга етказади(1)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Ҳақиқий эркакларни эр кишилар вояга етказади

Аллоҳ таоло Бани Одамни эркак ва аёл қилиб яратди ва уларнинг ҳар бирини халқида ва хулқида, касби ва амалида ўзига хос қилди.  Бинобарин, амалларнинг фақатгина эркакларга хос бўлгани ва фақатгина аёлларга хос бўлгани бор. Уларнинг ҳар бирида Аллоҳ таоло уларга ато этиб қўйган фитрат, табиат бор. Шунинг учун  Аллоҳ таоло эркакларнинг аёлларга, аёлларнинг эса эркакларга  тақлид қилишини ҳаром қилган...

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинчалиш эркакларни ва эркакшода аёлларни лаънатладилар» (Имом Бухорий ривоят қилган)

 Болалар психологлари ўғил боланинг 6 ёшдан кейинги тарбияси билан ота шуғулланиши кераклигини таъкидлайдилар. Қадимдан жуда кўп халқларда ўғил бола тарбияси, асосан, эркакларга ишониб топширилган. Ўғил болага аёл киши энагалик қилиши мумкин бўлса-да, лекин устозлик қилмас эди.

Зодагонлар ўғилларини жуда ёш пайтидан бошлаб ҳарбий ишлардан сабоқ олишларига аҳамият беришар, жангчи ва аскарлар орасида ўстиришар, отда юришни ўргатишар эди. Ўсмир ёшидаги йигитча тўлақонли жангчи ҳисобланарди. Бунга ўз тарихимиздан ҳам мисоллар кўп. Масалан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу 15 ёшида илк бор ғазотга қатнашган. Кейинчалик у Зотнинг буйруқларига биноан қўшинга бошчилик ҳам қилган. Ваҳоланки, ўша қўшинда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Бакр, Саъд ибн Абу Ваққос, Абу Убайда ибн Жаррох каби буюк издошлари ҳам бор эдилар. Ўшанда Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу 17 яшар ўспирин эди. Бундай жасур болаларни саодат асрининг мусулмонлари тарбия қилган эди.

Шунингдек, болаларни жуда эрта ёшидан  илм таҳсил қилиш ва Қуръонни ёд олиш учун уламолар ва шайхлар ҳузурига олиб бориб беришар эди. Уларнинг ҳофизул Қуръон бўлиши,  илмли бўлиши муҳим ҳисобланарди. Шу тариқа болалар диний таълим билан бирга,  ҳақиқий эр киши бўлиш илмини ҳам эгаллашарди.

Ҳозирги кунда эса фарзанд тарбиясига аввалги одамлар каби масъулият билан ёндашаётган ота-оналар жуда кам. Кўпчилигимиз мана шу энг муҳим масалага келганда вақт топа олмаймиз, бошқа, иккинчи даражали нарсаларнинг кетидан югурганчалик фарзандларимиз тарбияси ҳақида қайғурмаймиз. Аслида ота-она учун фарзанд тарбиясидан ҳам муҳимроқ иш борми?

Айниқса, ўғил болалар тарбияси борасида ота-она кўп қийинчиликларга дуч келиши табиийдир, чунки аксарият ўғил болалар ёшлигидан шўх, қайсар ва тўполончи бўлишади ва уларнинг куч-ғайратларини тўғри йўналтириб, яхши инсон қилиб вояга етказиш ота-онадан катта сабр-тоқат ва меҳнат талаб қилади.

Ҳамма нарсани ота ҳал қилсин!

Бу билан «Оналар таътилга чиқиб, бошқа ҳеч нарса қилиши керак эмас экан-да», деган хулосага келмаслик лозим. Лекин оталар оила бошлиғи сифатида ҳар бир ҳолатда ўғил бола билан қандай муомала қилиш, у билан қайси йўналишда шуғулланиш кераклигини ҳал қилиши лозим. Энг муҳими, аёл киши ҳеч қачон эркак киши бўлиб кўрмаган, шунинг учун ҳақиқий эркакни қандай қилиб тарбиялашни ҳам билмаслиги мумкинлигини эсдан чиқармаслиги керак. Ўғил болани ўзлари хоҳлагандай тарбияламоқчи бўлган оналар кўпинча уларга фойдадан кўра  зарар етказиб қўйишади.  Баъзан шуни деб турмуш ўртоқлари билан оралари бузилиб  ҳам қолади.

Оналарнинг вазифаси ўзининг аёллигидан келиб чиқиб, болани аяш, унга меҳрни бериш, парваришлаш, у ҳақида қайғуриш ва ҳоказолардан иборат. Ота эса оила бошлиғи. У ўрни келганда қаттиққўл, ўз вақтида меҳрибон, ҳамма ишда ўрнак ва фахрланишга лойиқ обрў-эътибор эгасидир.

Олти ёшдан ўтган ўғил болани жазолаш ҳуқуқини тўлалигича отага берган афзал. Она эса болани ҳулқининг яхши бўлмаётгани ҳақида огоҳлантириши ва буни отасига айтиб, ҳал қилишини айтиши мумкин. Онанинг яна бир вазифаси ўғлига аёл киши қандай яхши ва чиройли фазилатларга эга бўлиши кераклиги ҳақида тушунча бериб, ўзидаги гўзал ахлоқи билан ибрат бўлмоғидир. Отанинг вазифаси эса эркак киши қандай бўлиши кераклигини кўрсатмоғидир. Буларнинг ҳаммаси боланинг келажак ҳаёти учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади. Ота-она ўз бурч ва вазифаларини, ўз ўрнини аниқ билиши ва уларга шундай амал қилиши лозимки, бола ҳаёти давомида ҳақиқий эркак ва ҳақиқий аёл қандай бўлиши кераклиги ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлиши керак.

Шунингдек, она оилада отанинг обрўсини сақлаши ва доимо уни қўллаб-қувватлаши лозим. Агар  она отасидан калтак еган ё гап эшитган боласининг тарафини олиб, боланинг олдида эрининг обрўсини ерга урадиган даражада муомала қилса, боланинг тарбиясига энг катта зиён етказган бўлади. Болани юпатиш мумкин, лекин оила боши бўлган отанинг ҳақлигини шубҳа остига қўйган ҳолда эмас.

Хотин киши эри томонида туриб тарбия жараёнини олиб борар экан, болага отаси уни қанчалик яхши кўришини ҳам уқтириб бормоғи, ота-бола ўртасида тушунмовчилик бўлмаслигини таъминламоғи муҳимдир. Шу билан бирга, эри билан ҳам болалар тарбияси борасида маслаҳатлашиб, отанинг бола билан нотўғри ва қўпол муомала қилаётганини сезса, унга бунинг зарарини ётиғи билан тушунтириши лозим.

Аллоҳ таоло ўзининг Ҳаким сифати билан болага ҳам ота, ҳам онани ато этгани бежиз эмас. У Зот шуни истабдими, демак, бола учун икковининг ҳам бўлиши зарурдир. Шундай ҳолатлар ҳам бўладики, эркак кишининг юраги боланинг инжиқлигини,  хархашаларини кўтармай, унга бақириб, қўпол муомала қила бошлайди.

Бундай ҳолатда иймонли аёл  эри билан юзма-юз гаплашиб олгани маъқул. Лекин агар боланинг ҳаёти ва соғлигига хавф бўлмаса, ота-боланинг орасига тушмаган афзал.

Қуръон ва суннатга амал қилиб яшаётган  мусулмон оилаларда эр оила бошлиғидир ва оиласининг шаънини ҳимоя қилиш, аёли ва фарзандларининг бахтини таъминлаш, уларни тарбиялаш унинг зиммасидаги бурч ва масъулиятдир. Оталар ўғил болалар тарбиясига кўпроқ аҳамият берадилар, чунки у ҳам келажакда бир оиланинг бошлиғи бўлади. Лекин бугунги кунда кўп оилаларда фарзандлар тарбияси фақатгина оналарга қолиб кетмоқда. Баъзида аёллар ўғил болага қаттиқроқ туриш керак деб ўйлайди. Бироқ бу қаттиққўллик ҳар доим ҳам кутилган натижани беравермас экан.

Ўғлини уриб-сўкиб катта қилаётган она кўпинча ё хотин кишига тобе, муте бўлган  ёки аксинча, бошқаларга ўз ҳукмини ўтказишни хоҳловчи худбин кимсани ўстираётганини ўзи ҳам билмай қолади. Бундай бола ёшлигидан хотин кишига бўйсуниб, шу ҳолатга мослашиб, аёл кишига қарам бўлиб ўсади. Катта бўлгач, мана шу муносабатни ҳамма аёлларга нисбатан қўллайди, ёки аксинча, аёл зотига бўлган нафратини намоён қилиб, уларга қўлидан келганича ёмон муносабатда бўлади .

Оналарга хос  бўлган яна бир нарса борки, у юқоридаги ҳолатнинг акси бўлиб, ўз ўғилларига ўта ғамхўрлик қилишларидир. Бунинг оқибатида боладаги эркакларга хос феъл-атвор сўниб боради. Агар ўғил бола онасининг ўзи пул топиб, унинг ҳамма  эҳтиёжларини таъминлашига, оғзидан чиққанини муҳайё қилишига,  ҳамма муаммоларини ҳал қиладиган ҳимоячи бўлишига ёшлигидан кўникиб катта бўлса, кейинчалик оила қурганда ҳам ўша ўзи ўрганган ролини ўйнашни давом эттиради, яъни кичкина болакай бўлиб олиб, хотинидан ҳам онасидек аёл бўлишини кутиб яшайди.

Агар боланинг фақат онаси бўлса-чи?

Бизнинг аждодларимиз ўғил болаларнинг эркаклар орасида улғайиши нечоғлик аҳамиятли эканини яхши билганлар. Агар аёлнинг эри вафот этиб, ёлғиз қолса, унинг ўғиллари эркак қариндошларнинг кўз остида улғайишган. Болалар ҳақиқий эркакча тарбия олиши учун уларни ҳарбийлар, ҳунармандлар ёки диндор кишиларга шогирдликка беришган.

Афсуски, бугунги  кунда кўпинча аёл киши эрининг вафотидан ёки ажрашганидан сўнг ўғил тарбияси борасидаги муаммолар билан яккама-якка қолаётир. Бундай аёлларнинг ҳақиқий эркак кишини вояга етказиш имконияти қай даражада? Албатта,  боланинг ҳаётида отани сақлаб қолишга ҳаракат қилиш керак. Эр-хотин ажрашиб кетгач, ўша эркак бу аёл учун собиқ эрга айланар, лекин болалар учун собиқ отага айланмайди... Мабодо оилани сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган тақдирда ҳам, болалар ўз отаси ҳақида фақат яхши гапларни эшитишга ҳақлидирлар.

Шунингдек, ўғил боланинг тарбиясига ёрдам бериш учун унинг бобосини, тоғаларини ва бошқа яқин эркак қариндошларини жалб қилиш ҳам мумкин. Ёлғиз онага ўғил бола тарбиясида унинг эрлик ғурурини синдириб қўймайдиган тўғри тарбия чизиғини топиб олиш жуда мушкул, бу борада энг яхши йўл эркак қариндошлар билан ёки ўғил болалар билан кўпроқ шуғулланадиган мураббийлар билан маслаҳатлашиб иш тутган афзал. Ёлғиз она ўғил болани бошқалардан кам қилмай боқиб улғайтириши мумкин,  лекин оилада эркакнинг йўқлигини қандай қилиб ва нима билан тўлдириш йўлларини ўйламаса, натижа кўпинча аянчли бўлиши мумкин экан. Ўғил болаларни отасиз тарбия қилиш ёлғиз она учун ғоят машаққатли ҳолат экани тажрибалардан ўтган аччиқ ҳақиқатдир. Бу кемтиклик болалар улғайган сари кенгайиб бораверар, унинг ўрнини тўлдириш ҳам амри маҳол бўлиб қолар экан. Ўғил бола вояга етар экан, ҳар қадамида қаттиққўл ва  айни пайтда меҳрибон  отага эҳтиёж сезар экан, учраган ҳар бир муаммосида ёки бошламоқчи бўлган ҳар бир ишида ўзидан кучлироқ ва етукроқ ақл эгасининг маслаҳатига муҳтож бўлар экан. Лекин Аллоҳ томонидан битилган тақдирга қарши бора олмайсан, ота меҳрини кўриш ҳаммага ҳам насиб қилавермас экан. Бироқ шундай бўлса ҳам, тушкунликка тушиш керак эмас, чунки инсониятнинг саййиди бўлмиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам  Аллоҳга қанчалик маҳбуб бўлмасинлар, у Зотга ҳам она қорнидаёқ отадан, олти ёшда эса онадан етим қолиш тақдир бўлди. Аллоҳ таоло Ўз ҳабибининг тарбиясига аввал Макканинг раиси бўлган боболари Абдулмутталибнинг, у киши вафот этгач эса амакилари Абу Толибнинг масъул бўлишларини ирода этди. У Зот отасиз қолган бўлсалар-да, ўша замондаги энг асл инсонларининг қўлида тарбия топдилар ва Аллоҳнинг марҳамати билан энг улуғ инсон бўлиб етишдилар. Демак, Аллоҳга таянган ҳолда тарбия қилинса, отасиз қолган болаларни ҳам яхши инсон қилиб вояга етказиш имкони бор.

Ёлғиз она ўғлига оилада эркак киши қиладиган ишларга масъул эканини тушунтириши, унинг фикри билан ҳисоблашиши, унинг олдига эркаклар ҳал қиладиган масалаларни қўйиб, уларнинг ечимини топишга ундаши лозим.

Шуни таъкидлаш лозимки, инсоният эркак ва аёлнинг тенг ҳуқуқли бўлиши каби кўпгина ислоҳотлар натижасида келиб чиққан муаммоларга дучор бўлмоқда. Масалан, эркакшода аёлларнинг ва хотинчалиш эркакларнинг, эркак бўлиб туғилиб, кейинчалик жинсини ўзгартираётганларнинг кўпайиши, баъзида эса умуман иккисига ҳам ўхшамайдиган аросатда қолган жинс вакилларининг юзага келиши ва ҳоказо... Бу кунгача асрлар давомида эркак ва аёлнинг ўрни, вазифаси аниқ фарқланиб келинган эди ва бу фарқ фақатгина жисмоний тузилишда эмас эди. Бугунги кунда эса ҳамма нарса аралашиб кетди...

(давоми бор...)

Мавзуга оид мақолалар
Бедилинг хайли русул, сенсен аларға дилрабо, Ё Набий, руҳий фидок, аҳлан ва саҳлан марҳабо Эй Навоий, чораи давоми...

16:26 / 10.02.2017 6247
СНАЙПЕР КЕЛИН Тўққизинчи мактуб Дунёда гўдакнинг чулдирашидан кўра тантаналироқ мадҳия йўқ Виктор давоми...

11:00 / 28.03.2017 3356