Фарзандига чиройли ва маънодор исм қўйиш лозимлиги
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1 — Абу Дардо розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Албатта сизлар Қиёмат куни ўз исмларингиз ва оталарингиз исми билан чақириласизлар. Бас (шундай экан), исмларингизни чиройли қилинглар!»

(Абу Довуд, имом Аҳмад, Доримий, Ибн Ҳиббон «Саҳиҳ»да, Байҳаҳий «Шуъабул иймон»да ривоят қилган). Ушбу ҳадисда бандалар Қиёмат куни ўз исмлари ва оталари исми билан чақирилиши таъкидланиб, уларни чиройли ва маънодор исмлар қўйишга тарғиб қилинмоқда. Вақти соати етиб, Қиёмат қоим бўлганида, барча инсонлар ҳисоб қилиниш учун Аллоҳ таолонинг ҳузурига тўпланадилар. Ана ўшанда Аллоҳ бандаларини Ўз ҳузурига чақириб, уларни ҳаёти дунёда қилиб ўтган амаллари ҳақида бирма-бир ҳисоб қилади. Кишини отасининг исми билан чақириш унинг яхшироқ танилиши ва бошқалардан ажралиб туришини таъминлайди. Имом Табароний Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан заиф санад билан ривоят қилган ҳадисда: «Қиёмат кунида Аллоҳ таоло бандаларидан беркитган ҳолда одамларни уларнинг оналари исми билан чақиради», дейилган. Шу икки ҳадисни бир-бирига солиштириб, баъзилар: «Бир тоифа одамлар оталари исми билан, яна бир тоифа одамлар эса оналари исми билан чақирилади», дейишган.«Файзул қодийр» китобида: «Насаби тоза бўлганлар оталарининг исми билан, бошқалар эса (масалан, валади зинолар) оналарининг исми билан чақирилади», дейилган. Шайх Шамсуддин ибн Қаййим: «Ушбу ҳадисда «Одамлар Қиёмат кунида оналари исми билан чақирилади», дейдиганлар учун кучли раддия бор», деб айтган. Қиёмат кунида одамларнинг ота ёки оналари исми билан чақирилишлари ҳақида уламолар томонидан қилинган ихтилоф ва билдирилган турли фикрлар ўз йўлига, аммо бу ҳадисдан келиб чиққан ҳолда шуни айтиш мумкинки, мўмин киши ўзи ва фарзандларининг исмини чиройли қилишга, шунингдек, Қиёмат кунида нажот топишга, жаннатга киришга сабаб бўладиган амалларни бажаришга қаттиқ эътибор бериши керак. «Бас (шундай экан), исмларингизни чиройли қилинглар!» Яъни ўзларингиз, фарзандларингиз, яқин кишиларингиз ва қўл остингиздагиларнинг исмларини чиройли қилинглар, уларга «Абдуллоҳ», «Абдураҳмон», «Ҳорис» ва «Ҳаммам» каби гўзал исмларни қўйинглар! «Чиройли қилинглар» деганда исмнинг ҳам тузилиши, ҳам маъносини гўзал ва чиройли қилиш назарда тутилади. 2 — Ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Исмларингиз ичида Аллоҳ учун энг маҳбуб бўлгани Абдуллоҳ ва Абдураҳмондир» (Имом Муслим, «Сунан» соҳиблари, имом Аҳмад ва Доримий ривояти). Бандалар қўядиган исмларнинг қайси бири Аллоҳ учун маҳбуб экани ушбу ҳадисда айтилмоқда. Демак, мўмин бандалар ичидан қайси бирининг исми «Абдуллоҳ»ёки«Абдураҳмон» бўлса, мана шу ҳолат Аллоҳ учун севимли экан. Шу сабаб бўлса керак, мусулмон уммати ичида мазкур икки исм жуда кенг тарқалган. Қуртубий айтади: «Ушбу икки исм қаторига уларнинг маъносини ифодаловчи ёки улар билан маънодош бўлган «Абдураҳим», «Абдумалик» ва «Абдусамад» исмлари ҳам киради. Мазкур исмларнинг Аллоҳ учун маҳбуб бўлишига сабаб, бу сифатлар фақат Аллоҳгагина тегишли эканидир ва бу нарса убудият (Аллоҳга бандалик изҳор қилиш) маъносини ифодалайди». Хайсама ибн Абдураҳмон Ибн Абу Сабрадан ривоят қилишича, унинг отаси Абдураҳмон бобоси билан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борганида, у Зот: «Ўғлингнинг исми нима?» деб сўраганлар. Шунда у: «Азиз», деб жавоб берган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса: «Уни «Азиз» деб номламагин, балки унга «Абдураҳмон» деб исм қўйгин, чунки исмларнинг энг яхшиси «Абдуллоҳ», «Абдураҳмон» ва «Ҳорис»дир», деб айтганлар (Имом Аҳмад ривояти). Аллоҳ таоло Ўзининг Каломи мажидида айтади: «(Эй Муҳаммад):«Аллоҳ деб чорланглар ёки Раҳмон деб чорланглар, қандай чорласангизлар-да (жоиздир). Зеро У Зотнинг гўзал исмлари бордир», деб айтинг» (Исро, 110). Ушбу ояти каримадан «Аллоҳ» ва «Раҳмон» сифатлари Роббимиз учун маҳбуб эканини билиб оламиз ва табиийки, ушбу сифатларга «Абду» қўшиб ясалган киши номлари ҳам У Зот учун маҳбуб бўлади. Ўз навбатида мўмин киши Аллоҳга севимли бўлган ишни бажаришга аҳамият бериши керак. 3 — Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Орамиздан бир киши фарзандли бўлди ва унга «Қосим» деб исм қўйди. Шунда биз: «Сени «Абулқосим» куняси билан чақирмаймиз, унда яхшилик йўқ», дедик. У (биз айтган гапни) Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар қилганида, у Зот: «Ўғлингга «Абдураҳмон» деб исм қўйгин», дедилар» (Имом Бухорий ривояти). Саҳобалардан бири фарзандли бўлганида унга «Қосим» деб исм қўйибди. Аммо баъзи саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Менинг исмим билан исмланинглар, аммо куням билан куняланманглар», деб айтган ҳадисларига мувофиқ, янги туғилган ўғлининг исмини «Қосим» деб қўйган саҳобани «Абулқосим», яъни «Қосимнинг отаси» деб чақирмасликларини маълум қилишибди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орадаги низо ва ихтилофни бартараф қилиш мақсадида чақалоқнинг исмини «Абдураҳмон»га ўзгартирибдилар. Бошқа кўплаб ривоятларда номақбул исмларнинг аксариятини «Абдураҳмон»га алмаштирилгани айтиб ўтилган. Бундан «Абдураҳмон» исмининг нечоғлиқ фазилатли эканини билиб оламиз. 4 — Саҳобийлардан бўлган Абу Ваҳб ал – Жушамийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Пайғамбарлар исми билан исмланинглар. Аллоҳ учун исмлар ичида энг маҳбуби «Абдуллоҳ» ва «Абдураҳмон», энг содиғи «Ҳорис» ва «Ҳаммам», энг ёмони «Ҳарб» ва «Мурра»дир» (Абу Довуд ва имом Аҳмад ривояти). Ҳадис ровийси Абу Вуҳайбнинг «саҳобалардан бўлган» деб айтилишига сабаб, муҳаддис уламолар ичида унинг саҳобий экани борасида ихтилоф борлигидир. Лекин Ибн Ҳажар ва Заҳабийлар уни саҳобий сифатида зикр қилишган. Мазкур саҳобий Шом юртида яшаган. Абу Довуд, Насоий ва имом Бухорий «Ал — Адабул Муфрад»да ушбу саҳобийдан ҳадис ривоят қилишган. «Пайғамбарлар исми билан исмланинглар». Аллоҳ таоло бандалари ичида маълум зотларни Ўз Рисолатини одамларга етказиш учун танлаб олди. Улар одоб-ахлоқ, муомала ва бошқа кўпгина жиҳатларга кўра инсониятнинг энг комили саналадилар ҳамда уларнинг исми ҳам энг гўзал ва чиройлидир. Шу сабаб ҳадисда Аллоҳ таолонинг пайғамбарлари исми билан исмланишга тарғиб қилинмоқда. Қуръони Каримда номлари зикр қилинган йигирма бешта пайғамбар исми билан исмланиш, айниқса пайғамбарлар саййиди бўлган Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари билан исмланиш марғуб ва маҳбуб бўлган амаллардан саналади. Ушбу ҳадисда кўпчилик орасида тарқалган бузуқ бир эътиқодга қаттиқ раддия берилиб, таъсирли услубда муолажа қилинмоқда. Баъзилар фарзандига бирон-бир пайғамбарнинг исмини қўйганларидан сўнг, маълум сабабларга кўра ўша фарзанд хасталаниб қолса, буни исмдан кўриб, пайғамбарнинг исмидан шумланадилар, «Пайғамбарнинг исми унга оғирлик қилмоқда», деб ҳар хил нотўғри тасарруфларни қиладилар, аксарият ҳолларда ўша исмни бошқасига алмаштирадилар. Аслида пайғамбарларнинг исми бандага фойдали бўлса бўладики, ҳеч қачон зарар келтирмайди. Тўғри, пайғамбарлик вазифаси ва масъулияти жуда оғир, аммо бу билан маълум пайғамбарнинг исми орқали унинг масъулияти ва вазифасининг оғирлиги янги туғилган чақалоққа ўтиб қолмайди. Бундай бузуқ тасаввур ва шумланишлар, шубҳасиз, шайтоннинг васвасасидандир. Шу сабаб бу борада эътиқодимизни тўғрилаб олишимиз, пайғамбарларнинг исмидан шумланмаслигимиз лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари: «Пайғамбарлар исми билан исмланинглар», деб тавсия қилиб турганларидан кейин, қайси бир банда: «Пайғамбарнинг исми фарзандимга оғирлик қилди», дейишга журъат қила олади. Агар ростдан ҳам пайғамбарлар исми болага оғирлик қилганида ёки унинг бирон дардга чалинишига сабабчи бўлганида, ўз умматлари учун ўта меҳрибон бўлган Зот — Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни бу нарсадан огоҳлантириб кетган бўлар эдилар! «Аллоҳ учун исмлар ичида энг маҳбуби «Абдуллоҳ» ва «Абдураҳмон»дир». Бундан олдинги ҳадисда мазкур икки исм Аллоҳ таоло учун севимли исмлардан экани айтиб ўтилган эди. «(Исмларнинг) энг содиқи «Ҳорис» ва «Ҳаммам»дир». «Энг содиқи» деганда «энг холиси», «энг ҳақиқийси» ва «энг чиройлиси» деган маънолар кўзда тутилади. Демак, «Абдуллоҳ», «Абдураҳмон» ва Аллоҳнинг гўзал исмларига «Абду» қўшиб ясаладиган исмлардан кейинги ўринда «Ҳорис» ва «Ҳаммам» исмлари туради. «Ҳорис» исми «зироатчилик билан шуғулланувчи; дунё ва Охирати учун манфаатли амаллар қилувчи», «Ҳаммам» эса «қайғурувчи; қалбида яхши ва эзгу ниятларни тугиб юрувчи» каби маъноларни англатади. Ҳасан ибн Жобир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Сизлар ўзингизга «Язид» исмини лозим тутинглар, зеро у кўп яхшиликлар касб қилади. «Ҳорис» исмини ҳам (лозим тутинглар). Чунки у Охирати ва дунёси учун амал қилувчидир. Шунингдек, «Ҳаммам» исмини ҳам (лозим тутинглар). Сабаби у Охират ва дунёси учун қайғурувчидир. Агар бундан бошқа исм қўймоқчи бўлсангизлар, бас, бандалик маъносини англатувчи исмлар қўйинглар» (Ибн Ваҳб «Ал-Жоиеъ» да ривоят қилган). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ учун энг севимли исм ва уларнинг энг гўзалини зикр қилганларидан сўнг, энди ўз умматлари қандай исмлардан сақланишлари лозимлигини таълим бериб ўтадилар: «Энг ёмони «Ҳарб» ва «Мурра»дир». Яъни исмлар ичида энг ёмони «Ҳарб» ва «Мурра» экан. «Ҳарб» исми «уруш, жанг, жанжал; қирғин, мусибат» каби маъноларни англатади. Бу исмдан қайтарилишига сабаб, унда мусибат, зулм ва қатағон маънолари борлиги учундир. Али розияллоҳу анҳу биринчи бор фарзанд кўрганида, унга «Ҳарб» деб исм қўяди. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни «Ҳасан» исмига ўзгартирадилар. Ҳар сафар ўғил фарзанд кўрганида Али розияллоҳу анҳу «Ҳарб» деб исм қўяверади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлсалар, уни «Ҳусайн» ва «Муҳассин»ларга алмаштирадилар. Бу ҳақида ворид бўлган ҳадис қуйида шарҳи билан келтирилади. «Мурра» исми «аччиқ, тахир» маъносини ифодалайди. Маълумки, мазкур икки сўз одамлар томонидан ёқимсиз нарса сифатида қабул қилинади. Ибн Шиҳоб ривоят қилади: «Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Исмларнинг энг ёмони «Ҳарб» ва «Мурра», энг яхшиси «Абд» ва «Убайд», энг содиқи «Ҳорис» ва «Ҳаммам»дир», деб айтганлари хабар қилинди» (Ибн Ваҳб «Ал-Жомеъ»да ривоят қилган). Яна Ибн Шиҳобдан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Абу Мурра» («Аччиқлик отаси») куняси билан куняланишдан қайтардилар ва уни «Абу Ҳулва» («Ширинлик отаси») деб номлаганлар (Ибн Ваҳб « Ал-Жомеъ» да ривоят қилган). Муҳаммад ибн Абдураҳмон ибн Саид ибн Зурора Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «(Фарзандларингизга) «Ҳарб», «Мурра» ва «Ханнос» деб исм қўйманглар. Чунки улар шайтоннинг исмларидандир» (Ибн Ваҳб «Ал-Жомеъ»да ривоят қилган). Ушбу ривоятдан «Ҳарб» ва «Мурра» шайтоннинг исмларидан эканини билиб оламиз. Маълум бир исм исмланаётган нарса ёки шахсга таъсир қилишини кўп йиллар ва даврлар мобайнида олиб борилган кузатув ва текширишлар тасдиқлайди. Булар ҳусн, оғирлик ва енгиллик, латофат ва нозиклик, эпчиллик ва ялқовлик, жасурлик ва қўрқоқлик ҳамда шу каби бошқа сифатларда ўз аксини топади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир соҳада кўркам бўлишни яхши кўрардилар. Чиройли ва озода кийиниш, юриш-туриш, гўзал кўринишга эга бўлиш ва шунингдек, чиройли исмга эга бўлиш у Зотнинг бош шиорлари эди. Бирон мамлакатга элчи юборишда ҳам вакил қилиб юборилаётган одамнинг исмини сўраб, маъқул келса, кейин жўнатардилар. Ўзга юртлардан келган элчиларнинг исмларини сўраб, агар исмлари у Зотга хуш келмаса, уни яхши маъноли исмга ўзгартирар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳаётлари давомида зинҳор бирон нарсадан шумланмаганлар. Ҳар бир нарса Аллоҳнинг тақдири ва хоҳиш-иродаси билан юз беришига аниқ ишонар эдилар. Аммо, у Зотга «яхши фол» ёқар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «яхши фол»ни «чиройли сўз» (яъни яхшиликка йўйиш, яхши гумонда бўлиш) дея ифодалаганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чиройли исмларни яхшиликка йўйишларининг тарихини мисол орқали кўриб ўтамиз. Маккани тавоф қилиш ниятида йўлга отланган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобалари билан Ҳудайбияга жойлашишгач, қурайшийлар у Зотнинг ҳузурларига бир неча элчилар юбордилар. Аввал Бадиъ ибн Варқо ал-Хузоъий, сўнгра Мақриз ибн Ҳафс, Ҳулайс ибн Алқама, Урва ибн Масъуд ас-Сақофийларни, энг охирида эса Суҳайл ибн Амрни элчи қилиб юборишади. Суҳайл ибн Амрнинг келаётганини кўрган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ ишимизни енгиллаштирадиганга ўхшайди!» деганлар. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, «Суҳайл» исми «енгил, осон» маъноларини ифодалайди. Суҳайлдан олдин келган элчиларнинг ташрифи бирон натижа бермаган эди. Суҳайл ибн Амрнинг келиши эса Ислом динининг гуркираб ривожланиши, Ислом ўлкалари сонининг ортиши ва умуман олганда, Ислом тараққиёти учун асос бўлиб хизмат қилган «Ҳудайбия сулҳи»нинг тузилиши билан якун топди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, шунингдек, мункар исмлар билан аталувчи маконларни ва у ердан ўтишни ҳам ёмон кўрар эдилар. Ғазотларнинг бирига кетаётганларида икки тоғ ўртасига етиб келиб, унинг номини сўраганларида, ерли аҳоли: «Фозиҳ ва Мухзин», деб жавоб беришган. Буни эшитган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у икки тоғни четлаб ўтиб, бошқа ердан юрганлар. Ушбу икки сўз «масхара қилувчи, айбини ошкор этувчи» каби мазмунга эга. Бандалик маъносини англатувчи исмлар қўйиш лозимлиги 5 — Абдулмалик ибн Абу Зуҳайр отаси Абу Зуҳайрдан ривоят килади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Агар (фарзандларингизга) исм қўйсангиз, бас, (Аллоҳга) бандалик қилиш маъносини англатадиган исм қўйинглар" (Имом Табароний мКабийр»да ривоят килган. Ҳадиснинг санади заиф). Яъни агар фарзандларингиз ёки қўл остингиздагиларга исм қўймоқчи бўлсангиз, «Абдуллоҳ», «Абдураҳмон», «Обид», «Сожид», «Соим», «Аматуллоҳ», «Убайдуллоҳ»», «Абдураббиҳ», «Мўмин», «Муслим» каби Аллоҳга бандалик ва убудият маъносини ифодаловчи исмларни танланглар. Исм исмланаётган шахсни тақозо қилади, яъни унга таъсир ўтказади. Исми «Абдуллоҳ» деб қўйилган банда, иншааллоҳ, келажакда Аллоҳ таолога ҳақиқий банда бўлади, У Зотга ихлос билан ибодат қилади. Шу сабаб Аллоҳ таоло учун энг севимли исмларнинг аввалида «Абдуллоҳ» ва «Абдураҳмон»номлари туради. Гарчи ушбу ҳадиснинг санади заиф бўлгани билан, фазилатли амалларда мазкур ҳадисга амал қилиш жоиздир. Мўмин-мусулмонлар ичида мана шу ҳадисга биноан бандалик ва ибодат маъносини англатувчи исмлар қўйиш анча урф бўлгани ҳаммамизга маълум ва машҳурдир. Қўйиш тавсия қилинадиган исмлар: 1 —«Абдуллоҳ», «Абдураҳмон», «Абдусамад», «Абдулаҳад» каби Аллоҳ таолонинг гўзал исмларига «Абду» қўшимчаси қўшиб ясаладиган исмлар; 2 — Бандалик ва убудият маъносини билдирувчи исмлари. Масалан, «Абд», «Обид», «Сожид», «Соим», «Рожий» ва ҳоказо; 3 — Пайғамбарлар исми: «Муҳаммад»,«Иброҳим», «Мусо», «Исо»; 4 — Саҳоба, тобеин, табаа тобеин ва уламолар исми: «Умар», «Усмон», «Али»,«Ҳорис», «Ҳаммод»; 5 — Ҳижрий ой номлари: «Рамазон», «Шаъбон», «Ражаб», «Муҳаррам»; Яна бошқа ижобий маъноларни англатувчи исмлар қўйиш жоиздир. Ёмон исмлардан қайтариш Бундан олдинги бобда келган ҳадиси шарифларда қўйилиши тавсия этиладиган исмлар ҳақида сўз юритилган бўлса, қуйида келадиган ривоятларда эса ножоиз исмлар ва уларни фарзандига қўйишдан сақланиш лозимлиги ҳақидаги ривоятлар келтирилади. 6 — Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Аллоҳ даргоҳида исмларнинг энг хунуги «Маликул Амлок» деб аталган кишидир». Ибн Абу Шайба ўз ривоятида: «Аллоҳ азза ва жалладан бошқа Малик (подшоҳ) йўқ!» деб келтирган. Суфён: («Маликул Амлок»ни) «Шаҳаншоҳ» деб изоҳлаган экан (Имом Бухорий, имом Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривояти). Биз таржимада «энг хунук» деб ифодалаган бирикма аслиятда «ахнаъ» калимаси билан берилган. У луғатда «энг ҳақир, мартабаси энг паст» каби маъноларни англатади. Демак, дунёдалик чоғида қайси бир банда «маликул амлок» деб чақирилган бўлса, у Қиёмат кунида даражаси энг паст банда бўлар экан. Биз ҳадисда айтилган маънони Охират кунига хослаб шарҳлашимизга сабаб шуки, Абу Довуд ва Термизийларнинг ривоятида юқорида келтирилган ҳадис матнига «Қиёмат кунида» лафзи зиёда қилинган. Баъзи уламолар «ахнаъ» сўзини «энг фожир; ҳалокатга олиб борувчи; ғазабини қўзғатувчи» деб талқин қилишган. Имом Табароний ривоят қилган ҳадисда: «Бандалар орасидан қайси бири «маликул амлок» эканини даъво қилса, шу бандага Аллоҳнинг ғазаби кучли бўлади», дейилган. «Маликул амлок» бирикмаси «барча мулклар эгаси» деган мазмунга эга. Суфён Саврий мазкур бирикмани ажамий тилда «шаҳаншоҳ» деб тушунтирган. Ҳадисда «маликул амлок» исмининг мазаммат қилиниши бундай исм қўйиш ёки шу маънодаги бошқа исмлар билан исмланиш мутлақо мумкин эмаслигига далолат қилади. «...деб аталган» деганда «ўзини «маликул амлок» деб атаган ёки бошқалар томонидан шундай чақирилиб, бу нарсага рози бўлган» маъноси тушунилади. 7 — Яҳё ибн Саиддан ривоят килинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам соғиладиган туяга қараб: «Буни ким соғади?» деб сўрадилар. Шунда бир киши ўрнидан турди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан: «Исминг нима?» деб сўрадилар. У: «Мурра», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўтир», дедилар. Сўнгра: «Буни ким соғади?» дедилар. Яна бир киши ўрнидан турди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан ҳам: «Исминг нима?» деб сўрадилар. У: «(Исмим) Ҳарб», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ҳам: «Ўтир», дедилар. Сўнгра яна: «Буни ким соғади?» дедилар. Шунда яна бошқа киши ўрнидан турди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан ҳам: «Исминг нима?» деб сўрадилар. У: «(Исмим) Яъийш», деб жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «(Буни) сен соғасан», дедилар» (Имом Молик «Муваттоъ»да ривоят қилган). Мазкур ҳадисда Асри саодат даврида бўлиб ўтган кичик бир ҳодиса ҳақида ривоят қилинмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар бирон кишини маълум бир вазифани бажаришга тайинламоқчи бўлсалар (гарчи у кичик аҳамиятли иш бўлса-да), уларни ўзига хос набавий услубда текшириб кўрар эдилар. Саҳобаларни ўзаро кураш тушириб кўрганлари, Қуръондан қанча билишини сўраб имтиҳон қилганлари бунга ёрқин мисолдир. Арабларда туяга қадимдан энг қадрли ва қимматбаҳо нарса сифатида қараб келинган. Ўша даврда туядан юк ташиш воситаси, сут ва гўшт манбаи сифатида фойдаланилган. Аммо ҳаммада ҳам туя  бўлавермаган. Шундан маълум бўладики, туя билан боғлиқ иш ўзига хос масъулиятли вазифалардан бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир жамоа кишилар орасидан: «Эй фалончи, тур, мана бу туяни соғ», десалар бўларди, бироқ ўта ҳассос Зот бўлган Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай қилмадилар. Кишиларнинг кўнгли ўксимаслиги ва қалби оғримаслиги учун бошқа усулни қўлладилар. Туя соғиш кишидан кучлилик ва жасурликни ёки илмли бўлишни талаб қилмайди. Шу сабаб у Зот «Туяни мен соғаман», деб ўрнидан турганларнинг исмларини сўраб кўрдилар. Биринчи турган кишининг исми «Мурра» эди. «Мурра» исми «аччиқ, тахир» маъноларига эга. Табиийки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг исмини ёқтирмадилар ва унга: «Ўтир», дедилар. Иккинчи даъвогар ўрнидан турди. Шунда ундан ҳам исмини сўрадилар. У: «Ҳарб», деб жавоб берди. «Ҳарб» исми «уруш, жанг, жанжал» маъноларини ифодалайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳам исмини хушламадилар ва у жойига қайтиб ўтирди. Учинчи даъвогар ўрнидан турганида, ундан ҳам исми сўралди. У бўлса: «Исмим Яъийш», деб жавоб берди. Мазкур исм «яшайдиган; ўсиб-унадиган» маъноларини англатади. Мана шу кишининг исми Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга маъқул келди ва унга қараб: «Туяни сен соғасан», дедилар. Бу билан, аввало ўша ерда ҳозир бўлганларга, қолаверса, бошқа умматларига ҳам чиройли – маънодор исм танлаш, ножоиз исм қўймаслик лозимлигини таъкидлаб, исм танлаш борасида чиройли таълим бердилар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ерда исм қўйиш ҳақида бир оғиз ҳам сўз айтмадилар, бироқ қўллаган услублари ҳамма учун катта ибрат бўлди. 8 — Яна Яҳё ибн Саиддан ривоят қилинишича, Умар ибн Хаттоб бир кишидан: «Исминг нима?» деб сўради. У:«(Исмим) Жамра», деб жавоб берди. «Кимнинг ўғлисан», деди Ибн Умар. У: «Шиҳобнинг ўғлиман», деди. Умар ибн Хаттоб ундан: «Қаерликсан?» деб сўради. У: «Ҳарукаданман», деди. Умар ибн Хаттоб: «Уй-жойинг қаерда?» деди. У: «Ҳарротин норда», деб жавоб қилди. «Ҳарротин норнинг қайси жойида?» деб сўради Умар ибн Хаттоб. У: «Зоти лазосида», деб жавоб берди. Шунда Умар: «Тез оиланг олдига бор, улар аллақачон ёниб кул бўлишди!» деди. Ровий айтади: «(Ўша киши уйига борса) худди Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтганидек бўлган экан» (Имом Молик «Муваттоъ»да ривоят килган). Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Жамра ибн Шиҳобга қараб: «Исминг нима?» деб сўраганида, у: «Жамра», деб жавоб берди. «Жамра» сўзи «оловдан бир парча», яъни «чўғ» маъносини ифодалайди. Кимнинг ўғли экани сўралганида: «Шиҳобнинг ўғлиман», яъни «ёниб турган олов ўғли чўғман», деди. Шунда Умар ундан қаерлик эканини сўради. «Ҳаруқадан (яъни  «ёниш жойи»дан)ман», деди у. «Қаерда турасан?» деб берилган саволга Жамра ибн Шиҳоб: «Ҳарротин нор (яъни олов ёки жаҳаннам иссиқлиги)да», деб жавоб берди. «Ҳарротин нор» катта жой эканини билган Умар ушбу маконнинг қайси қисмида туришини сўраган эди, Жамра: «Ҳарротин норнинг «Зоти лазо»сида», яъни «жаҳаннам иссиқлигининг ловуллаб ёнаётган оловида» тураман, деб жавоб берди. Жамра ибн Шиҳобнинг исми, отасининг исми, тураржойлари номининг ҳамммаси ёниш , куйиш ва олов билан боғлиқлигини билган Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу унга қараб: «Тез оиланг олдига бор, улар аллақачон ёниб кул бўлишди!» деди. Ҳадис ровийси Яҳё ибн Саиднинг айтишича, Жамра ибн Шиҳоб уйига борса, худди Умар ибн Хаттоб айтганидек, аҳли- оиласи ва уй-жойлари ёниб, кули кўкка совурилиб бўлган экан! Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг энг валий ва муқарраб бандаларидан бири бўлган. Имони кучли эканидан ҳатто шайтон ҳам у кишидан қўрқиб туриши хабарларда айтиб ўтилган. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган бандаларига баъзи бир нарсаларни билдириб қўйиши – бор ҳақиқат. Бу ҳадисда ана ўша нарсага мисоллардан бирини кўриб чиқдик. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисларнинг бирида: «Уларга ваҳий қилинмаган ҳолда (баъзи ҳодисалар ҳақида) хабар қилувчи кишилар бўлади. Агар бундайлар умматим ичида бўлса, бас, у Умардир», деб айтилган. («Ал—Мунтако шарҳул муваттоъ»). 9 — Али розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Ҳасан туғилганида мен унга «Ҳарб» деб исм қўйдим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб: «Менга ўғлимни кўрсатинглар, унга қандай исм қўйдинглар?» дедилар. Мен: «Ҳарб (деб исм қўйдим)», дедим. Шунда у Зот: «Йўқ, у«Ҳасан»дир», дедилар. Ҳусайн туғилганида ҳам, уни «Ҳарб» деб номладим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна келиб: «Ўғлимни менга кўрсатинглар, унга қандай исм қўйдинглар?» деб сўрадилар. Мен: «Ҳарб (деб исм қўйдим)», дедим. Шунда у Зот:«Йўқ, балки у «Ҳусайн»дир», дедилар. Учинчи фарзандим туғилганда ҳам уни «Ҳарб» деб номладим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб: «Ўғлимни менга кўрсатинглар, унга қандай исм қўйдинглар?» дедилар. Мен: «Ҳарб», деб жавоб бердим. У Зот бўлсалар: «Йўқ, балки у «Муҳассин»дир», дедилар. Сўнгра: «Мен уларга Ҳоруннинг ўғиллари: Шаббар, Шабийр ва Мушаббирларнинг исмларини қўйдим», дедилар» (Имом Бухорий «Ал--Адабул Муфрад»да, имом Аҳмад «Муснад»да, Байҳақий «Сунанул Кубро»да ва имом Табароний «Кабийр»да ривоят қилган). Ушбу ҳадис бевосита Али розияллоҳу анҳунинг ўзидан ривоят қилинмоқда. У киши ҳаётида бўлиб ўтган воқеалардан бирини шундай ҳикоя қилади: «Ҳасан туғилганида мен унга «Ҳарб» деб исм қўйдим». Аввалги пайтларда уруш ва жанг кишилар учун оддий ҳолат бўлган, тез-тез қабила ва мамлакатлар ўртасида турли сабабларга кўра жанг-жадаллар бўлиб турган. Шу сабаб ким фарзанд кўрса, унинг жасур, ботир, чаққон ва жанговар бўлишини орзу қилган. Али розияллоҳу анҳу ҳам ўғил фарзанд кўрганида унинг исмини «Ҳарб», яъни «уруш» деб номлаган. Балки у ўғлим паҳлавон ва енгилмас жангчи бўлсин, деган умидда ушбу исмни танлагандир. «Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб: «Менга ўғлимни кўрсатинглар, унга қандай исм қўйдинглар?» дедилар». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига ўта масъулиятли Зот эдилар. Айниқса, аҳли оилаларига нисбатан масъулиятлари жуда катта бўлган. Али розияллоҳу анҳу фарзандли бўлганида, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўргани келдилар ва исмини сўрадилар. Бундан мусулмон киши фарзанд, набира ва эвараларининг исми ва шу каби нарсаларга беэътибор бўлмаслиги, уларга шахсан ўзи бошчилик қилиб туриши лозимлиги келиб чиқади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам набираларининг исмини сўраган эдилар, унга «Ҳарб» деб исм қўйилгани айтилди. Табиийки, бу исм у Зоти шарифга ёқмади ва: «Йўқ, у «Ҳасан»дир», дедилар. Ҳасан ибн Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биринчи набиралари саналади. «Ҳасан» исми «чиройли, кўркам; яхши, маъқул» маъноларини англатади. Ривоятнинг давомида айтилишича, Ҳасан розияллоҳу анҳудан кейин яна икки ўғил фарзанд туғилганида ҳам Али розияллоҳу анҳу уларга «Ҳарб» деб исм қўяверган. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг исмини «Ҳусайн» ва «Муҳассин»ларга ўзгартирганлар. «Ҳусайн» исми «кичик Ҳасан», «Муҳассин» эса «бирон ишни чиройли амалга оширувчи; зийнатловчи» каби маъноларни англатади. Ушбу ривоятда Али розияллоҳу анҳу учинчи ўғлининг исми «Муҳассин» деб келтирилган. Баъзи манбаларда у «Муҳсин» деб зикр қилинади. Муҳассин жуда ёшлигида вафот этган. «Сўнгра: «Мен уларга Ҳоруннинг ўғиллари: Шаббар, Шабийр ва Мушаббирларнинг исмларини қўйдим», дедилар». Ҳорун Мусо алайҳиссаломнинг акаси бўлиб, унинг тўлиқ исми Ҳорун ибн Имрон ибн Йасҳар ибн Моҳайс бани Лова ибн Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳимдир. Аллоҳ таоло у иккисини, яъни Мусо ва Ҳорун алайҳимуссаломларни Бани Исроил қавмига пайғамбар қилиб юборган. «Ҳасан», «Ҳусайн» ва «Муҳассин» исмлари арабча бўлиб, улар «ҳ —с —н» ўзагидан ясалган. «Шаббар», «Шабийр» ва «Мушаббир» исмлари ибронийча бўлиб, улар «ш —б —р» ўзагидан ясалган. Ибн Холавайҳнинг айтишича, мазкур уч иброний исм арабча «Ҳасан» , «Ҳусайн» ва «Муҳассин» исмларининг маъноларини англатади. («Лисанул ъароб». 4—жузъ, 2185—бет). 10 — Абдуллоҳ ибн Жарод ривоят қилади: «Муътадан бир киши менга ҳамроҳ бўлиб келди ва у билан бирга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бордик. У: «Эй Расулуллоҳ, мен фарзандли бўлдим, исмларнинг энг яхшиси қайси?» деб сўради. У Зот: «Исмларингиз ичида энг яхшиси «Ҳорис» ва «Ҳаммам»дир. «Абдуллоҳ» ва «Абдураҳмон» исмлари қандоқ ҳам яхши! (Фарзандларингизга) пайғамбарлар исмини қўйинглар, аммо фаришталар исми билан исмланманглар!»  дедилар. У: «Сизнинг исмингиз билан ҳамми?» деб сўради. Шунда у Зот: «Исмим билан исмланинглар, аммо куням билан куняланманглар!» дедилар» (Байҳақий «Шуъабул иймон»да ривоят қилган). «Ҳорис» ва «Ҳаммам» исмларнинг энг яхшиси, «Абдуллоҳ» ва «Абдураҳмон» эса Аллоҳ таоло учун энг маҳбуб исмлардан экани, шунингдек, пайғамбарлар исми билан исмланиш марғуб экани юқорида келган ҳадиси шариф ва уларнинг шарҳи орқали ўрганилди. «Аммо фаришталар исми билан исмланманглар!» Банда фақат ўзига ўхшаган бошқа бир банданинг исми билан исмланиши лозим. Масалан, пайғамбарларни олайлик. Улар Аллоҳ билан бандалар ўртасида элчи, юксак одоб ва улуғ мартаба соҳиблари бўлишлари билан бирга, айни вақтда улар Одам болаларидир. Улар ҳам таом ейдилар, ичимлик ичадилар. Аммо фаришталар инсондан ўзгача хилқатда яратилган — инсон тупроқдан яратилган, фаришталар нурдан халқ қилинган, инсонда турли нарсаларга нисбатан шаҳват ва мойиллик ҳисси бор, фаришталарда эса моддийликка бўлган шаҳват йўқ. Шунингдек, фаришталар Аллоҳга умуман осийлик қилишмайди, доимо У Зотнинг тоати ва ибодатида қоим бўлиб турадилар. Инсон эса ундай эмас. Инсонга фаришталар исмини қўйиш жоиз эмаслигига бундан бошқа сабаблар ҳам бор. Хуллас, бандалар «Жаброил», «Азроил» «Исрофил», «Микойил» ва шу каби фаришталар исмлари билан номланмасликлари ва фарзандларига бундай исмларни қўйишдан сақланишлари керак. Абдуллоҳ ибн Жародга Мутаъдан ҳамроҳ бўлиб келган киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:«(Фарзандларингизга) пайғамбарлар исмини қўйинглар, аммо фаришталар исми билан исмланманглар!» деб айтганларини эшитгач: «Сизнинг исмингиз билан ҳамми?» деб сўради. Яъни бошқа пайғамбарлар каби Сизнинг исмингизни ҳам фарзандларимизга исм қилиб қўяверайликми, деган маънода савол берди. Бунга жавобан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Исмим билан исмланинглар, аммо куням билан куняланманглар!» дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари «Муҳаммад», кунялари «Абулқосим» экани ҳаммамизга маълум. Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмларини мўмин-мусулмон киши фарзандига исм қилиб қўйиши жоиздир. «Абулқосим» куняси билан куняланишнинг ҳукми эса қуйида ҳадиси шарифлар орқали ўрганилади. Ножоиз исмлар: 1 — Аллоҳ таолонинг исм ёки сифатларидан бўлмаган сўзларга «Абду» қўшимчаси қўшиб исм ясаш. Масалан, «Абдуҳошим», «Абдуқундуз», «Абдурасул», «Абдунаби». Ёки аксинча, Аллоҳ таолонинг исм ёки сифатларига «Абду» қўшимчасини қўшмай исм ясаш. Масалан, Раҳмон, Самад, Аҳад. 2 — пайғамбарлик ва рисолат маъносини билдирувчи исмлар: Наби(й), Расул, Мурсал, Пайғамбар. 3 — илоҳликни даъво қилувчи ёки куфр ва ширк маъноларини англатувчи исмлар: Маъбуда, Раб, Раббим, Эгам, Санам, Илоҳа. 4 — кофир, мушрик, мунофиқ ва фосиқ кишилар исми. Масалан, Фиръавн, Ҳомон, Қорун, Намруд. 5 — инсонни жуда улуғлаб, кўкларга кўтарувчи исмлар. Масалан, Шаҳаншоҳ, Маликул Амлок, Олампаноҳ, Буюк, Акбар, Барра, Мубарра. 6 — фаришталар исми: Жаброил, Азроил, Микоил, Исрофил ва ҳоказо. 7 — руҳий сиқиқлик, ғам, алам ва қайғу маъноларини англатувчи исмлар: Ҳазн, Маҳзуна, Мазлума. 8 — уруш, қирғин ва мусибат маъноларини англатувчи исмлар: Ҳарб, Жанговар, Касофат. 9 — ўзагида «нор» қўшимчаси бўлган исмлар (Исмлар таркибида келувчи «нор» қўшимчаси аслида форсча бўлиб, «қизил ранг» маъносини билдирса-да, мазкур сўз араб тилида «жаҳаннам, дўзах» мазмунини ифодалайди): Норали, Норгул, Нормурод. Яна бошқа салбий маъноларни ифодаловчи исмлар қўйиш ножоиздир. Ёмон исмларни яхшисига алмаштириш Аввалги саҳифаларда қўйиш тавсия қилинадиган исмлар ҳамда ножоиз исмлар ҳақида маълумотга эга бўлдик. Қуйида эса ножоиз исмларни яхшисига ўзгартириш ҳақида ворид бўлган ривоятлар билан танишиб чиқамиз. 11 — Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ёмон исмларни яхшисига ўзгартирар эдилар (Термизий ривояти). Биз ҳадис таржимасида «ёмон исм» деб ифодалаган сўз аслиятда «ал -исмул қобиҳ», яъни «қабиҳ исм» деб келтирилган. «Қабиҳ» сўзи луғатда «хунук, нафратга муносиб; Шариатда макруҳ кўриладиган; урфда инкор қилинадиган нарса» каби маъноларни билдиради. Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хунук, ёмон ва салбий маъноларни ифодаловчи исмларни яхшисига ўзгартирар эдилар. Имом Нававий «Таҳзийбул асмоъ» асарида: «Мазкур маънода ворид бўлган ривоятларга кўра, ёмон исмларни яхшисига ўзгартириш мустаҳабдир», деган. Қуртубий эса: «Ножоиз исмларни яхшисига алмаштириб суннатдир. Бас, биз ҳам бу суннатга амал қилишимиз керак», деган фикрни билдирган. Саҳл ибн Саъд ас-Соидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан бирининг исми «Асвад» ( қора ) эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни «Абяз»( оқ )қа ўзгартирдилар» (Ибн Ваҳб «Ал-Жомеъ»да ривоят қилган). Аввал айтиб ўтганимиздек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам соф фитратларига мувофиқ, поклик, озодалик, сарамжон-саришталик ва гўзалликни яхши кўрар эдилар. Баъзи ривоятларда келтирилишича, у Зот маъноси «шайтон», «уруш», «зинодан туғилган», «ўта улуғ» бўлган исмларни бандаларга мос келадиган бошқа исмларга ўзгартирганлар. Жумладан, «Жаббор»ни «Абдулжаббор»га, «Абдулкаъба»ни «Абдураҳмон»га, «Осий»ни «Мутийъ»га,«Азиз»ни «Абдураҳмон»га ўзгартирганлари ҳақида ривоятлар ворид бўлган. Қуйида мана шунга ўхшаш бошқа ривоятларнинг баъзилари билан танишиб чиқамиз. 12 — Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Осия» исмини ўзгартирдилар ва: «Сен Жамиласан» дедилар» (Имом Муслим, Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, имом Аҳмад, Ибн Ҳиббон «Саҳиҳ»да ривоят қилган). Ибн Умар розияллоҳу анҳу томонидан ривоят қилинган ушбу ҳадисда номи зикр қилинаётган «Осия» Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг қизи бўлган. Имом Доримий « Сунан»да Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда «Жамила»га ўзгартирилган«Осия» исмли аёлнинг куняси «Умму Осим» деб келтирилган. «Осия» муаннас (аёллар), «Ос»  эса музаккар (эркаклар) жинсига нисбатан ишлатилган. Мазкур исм «осий бўлувчи, исён қилувчи» , «Жамила»  эса «чиройли, гўзал» маъносини биддиради. Жоҳилият даврида «Ос» ва «Осия» исмлари «зулмга рози бўлмайдиган; айб-камчиликларни инкор қилувчи» каби маъноларда қўлланилган. Ислом келгач, мўминлар бу исмни қўйишдан қайтарилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига бу борада керакли йўл-йўриқ ва маслаҳатлар бердилар. «Ан-Ниҳоя» китобида: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу исмни ўзгартиришларига сабаб шуки, мўминнинг шиори тоат-итоатдир. Исён эса унинг аксидир» , дейилган. «Исм қўйиш одоблари» китобидан, Зиёвуддин Раҳим  
Мавзуга оид мақолалар
ФранкоМалия футболчиси Фредерик Умар Кануте йирик Eвропа клублари бўлган Лион ва Тоттенхэм ҳужумчиси давоми...

21:00 / 26.08.2019 2158
Угандада Ер юзидаги энг кўп фарзандли аёл яшаши маълум бўлди. 39 ёшли Марям Набатанзи 38 фарзандни давоми...

09:05 / 28.04.2019 3399
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим «Ана ўшалар ҳидоятга залолатни сотиб олганлардир. Ва тижоратлари фойда давоми...

12:26 / 29.11.2016 3498
Ҳозир ҳам Рамазондаги каби ҳаёт тарзидамизмиЎша кунларда бўлгани каби бир кеча Қуръони Карим ўқимай давоми...

21:54 / 13.06.2023 1112