Кўзингизни очинг, ўзбегим!
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бугун Маккаи Мукаррамадаги сўнгги кунимиз.  Аллоҳнинг Байтидаги сўнгги намозга — бомдодга чиқдик.  Бомдодни ўқиб бўлиб,  сўнгги бор тавоф қилдим.  Одам кўп,  оёқ босишга жой йўқ. Бир қадам-бир қадам ташлаб,  етти марта айланиб, Мақоми Иброҳимнинг орқасида  икки ракъат намоз ўқиб,  йиғлаб-йиғлаб дуолар қилдим.

Икки кун олдин элликбошимиз шанба куни соат 8:00да ҳамма автобусда бўлиши кераклигини, Жиддага йўл олишимизни, кеч қолмаслигимизни алоҳида тайинлаган эдилар.

Шошиб меҳмонхонага келдим-да,  тезда нонушта қилиб чиқиш учун таомхонага тушдим.  Соат 7:40. Вақт жуда оз қолган,  ҳали хонага чиқиб  тайёрланишим керак. Йўл узоқ, сал қувват бўлар деб, таомхонага кирдим. Хайрият,  овқатга навбат унчалик катта эмас экан.  Бир автобус одамни куттириб  қўймайин деб,  навбатга турмасдан овқат олиш учун бир ўзбек йигитдан олдинга турдим-да,  "Узр,  роса шошилаётгандим",  дедим.  "Ҳаммамизам шошвоммиз,  кенейи",  деди ҳалиги одам норози оҳангда.  "Биз бугун кетяпмиз Тошкентга,  автобус 8 да келаркан,  узр",  дедим хижолат бўлиб.  "Ҳа,  тошкенлимисиз?  Шунаққилиб тошкенлилани шарманда қиласла-де",  деди "ҳожи" ука.  "Ман сизни ўзбек деб,  тошкентлик деб,  тушунасиз,  қўллаворарсиз деб  узр сўрадим.  Яна бир бор узр",  дедим айбимни тан олиб.  Шуларни айта туриб овқатлардан олдим-да,  бир бўш жойни топиб ўтирдим.  Таомланишни бошлашим билан шундоққина орқамда бояги одамнинг овози қулоғимга чалинди:

"... Бунақа ишши фақат ўзбекла қилади.  Яна уялмасдан "тошкенлиман", дейди.  Шунаққилиб ўзбеклани шарманда қилади бунақа бепаросатла..."

Секингина сездирмасдан орқамга қарадим.  Битта стол атрофида ўтирган иккита аёлга овозини баралла қўйиб ғийбат қилаётган "ҳожи" ука ўша одам эди.

Овқатимнинг қолгани томоғимдан ўтмади.  Тезда чойни ичдим-да,  дуо қилиб ўрнимдан турдим. Индамай чиқиб кетмоқчи бўлдим.  Лекин ичимдан келган бир куч,  бир журъат мени унга танбеҳ беришга ундади.

Олдига бордим-да,  тўхтаб:  "Мен-ку  навбатга турмасдан,  сиздан олдин овқат олиб,  бир хато қилибман,  бефаросатлик қилибман.  Лекин сиз Аллоҳнинг уйида бир мусулмонни ғийбат қилиб,  катта гуноҳ қилдингиз.  Кўпроқ тавба қилинг," ҳожи" ука!",  дедим-да,  жавобини кутмасдан,  тезда таомхонани тарк қилдим...


Мадинада ўзбекистонлик гуруҳларга бир неча кун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзаларига киришга рухсат беришмади. Сўраб-суриштиргандик, баъзи ўзбек аёлларининг беодоблигини сабаб қилиб кўрсатишди.


Байтуллоҳнинг қаршисида ибодат қилиб ўтирибман. Орқамдаги икки ўзбек аёл тинмасдан келинларини ғийбат қилиб ўтиришибди.

Афсус, минг афсус...


Мен бу ибодатим ҳақидаги сўнгги постим дилларни хира қиладиган  ушбу мақола бўлишини истамаган эдим. Лекин бошқаларга ибрат бўлсин деб,  қалбимни оғритган баъзи воқеаларни  ёзишга қарор қилдим (булар баъзилари,  холос).  Неъматлар кўпайганда,  шукрни кўпайтириш ўрнига ношукрлик қилиб қўймайлик.  Бундай давом этадиган бўлсак, Аллоҳ таоло миллатимизга берган бу улкан неъматларини қайтариб олиши ҳеч гапмас.


Кўзингизни очинг, ўзбегим!


Сиз бу муқаддас заминга  дам олиш, ўйнаш,  саёҳат қилиш учун эмас, Аллоҳга ибодат қилиш учун, У Зотни рози қилиш учун келяпсиз. Аллоҳнинг розилигини эса ҳалимлик билан, гўзал одоб билан, ихлос билан, ўзаро ҳурмат билан, У Зот қайтарган нарсалардан қайтиш, буюрган нарсаларни қилиш билан топилади.

Авваллари кимдир ўзбекман деса, бу ерликлар "Бухорий, Бухорий" деб ҳурмат-иззат қилишган экан. Кўп эшитганмиз бу ҳақда. Лекин ҳозир ундай бўлмаяпти. "Ўзбак?"  деб мийиғида кулиб қўйишяпти.


Изоҳга ҳожат йўқ. Хулоса ўзингиздан.


Барно Саидраҳмон



Муаллиф
Манба
Мавзуга оид мақолалар
Оила ва оилавий ҳаётнинг моҳияти Рус тилидан Азиза Жалолиддинова таржимаси Инсонлар жуфт қилиб давоми...

13:23 / 04.01.2018 7291
Абдуллажон Ғуломов таржимаси

12:29 / 28.12.2017 6672
  Мунчоқ                                                                                 Набавий ҳадиси шарифлар давоми...

07:11 / 27.02.2017 7896
Исломда отаона ниҳоятда эъзозланади. Фарзанд ҳар бир маъруфда уларга итоат қилиши ва уларга давоми...

15:07 / 10.12.2018 21176