Илм-фан таҳоратнинг улкан фойдасини тасдиқлади
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Илм-фан таҳоратнинг улкан фойдасини тасдиқлади

Бир йили Ҳиндистон шаҳарларидан бирида номусулмон аҳоли орасида бурун-ҳалқум йўли номаълум касаллиги эпидемияси бошланиб кетди. Ҳеч қандай дори воситалари ёрдам бермагач, улар ҳам ўша шаҳарда яшайдиган мусулмонлар каби бурун-ҳалқумни чайишни ўз ичига олган ювиниш маросими (яъни, таҳорат)ни қилиб кўришди. Натижада бу ўз самарасини берди. Мазкур ҳодиса таҳорат қоидалари ва одобларига риоя қилишнинг юқори гигиеник ҳамда эпидемияга қарши фойдасидан дарак беради.

Инсоннинг бутун ҳаёти давомида давом этадиган организмнинг ташқи муҳит билан энг муҳим алоқа шаклларидан бири – бу нафас олиш тизими орқали алоқасидир. Биз соатига 1000 марта, бир суткада 24.000 марта, бир йилда 9 миллион марта, бутун ҳаётимиз давомида эса 650 миллион мартага яқин нафас оламиз! Буларнинг аксар қисми бурун орқали бўлади. Бурун ўзининг атрофидаги ҳаво бўшлиқлари билан биргаликда нафас йўлининг бошланғич бўлими ҳисобланади. У кучли ҳимоя девори вазифасини ўтаб, ташқи муҳитнинг турли омиллари билан мулоқот ҳақида хабар беради, нафас орқали кираётган ҳаво ҳароратини мўътадиллаштиради, организмга ҳаво билан бирга кириши мумкин бўлган моддаларни ушлаб қолади ёки зарарсизлантиради.

Сўнгги ўн йилликда бутун дунё бўйлаб бурун ва бурун атрофи бўшлиғи касалликларида сезиларли ўсиш кузатилди. ЛОР аъзолари касалланишининг умумий тизимида бурун соҳасидаги касалланиш поликлиникага мурожаат қилишлар бўйича ҳам, стационар шароитларда даволанишлар бўйича ҳам биринчи ўринни мутсаҳкам эгаллади. Сўнгги ўн йил давомида ер аҳолиси орасида риносинусит[1] билан касалланиш 2% дан 4% гача кўтарилди. Жаҳонда 500 миллиондан ортиқ киши аллергик ринитдан азият чекади. Айни пайтда ўлимга олиб келиши мумкин бўлган риносинусоген ва бош миянинг ички асоратлари сони сезиларли равишда ўсган. Бурун бўшлиғидаги шиллиқ парда нафас йўлларининг биринчи ҳимоя девори ҳисобланади, шунинг учун унга ҳар сонияда минглаб микроорганизмлар тушади. Уларнинг аксарияти сапрофит[2] микрофлора вакиллари бўлиб, инсонга ҳеч қандай зарар етказмайди, бироқ бошқа микроорганизмлар инфекцион касалликлар ривожланишини қўзғаши мумкин.

Бурун шиллиқ пардаси хилма-хил майда зарралар таъсирига учрайдиган ҳудуд ҳисобланади. Аллерген молекулалар аллергик реакцияларни жуда тез чақиради, бунинг оқибатида улар пайдо бўлгандан сўнг бир дақиқадаёқ аксириш, бурун бўшлиғи қичиши, ринорея[3] юзага келади. Шиллиқ пардани шикастлайдиган бошқа омиллар қаторига носоғлом экология, зарарли касбий шароитлар ва зарарли одатлар (чекиш каби) киради.

Барча турдаги ксенобиотиклар[4] – эркин-радикал бирикмалар, канцерогенлар, оғир метал тузлари, барча турдаги аллергенлар ва, албатта, патоген микроорганизмларнинг энг кўп миқдори шаҳарларда, бевосита ер юзасида учрайди. Бурун шиллиқ қавати, оғиз бўшлиғи ва ҳалқум нафас олиш жараёнида ҳаво билан доимий алоқада бўлади, шу тариқа ташқи муҳитнинг зарарли омиллари таъсирига учрайди. Бу ҳолатларда бурун шиллиқ қаватининг осон яллиғланиши мумкин бўлган шароитлар юзага келади.

Табиийки, бундай кучли босим остида ишлашда бурун шиллиқ қаватининг ўзига хос парвариши билангина унинг функциясини нормал бажаришини сақлаб қолиш мумкин. Бу – барча бирдек бажара олиши мумкин бўлган таҳорат амалиётидир. У кундалик беш маҳал фарз намозларидан аввал қилинади, бу эса биоритмлар алмашинуви даврига ёки организмнинг ташқи омиллар таъсирига энг оз қаршилик қиладиган дақиқаларга тўғри келади. Айни шу пайт бурун-ҳалқум соҳасини ювиш учун энг муносиб фурсат ҳисобланиб, бу орқали ўз вақтида турли патологик ҳолатларнинг олди олинади, шиллиқ қаватдаги иммун хусусиятлари керакли даражада ушлаб турилади, шунингдек, бурундан нормал нафас олиш таъминланади.

Таҳорат амалиётидаги бу қисм нафақат бурундан нафас олиш функцияси, балки ҳид билиш қобилиятининг ҳам соғлом салқанишига, шунингдек, доимий тозалик ва чиниқишга олиб келади. Ҳид билиш хеморецепторларининг нормал ишлаши эса организмнинг ташқи муҳитдаги қўзғовчиларга тўғри жавоб қайтаришига замин яратади.

Ювиш жараёнида бурун тўпланиб қолган шиллиқ, чанглар, аллергия чақирувчи моддалар, бактерия ва вируслардан механик тарзда тозаланади, бу эса ўз навбатида яллиғланиш эҳтимолини сезиларли камайтириб, бурун бўшлиғининг иммун хусусиятларини кучайтиради.

Бурунни ювиш шиллиқнинг бурун-ҳалқум томон ҳаракатини кучайтириб, гистамин, простагландин ва лейкотриенлар каби бурун шиллиғида бўладиган яллиғланиш медиаторлари[5]ни кетказишга ёрдам беради, бурун бўшлиғи шиллиғининг сурункали яллиғлинишига ижобий таъсир кўрсатади.

Агар бурун бўшлиғи шиллиғининг ювишгача ва ювгандан кейинги ҳолати таққосланса, риноскопик кўринишнинг яхшиланганини пайқаш мумкин. Бу бурун чаноғи шишларининг камайиши, бурун йўлларининг кенгайиши ва ажралмаларнинг озайиши билан изоҳланади.

Турли қўзғовчи моддалар, аллергенлар ва бактериялардан холи бўлган бурун шиллиқ қавати яллиғланишни тезроқ бартараф қилиб, бурун бўшлиғининг тозаланишини яхшилайди.

Юнус Қози Жамолитдинов, тиббиёт фанлари доктори

Тиббиёт фанлари доктори М.Г.Муҳаммедовнинг «Ислом амалларининг илмий-тиббий асослари» китобидан

Islam.ru сайтидан эркин таржима

[1]Бурун бўшлиғи шиллиқ пардасининг яллиғланиши

[2]Чириган органик моддалар билан озиқланадиган

[3]Бурун бўшлиғидаги шиллиқнинг кўпайиб кетиши билан пайдо бўладиган ҳолат

[4]Тирик организмларга ёт бўлган кимёвий моддалар

[5]Асаб импульсини бир ҳужайрадан бошқа ҳужайрага етказиб берадиган биологик актив кимёвий модда.

Мавзуга оид мақолалар
Машҳур муҳаддис, аллома ва буюк зотлардан бири шогирдларига ҳадис фанидан дарс берар эди. Имтиҳон қилиш давоми...

19:40 / 17.02.2017 6086
Эмизикли бола ўзига керакли бўлган оқсилларни она сути орқали тўлдиради. Кейинчалик эса бошқа овқатлар давоми...

09:02 / 08.01.2016 4051
Бугунда мусулмонлар шаклий диндорлик билан мубталолар. Дин расмрусум ва маросимларга айланганда қийматини давоми...

21:12 / 16.06.2023 1802
Muslimaat.uz сайти ва Bintu Sodiq канали ходималари 2019 йили 18 декабрь куни Тошкент метроcининг Юнусобод йўналиши давоми...

11:52 / 19.12.2019 2118