ЁШ ОНАЛАР УЧУН “ҚОЗОНЧА”
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Юртимизда  ёш оналар учун “Қозонча” номли янги лойиҳа ташкил этилди. Тошкент шаҳрида кўнгилли инсонлар янги фарзандли бўлган ёш оналарга уч ой давомида овқат пишириб, бепул тарқатмоқдалар. Фарзанд дунёга келтирган аёл учун илк уч ой жуда оғир кечади. Чақалоқни парваришлаш, уни кўкрак сути билан боқишни йўлга қўйиш, уйқу меъёрининг бузилиши, кундалик ҳаёт тарзиининг бутунлай ўзгариши – буларнинг ҳаммаси онадан жуда катта куч-қувват талаб қилади. Бу даврда таом тайёрлаш эса янада машаққатли юмуш бўлиши мумкин.

Лойиҳанинг асосий ғояси

 “Қозонча” лойиҳасининг асосчиси Екатерина Раченко оилали, икки ёшли ўғли бор. У мазкур лойиҳанинг фаолияти ҳақида шундай дейди:

«Мен фарзандим туғилганида, бундай кейин ҳаётимда қандай ўзгаришлар бўлишини тасаввур ҳам қила олмайдиган даражадаги оналарнинг бири эдим. Аввало, вужудингизда мўъжиза пайдо бўлишини кутиш даври жуда ҳаяжонли, у тўққиз ой давом этади. Бу вақтда соғлом онада фақат хурсандчилик ҳисси бўлади. У фарзандининг соғлом бўлишини ўйлаб, яхши шифокорга кўринади.  Унинг учун каравот, аравача, йўргак танлайди. Вақти-соати келиб, фарзанд кўргач, ҳаётида қандай ўзгаришлар бўлишини хаёлига ҳам келтирмайди. Аёл нафақат ҳомиладор вақтида, туққанидан кейин ҳам яқинлари эътиборига, ёрдамига муҳтож бўлади.  У вақтида дам олиши, иссиқ овқат ейиши, шифокор назоратида яшаши керак. Мана шундай эътибор айниқса ёш она учун жуда зарур.

Лойиҳа ғояси аслида меники эмас. Бир қанча вақт олдин Facebookда бу лойиҳа ҳақидаги маълумотни кўриб қолган эдим. Мен лойиҳа эгалари билан боғланиб, бу ишни амалга ошириш йўл-йўриғини суриштирдим. Шу йўсинда “Қозонча” лойиҳаси юртимизда ҳам июль ойидан бошлаб фаолият бошлади.

Ҳозир группада 400 нафар киши фаол иштирок этмоқда. “Қозонча” аслида егулик, таом ҳақидаги лойиҳа эмас, балки оддий инсонпарварлик, яхшилик улашиш ва унда фаоллик кўрсатиш лойиҳасидир. “Бизга мурожаат этган ҳар бир аёлнинг ижтимоий, моддий аҳволидан ва қайси динга мансублигидан қатъи назар, қўллаб-қувватлаймиз. Қийин аҳволда қолган ёш оналарга ҳам ёрдам беришга ҳаракат қиламиз. Уларнинг ҳар бири лойиҳага мурожаат этишининг ўзига яраша сабаблари бор. Бизга асосан катта танаффусдан кейин иккинчи фарзандини дунёга келтирган аёллар мурожаат этишади. Энг биринчи мурожаат этган аёл Нилуфар исмли аёл бўлган. Гуруҳимиз аъзолари уни қўллаб-қувватлаб, ёрдам бердилар. Нилуфарнинг уйи ёниб кетиб, икки нафар фарзанди билан уйсиз қолган. Кенжа қизи ҳали икки ойлик ҳам эмас эди. Кўнгилли инсонлар чақалоқ ва оила аъзолари учун зарур озиқ-овқатлар, кийим-кечаклар етказиб бердилар...»

“Қозонча” ўзининг фаолияти билан:

- янги чақалоқ туғилган оилага ёрдам беради ва ёш онани қўллаб-қувватлайди.

- ёш оналарнинг эътиборга, меҳр-мурувватга муҳтож қатламлари муаммоларига жамиятни жалб этади.

- ёш оналарда туғруқдан кейин пайдо бўладиган депрессияга олиб келувчи стрессни камайтиришда (барча оналарнинг 15-20 фоизида кузатилади) кўмаклашади.

Лойиҳа ишининг тузилиши

Оналарнинг “Қозонча”га мурожаат этишининг сабаблари турличадир. Асосийси, бола уч ойликкача бўлиши шарт. Овқат пишириш ва уларни оналарга етказиш беминнат ва беғараздир. Ёш она “Қозонча”га анкета, телеграмм чатлари ва Facebook гуруҳлари орқали бир қанча сўровномалар билан мурожаат этади. 

Сўнг лойиҳа овқатни пишириб, “Қозонча”ни ёш онага етказиб берадиган кўнгиллиларни танлаб олади. Кўнгиллиларнинг аъзо бўлиш йўли ҳам учта: Facebook гуруҳи, телеграмм чати, анкета тўлдириш орқали. Кўнгиллилар танлаб олингач, уларга ёш она билан боғланиш учун унинг контактлари берилади.  

Лойиҳа ташкилотчисининг таъкидлашича, мурожаат этган она ҳақидаги маълумотлар ҳеч қаерда ошкор этилмайди. Озиқ-овқатнинг сифати талабга жавоб бермаса, кўнгиллилар уни тарқатмайдилар. Кўнгиллилар ичида асосан фарзандларини қийинчилик билан ўзи катта қилган оналар ва ҳатто эркаклар ҳам бор. Инсонларга меҳр-мурувват, саховат ва яхшилик улашаётган “Қозонча” лойиҳасининг кўнгиллилари ёш оналарга ёрдам бериш ва қийин вазиятларда ёрдам сўраб мурожаат этиш меъёрий  ҳолат эканини таъкидлайдилар ва уларга ёрдам қўлини чўзишдан асло чарчамайдилар.

Муаллиф Марям Қодированинг мақоласи асосида

Мадина Джураева тайёрлади

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
embedhttpswww.youtube.comwatchvRPDfUvtnKSEembed

16:27 / 24.05.2017 3658
embedhttpsyoutu.bekrVQGF1sGrkembed

18:53 / 16.10.2017 5207
Аёл Яратганнинг нозик ҳилқати, табиатдаги нафис мавжудоддир. Аёл  фитратан бир томондан назокат тимсоли давоми...

22:01 / 23.09.2016 13140