Қулоқларимизни очган азон қалбларимизни ҳам очсин!
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Азон саси остида қолган осуда шаҳарни бир парча деразадан томоша қилар эканман, томоғимга аччиқ бир нарса тиқилди, одатда бундай дамларда кўз ёшимни тиёлмайман. Шу онда хаёлимга келганлардан қўрқиб кетдим.

Ишлашдан нолидинг, мана уйдасан. Силаи раҳмдан узоқлашдинг, вақтни баҳона қилдинг, энди эса вақтинг бемалол, аммо ҳеч қаерга боролмайсан. Қўлингда борига қаноат қилмай, ношукрликка берилдинг. Лекин инсон учун ҳаммасидан муҳими, йўқолса топилмайдигани нима эканлигини англадинг. Ҳозир ўзинг билмаган ҳолда яна норизоликка йўл қўйиб, ушбу ҳолингдан ҳам мосуво бўлиб қолма.

Хуфтон намозига азон айтила бошланди... Азон товуши гўёки қулоқларим остида янграётгандек... Авваллари ҳам шундай бўлганми ёки менинг қулоқларим берк эдими?

Инсон табиати кўникувчан этиб яратилганига яна бир бор амин бўлдим. Фақатгина кўникишнинг ҳам чиройли йўли бор: гўзал сабр қила олиш. Аммо, кимлардир кўникади, яна кимлар гўзал сабр йўлидан юрадилар.

Афсуски, неъматларни борида "неъмат" деб билмаслик, қадрига етмаслик, шукрини келтирмаслик ортидан келган бўлса бу сабрталаб кунлар. Балки, бошимиз узра кезиб юрган дарднинг давоси "истиғфор" эканлигини ҳанузгача англаб етмаганимиз ҳам яна дард устига дарддир.

Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, мўминга келган синов ҳам мўминнинг фойдаси учун. Биз соғиниб кутаётган ҳаёт тарзи эвазига меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, шукр қилиш, дуоларни гўзаллаштириш, поклик, ибодатга муҳаббат ва энг муҳими азон товушини баландроқ, қулоқларимиз очилган ҳолда тинглашни ўргандик. Очилган қулоқлардан кирган азон қалбларимизни ҳам очишига умидвормиз!

Аллоҳ таоло юборган синовлар учун гўзал сабр тилар эканман, хонадонларимиз покликдан, қалбларимиз имон ҳаловатидан, онгимиз илм олишдан, тилларимиз шукр қилишдан, қулоқларимиз азон эшитишдан, жисм-у руҳимиз ибодат қилишдан тўхтамаслигини сўраб қоламан.

Муаззам Ражаббоева

Мавзуга оид мақолалар
Халқаро Олимпия ўйинларига одатда турли дин ва миллатларга мансуб кўплаб ўйинчилар ташриф буюришади.Бир давоми...

00:26 / 14.02.2020 3220
Москвада муслима аёллар ташкилотларининг ўн биринчи Умумроссия қурултойи бўлиб ўтди.2023 йил. 22 июль. Москва. давоми...

08:17 / 24.07.2023 1461
Буюк соҳибқирон Амир Темур Хитой урушидан қайтгандан сўнг Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратларининг шарафига давоми...

03:18 / 28.12.2020 2867
Эркак ва аёлдан ташкил топган жуфтлик оила деб номланган кичик бир жамоани юзага келтиради. Оила эса давоми...

02:08 / 04.03.2020 4942