Фарзандингизнинг рад жавобини ҳурмат қилинг
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Агар фарзандингизнинг доимий “Йўқ!” деган жавобидан чарчаган бўлсангиз, дунёда сиз ёлғиз эмассиз. Бироқ ҳаттоки у сиз билан муроса қилишни қўпол тарзда рад қилиб, сизни уятга қўйса ҳам (масалан, қариндошингиз билан сиз айтгандек қучоқлашиб кўришишдан бош тортса), болани жазолашдан аввал қуйидагиларни бир ёдга олиб қўйинг.

“Йўқ” жавоби болаларга назорат ҳиссини беради

Баъзан бола шунчаки диққатни жалб қилиш учун ҳам “Йўқ”, деяётган бўлиши мумкин (лекин ҳар доим ҳам эмас). “Йўқ”нинг ҳар хил турлари ва ҳар бир тури учун ўзига хос ёндашув усули бор, – дейди “Лайтҳаус Арабиа” (Lighthouse Arabia – “Арабистон маёғи”) клиник-психологи Доктор Роуз Логан. – Аниқроғи, ҳозир гап болаларнинг тиш ювиш ёки чўмилиш каби кундалик қилиши керак бўлган ишларга “йўқ” дейиши ҳақида кетмаяпти. Рад жавобини ҳурмат қилиш дегани уларга рози бўлиш керак, дегани эмас. Агар ўзига зарар етказадиган бўлмаса ёки узоқроқ муддатда салбий оқибатларга олиб келмаса, фарзандингизнинг танлаш ҳуқуқи учун курашиши яхши ҳолат. Умуман олганда, ҳаётларида содир бўлаётган нарсаларни назорат қила олишларини ҳис қилиш ва қатъиятли бўлишга ўрганиш болаларга хосдир”.

“Йўқ” сўзи болаларга чегараларни ўргатади

Доктор Логаннинг айтишича, кўпчилик болалар нутқ ривожланишининг илк босқичларида, одатда, 18-24 ойлик пайтларида “йўқ” дейиш даврини бошдан кечиришади. Буни доим ҳам кишиларни ҳурмат қилмаслик ёки ота-онасининг “сабрини синаш” учун қилишмайди. “Йўқ” дейиш фарзандингизнинг тўғридан-тўғри таъсир ўтказишининг илк йўлларидан биридир. Катталарнинг жаҳлини чиқариб, ғазаби ва норозилигига сабаб бўладигандек кўринса-да, бу ўсишнинг муҳим қисми ҳисобланади. Болалар ўзларининг рад жавоби туфайли катталарнинг эътиборига сазовор бўлаётганларини тушунгач, улар ўзлари ҳам билмаган ҳолда буни бошқа кўп вазиятларга нисбатан қўллай бошлашлари мумкин. Нима бўлганда ҳам, бу ҳолатда сабр қилишни билиш керак.

Бу ота-оналар учун ҳам имконият

Агар фарзандингизнинг “Йўқ!” деган жавобини ўзгартирмаслигини сеза бошласангиз, у билан айнан шу мавзуда суҳбатлашиб олишингиз муҳим. Баъзи ота-оналар доимий фарзандларининг кўзларига қараб турадилар, ҳамиша уларни хурсанд қилиш учун уларнинг ҳар бир мурожаатига “Лаббай!” деб турадилар. Бу фарзандларининг олдида уларнинг ота-оналик салобатларини туширади. “Ота-оналар ўзларининг қандай ота-она бўлишни исташлари тўғрисида аниқ тасаввурга эга бўлишлари, фарзандлари кўз ўнгида қай тарзда кўринишлари тўғрисида аниқ тасаввурга эга бўлишлари лозим, – дейди доктор Логан. – Турли болалар рад жавобини берадиган вазиятларни биргаликда муҳокама қилиш уларга бу имконни беради. Агар фарзандингизнинг рад жавобига рози бўлмасангиз, унга бунинг сабабини аниқ қилиб тушунтириб беришингиз лозим. Шунда уларга баъзи ишларни, хоҳлашмаса ҳам, улар учун жуда фойдали бўлганидан ёки динлари ва маданиятлари тақазоси билан қилиш лозимлигини тушунишларига ёрдам берган бўласиз.

“Йўқ” дейиш болаларда ўзига ишонч пайдо қилади

“Йўқ” жавобининг сабаби нима бўлишидан қатъи назар, болага “йўқ” дейиш қайсарлик эканини айтиш билан унга яхшилик қилган бўлмайсиз. Болани бировни қучоқлашга ёки нарсасини бировга беришга мажбур қилсангиз, уни ўзининг бадани ёки ўзига тегишли нарсасига улар истасалар ҳам, истамасалар ҳам, бошқаларнинг ҳам бемалол ҳақли эканига ўргатаётган бўласиз. Болалар ўзларини ёмон ҳис қиладиган нарсаларга “йўқ” дейишга ҳақлари борлигини тушунишимиз лозим. Албатта, болага жаҳлингиз чиққанини кўрсатиш осонроқ. Бироқ уларга сиз билан суҳбатлашиш имконини бериш, нима учун рад қилганларини сўраб, биргаликда бу ҳақда фикрлашиш ва кейинги гал шу каби вазиятда қандай йўл тутишни ўйлаб кўриш муҳимдир. Энг яхшиси, бу суҳбатлар хотиржам ҳолда, фақат иккингиз бўлганингизда бўлгани маъқул. Болаларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олиш уларни барча ҳолатда ҳам ноқулайлик ҳис қилмасликларига, натижада ўзларига бўлган ишончнинг ортишига олиб келади. Бу эса, ўз навбатида, бошқалар билан мулоқот қилиш кўникмаларини шакллантириб, бошқаларни хафа қилмаган ҳолда “йўқ” дея олишни ўргатади.

Болаларнинг рад жавобини ҳурмат қилиш уларни бошқаларни ҳурмат қилишга ўргатади

Бошқаларнинг жавоблари ҳам ўзларининг жавоби каби муҳим эканини тушуниш болаларнинг келажак ҳаётларида муҳим роль ўйнайди. Катталарнинг бошқалар билан, жумладан, турмуш ўртоқлари билан ўзаро муносабатларида, ҳатто улар келиша олмай турганда ҳам ҳурматга асосланган хулқни кўриш болаларни бошқаларни ҳурмат қилишга ўргатишнинг энг кучли усулидир. Барчамизга маълумки, бирор нарса ҳақиқатда яхши бўлиши учун биз уни яхши деб билишимиз шарт эмас. Болаларга ҳам баъзан “йўқ” жавоби уларни хафа қилса ҳам, аслида уларнинг фойдасига бўлиши мумкинлигини тушунтиришимиз лозим. Агар фарзандингиз бировнинг рад жавобидан хафа бўлса, уни юпатинг ва ҳамдардлик билдиринг, сўнг вазиятдан мавзуни муҳокама қилиш учун фойдаланинг.

Фарзандингизнинг рад жавобини ҳурмат қилишда ота-оналик маҳоратингизни ривожлантириш учун беш қадам:

  1. Рози бўлмаган ёки тушунмаган тақдирингизда ҳам боланинг ҳиссиётларини тасдиқланг ва уни тушунишга ҳаракат қилинг.
  2. Нима учун унинг фикрига қўшилмаслигингизни тушунтириб беринг, керак бўлса, буни оилавий қадриятларингиз ва анъаналар билан боғлаб кўрсатиб беринг.
  3. Имкон бўлган пайтда болага ўз танлови ва мустақиллигини амалда қўллашга қўйиб беринг.
  4. Ўзингиз “йўқ” демасликка ҳаракат қилинг. Инкор гапларни тасдиқ гапларга айлантиринг. Масалан, “Йўқ, ҳозир сут ичмайсан”, дейишнинг ўрнига “Ҳозир чўмилиб ол, сутни ундан кейин ичасан”, деб айтинг.
  5. Агар бор бўлса, болага танлов учун турли вариантларни таклиф қилинг. Бошқа танлов имконсиз бўлган пайтда унга чегараларни аниқ ва тушунарли тарзда тушунтиринг.

Манба: https://babyandchild.ae,

инглиз тилидан эркин таржима

Мавзуга оид мақолалар
Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилинади Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан Амалларнинг қайси бири афзал давоми...

05:36 / 28.12.2016 4276
Насиҳат Эр билан орангиздаги риштани мустаҳкамланг Қанчалик гўзал, олима, бойбадавлат бўлманг, эрингиз давоми...

21:00 / 14.12.2019 2734
Абу Али ибн Сино ошқовоқ ҳақида турли фикрлар айтган Ошқовоқни қайнатиб шарбати ичилса, йўтал ва кўкракдан давоми...

19:03 / 26.12.2016 7115
33 « ». . Ўттиз учинчи ҳадис Оиша разияллоҳу анҳондан ривоят қилинади «Рамазон келди. «Эй давоми...

21:37 / 04.06.2018 3691