Каъбанинг бино қилиниши
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тарихий ривоятларда келишича, Каъба тарих мобайнида 12 марта қурилган. Баъзи ривоятлар зонний ва баъзиси қатъий эканини кўрсатади. У қуйидагилар томонидан қурилган: 1. Фаришталар.  2. Одам алайҳиссалом.  3. Шис ибн Одам алайҳиссалом.  4. Иброҳим ва Исмоил алайҳиссалом. 5. Имлиқ.  6. Журҳум.  7. Қусай ибн Килоб.  8. Қурайш.  9. Абдуллоҳ ибн Зубайр (65 ҳижрий сана)  10. Ҳажжож ибн Юсуф (74 ҳижрий сана).  11. Султонмурод Усмоний (1040 ҳижрий сана).  12. Икки шарафли ҳарам ходими подшоҳ Фаҳд ибн Абдулазиз (1417 ҳижрий сана). Қуйидаги ривоят ер халқ қилинишидан олдинги Каъбанинг ўрнини баён қилади: Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс айтишларича, ернинг яратилишидан 2 минг йил аввал Каъба қурилган. Каъба оқ, кулранг бўлиб, ҳатто Арш сув устида бўлган. Ер эса унинг остида гўё чўкканга ўхшаб сувга теккис бўлган.

Одам алайҳиссалом даврларида Каъба қурилиб, то Иброҳим алайҳиссалом бино қилган пайтгача бўлган давр

Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бу зот: «Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни жаннатдан туширганида «Мен сен билан бирга бир уй ёки манзилни ҳам туширмоқдаманки, Аршимнинг атрофи тавоф қилинганидек, унинг атрофи ҳам тавоф қилинади. Аршим атрофида намоз ўқилганидек, унинг атрофида ҳам намоз ўқилади», деди. Тўфон бўлган пайтда у юқорига кўтарилди. Набийлар у ерни ҳаж қилардилар. Лекин ўрнини билишмас эди. Иброҳим алайҳиссаломга ўша ер тайинланди, у зот эса ўша уйни бешта тоғдаги (тошлардан) бино қилдилар. Ўша тоғлар – Хиро, Сабир, Лабанон, Жабали тур, Жабал ал-хайр. Сизлар бу тоғлардан қодир бўлганингизча фойдаланаверинг», дедилар. Иброҳим алайҳиссаломнинг Каъбани бешта тоғдан бино қилишлари мўъжиза сифатида бўлган. Баъзи тарихчиларнинг мана шуни ақлий жиҳатдан рад этишларида ибратланарли нарса йўқ. Бошқа томондан гапириладиган бўлса, Иброҳим алайҳиссалом Каъбани бино қилишларидан олдин ҳам у уй борлиги таъкидланади. Имом Бухорий Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан қилган ривоятда келтирилишича, Иброҳим алайҳиссалом юриб бориб, ҳеч ким кўринмайдиган тепаликдан Каъба томонга юзланиб, қўлларини кўтариб ушбу оятдаги дуони айтдилар: «Парвардигоро, албатта мен зурриётимдан (бир бўлагини ўғлим Исмоил ва унинг онаси Ҳожарни) Сенинг ҳурматли Байтинг ҳузуридаги экин ўсмайдиган бир водийга жойлаштирдим» (Иброҳим сураси, 37-оят).  Бундан билинадики, Иброҳим алайҳиссалом Исмоил ва унинг онасини бу водий, яъни Маккада тарк қилганларидан кейин ана шу уйга юзландилар. Оятдаги «Сенинг ҳурматли Байтинг» сўзи Иброҳим алайҳиссаломдан олдин ҳам бу уй борлигига далилдир. Фақат бу уй бузилиб, унинг пойдевори қолгани, мана шундан кейин Иброҳим алайҳиссалом билан Исмоил алайҳиссаломлар уни кўтариб қуришгани келиб чиқади.

Уйнинг пойдевори

Уйнинг биринчи қурилган кунидан бери минг йиллар ўтган бўлса-да, кучли, матонатли экани намоён бўлади. Уни Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломлар кўтаришган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: «Эсланг, Иброҳим Исмоил билан биргаликда Байтуллоҳнинг пойдеворини кўтариб…» деб айтган (Бақара сураси, 127-оят). Сўнгра Каъба биноси мана шу пойдевор устига бир неча марта қурилган. Бу ҳақда Язид ибн Румон: «Ибн Зубайр Каъбани бузиб, қайта қурганида у ерга тошларни киргизди. Мен ўша ерда Иброҳим алайҳиссалом пойдевор қилиб қурган тошларни кўрдим, гўёки у туянинг ўркачига ўхшар эди», дедилар («Саҳиҳи Бухорий»). Бундан билинадики, Ибн Зубайр Каъбани эски пойдевор устига қурганлар. 1417 ҳижрий йили ернинг остидаги 1 метр 40 см чуқурликда ана шу эски пойдевор кашф қилинди. Аён бўлдики, пойдевор тошлари бир-бирига мустаҳкам киришиб, унинг ўртасини боғлаб турган ҳеч қандай тиргак йўқ эди. Ўша пойдевор устига уй янгидан қурилаверди. Бу пойдевор қурилганига беш минг йил бўлгани, ҳаво инжиқликлари, селлар оқишига қарамасдан ҳеч нарса бўлмаганига ишора қилиш ўринлидир. Бунга яна Иброҳим алайҳиссаломдан олдин қурилган пайтни ҳам қўшамиз. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бу пойдевор Аллоҳ ерга Ўзи меросхўр бўлгунича Каъбани кўтариб туришга салоҳиятлидир. Демак, Каъба пойдевори холис тавҳид ва тўғри дин учун абадий мўъжиза бўлиб қолажак.

Мулоҳаза

Қурайшнинг Каъбани бино қилиши аввалгиларига қараганда анча яхши эди. Юқорида эса Ибн Зубайр қурганлари, Ҳажжож вайрон қилганидан кейинги қурилиш ҳақида гапирдик. Энди икки шарафли масжид ходими пайтидаги Каъбанинг бино этилгани ҳақида батафсил гапирамиз.

Қурайшнинг Каъбани бино этиши

Қурайш Каъбани қуришга ҳижратдан 18 йил аввал киришди. Улар бино қурилиши учун фақат ҳалол пул киритишга келишиб олишди. Унинг қурилишига зўраки олинган маҳр, судхўрлик ортидан топилган бойлик, одамлардан зулм билан тортиб олинган маблағни сарфламадилар. Шунинг учун қурилиш ярмига борганда маблағ етмай қолди. Улар Ҳижр томондан уч метрга яқин (жой) чиқаришди. Ва яна уларнинг энг яхши қилган ишлари шу бўлдики, Каъбага киришни хоҳловчилар учун матоф (Каъбадаги махсус жой) баробарида эшик ўрнатиб, ўша эшикнинг муқобилидаги орқа эшикни тўсиб қўйишди. Кейин Каъбанинг устини ёпишди. Чунки бир қанча ўғрилар Каъбанинг ичидан конларни ўғирлаб кетишган эди. Хатимга қўйилиши учун Каъбага тарнов ўрнатишди. Каъба биносини 8 метр-у 64 см қилиб кўтаришди. Аввал 4 метр-у 32 см эди. Бу бинонинг энг катта хусусияти унинг қурилишида, тошларни кўчиришда ва ҳажарул-асвадни ўрнатишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иштирок этишларидир.

Ҳакамлик қиссаси

Қурилишда Қурайш ҳажарул-асвад қўювчи шарафли киши ким бўлиши ҳақида ихтилоф қилишди. Келишмовчилик давом этиб, урушга айланишига оз қолди. Ўша пайтдаги Қурайшнинг оқсоқоли Абу Умайя ал-Махзумий: «Бану шайба эшигидан ким биринчи бўлиб кирса, ўша киши ҳакамлик қилади», деб айтганида у ердагилар бу фикрга қўшилишди. Ўша эшикдан биринчи кирган киши Аллоҳнинг расули Муҳаммад алайҳиссалом бўлишларини Аллоҳ хоҳлади. Улар Муҳаммад алайҳиссалом кириб келганларида қичқириб: «Бу ишончли кишидир. Биз бундан розимиз!..» дейишди. Бу ҳақда хабар берилганида у зот бир ридо келтиришни талаб қилдилар ва ҳажарул-асвадни унинг ўртасига қўйиб, қабила бошлиқларига ридонинг ҳар томонидан ушлашни буюрдилар. Улар уни ўрнига олиб боришганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўллари билан қора тошни ўз жойига қўйдилар. Қавмдагилар бундан рози бўлишди.

1417 ҳижрий йили Каъбанинг қайта қурилиши

1040 йили султон Мурод Усмоний замонида буткул қайта қурилганидан кейин, яъни 375 йил ўтиши муносабати билан буюк Каъбанинг биноси таъмирлашга киришилди. 1417 ҳижрий йили пойдевори мустаҳкамланиб, Шозурон ва ҳалқалари ислоҳ қилиниб, ташқи деворлар сайқалланиб, тошлар орасидаги бўшлиқ ёпилиб, шифти икки янги шифтга ўзгартирилди. Қуйида қўшимча маълумотлар ҳақида келтирамиз:  Каъбанинг баландлиги 14 метр. Мултазам томондан унинг узунлиги 12 метр-у 84 см. Хатим томондан узунлиги 11 метр-у 28 см. Рукни яманий билан Хатим оралиғи 12 метр-у 11 см. Икки рукн оралиғи 11 метр-у 52 см.

Мавзуга оид мақолалар
Савол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳафтанинг қайси куни туғилганлар    Жавоб Расулуллоҳ давоми...

10:48 / 28.11.2017 2956
Баъзи фиқҳий истилоҳлар. Бошқа илмлардаги каби фиқҳ илмида ҳам ўзига хос истилоҳлар бор. Мазкур давоми...

14:40 / 20.10.2016 5287
Муҳтарама синглим Кўряпманки, ҳаётда аксар кишилар тирикчилик ғами билан юрибди. Пул топиш ғамида ўз давоми...

12:58 / 03.04.2019 3414
Оилада ёки жамиятда содир бўладиган каттакичик жанжалларни диққат билан кузатилса, барчасининг сабаби, давоми...

13:11 / 10.11.2016 4190