МУКАММАЛ ҲИЖОБ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саттор Зот бўлмиш Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!

«Аёл киши авратдир», «Ҳаё иймондандир», дея марҳамат қилган иффатли зот Набийимизга салоту саломлар бўлсин!

Аллоҳ таоло аёлларга ҳижобни фарз қилиб, шундай дейди:

«Мўминаларга айт: «Кўзларини тийсинлар, фаржларини сақласинлар ва зийнатларини кўрсатмасинлар, фақат зоҳир бўлганлари мустасно. Рўмолларини кўксларига тўсиб юрсинлар» (Нур сураси, 31-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳижоб ҳақида қуйидагилар ворид бўлган:

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Асмо бинт Абу Бакр розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига юпқа кийим билан кирди. У зот ундан юзларини ўгириб олдилар ва: «Эй Асмо! Аёл киши балоғатга етганидан кейин унинг мана бу ва мана бундан бошқа жойи кўринмаслиги керак», деб икки кафтлари ва юзларига ишора қилдилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Балоғатга етган аёл номаҳрамлар ҳузурида авратларини ёпиши кераклиги кўпчиликка сир эмас. Аёл кишининг аврат чегараси ҳам кўпчиликка маълум. Аммо ҳозирги кундаги биз гувоҳи бўлиб турган ҳижобланиш ҳолатларини шариатга тўла мувофиқ дея оламизми? Афсуски, «ҳижоб» сўзининг мазмун-моҳиятини тўлиқ англаб олмаганлар ҳам бисёр. Бунга баъзи аёлларимизнинг бугунги кундаги юриш-туришлари, ташқи кўринишлари, кийинишлари очиқ-ойдин далилдир. Шунингдек, кўпчилик ҳижоб деганда ҳар қандай кийим билан аёл киши ёпиши керак бўлган жойларни ёпишни тушунади, холос. Шунигина олиб, бошқа жиҳатларини олмайдилар, эътибор ҳам бермайдилар. Баъзилар учун эса гўёки бошни бир парча латта билан беркитиб олса, ундан бошқа ҳамма нарсани қилиш мумкиндек.

Келинг, аввало «ҳижоб» сўзининг маъносини тушуниб олайлик. Унинг маъноси тўсиқдир, яъни аёл кишининг аврат жойларини номаҳрамлардан тўсишидир. Аврат деганда ёпилиши керак бўлган, очилиб қолса айб бўладиган нарса тушунилади. Аёл кишининг юзи, қўлнинг икки кафти, тўпиқдан пастки қисмидан бошқа ҳамма жойи авратдир. Авратни тўсишдан мақсад эса номаҳрам эркакнинг эътиборини ўзига жалб қилмаслик, хаёлини бузмасликдир. Мана шу ҳижобнинг маъноси ва энг катта шартидир.

Энди ижозатингиз билан ҳижобнинг эътибор қилинмаётган жиҳатларини бирма-бир ўрганиб чиқайлик.

Аввало шуни таъкидлаб ўтишимиз лозимки, аслида аёлнинг бутун жисми авратдир. Лекин аёл киши ҳам инсон бўлгани учун, инсоний эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда маълум бир шартларга кўра уйидан ташқарига чиқишига ва номаҳрамларга рўбарў бўлишига рухсат берилади.

Аёл киши нафақат жисмини, балки овозини, назарини, ҳаракат ва бўйини ҳам сатр қилиши, яъни тўсиши, яшириши, беркитиши лозим.

Ҳижобнинг иккита асосий шарти бор.

Биринчи шарти: баданнинг ранги кўринмаслиги. Баданнинг ранги билинмаслигига юқоридаги ҳадис далил бўлади. Ҳадисга кўра аёл кишининг номаҳрамлар кўзи тушадиган жойларда киядиган кийими шаффоф бўлмаслиги, матонинг тагидаги бадан кўринмаслиги шартдир.

Иккинчи шарти: тананинг шаклини билдирмаслиги. Мана шу – ҳижобнинг ҳозирги аёллар томонидан энг кўп бузилаётган шартидир.

Кузатишларимдан шуни хулоса қилиб айтаманки, кўпчилик аёллар ниҳоятда тор кийим киядилар, бунинг устига, рўмолларини кичик қилиб ўраб, тор кийимларидан шакли яққол билиниб турган кўкракларини тўсмайдилар. Ҳаттоки устиларига абая (чопонсифат кийим) ташлаб оладиган аёллар айнан кўкрак қисмини бўрттириб оладилар. Кўкрак эса эркакларни энг кўп мафтун қиладиган, ўзига жалб қиладиган аъзодир. Ваҳоланки, ояти каримада: «Рўмолларини кўксларига тўсиб юрсинлар», деб очиқ-ойдин айтилган. Шунингдек, белига белбоғ тақиб, ёки тор кийим билан белларини билдириб оладиган аёл-қизларни ҳам ҳар қадамда учратиш мумкин. Бел ҳам, ундан пасти ҳам эркакларнинг диққатини тортадиган аъзолардир.

Бугунги куннинг яна бир офати – тор шимлардир. Шим бўлса ҳам майли эди, баданга ёпишиб турадиган бундай «шайтоннинг лозим»лари нафақат сон ва болдирнинг шаклини, балки баданнинг чизиқларигача билдириб туради! Устозларимизнинг айтишларича, аёлнинг бундай очилиши эркакнинг хаёлини яхшигина бузади. Қани энди буни аёллар тушуниб етишса!

Ундан ҳам каттароқ офат – орқа қисмни билдириб кийим кийиш. Ҳозирги кунда ахлоқи бузуқ аёлларда эркакларнинг ҳирсини кўзғаш учун атай ортларига эътибор бериб, турли шаклларга солиб, бўрттириб кўрсатиш урфга айланиб бўлди. Албатта, мўмина-муслималар бу борада ниҳоятда эҳтиёт бўлсинлар! Ўзларини ҳам, уларга назар солиб, хаёли бўлинадиган эркакларни ҳам дўзах оловига ташламасинлар!

«Ҳижоб»ли аёлларнинг сатрга нисбатан энг катта айблари – пардоз-андозда ҳаддан ошишларидир. Гўёки рўмол ўраганларининг ўзи кифоя, бу ҳолатда пардозга истаганларича эрк беришлари мумкиндек. Кўплаб ҳижобли аёлларнинг фақат юзларини, кўз-қошларини бўяб, пардоз бериш билан кифояланмай, сунъийликка берилиб кетаётганлари, ясама қош қўйиш-у, киприк улашдан тортиб, лабларига бошқача шакл беришга ружу қўяётганлари ачинарли ҳолатдир. Муслималар бу амалиётларни қилиш у ёқда турсин, хаёлига келтиришни ҳам ўзлари учун ор-номус деб билишлари керак аслида. Тўғрисини айтганда, бу ишлар шариат аҳкомларини ўйин қилишдан, рўмолни майна қилишдан бошқа нарса эмас. Буларнинг барчаси эркакларни ўзига қаратишга сабаб бўлгани учун ҳижобнинг шартларига тамоман зиддир. Зеро, Аллоҳ таоло: «Зийнатларини кўрсатмасинлар», дея амр қилган.

Яна бир масала – хушбўй сепиб, номаҳрамларга унинг ҳидини туйдириш.

Имом Термизий Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир аёл атир сепиб олиб, бир мажлис аҳли олдидан ўтса, бундоқдир, бундоқдир», деб оғир гап айтганлар.

Имом Насаий шундай ривоят келтирадилар:

«Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бир аёлда хушбўй ҳидни сезиб қолиб, «Сен ҳозир масжиддан келдингми?» дедилар. У аёл: «Ҳа», деди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай дедилар: «Мен ўз ҳабибим, Абулқосим соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Аёл киши масжидга хушбўй атир сепиб келса, токи жунубликдан кейин ғусл қилгандек ғусл қилмагунича Аллоҳ таоло унинг намозини қабул қилмайди», деганларини эшитганман». 

Ҳижобни даъво қиладиган аёллардан бундай иш содир бўлиши ачинарли ҳолдир.

Шунингдек, мастура аёллар пошнали оёқ кийим кийиб, унинг таққиллаган овози билан эркакларнинг хаёлини бузишдан, уларнинг гуноҳига сабаб бўлишдан эҳтиёт бўлсинлар. Эркакларнинг пошнанинг тақиллаган овозидан таъсирланишлари сир эмас, ҳаётда бундай гапларга кўп гувоҳ бўлинган. Бу қайтариққа Аллоҳ таолонинг «Махфий зийнатларини билдириш учун оёқларини (ерга) урмасинлар» (Нур сураси, 31-оят) деган ояти асос бўлади. Бунинг устига, пошнали пойабзал аёл кишини янада сарвқомат қилиб кўрсатади.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, мўминалар нафақат либос ва зийнатларини, балки нигоҳларини ҳам назорат қилишлари лозим. Чунки номаҳрамнинг кўзига тик қараш қараганнинг ҳам, қарши тарафнинг ҳам хаёли бузилишига олиб бориши сир эмас. Аллоҳ таоло юқорида келтирилган оятда: «Мўминаларга айт: «Кўзларини тийсинлар…» демоқда.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдим. Бир киши у зотнинг олдиларига келиб, бир ансория аёлга уйланмоқчилигини айтди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унга назар солдингми?» дедилар. «Йўқ», деди у. «Бориб, унга назар сол! Ансорийларнинг кўзида бир нарсаси бўлади», дедилар».

Муслим ва Насоий ривоят қилганлар.

Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мен бир аёлга совчи қўймоқчи эдим, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унга назар солгин, бундай қилиш орангиздаги бардавомлик учун керакдир», дедилар».

Насоий ва Термизий ривоят қилганлар.

Эътибор беринг, уйланиши тайин бўлган саҳобийларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай маслаҳат беряптилар:

«Унга назар сол! Ансорийларнинг кўзида бир нарсаси бўлади», «Унга назар сол, чунки бундай қилиш орангиздаги бардавомлик учун керакдир». 

Кўриниб турибдики, аёл кишига қараш қалбда унга нисбатан боғлиқлик, муҳаббат уйғотади. Демак, назар солган одамнинг кўнглида ҳам шунга мойиллик уйғонади. Шунинг учун аёл киши бировнинг эътиборини жалб қиладиган ҳар қандай ҳолатга йўл қўймаслиги керак, айни пайтда ўзи ҳам нигоҳини назорат қилиши, кўзини тийиши керак.

Яна бир масала: муслималарнинг номаҳрамларга майин овозда, ноз-карашма билан, жилвакор овозда гапиришлари ҳам Аллоҳ таоло қайтарган ишлардандир. У Зот Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

«…майин сўз қилманг, яна қалбида касали бор бўлган тама қилиб юрмасин» (Аҳзоб сураси, 32-оят). 

Бегона эркакка эркаланиб, ноз-карашма билан гапирадиган, овозини бемалол баланд кўтарадиган, орқа-олдига қарамасдан хахолаб куладиган аёлларимиз камми? Улар кулги овозининг ҳам эркакларга таъсири борлигини хаёлларига келтирармикинлар?

Энг катта қоидалардан бири – аёлнинг номаҳрам билан ёлғиз қолмаслигидир. Акс ҳолда учинчилари шайтон бўлади.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, маҳрами йўқ аёл билан холи қолмасин, акс ҳолда учинчилари шайтон бўлади», деганлар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, аёл киши ҳар бир хатти-ҳаракатида сатрли бўлмоғи лозим. Саҳобия аёллар ибодатга қатнаганларида йўлнинг бир четидан, девор тагидан бориб келганликлари, эркакларга аралашиб юриш у ёқда турсин, имкон қадар уларнинг назаридан четда бўлишга уринганлари ҳадисларда айтилган.

Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Абу Усайд Ансорий айтадилар: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам масжид ташқарисида туриб, йўлда эркаклар билан аёллар аралашиб кетганини кўрдилар ва аёлларга: «Сизлар орқада қолинглар, йўлнинг ўртасидан эмас, чеккасидан юринглар!» дедилар. Аёллар девор тагидан юра бошладилар. Улар деворга жуда яқин юрганларидан кийимлари унга тегиб кетар эди».

Ҳозирги кунимизда-чи?! Кўпчилик аёллар эркакларга рўпара келиб қолса, ўзини бир чеккага олишни, тортинишни билишмайди. Тап тортмай, эркакларнинг устига юриб кетадиганлари қанча...

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифларида дўзахийларни сифатлаб туриб, шундай деганлар:

«…Бир аёлларки, улар кийим кийган яланғочдир, бировни ҳам йўлдан оздиради, ўзи ҳам йўлдан озади. Бошлари худди туянинг қийшайган ўркачига ўхшайди. Улар жаннатга кирмаслар, унинг ҳидини ҳам топмаслар. Ваҳоланки, унинг ҳиди фалон-фалон масофадан келиб туради».

«Бир аёлларки, улар кийим кийган яланғочдир», яъни кийим кийиб юришади, лекин яланғочдан фарқи бўлмайди. Кийими калта ва юпқалигидан авратлари очилиб, остидаги жамики нарса кўриниб, билиниб туради. Улар бу қилмишлари билан «бировни ҳам йўлдан оздиради», яъни бошқа аёлларни ҳам йўлдан оздирадилар. Айниқса ёш қизларни ўзларига эргаштириб, тўғри йўлдан адаштирадилар. Шунингдек, кўча-кўйда, жамоатчилик жойларида мазкур шармандали ҳолатда юриб, эркакларни ҳам гуноҳга ботирадилар.

Айни пайтда, уларнинг «ўзи ҳам йўлдан озади», яъни йўлдан озган одамгина устига енгил-елпи либос илиб, «кийимли  яланғоч» бўлиб, кўча-кўйда бемалол юради. Ҳозирги кунда атрофга назар солган киши ушбу ҳадиси шариф айнан бизнинг замонамиз ҳақида айтилганига амин бўлади. Бошқа миллатларни қўятурайлик, ўзини муслима деб билган ўзбек аёлларнинг очиқ-сочиқ кийиниши жуда кўп муаммоларга сабаб бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бу муаммони ҳал қилишнинг биргина йўли набавий насиҳатга амал қилишдир.

Бу муборак ҳадисда ҳозирги кундаги «Кўнглим тоза», дея даъво қиладиганларга раддия бор. Уларнинг қалби «тоза» бўлса ҳам, ҳадисда айтилганидек, бундай юриши эркакларнинг хаёлини чалғитади. Аммо бу чалғиш аёлларга ҳам тааллуқли – улар ўзининг шариатга тўғри келмайдиган бундай кўриниши, хатти-ҳаракати ва ахлоқи билан бошқа кўплаб аёлларни, айниқса ёш қизларни ўзининг ортидан эргаштиради. Бугунги кунда бунинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Шунингдек, бундай даъво қилувчилар эркакларни ҳам йўлдан урадилар. Бунга ҳам шоҳидмиз. Оқибатда пуч даъволарига қарамай, охиратда жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайдилар. Бу эса жаннатга яқин ҳам келмайдилар, деганидир.

Сўзимнинг сўнгида ҳижобга тўлиқ амал қилмаётган опа-сингилларимни Аллоҳ таоло берган ақлларини ишлатишга чорлаб айтаманки, улар эркак кишининг табиати ҳақида фикр юритиб кўрсинлар. Ҳали турмуш қурмаган қизларимиз буни билмасалар, уларнинг узрини тушуниш мумкин. Аммо турмуш қурган, эр кўрган аёллар эркакнинг ҳақиқатини била туриб, қандай қилиб ҳижоб масаласига бу қадар енгил қарашлари мумкин?! Бу гапларни очиқ айтаётганим учун мени маъзур тутгайсиз. Аммо очиқчасига айтишдан бошқа чора қолмаяпти. Ҳижобга мукаммал амал қилмаслик, эркакни ўзига жалб қилиш, унинг хаёлотига, тасаввур оламига кириб бориш, оқибатда хаёлида ўша аёл билан истаганича тасарруф қилишига эшик очиш эмасми? Шу ҳақда бир ўйлаб, фикр юритиб кўрсалар, фойдадан холи бўлмас эди.

Бу нуқсонларни тўғрилашнинг йўли битта – у ҳам бўлса, саҳобияларимизнинг йўлларидан юриш, қуйида келтириладиган ҳадисда зикр қилинганидек, «Эшитдик ва итоат қилдик», дея Аллоҳнинг амрини дарҳол бажо келтиришдир.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Биринчи муҳожира аёлларга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин! «Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар» ояти нозил бўлганда улар ёпинчиқларини йиртиб, рўмол қилиб олишди».

Бошқа ривоятда:

«Изорларини олиб, ҳошияси томонидан йиртиб, рўмол қилиб олишди», дейилган.

Аллоҳ таоло барча аёлларимизга иффат, ҳаё ва ибо ато қилсин, ҳақиқий мастура, маҳжуба бўлишни насиб қилсин, инсоф-тавфиқ бериб, Ўзининг тўғри йўлидан адаштирмасин!

Мавзуга оид мақолалар
САВОЛ Яқинлик чоғида маний тўкилмаса ҳам ғусл вожиб бўладими ЖАВОБ Кўпчилик жинсий аъзога яқинлик чоғида давоми...

16:38 / 24.04.2017 6778
Қунут дуоси витр намозининг учинчи ракъатида ўқилади. Уни ўқимоқ вожибдир. Шунинг учун билмаганлар учун давоми...

20:06 / 09.01.2017 39999