Иймон психосоматик касалликларнинг олдини оладими
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Охирги вақтларда психосоматикага нафақат тўғридан-тўғри боғлиқ бўлган мутахассислар – врачлар, психологлар, психотерапевтларнинг эътиборлари тобора ортиб боряпти, балки кенг омманинг ҳам қизиқиши чексиз. Бунинг ажабланарли жойи йўқ. Сабаби бутун жаҳон соғликни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, соматик (жисмоний) касалликлар шифокорларига мурожаат этувчи беморларнинг 38% идан 42% игача ана шу психосоматик хасталиклар туркумига кирувчилардир.

Психосоматик хасталиклар қандай касалликлар ва улардан ўзимизни қай тарзда муҳофаза қилишимиз мумкин? Ҳар бир психосоматик касалликнинг негизида эмоционал кечинмаларнинг кучли таъсири туради ва бу ўз ўрнида инсон организмининг патологик бузилиши ҳамда функционал ўзгаришига олиб келиши табиий.

Ушбу касаллик турида инсон ҳаётида юз берган воқеани мустақил психологик даражада ислоҳ қила олмай, ўзини жисмоний жиҳатдан содда психологик муҳофаза қилиш йўлига ўтади (соматизация). Бунинг оқибатида эса ўзини ноқулай ҳис қилади ва мазкур ҳолат ўз навбатида узоқ вақтга чўзилиши сабабли ички органларнинг иш фаолияти бузилади, шунингдек, инсонда жисмоний касалликлар пайдо бўлади. Шу туфайли психосоматик касалликларни  “мослашиш” ва “эмоцияларга жавоб қайтарилмаган” касаллик деб ҳам атайдилар.

Бу ҳақдаги билимларни инсоният XIX асрнинг бошида, психосоматик медицина пайдо бўлганидан сўнг кашф этган бўлса, мазкур хасталикнинг олдини олиш ва уни яхшилаш (коррекциялаш) илмини эса Яратган бундан бир неча юз йил аввал инсониятга билдирган.

Шуни айтиш жоизки, маълум бир шахсни муайян вақтда стресс ҳолатига солувчи, унда психосоматик касалликни келтириб чиқарувчи сабаб – бу ижтимоий омилдир. Яъни, атроф-муҳитнинг ёмон таъсир кўрсатиши. Бунга оилавий муносабатлардаги аҳвол, ҳаётнинг тубдан ўзгаришига сабаб бўлувчи баъзи ҳодисалар, яқин инсонини йўқотиш ва ҳоказолар киради. Нима бўлганда ҳам стресс инсоннинг ана шу сабаблардан, ҳаётидаги вазиятлардан таъсирланишидан, уларни ўзига “сингдиришидан” бошланади. Албатта, бунинг оқибатида инсоннинг феъл-атвори ўзига хос, турлича бўлиши мумкин. Аммо уларнинг ичида иккита кенг тарқалган таъсирланиш услуби ажралиб туради: муаммони аниқлаш ва идрокли-онгли аниқлаш.

Идрокли-онгли аниқлашда маълум ҳодисага эмоционал таъсирланиш натижасида инсон аниқ бирон ҳаракатни амалга оширмайди, муаммо ҳақида ўйламасликка, у ҳақда бирон инсонга гапириб ўтирмасликка ва умуман уни эсдан чиқаришга ҳаракат қилади.

Муаммони аниқлашда эса одам мақсадга мувофиқ равишда, оқилона асосда, муаммони ҳал қилиш режасини ўйлаб йўл тутади ва бу унинг мустақил таҳлил қилиши, маълум инсонларга мурожаат этиши, қўшимча равишда маълумот излаши каби хатти-ҳаракатида намоён бўлади. Бу эса Яратганга иймон келтириш, Унга таваккул қилиш йўлида инсон ўз хулқ-атворини яхшилаши, янги тажрибаларни орттириши, фаҳм-фаросатини янада ривожлантириши, ўз одатларининг устида ишлаб, ўзини ислоҳ қилиши деганидир. Бир гап билан айтганда, иймони сабабли инсон атрофида бўлаётган ҳодисаларга ўз эътиборини тўғрилаб, содир бўлиши мумкин бўлган стресс ҳолатларига ва унинг оқибатларига ўзгача назар солиши мумкин. Бу ҳақдаги билимлар эса бизга Қуръони Карим ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида баён этилгандир.

Юқорида айтилган маълум ҳодисалардан таъсирланиб, уларга қарши руҳий таъсир кўрсатиш йўлида инсониятга Ислом динининг берадиган имкониятлари:

  1. Яратганга иймон келтириш, Унинг исмларини ва сифатларини билиш қийин ҳаётий ҳодисаларда инсон учун кучли манбадир. Чунки бу илм, инсоният билган ва билмаган ҳамма нарса ҳамда биз юқорида айтган маълум ҳодисалар ҳам Ёлғиз Яратганнинг Ўзигагина итоатда экани ҳақидаги тушунчани англатади. “Агар Аллоҳ сени зарар ила тутса, Ундан ўзга ўшанга кушойиш берувчи йўқдир. Агар У сенга яхшиликни ирода қилса, Унинг фазлини рад қилувчи ҳам йўқдир. Уни бандаларидан хоҳлаганига етказур. У мағфират қилувчи ва раҳмли Зотдир” (Юнус сураси, 107-оят).
  2. Инсон нима учун яратилганини ва у, албатта, бу дунёда синалишини билиши ҳаётда қийинчиликлар бўлиши, аммо уларни енгиш борасида банда иймонини мустаҳкамлаши ҳамда Унинг розилигини топишини англашига ва тушунишига ёрдам беради. “Жин ва инсонни фақат Менга ибодат қилишлари учун яратдим” (Зориёт сураси, 56-оят). “Албатта, Биз сизларни бир оз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга башорат бер” (Бақара сураси, 155-оят).
  3. Ҳар бир қийинчиликка бардош бериши борасида Яратган ҳар бир бандасини синар экан, унинг имкониятига яраша синов беришига иймон келтириш. “Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас” (Бақара сураси, 286-оят).
  4. Ўз ҳаёти учун масъулиятни қабул қилиш ва уни ҳис этиш ўз навбатида муаммоларни ҳал қилиш ва маълум ҳодисалардан чиқиб кетишда ёрдам беради.
  5. Аллоҳга тақво қилиш Унинг Ўз бандасига ёрдам беришига ва уни зарар кўришидан асрашига, шунингдек, ҳар бир қийинчиликдан сўнг, албатта, енгиллик келишига бўлган эътиқодининг ўзгинасидир. “Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўядир” (Талоқ сураси, 2-оят). “Бас, албатта, қийинчилик билан осончилик бордир. Албатта, қийинчилик билан осончилик бордир” (Шарҳ сураси, 5–6-оятлар).
  6. Ибодат қилиш инсоннинг эмоционал таранглигини сокинлаштириб, унинг жисмоний ҳолатига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. “Иймон келтирганлар ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлар. Аё, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасми?” (Раъд сураси, 28-оят).
  7. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ўрганар эканмиз, мўмин инсон атроф-муҳит билан муносабат қуришда, ҳаётидаги воқеа ва ҳодисаларга нисбатан ўзини қандай тутиш борасида ўзи учун янги, катта бойлик ҳамда неъмат бўладиган илмни кашф этади.
  8. Пировардида шуни айтиш керакки, юқорида айтилганларнинг бари инсоннинг психосоматик касалликларининг олдини олиш учун асос бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, психологик даражада буларни “сингдириб”, ўзини ҳамда атрофдагиларнинг психик ва эмоционал даражада ҳолатини тўғри тушунишига, Яратган томонидан омонат қилиб берилган жисмига озор бермасликка ёрдам беради.

Якунида, менинг фикримча, мўмин инсонга ҳар қандай қийин вазиятда қўл келадиган Имом ибн Қоййим ал-Жозийянинг маслаҳатларидан бирини келтирмоқчиман: “Агар Аллоҳ таоло Ўзининг бандасига пардани бир оз кўтариб, унинг ишларини қандай бошқаришини кўрсатганида ва бандасининг фойдасини ундан-да кўпроқ кўзлашини билдирганида эди, унинг юраги Яратганга нисбатан бўлган севгидан эриб, миннатдорчилигининг охири йўқлигидан майда-майда бўлиб кетар эди. Шунинг учун бу дунё дардларидан чарчаган бўлсанг, ўксинма! Эҳтимол, Яратган сенинг ибодатларинг орқали унингни эшитмоқчидир. Шундай экан, пешонанг ерга текканида ўз хоҳиш-истакларингни тўкиб-соч, сўнг уларни унут. Билгинки, Яратган, дарҳақиқат, унутмас”.

“Мусулмонларга психологик ёрдам” ассоциациясининг

“ИСЛОМ: шахс ва жамият” журналида чоп этилган

Ямалиева Лилия Фаридовнанинг мақолисидан

Джураева Мадина таржимаси

Мавзуга оид мақолалар
  Узрсиз бирор нарсани татиб кўриш ва чайнаш. Чунки бунга ўхшаш нарсалар рўзанинг бузилишига олиб давоми...

12:04 / 27.05.2017 4099
Шариатимизда бидъатга муҳим аҳамият берилгани боис, кундалик ҳаётимизда бидъат тўғрисида турли қарашлар, давоми...

13:22 / 01.12.2016 3426
Агар Қуръони Карим оятларини чуқур мушоҳада қилсак, ҳақиқий тақво инсонлар ўртасида чиройли ва мустаҳкам давоми...

18:39 / 27.11.2016 3758