Мўминни арзимас санамаслик ҳақида
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло бандани вирдлар мавжудлиги ила турғизиб, уларда бардавом қилганини ҳамда мададни узайтирганини кўрсанг, унда орифлар сиймосини ва муҳаббатлилар муҳташамлигини кўрмаганинг учун Хожанг унга берган атони арзимас санамагин. Агар ворид бўлмаса, вирд ҳам бўлмас эди.

Бу ҳикматда барчамиз учун жуда катта танбеҳ берилган бўлиб, уни англаганимиздан кейин ҳар биримиз зикрларда янада давомли бўламиз. Бу ерда бандалар орасида кўп учрайдиган энг катта хатолардан бирига ишора қилинган. Ҳикматда асосан вирдлар тўғрисида гап боради. «Вирд» сўзи луғатда ичмоқ маъносини билдириб, машойихлар истилоҳида банда ўзи учун ёки шайх муриди учун тартибга солган зикрлар ва ибодатларга вирд деб айтилади. Баъзилар «вирд»ни вазифа ёки шунга ўхшаш маъноларни ифода қиладиган сўзларни ҳам ишлатишади. Бу ерда вирд деганда банданинг кундалик вазифаси тушунилади. Банда ўзи учун фарзлардан, суннатлардан ташқари бошқа амалларни ўзига нафл вазифа қилиб олиши мумкин. Булар кундалик фарздан ташқари мўминга керак бўлган амаллардир. Банда буларни саҳиҳ манбалар, суннатлар орқали ўзига тайин қилиб олади ёки одатда устоз тайин қилиб беради. Муайян зикрлардан, муайян намозлардан, муайян рўзалардан ўзига вирд қилиб олиб, ҳар куни ўшани адо қилади. Кўринишдан содда, аммо вирдида мустаҳкам бўлиб юрган юрган инсонларни кўрган баъзи кишилар уларни зоҳиран паст санашади. Бу катта офатдир. Инсоннинг ички ҳолатини, уйида ёлғиз ўзи қолган пайтда юрагида нима бор эканини билмаган ҳолда унинг Аллоҳга қай тарзда уланаётганини муҳокама қила олмаймиз. Ахир 24 соат давомида унинг ҳаёт тарзини кузатишнинг иложи йўқ! Юриш-туришидан, юз кўринишидан, айниқса эгнидаги либоси ва атрофдагиларнинг унга бўлган эътиборидан ўзимизча хулоса қилиб оламиз. Бу одам кўринишидан Аллоҳнинг ишқида юрганга ўхшамайди, тариқатда юрганига далолат қиладиган нарсаси йўқ, ҳеч қандай аломат сезмаяпмиз деб, осонликча ҳукм чиқариб қўямиз. Ёки аксинча, бир бандага неъматлар сероб бўлиб, жуда мавқеи кўтарилиб турган бўлса, Аллоҳга тақводор экан, шунинг учун ҳам ишлари юришиб турибди деб, зоҳирига алданиб, нотўғри ҳукм чиқарамиз. Ваҳоланки бир бандани неъмат ўраб олгани ҳар доим ҳам бу одам Аллоҳнинг розилигига эришганига далолат қилавермайди.

Шунинг учун бир банданинг кийим одми, кўриниши содда бўлса, бу ҳали Аллоҳнинг неъматидан, фазлидан насибадор бўлмабди деб, шошилинч ҳукм бериш тўғри бўлмайди. Зоҳиран бироз содда кўринган одам ҳақир кўрилмаслиги керак. Аслида Аллоҳга ким яқинроқ эканини У Зотнинг Ўзидан бошқа ҳеч ким била олмайди. Бундай асл нарсалар кўпинча махфий туради. Мусулмон киши комил мусулмон бўлгандан кейин ҳар жиҳатдан шу номга муносиб бўлишига ҳаракат қилиши лозим. Қалбидаги ҳолати мустаҳкам бўлмай туриб, сиртидаги кўриниши билан мукаммал кўринишга уринувчилар ҳам учрайди. Улар ички дунёси обод бўлмаса ҳам, имкон қадар либоси, гап-сўзини, яъни зоҳирини яхши кўрсатишга ҳаракат қилишади. Ички ҳолати эса устки ҳолатига асло мувофиқ келмайди. Одамлар орасида илми етарли бўлмаганлар кўп бўлгани учун авом халқ кўз билан кўрганидан ҳосил бўлган хулосага алданиб, «Фалончи жуда илмли экан, тақво соҳиби экан...» деб хато ҳукм чиқаради.

Бунга Қуръон қироатини мисол қилиш мумкин. Масалан, бир қорининг овози чиройли бўлса, бу зўр қори экан дейишади. Ваҳоланки уни тадаббур билан, тажвид қоидаларига риоя қилган ҳолда чиройли адо этса, аммо овози оддийроқ бўлса, «Бу унча ўқимаган экан-да» деб қўйишади. Одамларнинг зоҳирий баҳоси шундай. Аммо одамларнинг кўзига шундай кўринса ҳам, Аллоҳ билан алоқаси мустаҳкам бўлган, бардавом бўлиб турган бандалар ҳам бор. Эътибор қаратишимиз лозим бўлган нозик нуқта шуки, банданинг Аллоҳ билан боғланиб туришининг энг катта аломати унинг вирдида бардавом бўлиши, уни бирор кун ҳам канда қилмаслигидир.

Мана шу далолат вирдимизни ташлаб қўймаслик учун ғайрат қилишга ундайди. Дунёдаги барча одамларнинг эътирофини олиб юрса-ю, аммо вирди орада бир муддат узилиб-узилиб қолаверадиган бўлса, бу ҳолат банданинг Роббига улана олмаётганига, боғлана олмаётганига далил экан.

Банда минг турли синовларга учраб, зоҳиран хароб аҳволда бўлса ҳам, вирдлар канда бўлмай, мунтазам равишда, ўз ўрнида кетаётган бўлса, мана шу унинг Робби билан уланганига далолат қилади. Шунинг учун инсон вирдларидан малолланмай, ҳар қандай ҳолда ҳам уларни ташлаб қўймаслиги лозим. Чунки Аллоҳдан ворид бўлмаса, бандага вирдга тавфиқ келмайди. Аввалги суҳбатларимизда Аллоҳдан келадиган воридларнинг уч хил бўлишини айтиб ўтган эдик.

Аллоҳ таолодан ворид келиб тургани учун инсон вирдида мустаҳкам ва давомли бўла олади. Инсон турли баҳоналар қидириб, «Бугун фурсатим бўлмади, чарчаб қолдим, эртадан бошлаб мустаҳкам тураман, кейинги ойнинг бошидан мустаҳкам тураман» деб, ҳадеб кейинга сураверадиган бўлса, бу вориднинг узилаётганидан далолат қилади. Ҳар қандай ҳолатда бошимизга мусибат келганда, хурсандчилик вақтда ҳам доимо вирдни маҳкам ушлаш зарур. Бунга саҳобаларнинг ҳаётидан мисоллар жуда кўп.

Юртимизда, халқимизда бу борада аҳвол анча яхши, чунки бизнинг ота-боболаримиз аввалдан вирдда мустаҳкам бўлишган. Бизда вирдга нисбатан муносабат яхши, чунки кўпчиликка, ҳаттоки ибодатларида, либосида камчиликлари бўлган инсонга ҳам вирд ҳақида айтилса, «Бувим, бобом доимо шундай қилар эдилар. Бизга ҳам намозларида фалон зикрларни ўргатишган» деб жавоб беришади. «Вирд нима? У қаердан келган, нима дегани» деб, баъзи юртларда шунга ҳам қарши чиқадиганлар бор. Фақат фарз намозларни ўқиб, қолганини чала ташлаб кетадиганлар ҳам топилади. Алҳамдулиллаҳ, бизда ундай эмас. Юртимизда қўшимча ибодатларга рағбат кучлироқ. Шундай экан, энди мана шу вирдларни давомли қилиб олиш керак.

Аммо бу вирдлар мутлақо холис бўлиши керак. Холис бўлмаса, ибодатга тамаъ аралашиб қолади. Шунинг учун баъзан «Вирдларни қилиб юрибман, истиғфор айтяпман, лекин барибир самараси бўлмаяпти», деган гаплар ҳам эшитилиб қолади. Қарангки, банда ибодатнинг самараси шу дунёда зоҳир бўлишини кутяпти. Ваҳоланки бу амалдан кутилган энг асосий мақсад – унинг аломати зоҳир бўлса-бўлмаса, давомли бўлиши эди. Вирднинг энг олий самараси унинг ҳар куни, узлуксиз, бир кун ҳам узмасдан, ихлос билан, давомли адо этилишидир! Аҳамият беришимиз лозим бўлган нарса – вирднинг давомийлигидир. Кайфиятимиз бир кун ундай, бир кун бундай бўлиб туради, баъзан бу ибодатдан ҳаловат сезамиз, баъзан сезмаймиз. Аммо бизга энг кучли тасалли берадиган жиҳат шуки, вирдларни давомий қилиб оладиган бўлсак, демак, бизга ворид келиб турган бўлади. Ушбу ҳикматнинг энг гўзал нуқтаси мана шудир.

Салаф солиҳлармиздан бир мисол келтириб ўтсак. Умар розияллоҳу анҳуга неъматлар кўп келса, қўрқиб кетар эканлар. Сўнг вирдларини янада маҳкам ушлаб, гоҳида бир кун канда бўлиб қолса, иккинчи куни қазосини адо этиб, йиллар давомида узмас эканлар. Ўтган уламолар фарз эмас, мана шундай нафл вазифалар ҳам канда бўлиб қолса, уларнинг қазосини адо этишни жойига қўйишар, уларни қолдириб юборишдан хавфда бўлиб, ҳаттоки каффоротига қул озод қиладиган, садақа берадиган даражада эътиборли бўлишган. Уларнинг ички ҳолати ҳам шунга муносиб равишда гўзал бўлган ва бу ҳам уларнинг Аллоҳга ихлослари нақадар кучли эканидан далолат эди.

Келтирилган мисоллардан хулоса қиладиган бўлсак, биз бекорчи нарсаларга чалғиб қолмай, бировларга баҳо беравермай, ўзимизга кўпроқ эътибор беришимиз, бор эътиборимизни зикрларга қаратишимиз лозим. Имом Бутий роҳматуллоҳи алайҳ ҳар бир ҳикматнинг охирида зикрнинг аҳамятини эслатар, вирдлар нима учун кераклигини батафсил тушунтирар эдилар.

Демак, вирдда энг муҳим нуқта – унинг давомийлиги ва холислиги, яъни бирор зотдан бирор манфаат ёки натижа кутмаган ҳолда адо қилинишидир. Биз учун асосий мақсад нима? Аллоҳ таоло билан алоқамиз мустаҳкам бўлиши. Буни кимдир биладими, билмайдими, ўзимизга ҳам сезиладими ёки сезилмайдими, бундан ҳузур оламизми, йўқми – фарқи йўқ. Муҳими – мана шу ибодатда давомли бўлишимиз экан.

Одинахон Муҳаммад Содиқ

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Оиламизда Мавлид Алҳамдулиллаҳ, Мавлид маросимини қариндошларимиз даврасида нишонлаш одатимизга кирган. давоми...

10:13 / 14.12.2017 3765
Cаудия уламолари аёлларнинг автомобиль бошқаришларига рухсат берилганини қандай изоҳлади    Узоқ давом давоми...

15:16 / 30.09.2017 11437
  Фитр садақаси садақаи фитр Рамазондан фитрга оғиз очиқлигига чиқиш муносабати билан берилгани учун ҳам давоми...

14:29 / 04.06.2017 4297