Султонларга қиз бермаган олимнинг валимага пул тополмаган куёви
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Султонларга қиз бермаган олимнинг валимага пул тополмаган куёви

Қиз фарзандга жоҳилиятда инсон сифатида қаралмаган, шу боис ҳандақларга тириклайин ташланиб, кўмилган. Ислом эса жоҳилиятдаги бундай жирканч қарашларга барҳам бериб, қиз фарзандга эътибор қаратди, уларга жаннатга элтувчи илоҳий омонат деб қиймат берди. Қизлар ота ёки онасининг жаннатга киришига ёхуд ундан абадий маҳрум бўлишига сабабчи бўладиган омонатга айландилар...

Ягона ўлчови бойлик бўлган бир ота мол-дунё таъма қилиб қизини бойга узатса, Аллоҳ таоло томонидан омонат қилиб берилган қизини умр бўйи азоб чекадиган қудуққа ташлаган бўлади. Қизларни тириклайин кўмилишдан қутқарган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни мол-дунё, шон-шуҳратга мубтало бўлишдан ҳам муҳофаза қилдилар. Бадавлат саҳобалардан турмушга чиқиш таклифини олган Фотима бинт Қайсга: “Қулнинг ўғли Усома ибн Зайдга турмушга чиқ”, дея энг бахтиёр оилалар қандай барпо қилинишини кўрсатдилар. У зотга эргашган оталар куёвларининг мол-дунёсига эмас, одоб-ахлоқига қарайдиган бўлдилар. Султонларни, валиаҳдларни рад қилган оталар қизларини валимага ҳам пули йўқ, аммо, ахлоқ ва фазилат эгаси бўлган куёвларга никоҳлаб бердилар.

Шундай оталардан бўлмиш аллома Саид ибн Мусаййибнинг олима бир қизи бор эди. Бир куни Мадинага совчилар карвони келди. Ҳамма: “Карвон қаерга борар экан? Умавийлар султонининг ўғли валиаҳд Валидга кимнинг қизини сўрашар экан?” деб қизиқишар эди. Совчилар ҳайъати масжидга кириб, бир четда дарс бериб ўтирган Саид ибн Мусаййиб томон келишди. Ҳайъат Саид ибн Мусаййибнинг олдига келиб турса ҳам, у келган ҳайъатга парво ҳам бермасди. Мадинада кўплар эшигини тақиллатишини орзу қилган совчилар Саид ибн Мусаййибнинг олдида турарди, аммо у дарс билан машғул эди. Ҳайъат дарсни бўлиб ўз истакларини билдириб: “Абдулмалик ибн Марвоннинг ўғли валиаҳд Валид Саид ибн Мусаййибнинг қизига совчи бўлиб келди”, дейишди. Саид ибн Мусаййиб бир муддат сукут сақлади. Атрофидагилар “бош устига” дейишларини кутаётган эди, Саид: “Йўқ! Менинг саройга берадиган қизим йўқ!” деди. Одамлар: “Саид ибн Мусаййиб халифанинг совчиларини рад қилиб, қизини унга бермай, кимга бермоқчи?” деб пичирлашарди. Шундан сўнг Абдулмалик қуда бўлишни истамаган Саид ибн Мусаййибни тузоққа тушириб, ундан қасос олиш учун фурсат пойлади. Совуқ кунларнинг бирида унга юз дарра урдириб, бошига бир челак сув қуйдирди ва жазо сифатида юнгдан тайёрланган жуббани кийдирди.

Ким билади, балки Саид ибн Мусаййибнинг қанчадан қанча талабаси “Устоз Валидга бермаган қизини бизга берармиди?” деб қизига совчи қўйишдан воз кечгандир?!

Саид ибн Мусаййиб дарс ҳалқасига қатнашадиган Абдуллоҳ ибн Абу Вадоа ўша вақтлари дарсга қатнашолмай қолди. Ниҳоят бир кун устозининг олдига борганида, ораларида шундай суҳбат кечди:

‒ Қаерда эдинг?

‒ Аёлим вафот этди. Шу билан овора эдим.

‒ Нега бизга айтмадинг? Биз ҳам унинг жанозасида қатнашардик. Майли, яна уйландингми?

‒ Устоз! Сизга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин! Икки ё уч дирҳамим бор. Менга ким ҳам қизини берарди?

‒ Мана мен бераман, мен.

Саид ибн Мусаййибнинг “Мен бераман” деган гапидан ҳайратга тушиб қолган Абдуллоҳ ибн Aбу Вадоа “Сиз менга қиз берасизми?” деди. У устозининг гапидан ҳайратда қолган эди. “Султон ўғли учун сўраганда рад жавобини берган бу устоз, бутун сармояси уч дирҳам бўлган илм толибига қиз берармиди?” деб ўйлади. Aммо Саид ибн Мусаййиб: “Ҳа, мен сенга қизимни бераман!” деб жавоб қилди. Шундай куёв насиб қилганиданми, ўзига берилган неъматлар учунми ёки саройдан узоқда сақлашга муваффақ қилгани учунми, Aллоҳга ҳамд айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот ва салом айтди. Суннатга мувофиқ никоҳ ҳақида маслаҳат қилинди. Розилик берилди. Дарс ҳалқасига қатнашувчиларнинг гувоҳлигида никоҳ ўқилди. Султоннинг валиаҳдини куёв сифатида қабул қилмаган Саид ибн Мусаййиб қизини маҳрга бор йўғи уч дирҳам бера оладиган илм толиби билан никоҳлади. Устозининг ҳузуридан изн сўраб чиққан Абдуллоҳ ибн Aбу Вадоа хурсандчилигидан нима қилишини билмай қолди. Шошганича уйига кетди. Тўй харажатлари учун кимлардан қарз олишини ўйлади. Шу вақт азон овози эшитилди, масжидга кириб шом намозини ўқиди. Қайтиб уйига келди. Оғзини очиш учун нон ва зайтундан иборат егулигини тайёрлади. Шу пайт эшик тақиллади. “Ким у?” деб сўради Aбдуллоҳ. Эшик ортидан: “Саидман” деган овоз келди. “Қайси Саид?”  деган хаёл ўтди. Саид ибн Мусаййибдан бошқа барча Саидлар хаёлидан ўтди. Ҳаммаси бўлиши мумкин, фақат устози эканлиги хаёлига келмасди. Чунки қирқ йилдан бери одамлар унинг устозини фақатгина уйи ва масжид йўли орасидагина кўришарди. Йўқлаб келганлар уни фақат уйидан ёки масжиддан топа олардилар. Шундай ўй-хаёллар билан ташқарига чиқиб, қаршисида шаҳарнинг катта устози Саид ибн Мусаййибни кўрди. Устозининг бўлажак никоҳ ҳақида бирон нарса сўраш учун келганлигини тахмин қилди. У: “Устоз! Овора бўлиб нима қилардингиз? Хабар жўнатганингизда, ўзим борардим”, деди. Саид ибн Мусаййиб: “Йўқ! Йўқлаб келишларига кўпроқ сен лойиқсан. Чунки бўйдоқ эдинг, энди уйландинг. Шундай ҳолатда тунни ёлғиз ўтказишинг яхши эмас. Мана, сенинг аёлинг бўладиган қизимни ёнингга олиб келдим”, деди. Ҳақиқатдан ҳам қиз устозининг орқасида эди. Қизини у ерда қолдириб, уйига қайтди. Қиз ҳаёсидан ерга йиқилди. Aбу Вадоа эшикка суяб қўйди. Қиз зайтун идишини кўриб, кўнгли хира бўлмасин дея, идишни чироқ соясига суриб қўйди.  Сўнгра уйининг томига чиқиб қўшниларини чақирди. Қўшнилар тезда етиб келишди ва “Нима бўлди?” деб сўрашди. Aбу Вадоа бўлиб ўтган воқеани айтиб берди. Унга ишонишмади. Aбдулмаликнинг валиаҳдини рад қилган Саид ибн Мусаййибнинг унга қиз бериши ҳеч ақлларига сиғмасди. Қизнинг олдига бордилар. Бу хабар унинг онасига ҳам етиб борди, у ҳам тун ярмида келди. Ҳеч ким бу воқеага ишонмаётган эди. Саид ибн Мусаййиб олима қизини уч дирҳамдан бошқа ҳеч вақоси йўқ илм толибига узатган эди. Aбу Вадоанинг онаси унга: “Aгар қизни тўйга тайёрлагунча, уч кун ичида унга тегинсанг, қайтиб юзимни кўрмайсан”, деди. Уч кун кутди, тайёргарлик кўрилди, тўй бўлди. Aбу Вадоанинг қаршисида гўзаллиги тилларда достон бўлган бир қиз турарди. У ҳам қориялиги, ҳам суннатни маҳкам ушлашда ҳаммадан энг юқори даражада эди. Шундай бўлса ҳам, унда ғурур, кибрдан кичик нишона ҳам йўқ эди. Эрнинг ҳаққига ҳурмат борасида ҳам ҳар кимдан риоятлироқ эди.

Давоми бор...

Абдуллоҳ Раҳим ва Нилуфар Исроилова таржимаси

Мавзуга оид мақолалар
Доктор Аҳмад Амин шундай дейди Ҳаётда Аллоҳ таолога имон келтириш бахтнинг энг ширин лаҳзаси ва манбаси давоми...

22:39 / 20.09.2021 2625
Қуддусда, Мисрда эркаклардек курашаётган аёллар Марям онамиздан намуна олишди. Бугуннинг Марямлари давоми...

08:37 / 01.02.2021 3016
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг баъзи жуфти ҳалоллари у зот давоми...

07:00 / 15.08.2020 5207
Бир киши Шаъбийни сўкди. Шунда у Агар мен сен айтгандек бўлсам, Аллоҳ таоло мени кечирсин. Агар мен ундай давоми...

23:00 / 27.01.2022 3204