РУҲАН НОҚИСЛИК ФОЖЕАСИ ёхуд «АҲМОҚ ПУМА» СИНДРОМИ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Меҳмон мибари: Дилфуза КОМИЛ

РУҲАН  НОҚИСЛИК  ФОЖЕАСИ

ёхуд «АҲМОҚ ПУМА» СИНДРОМИ

Ҳаётимизни, турмушимизни рангсизлаштираётган;

жуда кўпчиликнинг оиласини барбод қилаётган;

фожеалар келтириб чиқараётган;

умуммиллат миқёсидаги иллатга айланиб кетаётган мантиқсиз орзу-ҳавасларнинг илдизи аслида қаерга бориб тақалиши ҳақида ўйлаб кўрганмисиз? Бизнинг тан олиш-олмаслигимиздан қатъи назар, ҳақиқат шуки, миллат аро томир отиб кетган бу иллатнинг «ўқилдиз»и ҳар биримизнинг миямизда жойлашган. Токи бу «ўқилдиз»ни суғуриб ташламас эканмиз, ҳар биримиз ўз миямизни обдон тозаламас эканмиз, энг азиз қадриятларимизни маҳв этиб, бизни инсонийликдан йироқлаштираётган чексиз орзу-ҳаваслар ва маросимлар гирдобидан осонликча чиқолмаймиз.      

ИСТАКЛАРИНГИЗДАН ҚЎРҚИНГ

Ҳа, айнан хоҳиш-истакларингизга эҳтиёт бўлинг, чунки улар моддийлашиш хусусиятига эга. Ҳою-ҳавасларни яратиб қўйсангиз бўлди, буёғига худди «мутант»лар сингари уларнинг ўзлари жуда тез катталашиб кетадилар ва бутун умрингизга чангал соладилар...  

Ҳою-ҳаваслар борасидаги фожеаларимизнинг бошланғич нуқтаси қаерда, биласизми? Аслида нима истаётганимизни ўзимиз билмаслигимизда. Ҳаётимизни дўзахий азоблар, бемаъни ташвишлар билан кечиришга мажбур қилаётган сабаблар асосан бошқаларнинг – айрим ота-она, амма-холалардан тортиб қўни-қўшнилар-у, таниш-нотаниш одамларнинг мантиқсиз ҳаёт қоидалари, маънисиз одатлари ва саёз дунёқарашларига бориб тақалади. Яъни, биз ўз орзу-ҳавас ва истакларимизни «элдан кам бўлишни истамайдиган» ота-онамизнинг талабларига;

бизнинг данғиллама тўйимиз, серчиқим маросимларимиз ёки Худоёрхон саройига менгзовчи ҳовли-жойларимиз ортидан мақтанишни истайдиган қариндош-уруғларимизнинг хоҳишларига;

 ҳар тўкисдан бир айб топиб, маломат қилишга одатланган, «ошимизни ҳам, бошимизни ҳам ейишни» хуш кўрувчи теграмиздаги одамларнинг дунёқарашига мослаштириб яшаймиз. Ва бу мослашиш жараёнида жуда кўпчилик қарғага етаман деган чумчуқнинг аҳволига тушади. Бундай кишилар руҳан бузуқ одамлар тоифасидандирлар десам, айбга буюрмайсиз, чунки одатда бундай мантиқсизликлар руҳан носоғлом кишиларда кузатилади. Оддий бир мисол: айтайлик, маҳалладаги бой ота ўрнатганига ҳеч қанча вақт бўлмаган яп-янги темир дарвозасини қимматбаҳо ёғочдан нақшинкор қилиб ишланган, ҳайбатли дарвозага алмаштирди (пули кўп кишиларнинг кўпчилиги бойликни - исталган исрофгарчиликни қилиш учун «лицензия» деб билаётган бир даврда бунақа ҳаддан ошишлар ажабланарли эмас). Бой тоғанинг маҳалласидаги руҳан соғлом кишиларнинг бу ҳашаматга нисбатан реакциялари «Дарвозалар қутлуғ бўлсин», «Яхши кунларингизга хизмат қилсин», - дейишдангина иборат бўлади. Яъни, янги дарвоза васвасаси уларнинг руҳиятига бостириб кириб, миясини бошқаришга ўтмайди. Аммо руҳан носоғлом одамларга қийин бўлади: улар ўзларини бой отадан кам эмасликларини кўрсатиб қўйиш истагида ўз ҳаловатларига ўт қўядилар – ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам маблағ орттириб, уйларига ўша бой отаникидан қолишмайдиган дарвоза қурмагунларича кўнгиллари тинчимайди. Аммо бу орада ўтган катта меҳнат заҳматлари, қаттиқ чиранишлар, йўқотишлар нақшинкор даврозадан қувониш бахтини йўққа чиқариб улгуради...

Бу энг оддий мисол эди. «Мантиқсизликлар пойгаси» қатнашчиларининг ҳаётда чекаётган заҳматлари ҳақида;

«пойга»га берилиб кетиб, хотинининг хиёнат йўлига кириб кетганига ҳам кўз юмаётган эркаклар ҳақида;

йиллаб чет элларда юрадиган отасини танимайдиган фарзандлар ҳақида;

пул топаман деб ҳаёсини, номусини, аёллик бахтини бой бериб қўяётган хотинлар ҳақида гапираверган билан гап тугамайди.

***

«Тиш оғриғидан азоб чекаётган одам тиши оғримайдиганларнинг ҳаммасини бахтли деб ҳисоблайди. Камбағаллар ўз тасаввурларида бойларга нисбатан худди шу хатога йўл қўядилар».

Жорж Бернард Шоу, инглиз ёзувчиси.

***

Оддий кўйлак сотиб олмоқчи бўлсак, ҳар томонлама ўйлаб кўрамиз: бу кўйлак менга ярашармикин? Ранги рангимга мосмикин? Бўйи бўйимга тўғри келармикин?.. Менимча, орзу-ҳавас ва истакларимизни ҳам худди ўзимизга либос танлагандек танлашимиз шарт: бўйимизга-ю энимизга мос келмагани бизга ҳар доим халақит беради; тор келгани бемалол юришга қўймайди; катта келгани ноқулайлик туғдиради; ярашмагани кулгига қўяди... 

Қишлоқларимиздаги – оддий ҳаммоми бўлмаган, ҳатто ҳожатхонасида зарур шароити йўқ уйларнинг дарвозахонасида турган бир неча юз миллион сўмлик машиналар менга ғўза чопиққа қимматбаҳо зар кўйлак кийиб борган хотиннинг қилиғидек беўхшов кўринади. Бу беўхшовликнинг соҳиблари - бегона орзулар чангалига тушганлардир. Бегона орзулар бизни тўғри йўлдан тойдириб, боши берк кўчаларда сарсон-саргардонликка маҳкум этади. Кимнидир нимагадир эга бўлгани учун бахтли ёки бадавлат ҳисоблаш ва айни шу нарсага эга бўлолмагани учун ўзини бебахт ҳис қилиш – бу одамнинг ўз-ўзига нисбатан қилган энг катта ноинсофлиги ва ҳақсизлигидир. Чунки ўзининг аҳволини бошқаларники билан солиштираётган одам истаган нарсаси ҳақида қайғуриши, ўйлаши мумкин, лекин ўзини ўйламайди. Афсуски, бу яшаш эмас, яшамоққа уринишдир. Кўпинча бундай уринишлардан ҳеч наф чиқмайди: умримиз яшашга уриниш билан ўтиб кетади. 

ОДАМЗОТГА ЎРНАК ЙИРТҚИЧ   

Пумани биласиз – ёввойи мушукларнинг энг йириги, тез югурувчи, чаққон ва моҳир овчи. Пумалар бошқа ҳайвонлардан алоҳида хусусиятлари билан ажралиб турадилар. Бу ажойиб ҳайвоннинг бир хислати борки, одам болалари бу хислатни ўзлари учун намуна қилиб олсалар арзийди. Гап шундаки, кўз илғамас чаққон ҳаракатлар билан ўлжасини ўта тез маҳв эта оладиган пумалар ўлжанинг катта-кичиклигига, қандай ҳайвонлигига қараб, ов учун куч, тезлик ва вақтни белгилайдилар. Яъни, пумалар кийикни ва қуённи овлаш учун ҳеч қачон бир хил тарзда вақт ва куч сарфламайдилар. Агар ўлжасини ейишдан оладиган энергия миқдори ўлжани қувишга кетадиган энергия миқдоридан кам бўладиган бўлса, пума бундай овдан воз кечиб, ўзига лойиқ, каттароқ ўлжа қидириб кетади. Шу сабабдан ҳам, пумалар кийикларнинг ортидан кўпроқ, қуёнларнинг ортидан камроқ қувадилар. «Аҳмоқ пума синдроми» ибораси психологияда бу хусусиятнинг буткул терсини бажарадиган, яъни, кичкинагина ўлжанинг пешидан йилларча қувиб, катта куч ва меҳнат сарф этиб, ва ниҳоят қўлга киритганини бир кунда битириб тамом қиладиган нодон одамларга нисбатан қўлланади. Орамизда «аҳмоқ пума синдроми»га чалинганларнинг кўп экани жуда ачинарли... 

ЭНГ АРЗОН ОДАМ

Яшашдан мақсадимиз ИНСОНЛИК МАҚОМИга эришмоқ бўлмас экан, топган-тутганларимизнинг қарға уясидаги нокерак «хазина»дан фарқи бўлмайди. Ким нима деса десин, мен учун – камбағал қўшнисининг йиқиқ девори ёнига икки-уч қаватли уй қуришдан уялмайдиган бой – руҳан ноқисдир;

камбағалларни чорламай, фақат тўқлар учун дастурхон солиб, савоб қозонишни умид қиладиган одам – руҳан ноқисдир;

маҳалласидаги камхаржлардан хабар олмайдиган, қашшоқ қўшнисининг аҳволи билан қизиқмайдиган, лекин қўй сўйиб хатми Қуръон қилиб, Худодан Жаннат сўрайдиган бадавлат -  руҳан ноқисдир;

ўзига «остонаси тиллодан» уйлар қуриб, маҳалласининг лой кўчасига асфальт ётқизиш учун пул бермайдиган бахил – руҳан ноқисдир;

ҳашаматда бойларга тенг келмоқ учун уринадиган камбағал – руҳан ноқисдир;

янги туғилган чақалоқни туғруқхонадан асъаса-ю дабдаба билан олиб чиқишдан уялмайдиган одамлар – руҳан ноқисдир;

қарзга ботиб бўлса-да, серхаражат тўй қилиб, тўйдан кейин куёв шўрликни қарз узгани ёлланма ишчиликка юборадиган ота-она – руҳан ноқисдир;

бор пулини қимматбаҳо кийимларга сарфлайдиган, зоҳиран бадавлатларга ўхшашга ҳаракат қиладиган, кибрли камбағал – руҳан ноқисдир (халқимиз бундайларни «уйда егани нони йўқ, итининг бўйнида маржон»деган нақл билан таърифлайди).

Шу ўринда бир ҳаётий воқеани айтиб берай:

америкалик машҳур ихтирочи, саноатчи, фаолияти давомида нақ 16та патент олишга муваффақ бўлган,  «Ford Motor Company» асосчиси, миллиардер Генри Форд Англияга хизмат сафари билан борган чоғида Лондон аэропортининг «Маълумотлар бюроси»дан шаҳардаги энг арзон меҳмонхонанинг манзилини сўрайди. Бюро ходими ўгирилиб қараркан, машҳур чеҳрани таниб, шошиб қолади. Ўша вақтда Англиянинг энг номдор газеталари Генри Форд ва унинг компанияси ютуқлари ҳақида шов-шувли мақолаларни пайдар-пай чоп этишаётган эди. Бюро ходими кўзларига ишонмагандек, каловланиб қолади. Унинг наздида миллиардерлар бутунлай бошқача одам сифатида шаклланган эдилар. Ўша машҳур Генри Форд мана, шундоққина рўпарасида турибди, фақат... эгнида эски урфдаги, бироз униққан енгил пальто, қўлида кичкинагина оддий чемодан, боз устига, шаҳардаги энг арзон меҳмонхона манзилини сўраяпти!..

- Мени маъзур тутасиз, жаноб, сиз Генри Форд эмасмисиз? – сўрайди бюро ходими.

- Худди ўзи! – дейди Генри Форд ва ҳайрон бўлиб турган бюро ходимига:

- Нима, бирор шубҳангиз борми? – дейди.

- Йўқ, жаноб, мен фақат... эгнингиздаги кийимларни кўриб... Бунинг устига шаҳардаги энг арзон меҳмонхона манзилини сўраяпсиз... Наҳотки, сиз ҳам пулни тежаб ишлатсангиз?! Ахир миллиардерсиз-ку!

Бюро ходимининг фикрлаш тарзи Генри Форднинг бироз жаҳлини чиқаради.

- Тўғри, - дейди у сал қизишиб, - эгнимдаги пальтонинг ёши менинг ёшимдан катта, чунки у отамнинг пальтоси. Бу пальтони яна беш-олти йил бемалол кийиш мумкин ва бу нарса мени янги латта-путта сотиб олиш заҳматидан халос қилади. Қолаверса, мен эски пальто кийсам ҳам, янгисини кийсам ҳам, Генри Фордлигимча қоламан, менимча энг асосийси ҳам шу. Ундан кейин, йигитча, арзон меҳмонхонада турсам ҳам Генри Фордлигимча қоламан. Ҳашаматли меҳмонхонада турмаганим туфайли менинг обрўйимга ҳам, бойлигимга ҳам путур етмайди. Мен Генри Фордман – нима кийишимдан қатъи назар, қандай жойда яшашимдан қатъи назар, ҳамма ерда ва ҳамиша Генри Фордман!..

Миллиардер хижолатдан титраётган бюро ходимининг қўлидан манзил ёзилган қоғозчани оларкан, кейинчалик машҳур бўлиб кетган ўгитини айтади:

- Сиз бадавлатларга ўзи учун яратиб олган шароитларига қараб эмас, бошқалар учун яратиб берган шароитларига қараб баҳо беришни ўрганинг, йигитча. Ўзини бошқалардан устун тутадиган одам – энг арзон одамдир...

БОРИНИ БЕРМОҚ САОДАТИ

Шайх Саъдий ҳазратлари: «Ер юзи – Аллоҳнинг умумий дастурхонидир, бу дастурхондан барча мавжудот ризқлантирилади», дейдилар. Лекин биз – дунёвий орзуларининг чек-чегараси йўқ нодонлар - бу дастурхондан чангаллаб олганларимизни ўзимизники, деб биламиз. Биздан саховат талаб қилинганда эса худди ўз бойлигимиздан сарфлаётгандек, миннат ёхуд мақтаниш билан берамиз.

«Тафсири ҳазин»да ҳазрати Жобирдан шундай дейилади:

«Кичкина бир болакай Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

- Ё Расулуллоҳ, мени ҳузурингизга онам юборди. Бизга битта кўйлак эҳсон қилишингизни сўради, - деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эгниларидаги кўйлакдан бошқа кўйлаклари йўқ эди. Болага бошқа пайтда келишини тайинладилар. Бола кетиб, бироздан сўнг яна қайтиб келди-да:

- Онам эгнингиздаги кўйлакни беришингизни сўраяптилар, - деди. Ҳазрати пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужраи саодатга кириб ечиндилар-да, кўйлакларини болага бердилар. Шу вақтда Билол розияллоҳу анҳу азон ўқий бошлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам устларига киядиган бошқа кийимлари бўлмагани учун жамоатга чиқа олмадилар. Саҳобалардан баъзилари бу ҳолнинг сабабини билиш учун ҳужраи саодатга кирдилар ва у зотни кўйлаксиз кўрдилар...».

Эгнидаги охирги кўйлагига қадар муҳтожларга эҳсон қила билиш саодатига эришган Пайғамбарга муносиб уммат бўла олмаяпмиз, чунки, юқорида айтганимдек, миямизда иллатларнинг «ўқилдизи» томир отиб кетган. Бу иллатларни таг-томири билан йўқ қилмас эканмиз, бизнинг одамлигимиздан ҳам, эътиқодимиздан ҳам, сўзимиздан ҳам, ишимиздан ҳам ҳеч кимга наф етмайди.   

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
12 май санасида Хадичаи Кубро аёлқизлар Ислом билим юртида «Жамиятимизда аёлларга кўрсатилаётган давоми...

12:16 / 05.03.2017 4620
 Москва мусулмонлари анъанавий жамоа ифторликларини ўтказишга тайёргарлик кўряптилар. Ифторликлардан давоми...

17:03 / 07.02.2017 4950
21 сентябрь 2013 йил СанктПетербургда Петропавловск қалъаси ёни Нева акваториясида, Петер ва Москва давоми...

10:13 / 29.12.2016 2747
Буюк Британиянинг Бредфорд шаҳрида еттинчи «British Muslim Awards» британиялик нуфузли мусулмонларни тақдирлаш давоми...

12:53 / 22.02.2019 2124