Ўлим
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ёз кунларининг бирида ўғлим мактабда бирга ўқиган ўртоғини уйимизга бошлаб келди.

– Танидингизми, она?! Фарҳод эсингиздами?

Фарҳод-ку эсимда! Лекин қаршимда турган йигитни ҳеч ўзим билган Фарҳодга ўхшатмадим: анча улғайган, қорайиб, соч-соқоли ўсиб кетганиданми, ўзининг ёшидан анча катта кўринади. Эгнига кийиб олган майкасига қўрқинчли бир махлуқнинг сурати туширилгани ва бўйнидаги занжири бир оз кўнглимни ғаш қилган бўлса-да, базўр жилмайиб, меҳмонни уйга таклиф қилдим.

Меҳмондорчиликдан кейин Фарҳод кичик ўғилларимга "Қўл жанги"дан айрим усулларни кўрсатиб, озгина шуғулланган бўлди. Қарасам, қўлига "бармоқлари" кесиб ташланган қора қўлқоп кийиб олибди. Юрагимга ғулғула тушди, кетақолсайди, дедим ичимда. Уйи унчалик узоқмас, яқинда бизнинг туманга кўчиб келишган экан. Лекин у кетмади.

Айвонга қатор жой солдим. Идиш-товоқни ювиб, ошхонани йиғиб-териб, хонамга кирдим. Аксига олиб, бугун дадаси касалхонада навбатчи эди.

Озгина мутолаа қилган бўлдим, лекин хаёлим айвонда болаларим билан ухлашга ётган йигитда эди.

Дарвоқе, бундан икки ойча аввал ўғлим: "Фарҳод деган ўртоғимиз йўқмиш, онаси ҳамма болаларга телефон қилиб, суриштираётганмиш. Эри билан ажрашиб кетган, уни ёлғиз ўзи катта қилган эди. Тамом бўлади энди! Аҳмоқ қаерларда юрганийкин?" деб куйиниб гапирувди. Нимага боя шуни эсламадим-а!?

Бошимдан қайноқ сув қуйилгандек бўлди. Ўтирган жойимдан қимирлолмай қолдим. Бутун борлиғимни мудҳиш хаёллар чулғаб олди: ҳозир ҳамма болалар ухлагандан кейин Фарҳод секин ўрнидан туради-ю... навбат менга келади!

Нимагадир шу тобда фикрларим тиниқлашиб, хотиржам мушоҳада қила бошладим. Хўш, ўлим нима ўзи?! У биз ўйлагандек қўрқинчлими? Қаердадир "Ўлим – фоний дунёдан боқий дунёга кўчиш учун қурилган кўприк", деб ўқигандим. Шундай экан, ўлим у қадар қўрқинчли нарса эмас, фақат мен "кўчиш"га тайёрманми? Гап ана шунда!

Ўлимим ҳақида хабар тарқалиши билан уйимни одам босади. Ўлимга моддий тайёргарлигим қандай? Ўрнимдан турдим-да, жавонларимни ағдариб, тартиблашга тушдим... кўйлакларим у қадар кўпмас, лекин рўмолларим икки тугунча чиқаркан. Эсиз, керагидан ортиғини ҳадя қилиб юборсам бўларкан!

Онам раҳматли: "15-20 метр оқ сурп, бир жуфт калиш-махсини сандиқнинг тагига ташлаб қўй, доим турсин, керак бўлади", дердилар. Оҳ, оқилагина онам-а, шу айтганингизни қилмаган эканман...

Ётоқхонамни кўрса, кўзлар қувонадиган, кўрганлар саришта аёллигимга шубҳа қилмайдиган шинамгина бўлишига интиляпману, қалбимни оғир бир савол эзади, бу саволдан қаерга қочишни билмаётгандек юрагим зириллайди. Бутун ҳаётим кинолентадек кўз олдимдан ўтади.

Мен Аллоҳнинг ҳузурига боришга тайёрманми? Гуноҳларим... хатоларим!.. Энди фурсат тугади, энди вақтни ортга қайтариб бўлмайди! Аллоҳим, Ўзинг кечир гуноҳларимни, қазои қадаримни хайрли қил!

Энди нажот фақат ибодатдан! Ўлимим жойнамозим устида бўлса, тилларим зикрда қотса...

Тиқ этган товушни ўзимга яқинлашаётган ўлим деб билиб, жойнамозим устида тонг ёришгунча ўтирдим. Субҳ билан менинг дилим ҳам аста ёриша бошлади. Бомдод намозини ўқиб, болаларни уйғотгани айвонга чиқдим...

Пайт пойлаб ўғлимни секин четга чақириб: “Ўртоғинг шу кетганча энди келдими, қаерда экан?” деб сўрадим. "Йўғе, – деди ўғлим кулимсираб, – уч-тўрт кун онасидан аразлаб вилоятдаги қариндошиникига кетиб қолган экан..."

Нонуштадан кейин Фарҳод кетишга чоғланди. "Раҳмат, хола!" деди остонада туриб. "Сенга раҳмат! – дедим беихтиёр, кейин қўшиб қўйдим: – Ойингни эҳтиёт қил, мендан салом айт".

Аллоҳим, менга ўлимни эслатган, ўзимни тафтиш қилишимга сабаб бўлган мана шу йигитга ҳам Ўзинг тавфиқ бер, ҳидоятингга йўлла!

Дилфуза Саидраҳмон

Мавзуга оид мақолалар
  Ўзбекистон мусулмонлари идораси бошчилигида Қуръон мусобақасининг сўнгги босқичига тайёргарлик давоми...

13:56 / 15.04.2018 3902
               Исломий адабиётлар ичида илм, таълим, олим, муаллим ва толиби илм одобларига бағишланган давоми...

10:37 / 15.03.2017 8473
16масала Агар бир кишининг қўли ёки оёғида жароҳат бўлсаю, сув унга зарар етказадиган бўлса, таҳоратда давоми...

12:14 / 14.02.2019 3245
Ҳеч бир шахс мусулмон уламолар, мутафаккирлар ва адибларнинг қаламлари битиб кетган, бугунги кунимизгача давоми...

17:36 / 05.03.2017 3774