Шумланиш
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз. Ундан ёрдам сўраймиз. Нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, Унинг ўхшаши, тенги ва мисли йўқдир, деб ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Унинг бандаси, элчиси, халили, халқлари ичидан танлаб олган ва Ўз ваҳийсига ишонган аминидир деб гувоҳлик бераман.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Касалллик юқмайди (ҳеч бир касаллик Аллоҳнинг иродасисиз ўзича юқмайди), ирим-сирим бемаънилик, бойқуш бахтсизлик келтирмайди ва сафар (ойи) бехосият эмас», дедилар.

Биз ўзимизга ҳақ дин бўлган Исломни танлаган эканмиз, ҳар қандай зарар ҳам Аллоҳдан, фойда ҳам Аллоҳдан деб эътиқод қиламиз. Шумланиш жоҳилият одатидир. Бугунги кунда ҳам бу одатлар сақланиб қолган. Дарвозаларнинг тепасига тақа ёки исириқ осиб қўйиш, кўзмунчоқ тақиб юриш ва шу каби нарсалардан фойдаланиш жоҳилият одатларидир. Бу нарсаларни Аллоҳга восита қилишлик ширкдир. Жоҳилиятда ҳам одамлар бут ва санамларни ягона илоҳ деб билишмасди. Бут ва санамларимиз орқали биз Аллоҳга боғланамиз дейишар эди. Ҳозирда халқимиз ичида юрган ирим-сиримлар ўша жоҳилият қолдиқларидир.

Имом Муслим Шарид Сақафийдан ривоят қиладилар: «Сақиф қабиласидан бир қавм Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилгани келишди. Улар ичида мохов касалига чалинган бир киши бор эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қўл бериб байъат қилмадилар ва байъатинг қабул қилинди, сен кетавер, дедилар».

Абу Ҳурайра ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Касаллик ўзича юқмайди, тунги қушлар, жумладан, бойқуш фалокат келтирмайди, сафар (ойи) бехосият бўлмай, сафар (сариқ) касаллиги унга боғлиқ эмас. Жузом (мохов) дардига мубтало бўлган кимсадан арслондан қўрққандек қочингиз!» (Бухорий ривояти)

Ушбу ҳадисларни ўқиганлар, ҳадисларни таққослашда иккиланиб қолишади. Нега Пайғамбаримиз икки хил маънода гапирдилар? Касаллик юқмайди дейилган эди-ку? Бу масалага ойдинлик киритиш учун яна бир ҳадисни келтирамиз.

Имом Таборий Анжаб розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мохов касалига учраган саҳобани қўлларидан ушлаб, ўтирғиздилар ва олдиларида турган овқатга ишора қилиб: «Бу овқатни Аллоҳга таваккул қилган ҳолингда егин», дедилар».

Юқоридаги ҳадисларни жамлаш учун ҳадислар шарҳига ўтамиз. Ҳақиқатда касаллик Аллоҳнинг изнисиз юқмайди. Сақиф қабиласидан бўлган кишига Пайғамбаримиз қўл бериб байъат қилмаганларининг сабаби ўша пайтларда кўпчилик, касаллик одамдан-одамга юқади, деб ўйларди. Мободо шу саломлашишдан кейин қавмда мохов касалиги тарқалса, одамлар ўша мохов кишидан бизга юқди, деган фикрга келишлари мумкин эди. Биз бу ҳадислардан шундай таълим олишимиз керак.

Имом Муслимдан келтирилган бу ҳадис мўминлар учун таълимдир. Мўмин одам ҳар қандай ёмонликдан эҳтиётини қилади, хоҳ у молига, хоҳ жонига ёки оиласига бўлсин. Агар бирор мусибат етса, уни Аллоҳдан деб билади. Шу ишни қилгандим, шундай бўлди, демайди. Бир касални кўргани борганда ўзи ҳам шу касалга чалинса, шу одамни кўргани боргандим, менга ундан юқди дейиш шумланишдир. Аллоҳ шуни хоҳлаган экан, шундай бўлди, дейиш мўминлик сифатидир.

Баъзилар бойқуш бахтсизлик келтиради, дейишади. У ҳақда халқ ичида турли тўқима афсоналар юради. Бу гумроҳликдир. Чунки у ҳам бир қуш. Ўлжа ахтариб ҳар қандай хонадонга қўниши мумкин. Бойқуш тун қуши ва кечаси ов қилади. Уни кечаси келиб сайраши ёки дарахтларга қўниши оддий холдир.

Сафар ойидан ҳам шумланувчилар жуда кўп. Сафар ойида тўй қилиб бўлмайди, дейдилар. Ёшларни суннатга мувофиқ кам ҳаражат билан қовуштириб қўйиш – хайрли иш. Хайрли ишни кечиктириш керакмас. Қайси ойда, қайси кунда бўлсин, уларнинг тўйларини қилиб ёшларни хурсанд қилиш суннатдир.

Шумланиш ҳақида гап кетганда кўпчилик бир ҳадисни келтиради. Мана Пайғамбаримиз уч нарсада шумланиш мумкин деган эканлар-ку, дейишади. Ҳадис матни шундай: Ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таолонинг иродасисиз бирорта ҳам касаллик ўзича юқмайди, (ҳеч нарса ўзича) ёмонлик келтирмайди. Уч нарсада: хотин, хонадон ва от-уловда фалокат яширинган бўлади», дедилар. (Бухорий ривояти)

Уламолар бу ҳадиснинг шарҳида шундай дейдилар: уйланаётганда солиҳа, мўмина, итоатли аёлга уйланиш керак. Агар аёл эрининг буйруқларини бажармаса, Аллоҳнинг амрларига бўйсунмаса, эркак киши мен яхши аёлга уйланмаган эканман, қиз танлашда янглишибман дейиши мумкин. Лекин у аёлга уйланганимдан кейин рўзғоримдан барака кетди, ишларим юришмаяпти, деб шумланиш жоиз эмас. Уй сотиб олаётганда ҳам унинг саҳнининг кенглигига, уйдаги шароитларнинг яхшилигига, қўшниларнинг яхши-ёмонлигига қаралади. Агар сотиб олган уйи талабларига жавоб бермаса, уй сотиб олаётганимда янглишибман, саҳни бизнинг оилага торлик қилаяпти ёки қўшнилар ёмон бўлса, қўшниларим яхши эмас экан деб сотиб юбориши мумкин.

Лекин бу уйга кўчиб келганимдан буён фалокат аримаяпти, кўчиб келишим билан у бўлди ёки бу бўлди деб шумланилмайди. От-улов олаётганда ҳам унинг йўлга яроқлилигига қаралади. Олган оти уни устига миндирмаса ёки машинаси носоз бўлиб чиқса, бу уловни олаётганимда яхши эътибор бермаган эканман, дейиши мумкин. Аммо уни ҳам бирор-бир фалокатларнинг сабабчиси қилинмайди. Мўмина опа-сингилларим, онахонлар! Ушбу мақола орқали сизга қўлимиздан келганча шумланишнинг ёмон эканлигини, бу амал ширк амаллари тоифасига киришини етказдик. Энди яқинларингизга насихат қилинг, сизлар ҳам уларга етказинг.

Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда шундай марҳамат қилади: «Қулим менга ширк келтирмаса, ҳузуримга бир дунё гуноҳ билан келса ҳам, уни бир дунё мағфират билан қарши олгайман» (Табароний Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Мавзуга оид мақолалар
Ғийбатнинг луғавий маъноси, бир нарсанинг кўздан тўсилишидир. Уламолар ғийбатни қуйидагича давоми...

06:31 / 29.11.2016 3256
Инсон илми зиёда бўлиб бораркан, кун келиб одамларга нималарнидир исботлашдан, улар билан баҳслашишдан, давоми...

21:00 / 19.10.2019 2505
  Узрсиз бирор нарсани татиб кўриш ва чайнаш. Чунки бунга ўхшаш нарсалар рўзанинг бузилишига олиб давоми...

12:04 / 27.05.2017 3941
Ўн тўртинчи кун... Ассалому алайкум Мана бугун ўн тўртинчи кун Рамазоннинг ярмига ҳам озгина қолди. Бугун давоми...

19:20 / 10.06.2017 3011