Мулоҳаза: Асл бахтнинг ўлчови
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва асҳоби киром яшаган даврга «Асри саодат», яъни «бахтиёрлик даври» деймиз. Нима учун шундай таъриф берилгани ҳеч сизни ўйлантирганми?

Бугунги мезонлар билан қараганда, ҳамма шароити муҳайё уйидан ташқари дала-ҳовлиси бўлгани, тез-тез саёҳатларга чиқишгани ёки хоҳлаган пайти кўнгли тусаганни еб-ичиб, кийишгани сабаблими? Ёки хоналари қишда иссиқ, ёзда салқин, маоши мўл, вақтида таътил берадиган ишхоналарда хизмат қилишгани учун эдими бу бахт? Ёхуд мол-дунёси бисёрлиги, ҳалол-ҳаром ажратмай, истаган ишини қилишга имкон топа олишгани учун завқланиб яшашганми?..

Саволларни узоқ давом эттириш мумкин. Шу ерда тўхтасак-да, Ислом илк майдонга чиққан ерга хаёлан саёҳат қилсак... Атроф бийдай чўл. Мева-чева, сабзавот у ёқда турсин, бир дона гиёҳ ҳам битмайдиган жой. Қудуқ қазиб, минг машаққат билан сув чиқарилади. Ёмғир ҳам кўп ёғавермайди. Уйлар-чи? Хомашёси асосан лой, кўпчилигига эшик, дераза ўрнига мато тортиб қўйилган. Кўтарсанг, очилади, туширсанг, ёпилади. Гилам, овқатланиш столи, дам олиш хонаси, бир дунё еб-ичиш, овқат тайёрлаш жиҳозлари тугул алоҳида ошхонанинг ўзи йўқ. Битта тўшама, яна бирорта ёпинчиқ, икки-учта идиш, баъзан бир-иккита ёстиқ...

Ҳаво иссиқ, жазирама. Совуқ сув йўқ. Таом аниқ: хурмо, гўшт, сут, тижорий йўл билан бошқа ўлкалардан келтирилган сабзавот, мевалар. Улар ҳам турли-туман эмас, фақат узоқ чўл ва денгиз йўлига чидай оладиганлари...

Одамлар ваҳшийлашган, бир-бирини ўлдириш учун қилдан қийиқ ахтаради. Қуллар, аёллар, болалар ҳимоясиз; «хўжайин» ғазабига учрамаслик учун елиб-югуради. Қиз фарзандлар тириклай кўмилади, чунки улар ортидан келадиган шармандаликдан кўра, шу маъқул. Кимлардир бу ишни ризқ ғамида қилади, битта тириктовон кўпаймасин дейди...

Энди тасаввур этинг, ҳамма нарса аралаш-қуралаш бўлиб турган шундай пайтда бир одам чиқиб: «Аллоҳ менга ваҳий туширди; мавжуд тартиблар ўзгаради!» деса, нима бўлади? Албатта, унинг ўзи ҳам, эргашувчилари ҳам қаттиқ қаршиликка учрайди.

Шундай бўлди ҳам. Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарликларини эълон қилдилар. Ўша ондан эътиборан у зотга ва иймон келтирган саҳобаларига зулмлар бошланди. Иссиқ ялангликларда оч-сувсиз қолдириш, калтаклаш, ҳақоратлаш, кишанлаш... Чидаб бўлмас ҳолга етганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрдилар:

– Аллоҳ учун юртни тарк этинг, жонингиз ва динингизни қутқаринг!

Энди яна бошқа қийинчилик бошланди – оила, бола-чақа, ўрганган яшаш тарзи, тижорати, боғ-боғчаси, хуллас, ҳамма нарсани ташлаб нотаниш ер томон йўлга чиқишди. «Мени ким кутиб олади? Қаерда яшайман? Нима иш қиламан?» каби ўйлар қошида иккиланмасдан қадам ташлашди. Бироқ юракда ҳар он қўлга тушиб қолиш, қийноққа солиниш хавфи; азиз маскандан, ваҳийдан, Пайғамбар алайҳиссаломдан айро тушиш изтироби...

Буларга чидолмай, ортга қайтишса, яна ўша аҳвол. Йўлларида давом этишса, икки карра азоб. Ҳамманинг хаёлида бир ўй: «Агар Пайғамбар алайҳиссалом ёнларида бўлсак, у зотдан куч олардик...» Бунинг устига Макка мусулмонлари ҳақида хавотирли хабарлар етиб келади. Нима қилишини билмай, изига қайтганлар кўрдики, зулм ошгандан ошган, қийноқ кучайгандан-кучайган: мусулмонлар ажратиб қўйилган, улар яшаётган жойга на кириш бор ва на чиқиш. Улар билан гаплашиш, қиз олиб-бериш тақиқланган. Очликдан ўлган ҳам ўша ерда, гўдаклар, оналарнинг нолалари ҳам. Бироқ саховатни мақтаган, қариндоши учун ўлишга тайёрлигини даъво қилган араблар «Роббим Аллоҳ!» дейишдан бошқа айби йўқ яқинлари қаршисида кўзу қулоғини беркитиб олган.

Уч йил шу тарзда ўтди. Пайғамбар алайҳиссаломга энг катта таянч бўлган Абу Толиб билан вафодор аёллари вафот этди. Қийинчиликлар, машаққатлар ичра ўтди ҳазрат Хадича. Иккита гўдагини тупроққа топшириб, ортда тўрт қизини қолдириб, ортига боқа-боқа муборак завжига видо айтди тоҳира онамиз...

Пайғамбар алайҳиссалом маҳзун, чорасиз. Роуфу роҳим пайғамбар ўз изтиробларидан кўра мўмин биродарлари ҳолидан кўпроқ оғринадилар. Каъбада ибодат қилиш, намоз ўқиш ҳам имконсиз ҳолга келган. Ҳақоратлаш, мазахлар... Ҳатто бир сафар саждада пайтларида устиларига туянинг қорнини ташлашди. Кичкинагина Фотиманинг баддуоси шафқатсиз мушриклар кулгусини тўхтатди. Расулуллоҳ қизларининг кўзёшини артдилар: «Йиғлама, қизим. Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ».
Кейин Тоифга чақиришди. Пайғамбар алайҳиссалом мусулмонларга паноҳ топилар деган умидда отландилар. Бу гал тошбўронга учрадилар. «Улар билишмайди. Билишганида бундай қилишмасди», дедилар шафқат пайғамбари. Сўнгра ниёз этдилар:
– Раббим, ожизлигим, чорасизлигимни Ўзингга арз қиламан. Агар Сен мендан рози бўлсанг, бу ишлар ҳеч нарса эмас!
Ниҳоят Мадинага ҳижрат учун илоҳий изн келди. Энди йўлга чиққанлар ҳам номаълумлик томон кетмоқда, бироқ тасалли улар билан бирга – Расулуллоҳ алайҳиссалом!
Чўлларни жаннат боғчаларига айлантириб, қоронғи кечаларни ойдинлатиб Мадина томон юришди. Ясриб уларга бағрини кенг очди.
Бироқ ғазабнок Макка мушриклари уларни тинч қўярмиди?! Мусулмонлар икки хавф орасида қолишди: ташқаридан Макка мушриклари, ичкаридан яҳудий қабилалари ва ичи билан таши бир бўлмаган мунофиқлар. Имкон топиши билан мусулмонларни ер тишлатиш учун пайт пойлайди. Уҳудда, Хандақда қисман ниятларига етишди ҳам. Бироқ Пайғамбар алайҳиссалом хиёнаткорларга тегмасликни буюрдилар: «Муҳаммад асҳобини ўлдиришни бошлади дейишларини истамайман!» Кўтарилган муштлар иложсиз пастга тушди, қиличлар қинига солинди...
Муҳожирликда ҳам очлик, йўқчилик ортларидан қолмади. Расулуллоҳ қоринларига тош боғлаб юрардилар. Кундузлари ейдиган ҳеч нима йўқлиги сабабли рўза тутар, кечалари тонггача берган неъматлари учун Аллоҳга шукр айтиб, намоз ўқирдилар, умматларига афв сўрардилар...
Уйлари – тўрт девор, оёқ ости тупроқ. Ётоқлари – бўйра, юзларига изи тушган. Бироқ тилу дилларида доимий шукр. Бошқа мусулмонлар ҳам шу – эрталабгача уйларида тиловат саслари тинмайди. Тунлари давомли намоз ўқишади. Чунки улар билади: бу дунё ўткинчи; иймон неъмати – буюк лутф. Ислом ўзларини қай даражага етказганини англагани учун ҳам бахтли улар. Шунинг учун яшаган даврлари «Саодат асри» дейилади!
Бизнинг тушунчамиздаги бахтни ифодалайдиган «ўзи билан ўзи ёлғиз қолиш»га, «ҳеч ким халақит бермай, хоҳлаганча сайр қилиш»га, «тўйиб ухлаш»га, «лаззатли таомлардан истаганча ейиш»га уларни на вақти, на имкони бўлган. Балки хоҳишлари бўлгандир?.. Масалан, Табукка бормаган уч саҳобий сингари... ёки кундошдан Пайғамбар алайҳиссаломни қизғаниб ҳийла уюштирган оналаримиз каби... Бироқ бу рўйхат узоқ давом этмайди. Чунки улар асл ҳаёт охират ҳаёти экани ҳақидаги оятлар тушишига шахсан гувоҳ бўлган, ҳақиқий бахт Аллоҳ розилигида эканини тушунган, шунга кўра яшаган одамлар.
Улар оёқлари шишиб кетгунича намоз ўқиш, лаблари қуриб-қақшаб кетгунича рўза тутиш, бир неча кунда Қуръони Каримни хатм қилиш билан бахтли эдилар. Улар учун халифа бўла туриб ун тўла қопни елкага ортмоқлаб муҳтожларга тарқатиш; сафларни қўрқувсиз ёриб кириб ё шаҳид, ё ғозийликка эришиш саодат эди. Улар Расулуллоҳ мактубларини золим ҳукмдорлар қаршисида жасорат ила ўқишни; ё сўзи, ё амали ила бир кишини Исломга дохил этишни бахт деб билишарди.
Энди ўйлаб кўрайлик: умрининг кўп қисми меҳнат-машаққатда ўтган саҳобийлар бахтлими ёки қулайлик кетидан қулайлик қидириб, хоҳлаганига эришганида ҳам ҳузур тополмаётган биз бахтлимизми?

Зумрад Фозилжон қизи тайёрлади
«Ҳилол» журналининг 1(22) сонида

Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳдан паноҳ излаш Аллоҳ таолога одобдир Аллоҳнинг Расули Муҳаммад Мустафони соллаллоҳу алайҳи давоми...

16:04 / 03.04.2019 3962
ҲАЙИТ ТОҒОРАЛАРИ МОЖАРОЛАРИ 1қисм Бугун ёшларнинг турмушлари бузилишида келинкуёвларни бир четга қўйиб, давоми...

12:43 / 31.08.2017 4256
Такбири таҳрима Намозни бошлаганда икки қўлни елка баробарида кўтариб, кейин айтиладиган такбир. Ҳанафий давоми...

22:30 / 13.12.2016 7347
Айни дамда Ҳилолнашр нашриёти анжуманлар залида Юнусобод туман бош имомхатиби Раҳматуллоҳ қори давоми...

17:01 / 30.05.2018 3451