ҲАРОМ ЁКИ МАКРУҲ БЎЛГАН ЗИЙНАТ ТУРЛАРИ:
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Доктор Аҳмад Ҳажжий Курдий

1. Эркакларга тилла билан зийнатланиш ҳаром.

Унда ортиқча дабдаба бўлиб, ҳаётнинг машаққатларини, масъулиятини ўз елкасига олган эркакка муносиб эмасдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу нарсадан қаттиқ қайтарганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилиб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тилла узукдан қайтардилар», деган. Бу ривоятни Бухорий, Муслим ва Насоий ривоят қилганлар. Насоийнинг яна бошқа ривояти бўлиб, унда: «Мени тилла узук тақишдан қайтардилар», дейилган.

Аёлларга тилла билан одатдаги чегарада безаниш ҳалолдир. Билол ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳулар ривоят қиладилар: «Аёллар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳдларида узуклар, оёқ бармоқларига тақиладиган узуклар ва мунчоқлар тақишар эди». Шунингдек, Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Нажоший ҳадя қилган тақинчоқлар тақдим этилди. Ичида ҳабаший кўзли узук бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан юзларини ўгирган ҳолда уни чўп ёки баъзи бармоқлари билан олдилар. Сўнгра қизлари Зайнабнинг қизи Умома бинт Абул Осни чақириб: «Бу билан безангин, эй қизалоғим», дедилар» (Абу Довуд ривоят қилган). Ҳишом ибн Урва ибн Зубайр раҳимаҳуллоҳ ривоят қилади: «Оишада тилла узукларни кўрдим».

2. Соч улаш эркакка ҳам,  аёлга ҳам ҳаром. Бу ҳақда кўпгина муфассал далиллар бор. Улардан Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёл кишини сочига бирор нарса улашдан қайтардилар», дейилган (Муслим ривоят қилган).

3. Аёл киши кўчага чиққанида атир сепиши (ҳаром). Уй ичида, эрининг олдида хушбўйланиши мубоҳ ишдир. Агар эри талаб қилса, ораларида меҳр-муҳаббат сақланиб қолиши учун бу унга ҳатто вожиб бўлади. Бу ҳақда Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир кўз зинокордир. Аёл киши хушбўй сепиб бир мажлисдан ўтса, бас, у шундай», дедилар». Яъни зинокор» (Термизий ривоят қилган). Шунингдек, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эркакларнинг хушбўйи ҳиди зоҳир бўлиб, ранги махфий бўлганидир. Аёлларнинг хушбўйи эса ранги зоҳир бўлиб, хиди махфий бўлганидир», дедилар» (Термизий ва Насоий ривоят қилганлар).

4. Мусулмонлардан бошқаларга ўхшашлик бор нарсалар билан зийнатланиш ҳаром. Эркак ва аёлларга баробар ҳаром. Бунда бошқаларнинг қолипига тушиш бор. Бунинг орқасида ундан кейин бошқа ишларга ҳам юриш, бошқарувчи, ишчи, мустақил мусулмон шахсиятини зое кетказиш бор. Бу ҳақда Ҳажжож ибн Ҳассон раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинган: «Анас ибн Моликнинг олдига кирдик. Опам Муғийра менга ҳадис айтди: «Сен ўша кунлари ёш бола эдинг, сенинг икки ўрим(улама соч)инг ёки икки гажагинг бор эди. Бошингни силадилар ва: «Бу иккисини қириб олинглар ёки қирқиб ташланглар, чунки бу яҳудийларнинг кўринишидир», дедилар» (Абу Довуд ривоят қилган).

Яна шу кунларимиздаги ажнабий (чет эллик)ларга тақлид қилган ҳолда йигитларнинг сочларини ўстириб юриши, ажнабийларга хос бош кийимлар, роҳибларнинг кийимини кийишлари ва белларини боғлашлари ва шунга ўхшаш бизга Европадан кириб келган нарсалар ҳам шу жумладандир.

5. Аёл кишининг сочини эркакларникига ўхшатиб калта қилиб юриши. Эркак кишининг эса сочини аёл кишиникига ўхшатиб ўстириши ҳаром. Шунингдек, эркак ва аёл – ҳар бирининг бошқа жинсдагиларга ўхшаб кийиниши ва зийнати билан зийнатланиши. Бу маълум турдаги шахсиятдан кечиш бўлганлиги учун ман қилингандир. Албатта, Аллоҳ таоло Ўзининг қудрати ва ҳикмати ила одамларни аёл ва эркак жинсли қилишни ва ушбу икки жинсда бир-биридан ажратиб турадиган фарқлар, бир-бирини тўлдирадиган хусусиятлар бўлишини ирода қилган. Агар бунга хилоф қилинса, кишининг шахсияти йўқолади, унинг фақат сурати қолади. Бунинг оқибатида жамият бузилади, манфаатлар жорий бўлмайди. Бугунги кундаги аёл ва эркаклар орасида либос ва зийнатда, ҳатто юриш-туришда ҳам аралашликни ҳар қадамда учратамиз. Баъзан уларни бир қарашда ажратиб олиш қийин бўлади.

«Ислом фиқҳидаги аёлларга оид ҳукмлар» китобидан

Одинахон Муҳаммад Содиқ таржимаси

«Омина» журналининг 1-сонидан олинди.

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда у Зот «Игна давоми...

11:26 / 02.03.2017 21791
19 « » « » « » , . . « ..». Ўн тўққизинчи ҳадис Абу Ҳурайра давоми...

22:36 / 27.05.2018 3608
Ислом узоқ муддат давомида жаҳон оммавий ахборот воситалари, таълим тизими ва сиёсий майдонда инкор қилиб давоми...

15:22 / 24.05.2019 2423
1. Савол Нима нарсалар ғуслни вожиб қилади Жавоб «Ғусл еттита давоми...

21:35 / 06.03.2017 4762