Вазн ортишига сабаб бўлувчи 5 зарарли одат
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Озиш, вазнимизни камайтириш учун баъзан нималар қилмаймиз – ўзимизни охири йўқ парҳезлар билан қийнаймиз, фитнес клублардан “паноҳ” излаймиз, тез ва осон озиш усули, дея қилинган рекламаларга ишониб, шубҳали қўшимчаларни истеъмол қиламиз. Бироқ булар доим ҳам ижобий натижа беравермайди. Оқибатда эса мазкур муаммонинг ўз одатларимизда яширинган энг оддий ечимларини пайқамай қоламиз. Ҳа, айнан кундалик одатларимиз ортиқча вазн йиғилишида энг асосий омил бўлиб хизмат қилади. Агар биз уларга барҳам бера олсак, қийин парҳезлар ҳақида ўйлашга ҳам ҳожат қолмайди.

Биринчи одат – овқатланиш пайтида китоб ўқиш ёки телевизор томоша қилиш. Таниш ҳолат, шундай эмасми? Бу жараён давомида биз организмимизга керагидан ортиқ нарса еб қўйганимизни сезмай ҳам қоламиз. Бундай қизиқарли кўрсатувни ўтказиб юбориш жуда ҳам қийин, ундан кўра бир тақсимча кўпроқ овқат есам, ҳеч нарса қилмайди, дейсизми? Ундай бўлса, буни овқатланиб бўлгандан сўнг қилинг. Ишонинг, бу одатингизни ташласангиз, бир неча ҳафтадан сўнг натижани кўрасиз.

Иккинчи одат – деяaрли ҳар куни ўзимизга ётишдан аввал ҳеч нарса емасликка ваъда берамиз ва кўп ҳолларда бунинг уддасидан чиқа олмаймиз. Бундай ҳолатда, агар оқшомни ярим оч ҳолатда ўтказишга кучингиз етмаётган бўлса, оддий бир усул тавсия қилинади: куни билан оз-оздан тез-тез овқатланиш. Бунда асосий мақсад оқшомга қадар бир кунда ейиш тавсия қилинадиган калория миқдорини тугатмаслик. Ана ўшанда кечки пайт ўзингизни озроқ калорияли енгил тамадди билан сийлашингиз мумкин бўлади.

Учинчи одат – ҳаракатсизлик. Албатта, ҳаракат яхши, фақат қачонки ўзимиз фаол ҳаракат қилганимизда! Машина ёки метрода ишга қатнаш ҳаракат ҳисобланмайди. Биз уйдан чиқамиз, машинага ўтирамиз-у, ишга жўнаймиз. Қайтишда ҳам худди шу аҳвол. Баъзиларнинг бутун кун давомида қиладиган жисмоний меҳнати асосан шундан иборат. Бундай ҳолатда машинангизни бироз узоқроқ жойга қўйиб, қолган масофани пиёда юриш тавсия қилинади. Лифтни зинага алмаштириш мумкин. Жамоат транспортидан фойдаланувчилар эса бир-икки бекат аввал тушиб қолиб, қолганига пиёда юришлари мақсадга мувофиқ бўлади.

Тўртинчи одат – барча озиш ниятида бўлганлар рационда ширин ва унли маҳсулотларни чеклаш лозимлигини яхши англайдилар. Ширин деганда кўпчилик торт, шоколад ва шу каби ширинликларнигина тушунишади. Бироқ ширин ичимликлар баъзан эътибордан четда қолади. Ваҳоланки, уларнинг аксарияти йирик миқдорда шакар ва бўш калорияларга эга. Шарбатлар, нектарлар ва совуқ чойлар ҳам керагидан анча кўп шакар билан бойитилган. Ширин газли ичимликлар ҳақида гапиришга ҳам ҳожат йўқ. Яхшиси, чанқоғингизни тоза ичимлик суви билан қондиринг. Шунда организмингиз сиздан миннатдор бўлади.

Бешинчиси – замонамизга хос бўлган яна бир зарарли одат шошилиб овқатланишдир. Овқатни тез истеъмол қилганда организм қанча миқдорда овқат еганингизни англашга улгурмай қолади. Миянгизга қорнингиз тўйгани ҳақидаги сигнал етиб боргунга қадар (20 дақиқа ичида) энг камида керагидан тўртдан бирга кўп миқдордаги овқатни еб бўлган бўласиз. Ечими оддий – секин енг, таомни хотиржам чайнанг, унинг таъмидан роҳатланинг.

Зарнигор

Мавзуга оид мақолалар
Масаллиқлар безесига 2 та тухум оқи 150г шакар кремига 150г юмшоқ ширин пишлоқ ёки творог 50 мл 3335 давоми...

07:10 / 20.11.2016 2792
Азиз мусулмон дўстим. Биламан, сиз жаннатга киришни хоҳлайсиз, Аллоҳнинг дийдорини кўришни истайсиз. Яна давоми...

19:01 / 01.12.2016 3938
Аллоҳ таолонинг маърифати ва ваъдасининг тасдиғи ҳосил бўлса ҳамда умрнинг қисқалиги англаб етилса, ўша давоми...

15:26 / 29.11.2016 4410
  Доғистоннинг Советское қишлоғи масжидида аёллар ўртасида намоз ва таҳорат бўйича туман мусобақаси бўлиб давоми...

19:22 / 12.02.2017 4653