ИДИШНИНГ МАҒФИРАТ СЎРАШИДАН МУРОД НИМА?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Нубайшатул Хойр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки бирор идишдан таомланиб, сўнг уни ялаб тозалаб қўйса, идиш унинг ҳаққига мағфират сўрайди”, дедилар”. (Термизий ривояти.)

 Шарҳ: Идишнинг уни тозалаб қўйган инсон ҳаққига дуо қилиши ҳақиқий маънога ҳамл қилинадими ёки ундан мажозий маъно ирода қилинганми? Тийбий раҳматуллоҳи алайҳ айтишларича, идишнинг истиғфор айтишидан мурод – овқат егувчининг бу амали унинг тавозели ва кибрдан холи эканига далолат қилади ҳамда бу мағфират қилинишига сабаб бўлади. Идиш у инсоннинг кечирилишига боис бўлгани учун мағфират нисбати буюмга берилиб, товоқ унга истиғфор айтади, дейилмоқда. Агар идишнинг истиғфор айтиши ҳақиқий маънога ҳамл қилинса ҳам, ҳақиқатдан узоқ бўлмайди. Чунки Қуръони Каримда шундай марҳамат қилинади: “Осмонлару ердаги барча нарсалар Хожа, Бенуқсон, Азиз, Ҳаким Аллоҳга тасбеҳ айтадир” (Жума сураси, 1-оят). Бошқа бир оятда эса шундай дейилади: “Осмонлардаги нарсалар ва ердаги нарсалар Аллоҳга тасбеҳ айтурлар. Мулк Унга хосдир, мақтов ҳам Унга хосдир ва У барча нарсага қодирдир” (Тағобун сураси, 1-оят).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Биз мўъжизаларни барака деб билар эдик, сизлар эса уларни таҳдид деб ҳисоблайсизлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафардалигимизда сув озайди. Шунда у зот: “Сувдан ортиқчасини талаб қилинглар”, дедилар. Шунда озгина суви бор идишни келтирдилар. У зот қўлларини идишга киргазиб, сўнг: “Муборак тоҳур (сув)га келинглар. Барака эса Аллоҳ таолодандир”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бармоқлари орасидан сув оқиб тушаётганини кўрдим. Биз ейилаётган таомнинг тасбеҳ айтганини эшитар эдик” (Имом Бухорий ривояти). Саҳоба розияллоҳу анҳуларнинг ўз қулоқлари билан овқат тасбеҳ айтаётганини эшитганларида бирор шубҳа бўлмаганидек, овқат идишининг таомланувчи ҳаққига истиғфор айтишида ҳам гумон бўлиши мумкин эмас! Бу ҳақда Румий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Тупроқ, шамол, сув ва олов бандадир. Улар мен билан сенинг ҳаққингда мурда, Аллоҳ таоло ҳаққида эса тирикдир”. Шу боис бу каби ҳадислардан ҳақиқий маъно тушунилади. Суютий раҳматуллоҳи алайҳ Ҳофиз Ироқий раҳматуллоҳи алайҳдан қуйидагиларни нақл қилиб келтирганлар: “Аллоҳ таоло овқат идишига алоҳида имтиёз ва нутқ пайдо қилган. Шу имтиёз ила идиш мағфират сўраб дуо қилади”. Бошқа бир ривоятда овқат идиши томонидан қилинган қуйидаги дуо нақл қилинган:

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши овқат идишини ялаб қўйса, идиш унга истиғфор айтиб: “Аллоҳим! Мени шайтон қўлидан озод қилгани каби уни дўзахдан озод қилгин”, дейди”, дедилар” (“Жомеъ ул-аҳодис”).

Абдулатиф Аллоқулов

Мавзуга оид мақолалар
  Куни кеча ЎМИ мажлислар залида Қуръон мусобақаси 2018 Республика босқичи олдидан ташкилий қўмита йиғилиши давоми...

18:57 / 09.04.2018 3522
Макруҳ Шариат қатъий бўлмаган далил ила тарк қилишни жазм ила талаб қилган нарса макруҳи бўлади. давоми...

12:31 / 21.04.2017 5398
 Муҳаббатга мубтало бўлиб Бир йигит бор эди. Олий ўқув даргоҳида бир қизни ёқтириб,  унга уйланмоқчи давоми...

06:24 / 27.12.2016 3857
       Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ҳамнафас бўлиш неъматини давоми...

20:23 / 28.02.2017 6456