Изн сўраш ва никоҳнинг арконлари ҳақида
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жувон аёлдан маслаҳат сўрамай туриб никоҳланмас. Қиз боладан изн олинмай туриб никоҳланмас», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, изни қандоқ бўлур?» дейишди. «Сукут сақламоғи», дедилар».

Бешовлари ривоят қилган. Бошқа бир ривоятда: «Жувон хотин ўз нафсига валийсидан кўра ҳукмлироқ. Қиз боладан эса изн сўралур. Унинг изни сукутидир», дейилган. Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда никоҳ масаласида қиз ва аёлларнинг розилиги шарт эканлиги, эркаклар; оталар, акалар ва бошқалар уларни бирор кишига турмушга чиқишларини сўраб совчи келганда ўзларича жавоб бериб юбормасдан улар билан маслаҳат қилиб, розиликларини олишлари кераклиги баён қилмоқда. Замон бузулиб, ишлар тескарисига айланмай туриб нафақат мусулмонларда, балки дунёнинг барча ҳалқларида бир қизга совчилик қилиш оила бошлиғи бўлмиш отага гап очиш, ундан розилик сўраш билан бўлган. Оддий инсоний одоб-ахлоқ, халқларнинг урф-одатлари шуни тақозо қилган ва қилади ҳам. Ислом оталарга ёки уларнинг ўрнига қолган валийларга қизнинг ўзидан розилик сўрашни тавсия қилади. Чунки ҳолат ўзи шуни тақозо қилади. Ўзининг изнисиз, розилигисиз бировни эрга бериб юбориш тўғри эмас. Агар эрга тегиши ҳақида сўз кетаётган шахс эрдан ажраган жувон бўлса, у ўз розилигини очиқ-ойдин айтиши шарт. Чунки у оила кўрган, эркак киши билан муносабатда бўлган, никоҳ масалаларида тажрибага эга, бундоқ гапларни гаплашиб юрган. Энди очиқ маслаҳатлашишдан уялмайди ҳам. Маслаҳат қиз боланинг турмушга чиқиши ҳақида бўлаётган бўлса, бир оз бошқача йўл тутилади. Агар у очиқ жавоб берса, ўзининг иши. Унинг ўша жавобига қараб иш қилинади. Аммо индамаса, сукут розилик аломати бўлади. Муслима қизлар одоб-ахлоқ, ҳаё, эҳтиром доирасида тарбия топганлари туфайли ўз отаси, яқинлари билан ўз никоҳи тўғрисида уялиб индамаган бўлади. Шунинг учун қиз боланинг уялиб индамагани розилиги ҳисобланади. Лекин индамаслигига норозилик аломатлари қўшилса, бундан сукутни розилик, деб бўлмайди. Бундай ҳолларда оналарни ишга солиш яхшироқ бўлади. Зотан жорий одатлар ҳам шунга айланиб қолган.

Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аёлларни қизлари ҳақидаги ишга таклиф қилинглар», деганлар.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Етим қиздан ўзи ҳақида изн сўралади. Агар сукут сақласа, ўша унинг изни бўлади. Агар бош тортса, уни мажбур қилинмайди», дедилар».

Сунан эгалари ривоят қилган. Шарҳ: Етим қизлар деганда отаси ва валий бўладиган қариндошлари йўқ бўлгани туфайли бошқа бир одамнинг тарбиясида ўсган қизлар тушунилади. Одатда бундай қизларни ўзларидан сўраб-сўрамай эрга бериб юборишлик ҳеч гап бўлмай қолган. Аммо хоҳ етим бўлсин, хоҳ етим бўлмасин, қизларни мажбур қилиб эрга бериш шариатга мутлақо хилоф эканини мана шу ривоятлардан кўриб турибмиз. Бундай қилишлик катта зулм ҳисобланади. Ислом ҳукмларидан бехабар кишилар қизларга Аллоҳ томонидан берилган ушбу ҳақни поймол қилиб келганлар. Улар қизларнинг розилигини сўрамай, норози бўлсалар уриб-сўкиб эрга берганлар. Бу эса доимо Ислом душманлари томонидан динимизга айб этиб қўйилиб келинган. Мусулмонман деб юрганларнинг ношаръий ишлари ўзларига гуноҳ бўлиши билан бирга, динимиз душманлари тегирмонига сув ҳам қуйишини шундан билиб олсак  бўлади.

Хансаа бинти Хизом ал-Ансория розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«У кишини жувон ҳолида отаси сўрамай эрга берди. Бу унга ёқмай Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. Бас, у Зот унинг никоҳини рад этдилар».

Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилган. Шарҳ: Демак, жувон аёлни ўзидан сўрамай ёки мажбур қилиб бировнинг никоҳига бериб бўлмайди. Ислом дини бундай вақтда ўша аёлга қозига арз қилиш ҳақини беради. Арз қилинган чоғида эса қози ундай никоҳни бузиш ҳақида ҳукм чиқаради. Изн сўрамай никоҳлаган чоғида, иш аёлнинг розилигига боғлиқ бўлиб қолади. У, розиман, деса никоҳ никоҳ бўлади, бўлмаса бузилади.

Бир бокира қиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, отаси уни эрга берганини, у эса ёқтирмаётганини зикр қилди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ихтиёрни ўша қизга бердилар».

Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган. Шарҳ: Ўша қиз никоҳда қолишни ирода қилса, никоҳ ақди кучга киради, бўлмаса йўқ. Бу Исломда аёл-қизларнинг эрки, ҳақ-ҳуқуқлари қанчалик риоя қилинишини кўрсатади. Зотан шу ҳукмдан бошқаси тўғри ҳам эмас. Чунки никоҳ – умр савдоси, кўнгил масаласи. Кўнглига ёқмаган одам билан бир ёстиққа бош қўйиб умр бўйи яшаш осон бўлибдими? Одатда эркаклар аввал ўзлари рози, талабгар бўлиб совчи қўйганларидан уларнинг розилиги ҳақида ривоятлар келмаган. Розилик ҳақида, асосан, аёл-қизлар ҳақидаги ривоятлар келган. Бу ҳаётнинг тақозосидир.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси аёл ўз валийларининг изнисиз турмушга чиқса, бас, унинг никоҳи ботилдир» деб уч марта айтдилар. Ва: «Агар эр у билан қовушса, у(аёл)дан ҳузурланган учун унга маҳр берилади. Агар тортишиб қолсалар, султон валийси йўқнинг валийсидир», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган. Шарҳ: Жумҳури уламолар ушбу ҳадисни дастак қилиб, валийсиз ва унинг розилигисиз никоҳ жоиз эмас, дейдилар. Бунга қўшимча равишда яна бир неча оят ва ҳадисларни ҳам далил қилиб келтирадилар. Ҳанафий мазҳаби уламолари эса никоҳнинг тўғри бўлишлигига валий бўлиши шарт эмас, дейдилар. Улар ҳам учта оят ва бир нечта ҳадисларни далил қилиб келтирадилар. Ушбу ҳадисни эса комил никоҳ ҳақида дейдилар. Яъни валий бўлмаса, комил никоҳ бўлмайди, деганидир, дейишади. Ҳанафий уламолар ўз фикр-ижтиҳодларини қувватлаш учун нақлий далилдан ташқари ақлий далил ҳам келтирадилар. Шариат, дейишади улар, балоғатга етган қиз болага ўз молу мулкида ўз ихтиёри билан тасарруф қилиш ҳақини берган, нафс унинг учун молдан кўра яқинроқ ва азизроқ, қандай қилиб аёл киши ўз нафсида ўз ҳолича тасарруф қила олмайди?! Лекин, бу тортишув кўпроқ уламолар орасидаги назарий тортишувлар доирасидан нари чиқмайдиган масалалардандир. Амалда эса валий ҳамма жойда бор. Ҳанафийлар ҳам валий ким, уни ихтиёр қилиш қандай бўлади ва ҳоказо масалаларни батафсил баён қиладилар. Валий кўпинча ота бўлишини, ота йўқ бўлганда отанинг ўрнини босувчи киши бўлишини эътиборга оладиган бўлсак, бу масала яна ҳам ойдинлашади. Оила қураётган ёш-йигит қизлар ота-онасини, яқин қариндошларини норози қилиб никоҳдан ўтишларини ҳеч ким маъқулламайди. Чунки ота-она, яқин қариндошлар ўз боласига, яқинига ҳеч қачон ёмонликни раво кўрмайдилар. Никоҳ, оила, эру хотинлик масаласида катта билим ва ҳаётий тажрибаларга эга бўлганларидан ўз фарзандлари ва яқин кишиларга маслаҳат бериш, яхши йўл кўрсатишга ҳаракат қиладилар, холос. Ёш йигит-қизлар эса бошқа турли ишлар каби, никоҳ масаласида ҳам билимлари ва тажрибалари кам бўлганидан ота-оналари, яқин қариндошлари насиҳатларига амал қилишлари яхши бўлади. Ҳамма уламоларимизнинг насиҳатлари – шу. Валийсиз никоҳ бўлмайди, деган ҳукмга амал қилинганда, мабода шу хилда никоҳ бўлиб, эр аёл билан қовушмай туриб никоҳлари бузилса, ҳеч гап йўқ. Аммо қовушиб қолган бўлсалар, никоҳи бузилган тақдирда ҳам аёлга эр қовушгани сабабли маҳр беради. Никоҳ валийсиз бўлмайди, деган ҳукмга амал қилинган чоғда, насабий валийлар топилмаса, султон – ҳоким валий бўлади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Валийсиз никоҳ йўқдир», дедилар».

Абу Довуд, Термизий, Аҳмад ва Байҳақий ривоят қилган. Аҳмад ва Байҳақий лафзида: «Валийсиз ва икки одил гувоҳсиз никоҳ йўқдир», дейилган. Шарҳ: Валийни Ҳанафий мазҳаби никоҳнинг шартларидан бири деса, бошқа мазҳаблар никоҳнинг рукнларидан бири, деганлар. Шунга биноан, валий никоҳнинг тўғри бўлишига боғлиқ шахс бўлади. Одатда ота ёки унинг ўрнига қолган шахс валий бўлади. Валийлар тартиби, ота йўқ бўлса, бобо, туғишган ака-ука, ота бир ака-ука, она бир ака-ука, амаки бўлиб кетаверади. Фосиқ – шариатга хилоф иш қиладиган одам – никоҳда валий бўла олмайди. Чунки шариатники оёқ-ости қилганидан кейин, ўзига тақдири ишониб топшириб қўйилган қизларнинг ҳуқуқларини ҳам поймол қилиши ҳеч гап эмас. Ҳанафий мазҳабида, одам танлашни билмайдиган, алданиб қоладиган киши ҳам валий бўлмайди, дейилган. Валий, никоҳда ўзининг ўрнига вакил таъйин қилиши жоиздир. Ушбу ҳадисда зикр қилинган нарсалардан бири, икки адолатли шоҳидсиз никоҳ бўлмаслигидир. Шоҳидликсиз никоҳ бўлмайди. Ана ўша гувоҳлар икки шахснинг ҳалол-пок йўл, никоҳ йўли билан оилавий турмуш қуришганига шоҳид бўладилар. Бошқа кишиларга ҳам буни етказадилар. Шунингдек, эру хотин орасида никоҳ маласида даъволашув бўлиб қолса, қозининг олдида гувоҳлик ҳам берадилар. Ушбу эътиборлардан никоҳ гувоҳсиз бўлиши мумкин эмас. Никоҳда гувоҳлар икки эр киши, Ҳанафий мазҳабида икки эр киши бўлмаса, бир эр киши, икки аёл киши бўлса ҳам бўлаверади. Фақат аёл кишиларнинг ёлғиз ўзларининг гувоҳлиги кифоя қилмайди.

Гувоҳларда қуйидаги шартлар бўлиши лозим: 1. Ақл. Мажнун киши гувоҳ ҳисобланмайди. 2. Балоғатга етганлик. Ёш бола гувоҳ ҳисобланмайди. 3. Ҳур. Қул гувоҳ бўлмаган. 4. Мусулмонлик. Мусулмон эмас киши гувоҳ бўлмайди. 5. Икки гувоҳ ҳам никоҳланувчи икки томоннинг гапларини эшитиши керак. 6. Гувоҳ адолатли, диний жиҳатдан тўлиқ одам бўлса, яхши бўлади. Бўлмаса, адолати суриштирилмаган, ёлғончилиги, фосиқлиги маълум бўлмаган киши ҳам бўлаверади. Ҳанафий мазҳабида бу масала бошқа мазҳабларга қараганда бир оз кенгроқ олинган. Бу масала жуда кенг масалалардан бўлиб, фиқҳ китобларимизда батафсил баён қилинган.

Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Қайси бир аёлни икки валий бировнинг никоҳига берса, ҳақ биринчи валийники бўлади. Қайси бир киши икки одамга нарса сотса, ҳақ улардан биринчисиники бўлади», деди.

Сунан эгалари ривоят қилган. Шарҳ: Самура ибн Жундаб розияллоҳу анҳунинг бу гапларини қуйидагича тушунишимиз керак. Мисол учун бир аёлнинг икки акаси валий ҳисобланади. Уларнинг иккисига ҳам синглисини турмушга бериш ҳаққи берилган. Бири ўзича синглисини бир кишига, иккинчиси, бошқа кишига берди. Бу пайтда, икки акадан қайси бири аввал берган бўлса, ўша никоҳ жоиз бўлади, кейингиси ботил бўлади. Агар иккиси бир вақтда бўлса ёки вақтлари маълум бўлмаса иккови никоҳ ҳам ботил бўлади. Шунингдек, бир киши бир нарсани икки кишига сотиб қўйди. Иккиси талашиб қолди. Қайси бири билан олдин савдо қилган бўлса, ҳақ ўшаники бўлади.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, вафо қилиниши энг ҳақли шарт – фаржларни ҳалол қилиб олганингиздаги (никоҳдаги) шартдир», дедилар». Бешовлари ривоят қилган. Шарҳ: Исломда ҳамма шартларга амал қилиш, берган аҳдга вафо қилиш алоҳида эътиборга сазовор ишдир. Аммо никоҳдаги шарт ҳамма шартлардан ҳам аҳамиятли ҳисобланади. Никоҳдаги шартга вафо қилиш бошқа шартларга вафо қилишдан ҳам зарур ва ҳақлидир. Чунки никоҳ пайтда қўйилган шартни қабул қилинаётганда, ўзига ҳаром бўлган нарсани, биров билан эру хотин бўлиб яшашни ҳалол қилиб олиш учун берилган бўлади. Эр киши ўша шартга, хўп, деб кўниши билан ўзига ҳаром бўлган аёлни ҳалол қилиб олган бўлади. Никоҳ алоқаси эса аввал айтиб ўтганимиздек Аллоҳнинг исми, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ва мусулмонларнинг гувоҳлиги билан қуриладиган алоқадир. Шунинг учун ҳам ундаги шартларга вафо қилиш жуда ҳам зарурдир. Аммо, жумҳури уламоларимиз шарҳ қилиб берганларидек, никоҳ пайтидаги қўйиладиган шартлар шариат ҳукмига мос бўлсагина, вафо қилиш лозим бўлади. Аллоҳнинг ҳукмига зид шартлар никоҳда ҳам, бошқа нарсаларда ҳам қабул қилинмайди. Юқорида ўрганган бир неча ҳадисларимизда никоҳнинг рукн ва шартлари ҳақида сўз кетди. Албатта, бу бобдаги шаръий далиллар фақат шу мазкур ривоятлардангина иборат эмас. Бир қанча оят, ҳадис ва бошқа далиллар ҳам бор. Уламоларимиз уларни батафсил ва атрофлича ўрганиб чиқиб, никоҳнинг рукн ва шартларини тартиб билан зикр қилиб, тушунтирганлар. Мазҳаблар ўз қоидалари ва ижтиҳодларига биноан баъзи турличаликка ҳам йўл қўйганлар. Бу фикр ижтиқод эркинлиги намунаси бўлиб, асосан, хилоф ёки қарама-қаршилик деб бўлмайдиган ҳукмларда намоён бўлган. Баъзи ҳукмларни бир мазҳаб рукн, деса, бошқаси шарт, деган ёки аксинча бўлган. Барибир, амал қилиниши лозим бўлган нарсалардир. Мазкур нарсалар никоҳ масаласидаги энг муҳим, ҳамма билиб олиши лозим бўладиганларини қисқача эслаб ўтамиз.

Мавзуга оид мақолалар
Хабар Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси ҳамда Ўзбекистон Мусулмонлар идораси бошқаруви остидаги Қуръони Карим қироати мусобақаси давоми...

04:30 / 07.02.2018 2331
Энг яхши китобга энг яхши одоб Қуръони Карим башарият учун нозил қилинган энг яхши китоб, Аллоҳ таолонинг мўжизасидир. Шу боис унга нисбатан муносиб одоб, ҳурмат давоми...

21:27 / 16.03.2017 4162
embedhttpsyoutu.be7a1xKCJaYggembed

10:49 / 07.05.2017 5007
  Савол Ўзга ибодатлар каби қурбонликнинг ҳам қазоси бўладими Жавоб Намоз, рўза ва закот каби қурбонликнинг ҳам қазоси бор. Аммо унинг қазоси сўйиш билан бўлмай, давоми...

23:54 / 27.08.2018 3365