Намоздан кейинги зикр ва тасбиҳ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Бомдод намозидан кейин оёғини йиққан ҳолида туриб, гапирмасдан олдин ўн марта «Лаа илаҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку, ва лаҳул ҳамду, юҳйи ва юмийту ва ҳува ала кулли шайин қодийр» деса, унга ўн ҳасанот ёзилур, унинг ўн хатоси ўчирилур, унинг ўн даражаси кўтарилур. Ўша куни у барча ёқимсиз нарсалардан ҳимояда бўлур ва шайтондан сақланур. Ўша куни уни гуноҳ ҳам тутмас, магар Аллоҳ таолога ширк келтирмаган бўлса», дедилар».

Шарҳ: Деярли кўпчилик машойихлар ва ўтган азизлар ушбу ривоятда келган дуони ўзларига кундалик вазифа қилиб олганлар. Ҳар бир киши бунга амал қилмоғи лозим. Чунки Бомдод намозидан кейин ўрнидан турмай, оёқлари йиғилган ҳолда, дунёвий гапларни гапирмай туриб, бу дуони ўқиган одамга кўпгина яхшиликлар ваъда қилинмоқда:

  1. Унга ўн ҳасанот ёзилур.
  2. Унинг ўн хатоси ўчирилур.
  3. Унинг ўн даражаси кўтарилур.
  4. Ўша куни у барча ёқимсиз нарсадан ҳимояда бўлур.
  5. Шайтондан сақланур.
  6. Ўша куни уни гуноҳ ҳам тутмас, магар Аллоҳ таолога ширк келтирмаган бўлса. Агар Аллоҳ таолога ширк келтирган бўлса, иши чатоқ бўлади.

Бу ҳадиси шарифга амал қилишни йўлга қўйиш керак.

Умора ибн Шабийб ас-Сабаъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким шомдан кейин ўн марта «Лаа илаҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку, ва лаҳул ҳамду, юҳйи ва юмийту ва ҳува ъала кулли шайин қодийр» деса, Аллоҳ уни тонг отгунча шайтондан муҳофаза қиладиган силоҳланган фариштани юборади. Аллоҳ унга бу ила вожиб бўлган ўн ҳасанот ёзадир, унинг ўнта ҳалок қилувчи хатосини ўчирадир ва бу унинг учун ўнта озод қилинган қул каби бўлур», дедилар».

Иккисини Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳам Шом намозини ўқиб бўлгандан кейин ва дунёвий гап гапирмасдан туриб бўлиши керак.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Икки хислат ёки одат бор. Мўмин банда уларни муҳофаза қилса, албатта, жаннатга киради. Иккиси осондир ва уларга амал қиладиган оздир. Ҳар бир намоздан кейин ўн марта тасбиҳ айтади, ўн марта Аллоҳга ҳамд айтади ва ўн марта такбир айтади. Ўша ҳаммаси тилда бир юз элликта. Тарозуда бир минг беш юзта.

Қачон ётар жойини олса, ўттиз тўрт марта такбир, ўттиз уч марта ҳамд ва ўттиз уч марта тасбиҳ айтади. Булар тилда юзта, тарозуда мингта. Батаҳқиқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уларни қўллари билан санаётганларини кўрдим. Шунда:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Уларнинг оз бўлгани ва уларга амал қиладиган оз бўлиши қандоқ?» дейишди.

«Шайтон бирингизга уйқусида келади ва уни айтишидан олдин ухлатиб қўяди. Намозида келиб, уни айтишидан олдинги ҳожатини эсига солади», дедилар».

Сунан эгалари ривоят қилишган.

Шарҳ: Ҳадиси шарифдаги «Ҳар бир намоздан кейин ўн марта тасбиҳ айтади, ўн марта Аллоҳга ҳамд айтади ва ўн марта такбир айтади. Ўша ҳаммаси тилда бир юз элликта» дейилганда беш вақт намоз кўзда тутилган.

Бу ерда намоздан кейин ва ухлашдан олдин тасбиҳ, ҳамд ва такбир айтишнинг яна бир услуби ҳақида сўз кетмоқда. Уйқуга кетишдан олдин ўттиз тўрт марта такбир, ўттиз уч марта ҳамд ва ўттиз уч марта тасбиҳ айтиб ётишга амал қилиб борилса, катта хайр, баракага эга бўлинади.

Аммо намоздан кейин айтиладиган тасбиҳ, ҳамд ва такбирда бошқа ҳадиси шарифга амал қилиниб келинмоқда.

Имом Муслим ва Термизий Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«(Намоз) ортидан келувчиларни айтувчилар ёки қилувчилар ноумид бўлмаслар. Ҳар бир намоз ортидан ўттиз учта тасбиҳ, ўттиз учта ҳамд ва ўттиз тўртта такбир», дедилар».

Ушбу ҳадисда зикр қилинган ҳар бир намоз ортидан ўттиз уч марта «Субҳаналлоҳ», ўттиз уч марта «Алҳамду лиллаҳ», ўттиз тўрт марта «Аллоҳу акбар»ни зикр қилиш, кейинги ривоятларда келадиган зикрлар ила уйғунлашиб татбиққа кирган.

Имом Муслимнинг ривоятида:

«Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта Аллоҳга тасбиҳ айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтса, ўттиз уч марта «Аллоҳу акбар» деса, ҳаммаси тўқсон тўққиз бўлур, юзтанинг тамом бўлиши: «Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайин қодийр»ни айтса, унинг гуноҳлари денгиз кўпиклари каби кўп бўлса ҳам мағфират қилинур», дейилган.

Имом Муслимнинг ривоятига аввал ёки охирида «Оятал Курсий»ни қўшиб ўқишни сўфийлар жорий қилганлар. Буни "сўфийлар хатми", деб номланади. Бу нур устига нур дейилади, чунки "Оятал Курсий" Куръони Каримдаги энг улуғ оятдир. Ушбу хатмни қилиш бизда ҳам жорий бўлиб келаётган нарсадир.

Мавзуга оид мақолалар
Жакарта шаҳридаги масжидлардан бирида кам таъминланганлар учун гуруч берувчи автомат ўрнатилди. Ишга давоми...

13:36 / 05.03.2019 2843
Таиландлик муслималар Сарабури шаҳридаги Darunsat Wittaya мактабига қатнашмоқда. Ушбу мактаб мамлакатнинг давоми...

16:27 / 12.03.2019 2868
Қизлар ҳижоб ва ёпинғичлар билан ўзларини беркитсалар, йигитлар уйланиш учун уларни қандай танласинлар давоми...

11:35 / 25.01.2017 3601
O`zbekiston Xalqaro Islom Akademiyasi Islomshunoslik fakulteti 4bosqichIslom Huquqi guruhi talabasi Saidhanbaleva Soliha Saidafzal qizisaidhanbalevasolihagmail.com Tel998901336103 Biz butun jahon давоми...

19:31 / 31.05.2023 1559