“Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусида халқаро конференция ўтказилмоқда
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Бугун, 3 март куни Самарқанд шаҳрида “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро анжуман ўз ишини бошлади. Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси ва Мисрнинг “Ал-Азҳар” мажмуаси билан ҳамкорликда ташкил этилган бу конференцияда кўплаб мамлакатлардан ташриф буюрган 70 га яқин уламолар иштирок этишмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бу конференцияда юқори мартабали меҳмон, дунёга машҳур “Ал-Азҳар” мажмуаси раҳбари, Миср Бош имоми шайх Аҳмад Таййиб жаноблари ҳам иштирок этмоқда.

Дастлаб меҳмонлар ва конференция иштирокчилари учун “Форумлар саройи” биносида фотосессия ташкил қилинди. Шундан сўнг Қуръони Карим тиловати билан анжуман ўз ишини бошлади.

Конференциянинг аввалида иштирокчиларга юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, диний-маърифий соҳани ривожлантириш, Ислом дини тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломаларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, улар қолдирган бебаҳо мероснинг мазмун-моҳияти, аҳамиятини тарғиб этишга бағишланган видеолавҳа намойиш этилди.

Халқаро конференциянинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Ал-Азҳар” мажмуаси раҳбари, Миср Бош имоми шайх Аҳмад Таййибга “Самарқанд шаҳрининг фахрий фуқароси” унвони берилди. Шайх Аҳмад Таййиб ушбу юксак эътибор ҳамда Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимотига бағишланган нуфузли анжуманнинг ўтказилиши ташаббускори бўлган юртимиз раҳбариятига миннатдорчилик билдирди.

Сўнг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғафур Аҳмедов, Эътиборли уламолар кенгаши бош котиби, профессор Абдуллоҳ Абдулғани Сархан, Мусулмон донишмандлари кенгаши бош котиби Султон Файсал Румайсий, “Ал-Азҳар” мажмуаси раҳбари маслаҳатчиси Абдураҳмон Муса, “Ал-Азҳар” Ислом тадқиқотлари академияси бош котиби доктор Назир Муҳаммад Айядларнинг маърузалари тингланди.

Танаффус чоғида “Ал-Азҳар” мажмуаси раҳбарига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг эзгу тилаклари ёзилган номаси ва Бурҳониддин Марғинонийнинг қаламига мансуб “Ҳидоя” асарининг XIII асрга оид нусхаси факсимилеси топширилди.

Меҳмонлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳамкорлигида Имом Мотуридий мақбараси ҳамда Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилишди. Шунингдек, меҳмонлар Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот марказига ҳам ташриф буюрдилар. Бу жойда марказ фаолияти билан яқиндан танишган Аҳмад Муҳаммад Таййиб марказнинг фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзиб қолдирди.

Анжуман иккита шўъба йиғилишдан ташкил топган. Биринчи шўъба йиғилиш “Мотуридия таълимоти ва ҳозирги замон” деб номланади. Бу йиғилишда Покистон бош муфтийси шайх Муҳаммад Рофеъ Усмоний ҳазратлари, «Ал-Азҳар» университетининг Кафр аш-Шайх вилоятидаги аёллар факультети декани, профессор Сарват Ҳусайн Салем, Қозон Ислом университети доктори Рамил Адигамов каби кўплаб олимларнинг маърузалари тингланиши кўзда тутилган. Иккинчи шўъба йиғилиш “Замонавий давлат шароитида диний қадриятларни асраб-авайлаш ва ривожлаштириш” деб номланиб, бунда ҳам дунёга машҳур алломаларнинг нутқлари тингланади.

Эслатиб ўтамиз, айнан мана шундай нуфузли анжуманда юртимизнинг ардоқли фарзанди, бутун умрини Исломга бағишлаган олим, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳнинг фарзанди аржуманди, исломшунос олима, Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударрисаси, muslimaat.uz сайти раҳбари устоз Одинахон Муҳаммад Содиқ ҳам иштирок этмоқда. Конференция ҳақидаги тўлиқ маълумотлар билан навбатдаги саҳифаларимизда танинишасиз.

Muslimaat.uz 

 

Мавзуга оид мақолалар
Муслима шифокор ва ҳамшираларга вирус тарқалишини олдини олиш учун ҳар навбатчиликдан кейин рўмолини давоми...

22:19 / 03.06.2020 3685
Шу йилнинг 2 март куни пойтахтимизнинг Шайҳонтоҳур туманида жойлашган .Муаллим, ўқув марказининг очилиш давоми...

01:14 / 17.11.2020 3336
Кеча 15 июнь 2019 йил санасида Хадичаи Кубро аёлқизлар ўрта махсус Ислом билим юртида 20182019 ўқув йили давоми...

21:24 / 16.06.2019 5364
БРИТАНИЯ ТАРИХИДАГИ ОЛАМШУМУЛ ЯНГИЛИК Британиядаги катта масжидлардан бирида мусулмонларга карантин давоми...

21:00 / 17.04.2020 3757