Масофавий ва анъанавий таълим: қай бири афзал?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мактаб деган сўз тилимизда қанчалик кенг маъно англатмасин, унинг ўзагида китоб борлиги учун ҳам биз энг аввал таълим даргоҳини, умумтаълим мактабини тушунамиз. Яъни, мактаб деганда папка кўтарган болаларни ўз бағрига олаётган шинамгина бино, парталари қатор терилган синфхоналар, болаларни жамлаб сабоқ бераётган муаллимлар кўз олдимизга келади. Бироқ 2019 йил охирида пайдо бўлиб, 2020 йилда бутун дунё ни қамраб олган «Covid-19» пандемияси мактаб таълими ҳақидаги тушунчаларимизни ҳам ўзгартириб юборди. Тушунганингиздай, бугун анъанавий таълим ва унинг муқобил шакли – масофавий таълим ҳақида мулоҳаза юритмоқчимиз. «Масофавий таълимнинг келажаги борми?», «Ўқитишнинг бу тури анъанавий таълим билан рақобатлаша оладими?» каби саволларга жавоб қидириб кўрамиз.

Онлайн дарсларни жиддий қабул қилдикми?

Масофадан туриб ўқитиш аслини олганда янгилик эмас. Таълимнинг бу шаклидан турли йўналишларда, масалан, вебинарлар, онлайн-тренинглар, тил ўрганиш курсларида фойдаланиб келинаётганига анча бўлган. Бироқ коронавирус туфайли ўқитишнинг масофавий шаклидан барча таълим муассасаларида тўлиқ фойдаланиш зарурати туғилди. Яъни, пандемия шароитида ҳам ўқувчилар ва талабаларнинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашнинг ягона йўли сифатида онлайн дарслар жорий қилинди. Бу ўзини қай даражада оқлади? Албатта, масофавий таълимга турлича муносабат билдирилиши табиий. 2020 йилнинг баҳоридан виртуал таълимга ўтилгач, айримларда масофавий таълимнинг вақти-соати етиб келган экан, келажакда шу усулда қолинса ҳам ажаб эмас деган фикр туғилди. Пандемиядан кейин ҳам масофавий таълим сақлаб қолинса яхши бўлар эди дегувчилар ҳам бўлди.

Шу билан бирга, онлайн таълимни тўлақонли таълим тизими сифатида жиддий қабул қилмаганимиз ҳам рост. Аксариятимиз бунга вақтинчалик чора сифатида қарадик.

Мактабларда масофавий таълимга ўтилгач, кўп ўтмай анъанавий таълимнинг қадри билина бошлади. Қанчалик инновацион ёндашувларга таянилишидан қатъи назар, масофавий таълим ўзининг камчиликларини, чегараланганини кўрсатиб қўйди. Қолаверса, муаллимлар назорати таълимдаги энг муҳим омил экани аён бўлди – онлайн таълим даврида мактаб ўқувчиларининг айримлари деярли дарс тайёрламади. Виртуал машғулотлар ўқувчиларни анъанавий дарслардаги каби ўзига жалб қила олмади. «Онлайн мактаб болаларни дангаса қилиб қўйди» деган фикрларни ҳам кўп эшитдик.

Булар шахсий кузатувларимиздан келиб чиққан хулосалар, албатта. Бу билан масофавий таълимнинг ижобий жиҳатларини инкор этиш фикридан йироқмиз.

Мактабларнинг кутилмаган бир шароитда, қисқа муддатда онлайн таълимга ўтганини инобатга олганда, ундаги камчиликларни табиий ҳолат сифатида талқин қилиш мумкин. Қолаверса, анъанавий таълимнинг ўзи ҳам камчиликлардан буткул холи эмаслигини соҳа вакиллари эътироф этиб келишади.

«Онлайн мактаб» лойиҳаси мақсад ва вазифалар

Масофавий таълимнинг ютуқ ва камчиликлари ҳақида мутахассислар фикрини келтиришдан олдин Халқ таълими вазирлиги жорий этган «Онлайн мактаб» лойиҳаси, унинг мақсад ва вазифалари ҳақида ҳам тўхталиб ўтамиз.
Пандемия барча соҳалар қатори халқ таълими тизимини ҳам жиддий синовдан ўтказди. Турли давлатларнинг маориф тизимлари масофавий таълимга таянган ҳолда вазиятдан катта йўқотишларсиз чиқиш чораларини кўра бошлади. Масалан, Хитойда қисқа муддат ичида мактаб ўқувчиларини бепул ўқув материаллари билан таъминлайдиган платформа ишга туширилди. Францияда «Менинг синфим уйда» платформаси орқали ўқувчиларга масофавий курсларда таълим олиш имконияти яратилди.
Юртимизда ҳам қисқа муддат ичида ўқувчилар учун онлайн таълим тизими йўлга қўйилди. Халқ таълими вазирлиги «Онлайн мактаб» лойиҳасини жорий этди.
Мазкур лойиҳа:
– умумий ўрта таълим тизимида масофавий ўқитишни йўлга қўйиш;
– телевизион дарслар тайёрлаш бўйи ча илғор хориж тажрибасидан фойдаланиш;
– таълим тизимига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш;
– ўқувчилар ва ўқитувчиларни халқаро баҳолаш дастурлари ҳамда
тадқиқотларга (PISA – 15 ёшли ўқувчиларнинг ўқиш, математика ва табиий фанлардан саводхонлик даражасини баҳолаш, PIRLS – бош ланғич 4-синф ўқувчиларининг матнни ўқиш ва тушуниш даражасини баҳолаш, TIMSS – 4- ва 8-синф ўқувчиларининг математика ва табиий фанларни ўзлаштириш даражасини баҳолаш, TALIS – раҳбар ва педагогларнинг умумий ўрта таълим муассасаларида ўқитиш, таълим олиш муҳити
ҳамда меҳнат шароитини ўрганиш) тайёргарлигини кучайтириш;
– барча умумтаълим фанлари, биринчи навбатда STEAM (илм-фан, технология, муҳандислик, санъат ва математика) фанларини ўқитиш сифатини ошириш;
– ўқувчиларда ижодий ва танқидий фикрлаш, ахборотни таҳлил қилиш, етакчилик, коммуникативлик, ҳамкорликда ишлаш, муаммоларни ечиш каби кўникмаларни шакллантириш ва ривожлантириш;
– ўқувчиларга ўқув материалларини чуқур ўрганиш ва такрорлашга имконият яратиш;
– босқичма-босқич фанлар ва синфлар бўйича барча мавзуларга оид
видеодарс лар базасини яратиш каби вазифаларни қамраб олди.
Бунда дунёнинг етакчи таълим муассасаларининг тажрибасидан фойдаланилганига шубҳаланмасак ҳам бўлади. Мутасаддилар ушбу лойиҳани такомиллаштириш бўйича изланишлар давом этаётганини айтишди. Шунингдек, «Онлайн мактаб» лойиҳасида фаол қатнашган ўқитувчилар, сурдотаржимонлар ва муҳаррирлар вазирлик томонидан рағбатлантириб келинмоқда экан.
Эътиборли жиҳати – «Таълим тўғрисида»ги қонунга масофавий таълим ҳақида модда киритилди. Қонуннинг 16-моддасига кўра, масофавий таълим ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ таълим олувчилар зарур билим, малака ва кўникмаларни ахборот-коммуникация технологияларидан ҳамда интернетдан фойдаланган ҳолда масофадан туриб олишига қаратилган. Масофавий таълимни ташкил этиш тартибини Ўзбекистон ҳукумати белгилайди.

Мутахассислар нима дейди?

Юқорида асосан масофавий таълимнинг камчиликлари ҳақида гапирган эдик.
Табиийки, унинг афзалликлари ва камчиликлари ҳақида соҳа вакилларининг фикри муҳимроқ. Бу борадаги фикрларини билиш мақсадида мутахассисларга юзландик.

Меҳринисо ПАРДАЕВА,
Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази директорининг ўринбосари:
– Халқ таълими тизимида жорий этилган таълим олишнинг инновацион формати (http://maktab.uz/, https://t.me/ uzeduonlinemaktab) бўйича туғилаётган саволларга жавоб топиш мақсадида масофавий мустақил таълимнинг афзалликларини ўргандик. Улар ўқувчига қулай шароит ва муҳитда таълим олиш, мустақил дарс қилиш вақти ва йўналишини танлаш (видеодарсларни такроран кўриш мумкин) имконини беради. Масалан, бола кун бўйи турли фанларни ёки биттасини, масалан, кимёни ўрганиши, дарсликдаги маълумотларни ўқиши, бирор мавзу бўйича видеотақдимотларни томоша қилиши, топшириқларни бажариши, ҳатто кичик тажриба ўтказиши мумкин.
Дарс қилишда ота-она кўмагидан фойдаланса бўлади, ўзини эркин ҳис қилиши мумкин (нотўғри жавоб бериб қўйиш хавотири бўлмайди). Мактабда бола ўз фаолияти баҳоланишига (ўқитувчининг мақтови, тенгдошларининг олқиши) ўрганган. Бундай фикрлаш тарзида бола ўз муваффақиятсизлигини мағлубият деб билади. Агар вазифани бажара олмаса ёки мавзуни яхши тушунмаса, саводсиз кўринишдан қўрқади. Натижада бола ўқишга қизиқмай қўяди, ўқишни фақат яхши баҳо олиш, ўқитувчи ва ота-онаси талабига жавоб бериш деб қабул қилади.
Турли таълим ресурсларидан онлайн ва мустақил фойдаланишда ўзи учун зарур суръатни танлайди. Масалан, ўқув материалини секин ўзлаштирадиган болалар мактабда ҳеч нарса қила олмасликлари мумкин, аммо масофавий таълимда улар қобилиятини тўлиқ намоён қилади.
Ўрта таълим бўйича ўқув дастури барча мактаблар учун бир хил бўлишига қарамай, масофавий ўқитиш анча кам вақт талаб этади. Мактабда дарс 45 дақиқа давом этади, ўқувчи топшириқни белгиланган муддатдан олдин бажарган бўлса ҳам қўнғироқни кутишга мажбур бўлади. Шунингдек, мактабга бориш ва
келиш учун кетадиган вақтни уйда бошқа машғулотларга сарфлаш
мумкин. Ўқувчи вақтдан самарали фойдаланишни ўрганади.
Бироқ масофавий таълим мактаб таълимининг ўрнини тўлиқ босолмайди ва айрим камчиликлардан ҳам холи эмас. Жумладан, ота-она ўқитувчидек кўмак беролмаслиги мумкин. Ўқувчининг тенгдошлари билан юзма-юз мулоқотда бўлиши, яъни ижтимоийлашув имконияти чекланиб қолади. Асосий камчилик мана шу, яъни жамиятнинг аъзоси сифатида боланинг шахсияти шаклланадиган ижтимоий муҳитнинг йўқлигидир.

Наргиза МАҲМУДОВА,
Яшнобод туманидаги 231-мактабнинг ўзбек тили фани ўқитувчиси:
– Карантин даврида Халқ таълими вазирлиги барча синфлар учун (сурдо таржима билан) онлайн дарслар ташкил қилди. «Онлайн мактаб» рукнидаги телевизион дарсларни тасвирга олишга тажрибали ўқитувчилар жалб этилди. Мазкур жараёнда иштирок этган педагог сифатида айтишим мумкинки, онлайн дарслар анъанавий дарсларга нисбатан сифатли, техник воситалардан тўлиқ фойдаланган ҳолда ўтилди.
Масалан, муаллимларнинг ҳаммасида ҳам бундай воситалар йўқ. Ўз- ўзидан аёнки, бундай дарсларда ўқувчи кўпроқ маълумотга эга бўлади, мавзуни яхши ўзлаштиради.
Одатда анъанавий дарсларда ўқувчи билан ўқитувчи ўртасидаги савол-жавоб орқали боланинг ўзлаштирган билими мустаҳкамланади, бироқ онлайн дарсларда мулоқот қилиш чеклангани сабабли ўқувчининг эмас, ўқитувчининг фаоллиги ошади.
Ўқувчи оддий тингловчи ёки томошабинга айланади. Бугунги кун талаби эса интерфаол дарсларни ташкил этишдир, яъни ўқувчи фаол бўлиши керак. Мана шу ҳолатларда онлайн дарсларнинг камчилиги сезилиб қолади.
Онлайн дарсларда иштирок этган бир қатор фидойи ўқитувчилар «Ўзбекистон Рес публикаси халқ таълими аълочиси» нишони билан тақдирланди. Шунингдек, 20 та ва ундан ортиқ онлайн дарс ўтган ўқитувчиларнинг илғор тажрибалари республика бўйича оммалаштирилиши белгиланди.
«Онлайн мактаб» лойиҳасида қатнашган ўқитувчиларга касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларга бепул йўлланма берилиши режалаштирилди. Буларнинг барчасини маърифат фидойиларига берилган юксак эътибор деб биламан.
«Ҳар ёмоннинг бир яхшиси бор» деганларидек пандемия даврида орттирилган таж риба келажакда асқотиши мумкин.
Бунда фақатгина пандемия каби табиий офатлар назарда тутилмаяпти. Масалан, педагог кадрларнинг етишмовчилиги каби муаммоларга онлайн дарслар орқали ечим топиш мумкин бўлар. Қолаверса, ҳали пандемия буткул чекингани йўқ…
Пандемия сабаб дунёнинг энг илғор таълим муассасалари, етук олимлар, педагоглар онлайн таълим ривожига ҳисса қўшишга ҳаракат қилишмоқда. Масофавий таълимни тан олмайдиган олимлар ҳам бу тизимни эртами-кечми такомиллаштириш кераклигини тан олишди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, масофавий ва анъанавий таълимни таққослаш унчалик тўғри эмас. Ҳар иккисининг ҳам ўзига яраша ютуқ ва камчиликлари бор.
Муҳими самарадорлик. Шунинг учун қандай қилиб самарадорликка эришиш мумкин деган масалани ўрганган маъқул. Зеро, болаларга берилаётган таълим-тарбия юрт тақдирини белгилаб беради.

Фазилат ЁДГОРОВА,
«Huquq» газетаси муҳаррири

Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига хизмат қилган кишига хизмат қилар эдилар. Қуллари, чўрилари давоми...

00:59 / 30.09.2023 1786
Табрик Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм Алҳамду лиллаҳи Роббил аламийн вассолату вассаламу ала хойри холқиҳи давоми...

17:10 / 12.03.2017 10132
23   « » . , , , , , давоми...

22:38 / 29.05.2018 4719