Менинг биринчи Рамазоним (янги мусулмоннинг кечинмалари)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Хавотир

Бир неча кун, ҳатто ҳафтадан бери ҳаяжонланиб, бироз асабийлашяпман. Ўзимдан сўрайдиган саволларим бир хил: “Оч қолсам, чанқаб кетсам, нима қиламан? Ўзим ўйлаганчалик кучли бўлмасам-чи?! Уддалай олармиканман? Қила олмасам-чи?! Касал бўлиб қолсам-чи?!” Ўзимни юпатишга, қўрқувимни енгишга уринаман.

Аввалдан тонг отгандан қуёш ботгунча рўза тутиб юрган одам бунга одатланган бўлади. У менинг ташвишларимни, мендаги ички ва ташқи босимни тушунмаслиги табиий.

Шунчаки уриниб кўр, босим қиладиган ҳеч нарса йўқ! Бу сўзларни айтиш ёшлигидан рўза билан таниш бўлган одам учун жуда осон. Бироқ мен янгиман, ҳали бутунлай янгиман.

Бир йилча аввал мусулмон бўлдим. Рамазонда рўза тутиш мени аввалдан ўйлантирган нарсалардан бири. Исломнинг энг муҳим устунларидан эканини билганим ҳолда, мен бу қисмини шунчаки ташлаб кетишни истардим. Бутун кун давомида еб-ичмай юришни тасаввур ҳам қила олмасдим. Айниқса, бир қултум сув ича олмаслигим мени қаттиқ ташвишлантирарди. Чунки мен табиатан кўп сув ичадиган одамман. Сув ичмасам, бошиб оғриб қолиши ёки бошқа касалга чалинишимдан қўрқардим. Энди эса мен келаси тўрт ҳафта давомида кундузи сув ичолмайман!

Ҳаяжон ортмоқда

Вақт ўтган сайин кўрпоқ ташвишлана бошладим. Устига устак, онам ҳам “Бу сен учун эмас”, деб кўп такрорларди.

Рўзани ўйласам, бирор сабаб туфайли овқатлана олмай оч қолиб кетган кунларим ёдимга тушарди: бош оғриқлари, кўнгил айнишлари ва ёмон кайфият. “Шунга ўзимни мажбур қилишинг шартми?” дерди онам. Унга нима деб жавоб беришни билмасдим.

Мен рўза ҳар бир мусулмонга фарз қилинган беш амалдан бири эканини билардим. Шунингдек, ҳомиладор аёллар, кекса ёки касал кишилардан бу соқит қилинганидан ҳам хабардор эдим. Мен эса улардан бирортасига ҳам кирмасдим. Ёш ва соғлом эдим. Ўша пайтдаги менинг ҳиссий ҳолатимни ифодаловчи сўз – “ваҳима” бўлса керак. Атрофимдагиларни ҳам саволларим билан қийнаб юборгандим. Ниҳоят, Аллоҳ ҳамиша мен билан бирга эканини ҳис қилган ҳолда шунчаки ҳаракат қилиб кўришга қарор қилдим.

Уриниш

Биринчи, иккинчи ва учинчи кунлар ўтди, мен ҳамон рўза тутардим. Ростини айтганда, биринчи кунлари, айниқса, қийин бўлди. Лекин рўзадорлик пайтимда эмас, рўзамни очгандан сўнг. Соат энди 19:00 бўлган бўлса ҳам, тезда ётиб ухлашни хоҳлардим. Кундузи бошим оғримади, касал бўлмадим ва кайфиятим ҳам яхши эди. Бундан ўзим ҳам ҳайрон бўлдим. Ҳатто қорним очганини ҳам сезмадим. Фақат ифторга бир соатча қолганда чанқаб, бироз ҳолсизландим. Мен онг остимда рўзани фақатгина кулранг каби қора тусларда тасаввур қилгандим, гўёки бу фақат азобдан иборатдек. Бироқ булардан бирортаси ҳам содир бўлмади.

Шаффоф ранглар

Мен рўзани қоранинг тусларида дея қилган тасаввурим ёлғон бўлиб чиққанини айтдим. Бироқ мен ўқувчини рўза тутиш қизил, сариқ ва яшил каби ёрқин ранглардек тасаввур қилиш мумкин, дея ишонтирмоқчи эмасман. Агар рангга қиёс қилиш мумкин бўлса, уни улкан баландликларда, сукунатда ва тоғларнинг ёлғизлигида тасаввур қилиш мумкин бўлган шаффоф рангларга менгзаш мумкин. Бу дунёни эслатмайдиган рангларга! Ғараз, бахиллик, ҳасад каби иллатлардан холи бўлган рангларга! Соф, покиза рангларга! Бу ранглар рўзанинг Аллоҳ таолога тегишли эканини ифодалайди.

Биринчи икки ҳафтадаги ҳиссий ҳолатимни қандай ифодалашим мумкин? Ўзимни енгил ҳис қилдим. Руҳиятимга шўнғиб, ўзимни ва дунёни англай бошладим. Атрофимдаги нарсаларга нисбатан аввал ҳеч қачон ҳис қилмаган енгил муносабатни туйдим.

Бугун билан яшаш

Аллоҳга яқинлик энг яхши таъриф, бироқ мавҳумроқ ва тушунишга қийинроқ.

Рамазоннинг иккинчи ярмида менинг руҳий ҳолатимда кескин ўзгариш рўй берди. Мен жуда таъсирчан бўлиб қолдим. Ўзимдан ва атрофимдаги нарсалардан қониқмаслик ҳисси кундан кунга ошиб борарди.

Гўёки ўтган ҳафталарда жисмимни тарк этган заҳар, бадбўйлик каби ёмон нарсалар энди руҳиятимни ҳам тарк этаётган эди. Бу ҳолатнинг шу қадар кучли ва аёвсиз бўлишини мен кутмагандим. Гўёки ичимда бир портлаш яқинлашаётган эди. Мен кутдим. Аччиқ ва заҳарли кўз ёшларим, қалбимдаги қоралар мени охирги томчисигача тарк этишини кутдим. Буларнинг барчаси мени анча ҳолсизлантирди. Ҳатто Рамазондан кейин ҳам бир неча ҳафтагача ўзимни беҳол, заиф ҳис қилдим. Бироқ кейин бу қораларнинг ўрнини янгича нарсалар эгаллади – куч, мувозанат, нур ва муҳаббат. Улар туфайли мен руҳий тушкун давримни тезгина унутдим.

Хулоса

Бир ой Рамазон рўзасини тутгач, кундалик машғулотларимга қайтишдан хурсанд бўлдим. Бироқ мен илк рўза тутишдаги ҳиссиётларимни – ғайрат ва ёқимли машаққат, ҳиммат ва руҳий юксалишни йўқотишни истамасдим. Бу менинг Аллоҳга бўлган иймонимни, шубҳасиз, мустаҳкамлади.

Клаудия Азиза

Манба
Мавзуга оид мақолалар
.. Мусулмонлар Бадрга йўл олишганида «Балоларга гирифтор бўлсин ва биттаси ҳам қайтмасин», деган орзуда давоми...

12:45 / 11.10.2016 6594
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Рамазондан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг Муҳаррам ойидаги давоми...

15:05 / 08.12.2016 3844
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Аввало «Бу танловнинг давоми...

16:17 / 14.05.2019 2786
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Ҳафса розияллоҳу анҳодан ривоят «Набий соллаллоҳу давоми...

20:07 / 18.11.2016 3838