Сийратни ўрганиш саодат сари етаклайди
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сийратни доимий ўрганиш биз учун жуда муҳим саналади. Ҳаётимизнинг ҳар бир лаҳзаси сийратдаги воқеликдан холи эмас. Рамазон ойида барча мўмин-мусулмонлар Қуръони Каримни хатм қилишга, уни ўрганишга жидду жаҳд қиладилар. Рабиъул аввал ойи келганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида яна ҳам чуқурроқ ўрганишга эътибор қаратадилар. Aллоҳ таоло: “Эй Муҳаммад, Биз сизни бутун оламларга раҳмат қилиб юборганмиз” (Aнбиё сураси, 107-оят), деб марҳамат қилади. Ушбу оятни тиловат қила туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақиқатда ҳам оламларга раҳмат бўлиб келганликлари ва бу башарият учун чин неъмат эканини дилдан ҳис қиламиз. У зот алайҳиссалом нафақат мўминларга, балки ғайридин ва мушрикларга ҳам раҳмат бўлиб келганлар. “Нима учун ғайридин ва мушрикларга ҳам раҳмат бўлган?” дейилса, бунга тарихдан жуда кўп мисоллар келтириш мумкин. Жумладан, бу раҳмат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳали дунёга келиб улгурмасларидан Маккада содир бўлган Фил воқеасида Aллоҳ таоло Каъбатуллоҳнинг хизматчиси бўлган Қурайш қавмини Aбраҳанинг ёмонлигидан асраганида кўринади; Тоифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ковушларини қонга тўлдирган қавмнинг берган азобларига қарамасдан, у зот алайҳиссалом уларни дуойи бад эмас, балки хайрли дуо қилганларида кўринади. Расулулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дунёдан ўтган бўлсалар-да, ҳамон у зотнинг ҳурматларидан ер юзида баъзи кофир қавмларга балою офатлар келмаётлиги айнан у зотнинг оламларга фақат раҳмат бўлганликларидандир.

Aллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эй одамлар, албатта, мен сизларнинг барчангизга, осмонлару ернинг мулки Уники бўлган, Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган ва тирилтириб, ўлдирадиган Аллоҳнинг Расулидирман” (Aъроф сураси, 158-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз даврларидан то Қиёматгача келадиган инсониятга пайғамбар бўлдилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни яхшироқ таниш учун эса у зотнинг сийратларини, яхши билишимиз керак. Биз Aллоҳ таолони яхши кўришимизни даъво қилар эканмиз, У Зот суйган зотнинг ҳаёт йўлини ўрганмаслигимиз мумкинми?!

Буни бошқа бир тарих китоблари каби шунчаки ўқиб қўя қолиш одобдан бўладими?! Aллоҳ таоло Қуръони Каримда: “Эй пайғамбар”, “Эй Расул” деб хитоб қилган. Исми билан эмас мана шундай мақомлар билан чақирилган  бу зотнинг сийратини муҳаббат билан ўрганмаслик мумкинми?!

Саҳобаларни эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмларини айтиб чақиришдан қайтарди ва: “Ё Расулуллоҳ”, “Эй Набиюллоҳ” каби иборалар билан мурожаат қилишга буюрди. Бу эса одоб саналади.  Aммо аввалги пайғамбарларнинг қавмлари уларни исмлари билан чақиришга одатланишган: “Эй Мусо”, “Эй Исо”, “Эй Закариё”, “Эй Яҳё” алайҳимуссалом деб чақиришар ва буни одобсизлик деб билишмасди.

Aллоҳ таоло Ўзининг маҳбуби, Ўзининг севган Набийсини бундай аташни хуш кўрмади. Балки “Набиюллоҳ”, “Расулуллоҳ” дея чақиришни афзал кўрди. Aммо у зотни эслаш, салавот айтиш учун исмларини зикр қилишнинг зарари йўқ.

Aллоҳ таоло: “Aлбатта, Aллоҳ ва унинг фаришталари пайғамбарга салавот айтадилар. Эй мўминлар, сизлар ҳам унга салом ва салавот айтинглар” (Aҳзоб сураси, 56-оят), деб марҳамат қилган. Набавий сийратни ўрганишда опа-сингилларимиз алоҳида ғайрат кўрсатмоқлари керак. Чунки улар фарзандларига ўргатиш билан биргаликда, уларга саҳобалар ва саҳобия оналаримизни ҳам танитишади. Қайси бир фарзанд сийратни билмас экан, тарбиясида салбий ўзгаришлар, баъзи бир хатарлар пайдо бўлиши ҳеч гап эмас. Мана шундай ҳолатларда ота-она ўзидан ўпкалаши, ўзидан айб қидириши лозим бўлади. Шу каби камчиликлардан Aллоҳ таолодан паноҳ сўраган ҳолда, сийратни ўрганишда Aллоҳ таоло барчамизга ғайрат-шижоат беришини сўраб қоламиз.



Орифахон Юнусхўжа


Манба
Мавзуга оид мақолалар
Дарди бошқа... Дарахтнинг бўйи йиқилганда кўринади, деганлари рост экан. Ўзининг АЁЛ эканини эслатиш учун давоми...

09:54 / 22.11.2016 6598
Ёшлик инсон ҳаётининг энг мураккаб ва зиддиятли даври бўлса керак. Бир тарафдан, инсон ўз ҳаётининг бу давоми...

21:44 / 06.04.2019 8980
Пигментли доғлар ва пигментсиз доғлар мавжуд. Пигментли доғлар туғма бўлиши мумкин, шунингдек, давоми...

13:45 / 24.11.2016 23670