ФЕЙСБУК ОДОБЛАРИ ВА ҲУКМЛАРИ Биринчи фасл
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Биринчи фасл

Фейсбукнинг умумий одоблари

Эй карамли мусулмон! Билгинки, «Фейсбук» деб аталмиш оламнинг лозим тутиш вожиб бўлган одоблари бор. Улар қуйидагилардир:

  1. Яхшилик ва тақво йўлида ўзаро ёрдам бериш.

Сен ўз саҳифангдаги дўстларинг ва бошқа фойдаланувчилар билан гуноҳ ва маъсият йўлида эмас, балки яхшилик ва тақво йўлида ўзаро ҳамкорлик қилишинг лозимдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг» (Моида сураси, 2-оят).

«Бирр» («Яхшилик») – бутун яхшиликларни ўзида жамлайдиган сўз бўлиб, шариат буюрган ва қалб хотиржам бўладиган барча ишни ўз ичига олади.

«Тақво» – буюрилган нарсаларга итоат қилиш ва қайтарилган нарсалардан четланишдир.

«Гуноҳ» – маъсият қалбда пайдо бўлиб, одамларга ошкор бўлиши кариҳ кўриладиган нарсадир.

«Душманлик» («ъудван») – Аллоҳнинг чегараларида ҳаддан ошишдир.[1]

  • Барча диёрлардаги бандаларга манфаат келтириш.

Фейсбук ақлини ишлатадиган ва биладиган киши учун Аллоҳ азза ва жалланинг неъматларидан биридир. У ерда бутун дунёдаги инсонларга фойданг тегиши, жумладан, солиҳ, илмий маълумотларни тарқатишинг, бирор насиҳатни эслатишинг ёки тарк қилинган суннатни тирилтиришинг мумкин. Бу Аллоҳ таоло набий, валий ва солиҳ зотларни ризқлантирган неъматдир.

Аллоҳ таоло Ийсо ибн Марям алайҳиссаломнинг тили билан шундай марҳамат қилади:

«Мени қаерда бўлсам ҳам, муборак қилди» (Марям сураси, 31-оят).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу дейди: «Жаъаланий мубарокан» – «мени муборак қилди», яъни «таълим берувчи, одоб берувчи қилди» маъносида келган».[2]

Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ дейди: «Мени қаерда бўлсам ҳам, муборак қилди» «қаерда бўлсам ҳам, яхшиликдан таълим берувчи қилди» деган маънода келган».[3]

Яъни Аллоҳ таоло баракани яхшиликни ўргатиш ва унга чақиришда қилди. Таълим берувчи билан бирга ўтирган, у билан жам бўлган ҳар бир киши унинг баракасига ноил бўлади, суҳбатдоши у билан бахтиёр бўлади.[

Эй фозил биродарим! Сен ана шундай инсон бўл! Ҳар бир маконда, ҳатто у Фейсбук саҳифанг бўлса ҳам, инсонларга фойда келтиришга ҳарис бўл. Шоядки, Аллоҳ таоло сени ҳам Ийсо алайҳиссаломни ноил қилган нарса – илоҳий мақтовга ноил қилса!

Аллоҳ таоло ушбу байт муаллифини раҳматига олсин:

Аллоҳнинг шундай бир қавми бор эрур,

Бир жойда турса, хайр у билан турар,

Гар юрса, эзгулик у билан юрар.[4]

Огоҳ бўл!

Эй биродарим, эҳтиёт бўл! Фейсбук тоатингда камчиликка йўл қўйишингга сабаб бўлиб қолмасин. Зеро, ибодатда камчиликка йўл қўйишдан-да қабиҳроқ камчилик йўқ бу дунёда! Бунинг учун қилган ҳасратинг энг улкан ҳасратинг бўлгай. Аллоҳ таолонинг «Унда (дунёда) қилган камчиликларимизга ҳасрат-надоматлар бўлсин», дерлар» оятини ўқимаганмидинг?» (Анъом сураси, 31-оят). Бу ердаги ҳасрат-надомат, ғам чекиш бандага берилган фурсатнинг ўтиб кетгани учундир.

Аллоҳ таоло яна марҳамат қилади: «Ҳар бир жон: «Аллоҳ ҳақида йўл қўйган камчиликларим учун надомат бўлсин. Ҳақиқатдан ҳам, масхара қилувчилардан бўлган эдим» (демасидан олдин)...» (Зумар сураси, 56-оят).

Эҳтиёт бўл! Фейсбук намозларингга бепарво бўлиб қолишингга сабаб бўлиб қолмасин. Акс ҳолда бошингга мусибат, мусибат бўлганда ҳам, улкан мусибат ёғилади! Дининг ва дунёингни барбод қиласан. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Бир «намозхонлар»га вайл бўлсинки… улар намозларини унутувчилардир» (Моъун сураси, 4-5-оятлар). «Намозхонлар»га», дейилганда намоз аҳли назарда тутилган. Яъни улар аввал намозни ўзларига лозим тутган, сўнгра уни унутиб қўйган, ёки бутунлай ташлаб қўйган ёки шариат белгилаб қўйган вақтда ўқимайди, бутунлай ўз вақтидан чиқариб юборади.[5]

Ато ибн Ясор раҳимаҳуллоҳ «вайл» сўзининг тафсирида шундай дейди: «У жаҳаннамдаги шундай бир водийки, унга дунёдаги тоғлар туширилса, эриб кетган бўларди».[6]

Эҳтиёт бўл, эй иним! Фейсбук Аллоҳнинг Китобидан ғафлатда қолишингга сабаб бўлмасин. Аллоҳ азза ва жалла марҳамат қилади: «Қалбини Ўз зикримиздан ғофил қилиб қўйганларимизга ва ҳавои нафсига эргашиб, иши издан чиққанларга итоат қилма» (Каҳф сураси, 28-оят).

Муфассирлар дейдилар: «Аллоҳдан ғофил бўлган эди, уни Ўз Зикридан ғофил қилиш билан жазолади».

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «... ҳамда оятларимиздан ғофил бўлганлар» (Юнус сураси, 7-оят).

Огоҳ бўл! Фейсбук вақтингни зое қилувчи омил бўлиб қолмасин. Билгинки, сен ёшлик вақтингдан сўраласан, умрингдан ҳисоб-китоб қилинасан. Ибн Масъуддан ривоят қилинган ҳадисга кўра Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Одам боласи қиёмат куни то беш нарсадан сўралмагунча жойидан жилмайди: умрида нима ишлар қилгани, ёшлик даврини қандай ўтказгани...»[7]

Агар сен нафсингни зикр қилинган қоидалар билан тартибга сола олмасанг, у ҳолда сени Аллоҳдан машғул қилиб қўйган нарсага рози бўлишдан ҳазир бўл! Акс ҳолда Аллоҳ таоло мазаммат қилганлар тоифасидан бўлиб қоласан. У Зот деди: «...бу дунё ҳаётидан рози бўлиб, у билан хотиржам қолганлар» (Юнус сураси, 7-оят). Яъни, охират савобини қўйиб, бу дунёдаги нарсаларни ихтиёр қилдилар. «Хотиржам қолганлар» – ундан рози бўлганлар, унга ишонганлар, уни афзал билганлар ва ундан шодланганлар.

Роббимиз яна: «Ёки охиратни қўйиб, дунё ҳаётига рози бўлдингизми?» дея марҳамат қилган (Тавба сураси, 38-оят). Яъни, боқий охират савобининг ўрнига мана шу фоний дунё манфаатларига рози бўлдингизми? [8]

Аллоҳ таоло яна шундай марҳамат қилади: «Улар хаволифлар билан бирга бўлишга рози бўлдилар. Аллоҳ уларнинг қалбларига муҳр босди» (Тавба сураси, 93-оят). «Хаволиф» сўзи «инсонларнинг энг пасткашлари, энг пастлари», деб тафсир қилинади.[9]

Аллоҳ барчамизни авлиёларни муҳофаза қилганидек муҳофаза қилсин.


[1]                             Қаранг: «Тафсири Мунир». Доктор Ваҳба Зуҳайлий. 6/65.

[2]                             Ибн Шоҳин «Шарҳу мазаҳиби аҳлис-сунна» да ривоят қилган (1/25).

[3]                             Ибн Жарир «Жомиъул баён ъан таъвийли аайил Қуръан» да ривоят қилган (15/531).

[4]                               Қозий Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абу Уқома Ҳафоилийнинг шеъридан. Уни Исфаҳонлик котиб Имодуддин «Харийдатул қаср важарийдатул аср» китобида зикр қилган (2/555). Яна қаранг: «Аддуррул фарийд вабайтул қасийд». Муҳаммад ибн Айдамир Мустаъсимий. 5/350.

[5]             Қаранг: «Тафсирул Қуръанил аъзийм». Ҳофиз ибн Касир. 8/394.

[6]             Ибн Жарир «Жомиъул баён»да ихрож қилган (2/168).

[7]             Термизий 2417-рақам билан ихрож қилган. Шоҳидларига кўра ҳасан.

[8]             «Ан-нукату вал-ъуюн». Мовардий. 2/362.

[9]           «Маъолимут-танзийл фи тафсирил Қуръон». Бағовий. 2/378.

Мавзуга оид мақолалар
Бу воқеа яқин кунларда, Рамазон ойи кезлари юз берди. Ишдан одатдагидан кечроқ қайтар эканман, кечги давоми...

21:36 / 18.05.2022 19025
Маҳалий тилда билиш, беляш деб эшитганларимизни устозларимиз миллий таомлар жамланган китобларда балиш давоми...

12:47 / 29.11.2016 5625
Қуръони каримни ўқиб, қалбингиз эриган, Аллоҳнинг каломини ҳақиқатда ичичингиздан ҳис қилган онларингизни давоми...

20:56 / 25.04.2019 3465
Тамаки чекиш энг ёмон иллатлардан бири ҳисобланади. Тамакининг тутуни нафақат чекувчини, балки давоми...

20:09 / 09.01.2017 4637