Болани сутдан чиқариш (кўкракдан ажратиш)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Аллоҳ таоло: وَالْوَالِدَاتُ يُرْضِعْنَ أَوْلاَدَهُنَّ حَوْلَيْنِ كَامِلَيْنِ لِمَنْ أَرَادَ أَن يُتِمَّ الرَّضَاعَةَ 

«Ким эмизишни батамом қилишни ирода қилса, оналар фарзандларни тўлиқ икки йил эмизадилар» (Бақара, 233)

Исломда эмизишнинг аҳамияти қайта-қайта таъкидланади. Фарзандини кўкрак сути билан эмизаётган (озиқлантираётган, боқаётган) она Аллоҳ таолонинг катта ажрига эга бўлади.

Болани кўкракдан ажратиш она ва боланинг ўзаро муносабатларидаги муҳим босқичдир. Гўдак учун сутдан чиқиш, тўла табиий жараён бўлса ҳам, энг катта йўқотишлардан биридир. Бу ҳам бошқа йўқотишлар каби бир тарафдан шикастли (оғриқли) бўлса, бошқа тарафдан янги имкониятларга йўл очиб беради. Онанинг болани кўкракдан ажратишга олдиндан руҳий тайёргарлик кўриб бориши – икковлари учун ҳам бу даврни катта йўқотишларсиз ўташ ва янги мулоқот малакаларини эгаллаш учун тўғри услубдир. Агар она баъзи сабабларга кўра (ҳали вақтли, деб ҳисоблаши, болага ачиниши ёки ўзини айбдор ҳис қилиши) маънан болани сутдан чиқаришга тайёр бўлмаса, яхшиси, бу жараённи бироз ортга сурган маъқул. Токи она эмизишни тўхтатиш ҳақида аниқ тўхтамга келмас экан, бу жараён машаққатсиз бўлмайди. Зеро, болакай онанинг бу борадаги барча хавотир ва безовталикларини яхши ҳис қилиб туради.

Болани қачон сутдан чиқарган маъқул?

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: «Ким эмизишни батамом қилишни ирода қилса, оналар фарзандларни тўлиқ икки йил эмизадилар. Уларни яхшилаб едириб, кийинтириш отанинг зиммасидадир. Ҳеч бир жонга имкондан ташқари таклиф бўлмайди. Она ҳам, ота ҳам боласи сабабидан зарар тортмасин. Меросхўрга ҳам худди шундоқ. Агар ўзаро рози бўлиб, сутдан ажратишни ирода қилсалар, икковларига гуноҳ бўлмайди. Агар фарзандларингизга эмизувчи талаб қилишни ирода қилсангиз, берадиганингизни яхшилик билан аввалдан топширсангиз, гуноҳ бўлмайди. Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда билингки, албатта, Аллоҳ қилаётганингизни кўриб турувчидир». (Бақара, 233).

Мазкур оятга асосланиб, Ҳанафий олимлари икки йил давомида эмизиш – боланинг онадаги ҳаққи, деганлар. Шундан келиб чиқиб, аёл киши болани икки йил давомида эмизиш учун имкон қадар ҳаракат қилиши керак бўлади. Лекин агар узрли сабаб бўлса (масалан, она бемор ёки жуда заиф, ёки сут болага тўғри келмайди, ёки она ҳомиладор), у ҳолда болага зарар етмаслик шарти билан эмизишни тўхтатиши мумкин.

Кўпчилик психологлар болани сутдан ажратиш учун мақбул вақт – инволюция содир бўлганда, деб айтишади. Инволюция – бу ўзига хос табиий «сигнал» ёки «белги» бўлиб, у онага тезроқ болани сутдан ажратиш кераклигини билдириб туради. Унинг аломатлари қуйидагилар: • Эмизишдан кейин жисмоний чарчоқ (заифлик, ланжлик, уйқу босиши); • Боланинг эмиш жараёнида ҳаддан ташқари «фаол» бўлиб қолиши; • Кўкрак сутга тўлиб турмаслиги (ҳаттоки, бутун кун давомида кўкрак юмшоқ бўлиб қолиши). Шунингдек, болани сутдан чиқариш ҳақида бир тўхтамга келишда бошқа омилларни ҳам ҳисобга олиш керак. Буни амалга ошириш учун кеч куз ёки эрта баҳор энг маъқул вақт ҳисобланади. Жазирама ёз мавсуми яхши танлов эмас, бу пайтда боланинг иштаҳаси одатдагидай яхши бўлмаслиги, фақат кўкрак сутини ихтиёр этиши мумкин. Бу унинг учун катта стресс бўлади, она учун ҳам бу жараён оғир кечади.

Қачон болани кўкракдан ажратиш мумкин эмас?

Агар кундалик ҳаётингизда баъзи ўзгаришлар содир бўлса, агар сиз болани кўкракдан ажратишга тайёр бўлсангиз ҳам, буни қилишга шошилмай турган маъқул:

• Агар янги уйга кўчсангиз; • Агар оилада янги инсон пайдо бўлса – янги энага ёки уйингизга келган меҳмон; • Агар уйингизда таъмир ишлари бўлаётган бўлса; • Болакай оғриб қолган бўлса. Бунга ўхшаш шароитларда болани сутдан ажратишни бир-икки ҳафта ортга суриб турган маъқул, токи бола янги шароитга кўникиб олсин. Шундай қилиб, асосий жараёнга етиб келдик. Болани қандай қилиб сутдан ажратилади? Бу борада барча мавжуд усулларни учта катта гуруҳга бўлиш мумкин: Эмизишлар сонини камайтириш. Бу бола психикасига энг кам жароҳат етказадиган усулдир. Бироқ бунда она сабрлироқ бўлиши керак бўлади, зеро кундалик эмизишлар сонини тартиб билан қисқартириб бориш бир неча ҳафта, ҳаттоки ойларга чўзилиши мумкин. Аввало кундузги эмизишларни камайтириб, ўрнини бошқа озиқ-овқат билан тўлдириб борасиз. Натижада, эмизиш фақат тунги ухлаш пайтига қолдирилади. Кундузги эмизишни тўхтатишга эришгандан кейингина тунги эмизишга ўтилади. Агар бола кечаси ҳам уйғониб кўкрак сўрайдиган бўлса, отаси ёки бувисидан болани сизсиз тинчлантириб ухлатиб қўйишини сўранг.

Баъзида тунги эмизишлар боланинг бирор нимадан безовта бўлаётганини билдиради. У бирор сабабга кўра уйғонади ва тинчланиб, яна уйқуга кетиши учун она билан яқин мулоқотга эҳтиёж сезади. Бундан бола психикасига зарар етказмасдан воз кечиш осон эмас. Аввало, болани нима безовта қилаётганини аниқлаш зарур. Балки у кундузи ёки кечки пайт ҳаддан ташқари кўп чарчаб қолаётгандир. Кун тартиби, овқатланиш тартибига эътибор беринг. Шовқинли ўйинлар, овқатланиш, чўмилиш уйқудан бир ярим соат аввал тугатилиши керак. Телевизор ва радиони ҳам ёқманг. Бошқа нарса билан озиқлантириш. Бу ҳам кўкракдан ажратишнинг яна бир усули. Бу бола билан доимий бирга бўладиган, ишга чиқишга шошилмаётган оналарга қўл келади. Сиз бунда эмизишлар сонини битта-битта қисқартириб бормайсиз, балки аста-секин бола эмадиган сут миқдорини озайтириб борасиз. Қандай қилиб? Болани овқатлантириш пайти келганда унга кўкрак эмас, бошқа овқат таклиф қиласиз. Пюре, каша, сигир сути бўлиши мумкин (бола бир ёшдан катта бўлса). Аввало, бола учун янги бўлган овқатни озроқ миқдорда таклиф қиламиз. Қолганини эса она сути билан тўлдиради. Боланинг қорни бироз тўйгандан кейин бола одатдагидан озроқ эмади. Шу тарзда секин-аста овқат миқдорини кўпайтириб борамиз. Маълум вақт ўтгач, бола овқат билан тўядиган бўлади ва эмизишга эҳтиёж қолмайди. Шу тарзда болани кўкракдан ажратиш тугатилади. Болани зудлик билан (оз вақт ичида) сутдан чиқариш. Моҳиятан, бу бола ва онанинг мулоқот шаклини бир лаҳзада тўхтатиб қўйишдан иборат. Бу усулни фақатгина энг зарурий ҳолларда (она ишга ёки ўқишга чиқиши зарур бўлиб қолса, ёки юқумли касаллик туфайли кўкракдан ажратиш эҳтиёжи туғилса) қўллаган маъқул. Агар онанинг болани эмизишга ҳали имконияти бор бўлса, яхшиси, бу усулни тарк қилган маъқул. Чунки бу бола учун ҳам, она учун ҳам катта стрессга олиб келади. Агар аёл эмизишни кескинлик билан тўхтатса, сут оқиб туриши, кўкрак қотиши каби оғриқли муаммоларга дуч келади. Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас, томирлар тиқилиб, инфекция юзага келиши ҳам мумкин. Агар зудлик билан бирор жойга кетишга ёки даволанишга эҳтиёжингиз бўлмаса,  бу тажрибани қўлламанг. Болани кескин кўкракдан ажратганда унинг хулқида жиддий ўзгаришлар кузатилади: агрессив реакцияларнинг кўпайиши, болани тўхтата олмай қолиш ёки овқат емай қўйиш, уйқу бузилиши, қўрқиш ҳисси, инжиқликлар билан намоён бўладиган болалар тушкунлик ҳолатидан тортиб, аутизм аломатларигача. Лекин одатда, бу муаммолар болани сутдан кескин ажратишдан ҳам кўра, бирор жойга кетган ёки ишга чиқиб кетган онанинг бола билан бирга эмаслигидан келиб чиқади. Бу реакциялар орқали бола муҳим объектни йўқотгани учун қаттиқ қайғуга тушганини билдиради. Агар она эмизмасдан туриб ҳам бола билан бирга қолиб, уни парваришлашда, у билан мулоқот қилиб, ўйнашда давом этса, бу муаммони бутунлай бартараф қилади. Бу ҳолатда бола муҳим тажриба орттиради, яхши кўрган нарсаси уники бўлмай қолиши ҳам мумкинлиги, лекин шундай бўлса ҳам, у соғ-саломат ва суюкли бўлиб қолишини тушуниб етади. Шунинг учун болани бир неча кун кўкракдан чалғитиш учун бирор бошқа одам билан қолдиришни ўйлаган бўлсангиз, билингки, сиз бу билан фарзандингизни икки карра стрессга тутасиз – энг муҳим овунчоғидан айрилиш ва она меҳридан узоқ вақтга жудо бўлиш. «Юмшоқ стратегия»лардан фарқли равишда, бу усулда онанинг нима учун эмизмаётганини тушунтириш муҳим аҳамиятга эга. «Сут тугаб қолди», дейишингиз мумкин. Лекин «сутни кимдир (қушча, кўчадаги «бўбўлар», лўлилар ва ҳоказо) олиб кетиб қолди», деманг. Касаллик ёки нотаниш хавфли фигура образи болада бегоналардан, қоронғуликдан сабабсиз қўрқиш ҳиссини келтириб чиқариши, уйқу пайтида муаммолар пайдо қилиши мумкин. «Бир лаҳзада ажратиш» услуби билан боғлиқ асосий тавсия – бу бола билан мулоқотда қолиш. Бунда биргаликда вақт ўтказиш, ўйнаш билан боғлиқ бўлган ҳиссий мулоқот ҳам, қучоқлаш, оёқчалар ва қўлчаларини уқалаш, силаш, сочларини тараб қўйиш, чўмилтириш каби жисмоний мулоқот ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ҳар бир бола ўзига хос хусусиятга эга, болани кўкракдан ажратиш учун аниқ қоида ишлаб чиқишнинг имкони йўқ. Ҳар бир она ўз фарзандига эътибор бериши керак. Агар қатъий қарорингиз тўғрилигига ишончингиз комил бўлса, охиригача маҳкам туринг. Бола йиғлаши, «жазавага тушиши» мумкин. Сизнинг вазифангиз – хотиржам туриб, қарорингизни амалга оширишда маҳкам туриш. Кўкракдан чиқариш жараёни максимал даражада қулай ва оғриқсиз бўлишини тилайман. Аллоҳ мушкулингизни осон қилсин! Омин.

Ҳаёт Ибрагимова, болалар психологи «annisa-today.ru» сайтидан олинди.

Мавзуга оид мақолалар
Бардам бўлинг, бугун сизга куч керак, Тушкунлик мумкинмас, бардошли бўлинг. Айрилиқ Аллоҳдан синовдир давоми...

19:30 / 04.02.2017 7820
«Gazeta.kz» сайтининг хабар беришича, 4 март куни Олмаота шаҳрида ўтказилган «Аёл ва дин» халқаро форумида давоми...

19:15 / 21.12.2016 3462
Исломий илмингизни синаб кўринг 1. Савол Қуръонда нечта пайғамбарнинг исми зикр қилинган а 21 б 29 в 25 г 24 2. давоми...

13:38 / 01.07.2017 24872
Нафсингни тадбирдан хотиржам қил. Бас, сендан бошқа Зот сенинг ўрнингга қилиб қўйган ишни сен ўзинг учун давоми...

14:51 / 30.03.2017 4166