Аёл киши масъулдир
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Умардан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Барчангиз масъулдирсиз ва ўз масъулиятингиздан сўралурсиз.

Амин масъулдир. У ўз масъулиятидан сўралур. Эр киши аҳли байтида масъулдир ва у ўз масъулиятидан сўралур.

Аёл киши эрининг уйида масъулдир ва у ўз масъулиятидан сўралур.

Огоҳ бўлингким, барчангиз масъулдирсиз ва барчангиз ўз масъулиятингиздан сўралурсиз»,  дедилар». 

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф жуда машҳур ҳадислардан. Шундоқ бўлса ҳам, уни таржима қилишда бир оз уринишга тўғри келди. Биз «масъул» деб таржима қилган сўз арабча матнда «роъий» деб зикр қилинган. Аслида, қўйчибонга «роъий» дейилади. Бундан «қўл остидаги нарсанинг риоясини қилиб, уни сақлаб, турли ёмонликлардан асраб, омонатга хиёнат қилмай эгасига топширувчи» маъноси келиб чиқади.

Ҳадиси шарифда зикр қилинган барча масъулларда худди ўша маъно ўз аксини топгандир.

1. «Амин масъулдур ва у ўз масъулиятидан сўралур.»

«Амин» деганда омонат унга ишониб топширилган шахс англанади. Бунда моддий, маънавий ва барча турдаги омонатлар, жумладан, мансаб омонати ҳам бир хилда кўрилади.

2. «Эр киши аҳли байтида масъулдир ва у ўз масъулиятидан сўралур.»

Исломда оила бошлиғи бўлиш улкан шараф ва айни вақтда улкан масъулият ҳамдир. Эр киши оиласидаги барча аҳли байтида масъулдир. Масъул бўлганда ҳам, моддий-маънавий, руҳий-тарбиявий, дунёвий ухровий ҳамма-ҳамма томондан масъулдир.

У аҳли байтини – хотини, бола-чақасини боқиш, кийинтириш, уй-жой билан таъминлаш, таълим-тарбия бериш, ахлоқ-одобини назорат қилиш, Аллоҳнинг йўлида юрадиган ҳақиқий мўмин-мусулмон бўлишлари учун ҳаракат қилиш, тинч-омонликларини таъминлаш ва шунга ўхшаш барча ишларда масъулдир.

У бу масъулиятидан қочадиган бўлса, бу дунёда Ислом давлати маҳкама орқали уни ўз масъулиятини адо этишга мажбур қилади. Охиратда эса Аллоҳ таоло сўроқ-савол қилиши турган гап.

3. «Аёл киши эрининг уйида масъулдир ва у ўз масъулиятидан сўралур.»

Бу ҳақда, иншааллоҳ, 214-ҳадис шарҳида батафсил сўз юритилади.

4. «Огоҳ бўлингким, барчангиз масъулдирсиз ва барчангиз ўз масъулиятингиздан сўралурсиз», – дедилар.

Демак, ҳар бир мўмин-мусулмон шахс ўзининг барча масъулиятларини шараф билан адо этиш пайидан бўлиши зарур.

Абу Сулаймон Молик ибн Ҳувайрисдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келдик. Ёшларимиз бир хил, тенгқур ёш йигитлар эдик. Ул Зотнинг ҳузурларида йигирма кун туриб қолдик. Ул Зот аҳлимизни соғинганимизни гумон қилиб, бизлардан уйда кимларни қолдириб келганимизни сўрадилар. Биз хабар бердик. Ул Зот ўта меҳрибон ва раҳимдил эдилар. Бас:

«Энди аҳлингизга қайтинг, уларга таълим беринг, уларга амру маъруф қилинг. Менинг қандай намоз ўқиганимни кўрган бўлсангиз, худди шундай қилиб намозни ўқинглар. Намоз вақти кирса, бирингиз азон айтсин, ёши улуғингиз имом бўлсин»,  дедилар».

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, Исломни қабул қилиб, диний таълим олган йигитларнинг зиммасига юкланган масъулиятни билиб оламиз. Бу масъулият нимадан иборат? Аввало, қабилаларига қайтиб боргач, ўрганган нарсаларини қабиладошларига ҳам ўргатиш, таълим бериш, шариатга риоя қилишга буюриш ва намоз ўқиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни алоҳида таъкидлаяптилар. Намозларни ўзларидан кўргандек ўқишга буюряптилар, азон айтишни жорий қиляптилар. Ҳузурларига келганлар деярли тенгқур бўлгани учун имомликка ёши улуғлари ўтишини тайинлаяптилар. Аслида, энг илмли одам имом бўлиши керак, бироқ мазкур ҳадисда айтилаётганларнинг илми бир хил. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам имомни танлашда ёшни ҳам ҳисобга олишни тайинладилар. Агар имом бўладиганларнинг илмлари тенг бўлса, ёши улуғроғи танланади. Бу масаланинг тафсилоти фиқҳ китобларида келган.

 Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Аввалги мусулмон ёшларнинг илмга бўлган шавқлари юқорида даражада бўлгани.

2. Илм йўлида ватан ва оилани қолдириб, илм бор жойга сафар қилингани.

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меҳрибон ва раҳимдил Зот бўлганлари.

4. Устоз шогирдларига кўрсатмалар бериб бориши кераклиги.

5. Илми бор кишиларнинг илми йўқларга таълим бериш масъулиятида экани.

6. Илмли кишилар амру маъруф қилишлари кераклиги.

7. Намоз ўқиш ўта аҳамиятли амал экани.

8. Намозни жамоат билан ўқиш аҳамиятли экани.

9. Жамоат бўлиб намоз ўқиганда азон айтиш лозимлиги.

10. Имомликка илмлари бир хил бўлган кимсаларнинг ёши улуғи ўтиши кераклиги.

Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Барчангиз масъулдирсиз ва масъулиятингиздан сўралурсиз. Имом масъулдир. У ўз масъулиятидан сўралур. Эр киши ўз аҳлида масъулдир. Аёл киши ўз эрининг уйида масъулдир. Ходим ўз хожаси молида масъулдир»,  дедилар».

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан шариатимизда аёл кишининг оиладаги мажбуриятлари, охиратда сўраладиган нарсалари ҳам кўрсатиб ўтилганини билиб оламиз. Исломий оиланинг бекалиги улкан шараф бўлиши билан бирга улкан масъулият ҳамдир. Оиланинг бекаси бўлганидан кейин, унинг ҳамма ички ишлари ўша беканинг қўлида, ихтиёрида бўлади. Оиланинг иқтисоди беканинг тежамкорлигига ва ўзига ишониб топширилган иқтисодий воситаларга хиёнат қилмаслигига ва исроф қилмаслигига боғлиқ бўлади. Энг улкан масъулиятлардан бири эса болаларини туғиб, боқиб, тарбиялашдир. Бу масъулиятни муслима аёллар доимо шараф билан адо этиб келганлар.

Хулоса қилиб айтганда, муслима аёлнинг оиладаги масъулияти беқиёсдир. Эрнинг ишлари муваффақиятли бўлишида аёлнинг ўрнини ҳеч ким инкор қила олмайди. «Эрни эр қилган ҳам хотин, ер қилган ҳам хотин», деб бежиз айтилмаган. Гап ҳар бир муслима аёл ўз масъулиятини тўла тушуниб етишида қолган, холос.

Мавзуга оид мақолалар
Хабар Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси ҳамда Ўзбекистон Мусулмонлар идораси давоми...

15:30 / 07.02.2018 2733
Cаудия уламолари аёлларнинг автомобиль бошқаришларига рухсат берилганини қандай изоҳлади    Узоқ давом давоми...

15:16 / 30.09.2017 11439
Агарчи, сенсизин сабр айламак, эй ёр, мушкулдур, Сенинг бирла чиқишмоғлиқ доғи бисёр мушкулдур. Мизожинг давоми...

20:44 / 17.02.2017 3336
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят «Бир куни биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида давоми...

12:47 / 17.10.2016 5529