Янги ҳаёт остонасида: битирувчи қизлар ва уларнинг ота-оналари учун маслаҳатлар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ушбу ёз фаслида кимлардир мактабни тамомлади. Дарслар, навбатчиликлар, икки-ю беш баҳолар, жанжал ва тортишувлар, дўстлик, умумий қилиб айтганда, болалик ўз ниҳоясига етди. Имтиҳонлар натижалари энди аниқ, шаҳодатномалар ҳам ўз эгаларига топширилган, битирув кечалари ҳам аллақачон ортда қолди.

Мустақил бўлиш остонасида битирувчиларга омад ва муваффақиятлар тиланади. Аммо ўғил ва қиз болага бир хил тилак тилай олмаймиз. Улар бахт сари бир хил иштиёқ билан интилсалар-да, ушбу тушунча улар учун бир хил эмас. Битирувчи қизларга нимани тилаган бўлар эдик? Уларнинг ота-оналарига-чи?

Кимга ишониш мумкин?

Бугунги кунда бахтни муваффақиятли бўлиш билан боғлашади. Деярли барча мактаб ва лицей талаба қизлари ушбу завқли ҳиссиёт билан аллақачон таниш бўлсалар керак. Кимлардир турли хил конкурс ва мусобақаларда қатнашган, ғолиб бўлган, олимпиадаларда совринли ўринларни эгаллаган бўлиши мумкин. Сизларнинг кўпчилигингиз ҳам келажакдаги ўқиш ва иш режаларингиз ҳақида бир қарорга келиб бўлганингиз турган гап. Бу, албатта, муҳим. Ахир, агар бутун ҳаётингиз давомида сизга ҳамроҳ бўлувчи касб кўнглингизга ёқса, албатта, олдинга интилиш бўлади. Аммо инсоният бахтининг кўп асрлик бир сири мавжуд. Бу сир кишилар шуғулланадиган машғулот ва касблари билан алоқадордир. Ушбу сир муҳаббат билан боғлиқ.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шуни тушунтирар эдиларки, муҳаббат икки хил, яъни Аллоҳ ва инсонлар томонидан бўлиши мумкин. Аллоҳнинг муҳаббати – ҳаётдаги энг ишончли ҳимоя. Бу муҳаббатга Яратганнинг қонунларига амал қилган ҳолда, адолат ва тўғрилик билан эришиш мумкин. Инсонлар муҳаббати эса – бошқа кишиларнинг йўлини кесиб ўтмайдиган, ўзгаларнинг жойига даъво қилмайдиган кишиларга насиб қилади. 

Қалбингизни тингланг ва виждонингизга қараб иш тутинг, шунда Аллоҳ сизни ҳимоя қилади. Ҳовлиқманг, сизники бўлган нарса, албатта, сизга насиб этади! Агар насиб қилмаса, демак, бу нарса ёки иш (қанча хоҳламанг) сизники эмас, унда сизга хайр йўқ… Аллоҳга таваккал қилишни ўрганинг!

Қандай қилиб танлаш мумкин?

Улғайиш фақатгина мустақил қарор қабул қилиш ёки шахсий мол-мулкка эгалик қилишни англатмайди. Бу, аввалам бор, жуда муҳим бўлган нарсаларни билишдир. Ушбу билимни олиш учун маълум формулалар йўқ, лекин улар бўйича ҳар куни имтиҳондан ўтасиз. Булар – бошқа кишиларнинг ҳолатини тушуниш,ўзини кескин сўзлардан ушлаб қолиш, Аллоҳ томонидан бизга бир синов сифатида келувчи муносабатларни сақлаб қолишдир.
Барча таъкидлаб ўтганларимиз оилада жуда муҳим. Нега аёл бахтини оила билан боғлашади? Чунки бу – Аллоҳнинг қонуни. Ва мазкур қонун, кишиларнинг фикрларидан қатъий назар, ишлашда давом этади. Агар аёл кишининг оилавий ҳаёти йўлга қўйилган бўлса, у ҳақиқий тиргакка эришади. Оила аёлнинг бой ички оламини кўрсатиб беришга ёрдам беради. 
Бир сўз билан айтганда, оилавий муносабатлар нақадар мураккаб бўлмасин, аёл киши, оиласи уни ҳимоя қилган ҳолда, доимо фақатгина ғалаба қозонади. Ахир, Аллоҳ унга берилган қобилиятдан унумли фойдаланувчиларга ёрдам беради ва ҳимоя қилади. Бу қобилият эса инсон зотини давом эттириш, оилани барпо қилиш ва сақлаб қолишдир.

Юқорида айтилганлар таълим олишдан бош тортиш ёки уйдан ташқаридаги бирор фойдали машғулот билан шуғулланишни чеклашни англатмайди. Шунчаки шуни ёдингизда тутингки, оила – аёл киши учун мартаба ошиши, атрофдагилар эътирофи ва юқори даромадлардан кўра объектив устун бўлган ва шундай бўлиб қолади… Тўғри йўлни танлашни ўрганинг!

Ота-оналар учун маслаҳатлар

Қадрли ота-оналар, сизларнинг ёрдамингизсиз ҳеч иложи йўқ! Ахир, ҳар бир ота ва ҳар бир она қизининг бахтли никоҳда яшашини хоҳлайди. Ҳар бирингиз яхши куёв ҳақида ўйлайсиз. Ҳар бирингиз ўзингизни меҳрибон бобо ва буви сифатида тасаввур қиласиз.

Бугунги кунда ўз қизларини сифатли таълим ва яхши касбга йўналтириш жуда яхши иш. Аммо ҳаётдан асосий мақсад бу эмас. Албатта, қизингиз ҳали жуда ёш. Шундай экан, сизда масъулият билан уни оилавий ҳаётга тайёрлаш учун етарлича вақт бор. Сизнинг зиммангизга қизингизни ўзи ёқтирган, иқтидори бор бўлган касб-ҳунарга йўналтириш билан бир қаторда унинг учун зарурий бўлган илмларни ўргатиш ҳам юкланади.

Ҳурматли ота-оналар, буларнинг барчасини тушунтириш орқали сиз қизингизга ўз бахтини қуришни ўргатасиз. Бахтга қаттиқ машаққатсиз  эришиб бўлмайди…

Қадрли битирувчи қизлар! Олдингизда кўплаб йўллар турибди. Сизларга айнан ўша ёруғ йўлингизни топишингизни тилаб қоламиз... ҳақиқий бахтга, бутун инсоният ва аёл бахтига етакловчи йўл! Омин.

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Ассалому алайкум ҳурматли муслималар Ва ниҳоят, фарзандларимиз учун ўтказилган танлов ўз ниҳоясига етди. давоми...

13:40 / 11.02.2017 5415
Тасаввур қилинг ниҳоятда гўзал, серфайз, ҳар томонида боғу роғ бўлган бир шаҳар бор. Сиз бу шаҳарга давоми...

14:30 / 08.12.2016 3640
Ватан ҳимояси Ватан ҳимояси бу чегарада туриш ёки аскар бўлишгина эмас, балки ҳамманинг қалбан, қайси давоми...

12:36 / 15.01.2018 2821
Гуноҳлардан халос бўлайлик десак...     Жума намозини ўқиш Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм     Аллоҳ жалла давоми...

10:50 / 22.12.2017 6009