Исломда саломатлик
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом шариати инсон ҳаётини муҳофаза қилиш мақсадида инсоннинг соғлигини сақлаш борасида барча керакли чораларни кўрган. Инсон бахту саодати учун жорий бўлган, мақсади инсон ҳаётини муҳофаза қилиш бўлган, Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал дини, қиёматгача боқий қолувчи, барча замонлар ва маконларда инсониятга икки дунё саодати кафолатини берувчи дини – Ислом инсоннинг саломатлигига катта эътибор беради.

Зотан, танисиҳатлик бўлмаса, одамнинг бу дунёда бахтли бўлишини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Қуръони Карим ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида инсон соғлиғига катта эътибор берилган. Агар соғлиқни сақлаш бўйича ушбу икки манбада келган маълумотларни ўрганадиган бўлсак, улкан хазинани топган бўламиз. Исломда сиҳат-саломатлик, тан соғлиги Аллоҳ таоло бандаларига берган энг улкан неъматлардан бири ҳисобланади. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки неъмат борки, одамларнинг кўплари уларда зиёндадирлар – (улар) соғлик ва хотиржамлик», дедилар». Бухорий ва Термизий ривоят қилган. Кўриниб турибдики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам соғликнинг бандага берилган неъмат эканини очиқ-ойдин қилиб айтмоқдалар. Убайдуллоҳ ибн Миҳсандан, у отаси розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан ким хотиржам ва жасади офиятда тонг оттирса-ю, ҳузурида бир кунлик қути (егулик-ичгулик) бўлса, гўё дунё унга мулк бўлибдир», дедилар». Термизий ҳасан санад ила ривоят қилганлар. Инсон учун дунёни қўлга киритиш йўлида зарур бўладиган шартлардан энг аввалгиси саломатлик, деб эълон қилинишининг ўзи Исломда кишиларнинг саломатлигига қанчалик эътибор берилишини кўрсатиб турибди. Чунки ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинганидек, тинч-омонлик ва еб-ичгулик неъматлари бўлса ҳам, соғлик неъмати бўлмаса, кишига бошқа неъматлар татимайди. Баъзи вақтларда инсон бутун бойлигини сарфлаб ҳам сиҳат-саломатликни топа олмайди. Соғлик-саломатлик неъмати муҳим бўлгани учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сиз билан биз умматларига ўша улуғ неъматни доимо Аллоҳ таолонинг Ўзидан сўраб туришни амр этганлар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Аллоҳдан яқийнни ва мустаҳкам соғликни сўранглар. Зеро, одамларга яқийн ва мустаҳкам соғликдан кўра яхши нарса берилмаган», деганларини эшитдим». Термизий ривоят қилган.

«Яқийн» мустаҳкам иймондир. Демак, бандага Аллоҳ томонидан берилган неъматлар ичида энг биринчи ўринда мустаҳкам иймон турса, ундан кейинги, иккинчи ўринда соғлиқ турар экан. Ислом соғлиқнинг Аллоҳ таоло томонидан бандага берилган улуғ неъмат эканини, банда унинг учун шукр қилиши лозимлигини таъкидлаш билангина кифояланиб қолмайди. Ислом соғлиқни сақлашнинг йўлларини ҳам ўргатади. Бу борада динимизда бадантарбияга, тозаликка риоя қилишга, соғлиққа зарар етказувчи ва атрофни ифлос қилувчи нарсалардан қайтаришга, жисмни толиқтиришдан қайтаришга соғлиқни сақлаш мақсадида енгиллик ва рухсатлар берилиши каби бир қатор муҳим ишлар йўлга қўйилган.

Мавзуга оид мақолалар
Фақатгина маҳрамлар ҳузурида 

07:53 / 15.11.2016 9230
Ҳаётим давомида таскин излаган онларим кўп бўлди. Қуръондан ортиқ таскин берувчини топмадим.Дардларимни давоми...

16:06 / 10.07.2023 1184
Ўтаётган гўзал тонг муборак Орзулар ушалувчи кун муборак Қалбларни тозаловчи шу он муборак Энг қадрли давоми...

07:03 / 11.01.2017 8815
«muslimaat.uz» жамоаси «Ҳилолнашр» нашриёти ходимлари Мансуржон Абдулқайюм ҳамда Фозилжон Абдулқайюм, давоми...

12:47 / 15.02.2019 1763