«Ота-онам мени яхши кўрмайди», деманг!
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.



Биргина зилзила бизнинг қаршимизда ҳайҳотдек қад ростлаган юзлаб биноларни сонияларда ер билан яксон қилди-қўйди. Мудраб ётган танамиз, ҳакалак отган нафсларимиз, дунё учун баҳсу мунозаралар қилиб, замонни айблаб ётган тилларимиз бир зум тўхтаб қолгандек бўлди, гўё. Ҳали нима бўлаётганини тўла-тўкис англаб етмасимиздан, кетма-кет офатлар бўлаверди, минглаб одамлар сониялар ичида бинолар билан бирга ерга қулайверди... Қўрқув ичидаги қичқириқлар, дод-фарёдлар қулоқларимизда тинимсиз акс-садо бераверди, вайрон бўлган шаҳарларга боқиб, юракларимиз ҳам вайрон бўлаверди, бўлмоқда...

Вайроналар остидан бирор гўдакни чиқариб олишганида, қизи ўлса-да, совуқ қўлларини тутиб ўтирган Ота суратини, «Оиламни бетон босиб қолди, ёлғиз қолдим, бундай ёлғизлик кимга керак?!» деб дод солаётган кишини кўрганимда, қизлари учун дўконга печенье учун чиққан отанинг зум ўтмай уларни йўқотиб, талвасага тушган қиёфасини кўрганимда... танам оғриқлардан азобланмоқда, жон томиримдан биттаси узилгандек бўлмоқда.

Сўнгги кунларда вужудларимиз алам, ҳузун, оғриқлардан тўлғониб-тўлғониб ётибди. Туркиянинг, Суриянинг кунпаякун бўлган шаҳарларида неча минглаб одамлар бор эди, улар ҳам ўша куни малакул мавт жонларини қабз қилишидан ғафлатда эдилар, худди биз сингари. Ширин уйқуда уларни синов тутди. Кетма-кет, кутилмаганда... Қишнинг қақшатқич совуқларида... Аллоҳнинг синовлари шундай, биз кутмаганда олдимиздан чиқади.

Ҳалигача зилзиладан қаерга қочиб қутулишни билмай, жон ҳолатда бақираётган одамларнинг қичқириқларидан чўчиб уйғоняпман. Ногаҳон ёнимда ётган болаларимни қаттиқ қучиб, “Агар бу синов менга келганида, мен нима қилардим?” дея ўзимга савол бераман. Бу саволларга жавоб тополмайман. “Зилзила бўлса, болаларимни бағримга босганча югураман”, дейман хаёлан, “Улар яшаши керак, қандай қилиб бўлса-да, уларни сақлашим керак, улар ҳали гўдак”, дейман. Хоҳ у суриялик бўлсин, хоҳ туркиялик бўлсин, ҳар қандай ота-онанинг ақл-ҳушини мана шу ўй-хаёллар  банд қилиб олгани шубҳасиз.

Зилзила жараёнларини ижтимоий тармоқларда кузатарканман, ҳузунли ва изтиробли кадрлар кўз олдимда муҳрланиб қолди: силкиниш жараёнида эсанкираб қолган ота-она биринчи навбатда болаларини бағрига босиб, уларнинг ҳимоясига ошиқади. Ҳар бир оғир лаҳзада, ҳар бир изтиробли дақиқада ота ҳам, она ҳам фитрий муҳаббат ила зурриёти учун кўксини қалқон қилади. Ҳеч қачон «Отам мени севмайди», деманг, «Онам мени яхши кўрмайди», деманг, улар сизни мана шундай севишади! Улар ўзларини мана шундай фидо қилиб, сизга бўлган меҳр-муҳаббатларини исботлашади!


Райҳона


Манба
Мавзуга оид мақолалар
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Фотима Самарқандия Аллоҳга ҳамд, Пайғамбаримизга салавотлар бўлсин Ҳимояга давоми...

11:10 / 15.03.2017 13045
«Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топур» 12кун, Қўқон шаҳри

21:55 / 27.11.2014 3680
«Ислом.уз»  таҳририятига келган мактублардан Ташаккурнома Ассалому алайкум Авваламбор, қоидаларни давоми...

07:40 / 17.03.2017 10236
.Улар quotРоббимиз, Ўзинг бизга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан кўз қувончи ҳадя эт ҳамда бизларни давоми...

21:32 / 25.05.2023 1415