Ибн Ҳайсам вақтдан қандай фойдаланган?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Ҳайсам вақтдан қандай фойдаланган?

Тожсимон вирус дунё бўйлаб тарқалиши сабабли дунё аҳлининг кўп қисми карантинда ўтиришга мажбур бўлаябди. Вақтини жамоат билан ўтқазишга ўрганганлар учун бир қатор қийинчилик туғдираётган бўлиши мумкин. Бу даврнинг афзалликларини кўрсатиш учун сизга ўн йил уй қамоғида ўтирган мусулмон олими, мутаффаккир Абул Ҳасан ибн Ҳайсамнинг ҳаёт йўли ҳақида маълумот берамиз.

Аллома Ибн Ҳайсам Миср ҳукмдорининг таклифини имконсизлигини рад этгани учун у ўн йилга уй қамоғига маҳкум қилинади.

Аллома бу ҳукмдан тушкунликка тушмай, бу муддатдан унумли фойдаланди ва фанга кўплаб янгиликлар, кашфиётлар олиб кирди. Бу узун муддатни мутолаа, тадқиқотлар, тажрибалар ўтказиш ва турли илмий тушунчаларни саралашга, таҳлил этишга сарфлади. Айнан шу даврда у энг катта ютуқларга эришди...

“Иккинчи Птолемей” лақабини олган, Европада “Ал хазен” номи билан танилган, математика, физика каби фанлар билимдони, оптика фани асосчиси Абул Ҳасан ибн Ҳайсамнинг илмий ишлари оптика фанида янги даврни бошлаб берди. Рожер Бэкон каби бир неча ғарб олимлари унинг назарияларини ўзлаштириб олди. Лупа, микроскоп, телескоп ғоялари шулар жумласидан. (Мавқиул ислам онлайн. “Ибнул Ҳайсам абқарий фий савбил жунун”).

Ибн Ҳайсам, аввало, Евклид ва Птолемейларнинг кўриш ҳақидаги назарияларини муҳокама қилди. Унинг бир неча фикрларини танқид қилди. Ўз баҳсларида кўз, кўриш, лупалар ҳақида теран фикрлар тақдим этди, ёруғлик нурлари ер шарини ўраб турган ҳавода қандай тарқалиб кетишини изоҳлаб берди. Сув ва ҳаво каби шаффоф нарсалардан ўтаётган ёруғликда ўзгариш ҳосил бўлар экан. (Дафаъ. “Раваиъул хазора аларабия алисламия фил улум”).

Ёруғлик тарқалиши хоссалари ҳақида баҳс юритди, уфқдаги осмон жисмларидаги ёруғлик таъсирини шарҳлади, фотография асосини ихтиро қилди. (Муҳаммад Содиқ Афифий. “Татаввурул фикрил илмий индал муслимийн”).

Ибн Ҳайсамнинг ўлмас асари “Китабул маназир”дир. Бу китоб оптика назариясини тахминлардан халос қилиб, Евклид ва Киндий хатоларини тузатди.

Ибн Ҳайсамни кўпчилик танимас эди. Мустафо Назиф у ҳақда рисола ёзди. Қоҳира университети рисолани икки жилд қилиб чоп этди. Мустафо Назиф Ибн Ҳайсамнинг қўл ёзмалари, бошқа юзлаб асарларни ўрганди, натижада ҳақиқатни исботлади. Дарҳақиқат, Ибн Ҳайсам ёруғлик илмининг асосчиси эди.

Мустафо Назиф шундай ёзади: “Ибн Ҳайсам эски мавзуларни остин-устун қилди, юнонлар назариясини шарманда қилиб, янги ёруғлик назариясига асос солди. У ёруғлик бўйича механика Ньютони каби мавқега эгадир. Ньютон XVII аср механика йўлбошловчиси бўлса, Ибн Ҳайсам XI аср ёруғлик фани етакчисидир” (Қодрий Туқон. “Ал-ҳолидунал араб”).

Ибн Ҳайсам Басрада 965 йилда таваллуд топган, ёшлиги Бағдодда ўтган. Ибн Ҳайсам йигитлик даврида ҳукумат девонида илмий ходим бўлиб ишлади. Юнон фалсафасини кўп ўқир, таҳлил қилар, фикрларини қоғозга тушириб борар эди. Китоблардан нусха кўчирувчи бўлиб озроқ ишлагач, илм йўлини ихтиёр этди. Шом, Миср диёрларига сафар қилди, илм излаб дунё кезди.

Ибн Абу Усайба ёзади: “Ибн Ҳайсам фозил, зеҳни ўткир, илмда серқирра, математика фанида ҳеч ким унга етолмасди. Доим илм билан машғул эди, кўп китоб ёзарди, зоҳид эди”.

Бағдодда тиббиётни ўрганди. Махсус имтиҳондан ўтиб, “акулист” (кўз шифокори) мутахассислигини олади. Бағдодда жуда кўп олим бўлишига қарамай, талабалар уни излаб келишарди...

Уйда бўлганимизда вақтни исроф қилмай, ундан унумли фойдаланишимиз бизга кўплаб фойдалар, манфаатлар келтиришини билишимиз зарур. Буюк мутафаккирнинг ҳаёти ҳам бунга мисол бўла олади. Тарихимиз, улкан меросимиз бизни ёруғ келажак сари етаклайди.  Инсон қандай вазиятга дуч келмасин, ҳар доим ўз вақтини унумли сарфлашга ҳаракат қилиши лозим ва лобуддир.

Агар сиз карантинда бўлсангиз, сиз учун баъзи маслаҳатлар:

1. Кўпроқ мутолаа қилинг, китоб ўқинг.

2. Онлайн дарсларни, курсларни кузатиб фойдали нарсалар ўрганинг.

3. Тафаккурга вақт ажратинг, инсон шу йўл билан Роббисини яхшироқ танийди.

4. Оилангизга вақт ажратинг.

5. Янги ғоялар устида ишланг.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки неъмат борки, одамлар ундан ғафлатда қолади. Улар бўш вақт ва соғлиқдир”, дедилар.

Карантинда – уйда бўлганингизда вақтни зое кетказманг. Ундан унумли фойдаланинг! Эҳтимол бу давр инсоният учун энг катта кашфиётга сабаб бўлар... Эҳтимол ўша кашфиётчи сиз бўларсиз!

.....

Мавзуга оид мақолалар
Инсон азиз ва мукаррамдир Аллоҳ таолога беадад ҳамду сано ва шукроналар бўлсин, икки олам сарвари давоми...

11:17 / 11.01.2017 4402
Ҳамд билан бошланган беш сура Фотиҳа, Анъом, Каҳф, Сабаъ, Фотир. Алиф, Лом, Ро билан бошланадиган беш сура давоми...

21:41 / 12.07.2023 1699
embedhttpsyoutu.bekrVQGF1sGrkembed

18:53 / 16.10.2017 5207