АЛЛОҲДАН ТАЛАБ ҚИЛИНАДИГАН ЭНГ ЯХШИ НАРСА
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 У Зотдан сен талаб қиладиган энг яхши нарса У сендан талаб қиладиган нарсадир. 

Банда талаби дуо қилганида аввало Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бандасидан талаб қилган нарсани сўраши лозим бўлади. Қисқа қилиб айтилса, ибодатни. У Зот ояти каримада марҳамат қилиб айтади:

 ««Зарийат» “”Жин ва инсни фақатгина Менга ибодат қилишлари учун яратдим» (Зориёт сураси, 56-оят).

Ушбу биргина оятдан инсон зоти ер юзига нима учун юборилганини англаб оламиз. Демак, у Аллоҳ таолога ибодат қилиш учун юборилган экан. Яна ҳам кенгроқ тушунтирадиган бўлсак, Аллоҳга бандалик қилиш ва бундаликни Ўзи талаб қилганидек бажаришни Ундан сўрашимиз лозим бўлади.

Ибодат деганда, инсонлар фақат шаклий нарсаларни: намоз ўқиш, зикр қилиш, тавоф қилиш, ҳаж ва умрани адо этиш, рўза тутиш каби амалларни кўз олдига келтирадилар. Аслида ибодат маъноси бундан анча кенгдир. Ибодат «абд» феълининг масдаридан олинган. Бу сўз бандалик, қуллик қилиш, ҳокисорлик, итоаткорлик, бўйсуниш, ўзини хору зор тутиш каби маъноларни ўз ичига олиб, буларнинг барчаси биргина «ибодат» сўзида мужассамдир. Ибодат маъноси инсонлар орасида тарқалган махдуд, яъни чегараланган тушунча билан, фақатгина шаклий амалиётларга боғлаб қўйиладики, шу туфайли уларда бу борада кўп саволлар пайдо бўлади, нотўғри хулосалар келиб чиқади. Намоз, рўза, Қуръон тиловати билан машғул бўлган вақтлардагина Аллоҳга яқинлашиб, бошқа ҳолларда эса узилиб қолгандек. Аслида эса ҳеч бир лаҳзада Аллоҳдан узилмаслигимиз, ҳар лаҳзада У Зотни зикр қилишимиз, ибодат маъносини кенгроқ тушуниб олишимиз лозим.

Инсонлар илмни диний ва дунёвийга ажратиб қўйганлар. Лекин олдимизга қўйган мақсадимизда икки нарса мужассам бўлиши керак: ҳар бир ишда, ҳаётнинг ҳар онида Қуръон ва Суннатга мувофиқ яшаш ва қилинаётган ҳар бир амалда Аллоҳнинг розилигини кўзлаш.

Баъзида киши илмдан четланиб қолаётгани сабаб маҳзун бўлади. Илмдан четланиш мусибат, лекин мусулмонликда, ибодат ила яшаш маъносида ҳар бир нарсани илмга буриш тўғри бўлмайди. Яъни илм билан машғул бўлиб юрган мўмин-мусулмонни илмни тўхтатганида, мусулмон эмас, дейиш тўғри бўлмайди. Илмнинг аҳамияти жуда катта, лекин Аллоҳ таоло кишини илм олишга муваффақ қилмаётган бўлса, бу ҳар доим ҳам мусибат деб аталмайди. Хар бир бандага У Зотнинг тақсимоти етарли. Фақат ҳар ким уни турли тарзда топади.

Мусулмонларга хос яшашнинг, Аллоҳ таолони рози қилишнинг, савоб касб қилишнинг йўллари кўп. Бунинг учун ихлос ва хоҳиш керак, холос. Аммо бизнинг фикрлаш доирамиз чегарали бўлиб қолгани сабаб, фақат масжидга кирганда, Қуръон тиловат қилганда ва бошқа шу каби амаллардагина ўзимизни ибодатли ҳисоблаб, булардан ташқарида эса Аллоҳнинг назаридан четга чиқиб қолгандек ҳис қиламиз.

Мисол учун, ота-онага ширин сўзларни гапириш, аҳлига чиройли муомолада бўлиб, эҳтиёжларини малол олмай, имкон қадар таъминлаб қўйиш ҳам ибодат эмасми? Бундай ишлар борасида эркак кишиларнинг малолланиши кўп учрайди. Аслида эса бу нарсаларнинг ибодат эканлигини ёки билишмайди, ёки ҳис қилишмайди. Кўчадан ўтаётиб, инсонларга озор берадиган нарсани йўлдан олиб ташлаш ҳам ибодат. Кўпчилик бефарқ ўтиб кетаётган ниҳолнинг нобуд бўлмаслик чорасини кўриб ўтиб кетиш ҳам ибодат. Қуриб қолаётган бўлса, сув қуйиб қўйиш, қайрилиб қолган бўлса, тўғрилаб қўйиш ҳам ибодат. Одамларга очиқ чеҳра билан муомалада бўлиш, табассум билан боқиш ҳам ибодат. Бу рўйхатни яна истаганча давом эттириш мумкин. Лекин ҳаётда ҳам шундайми? Ҳожати тушиб турган кишига ёрдам бера оламиз, бу қўлимиздан келади, лекин аҳамиятсиз ўтиб кетамиз. Биродаримизнинг бошига ташвиш тушганини эшитамиз, лекин ёрдамга шошмаймиз. Аслида эса ёрдамга ошиқиш, унинг кўнглини олиш ҳам ибодат!

Нотўғри ишни кўрганда ҳам ҳозир гапирсам, дилимни вайрон қилади, ундан кўра тинчгина гапирмай қўяқолай, дея наҳий-мункар ҳам тарк қилинади. Ахир наҳий-мункар ҳам ибодат эмасми? Минг афсуски, ибодат тушунчаси фақат катта-катта амалларга нисбат бериладиган бўлиб қолган. Ваҳоланки, катта амаллар билан бирга, уларни тўлдирадиган, лекин этиборсиз қолдирилаётган зарурий амаллар жуда кўпдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, ҳаттоки кийим кийиш, таом ейиш ва бошқа эҳтиёжимиз тушиб турган ҳаётий заруратларнинг ҳар бири ҳам ибодат даражасига кўтарилган. Бу биз, мусулмонларнинг бахтимиз, саодатимиздир. Демак, ибодат – бу ҳаёт! Ҳаётимизнинг гўзал бўлиши учун эса дуоларимизнинг аввалида Аллоҳ таолонинг афвини, ризқини, неъматини, тавфиқини сўрашимиз лозимдир.

Мавзуга оид мақолалар
Тоатга уринмай, унинг йўқлигига маҳзун бўлиш ғурурга кетишнинг аломатларидандир.Ғурур деганда одатда омма давоми...

05:00 / 11.06.2020 2708
Фоний бўлмас иззатинг бўлишини истасанг, фоний иззат билан иззат талаб қилма.Инсон ўзининг азизлигини талаб давоми...

03:31 / 01.09.2020 2441
Сени торликда қолдирмаслик учун кенглик берди. Сени кенгликда қолдирмаслик учун торлик берди. Ўзидан бошқа давоми...

17:37 / 19.07.2020 2739
Кенгчиликда хурсандчилик борлиги учун нафс ўз насибасини олади. Торликда нафснинг насибаси йўқдир.Ушбу давоми...

17:43 / 02.08.2020 3257