Ўсмирлик: сиз микроскоп остидасиз
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўсмирлик: сиз микроскоп остидасиз

   Ўзингизнинг фарзандингизни ҳам тушунмай қоляпсизми? Унинг кайфиятлари, муносабатлари, ёқтирган нарсалари ўзгариб қолаётганидан хавотирдамисиз? Бу ўзгаришларнинг, айниқса, тезлиги сизни ташвишлантиряптими? Биринчи ўринда тушуниб олинг – бу табиий, бу улғайишнинг бир қисми.

Руҳшунос Стенли Холл биринчи марта ўсмирлар табиатининг номантиғийлигини ва амбивалентлигини (кишида бир вақтнинг ўзида икки қарама-қарши ҳиссиётнинг юзага келиши) тавсифлаб, бу ёшга хос бўлган бир қанча асосий қарама-қаршиликларни ажратди. Унга кўра, ўсмирларда ўта фаоллик пассивликка, ўта қувноқлик умидсизликка, ўзига бўлган ишонч уятчанлик ва қўрқоқликка, худбинлик бошқаларга ғамхўрликка, мулоқотни яхши кўриш одамовиликка, ҳиссиётга берилувчанлик лоқайдликка, ҳамма нарсага қизиқувчанлик бефарқликка, китоб ўқишни яхши кўриш китобга эътиборсизликка, кузатишни ёқтириш эса доимий эътирозларга айланиб кетиш ҳолатлари кўпроқ учрар экан.

С.Холл бу даврни ҳақли равишда «тўфон ва шиддат даври» деб атади. Ўсмирлик даврида бўладиган ҳолатларни бу руҳшунос ўзини англаш даври сифатида тасвирлайдики, ундан ўтиб олгач, инсонни индивидуаллик (ўзига хослик) туйғуси эгаллайди.

Бу ўзига хослик асосан болалик тажрибалари ва атрофдаги оламни, хусусан, сизни (!) ўсмирларча кузатиш асосига қурилади. Агар сиз авваллари унинг учун гап-сўзсиз комил инсон бўлган бўлсангиз, энди улғаяётган фарзандингиз бу «идеаллаштириш» ўринсиз бўлмаганми, дея ўйлаб олади. Хавфли томони шундаки, кунлардан бирида бир лаҳзада сизнинг биттагина камчилигингизни кўриб ҳам, ўзининг ўсмирларга хос таъсирчанлиги билан сиз ҳақингиздаги фикрини ўзгартириб олиши мумкин. Яхши тарафи шундаки, бу жараённи ортга қайтариш мумкин. Ўсмирларда ҳеч нарса барқарор эмас. Асосийси – чуқурлаштириб юбормаслик.

Сиз, ҳойнаҳой, у билан эски одатингизга кўра «миттивой» сифатида гаплашаётган бўлсангиз керак. Ахир у ҳозиргина ростдан ҳам шундай эди. Энди у «менга яқинлашманг, мен «мушукча» эмас, «йўлбарс»ман»га айланди. Унинг катта бўлганини ҳурмат қилинг, жиддий суҳбатларга тайёр туринг, фақат атрофдагилар ҳақида эмас, ўзингиз ҳақингизда ҳам.

Ҳаммаси шу билан тамом бўлса, майли эди! Энди сиз микроскоп остидасиз. Фарзандингиз сизни кузатяпти, ўрганяпти, барча «топилма»ларини сизнинг сўзларингиз билан солиштиряпти. Намозга ухлаб қолдингизми? Буни ҳеч ким сезмади, деб ўйламанг. Сизга бу ҳақда ҳеч ким гапирмаса ҳам, факт – бу факт. «Яна ёлғон гапирди», деб хулоса чиқариш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Кейинги воқеалар ривожи эса шундай бўлади: ўзлари ёлғон гапиришади, таъқиқланган ишларни қилишади, мажбуриятларни бажаришмайди, менга ўргатганларидай яшашмайди – нима учун мен уларнинг айтганини қилишим керак?

«Хонангни тозала!» деган гапингизга «Ўзингизнинг хонангизда ҳам шкаф йиғиштирилмаган», деган жавобни эшитишга ҳам тайёр тураверинг. Сизнинг обрўингиз қанча заифлашса, ташқи «йўлбошчи»ларнинг обрўси шунча ортаверади.

Ўсмирлик даври – муносабатларда куч жиҳатдан тақсимотни қайта кўриб чиқиш фурсати

Ўспирин ёшлар атрофга фақатгина танқидий назар билан қарабгина қолмай, дунёни болалигида ҳосил бўлган тасаввуридаги каби гўзал ҳолатга келтиришга уринади. Ўсаётган одам мукаммал дунёда яшашга интилади, бу дунё унинг болалик тасаввурларида бор. Буни унга сиз ўзингиз ўргатгансиз. Инсон, мусулмон, жамиятнинг аъзоси қандай бўлиши кераклигини ўргатгансиз. Энди у қанчалик мувофиқ келишини текширади. Агар сиз ўзингиз мувофиқ келмасангиз, сизни ҳам ўзгартиргиси келади. У қаерда мумкин деб ҳисобласа, ўша ерни ўзгартирмоқчи бўлади. Яхшиси, унинг бу интилишларини оилани яхши тарафга ўзгартиришга йўналтирган маъқул. Унинг танбеҳларини қабул қилинг, оилавий жараёнларга уни жалб қилинг. Унга: «Ҳа, бу менга ҳам ёқмайди. Кел, бирга ўзгартирамиз», деб айтинг. Тан олишни ҳам билинг: «Ҳа, охирги пайтларда бомдодга кўп ухлаб қоляпман. Ўзим ҳам бундан жуда хафаман. Қандай қилиб буни ўзгартирса бўлар экан? Балки оқшом пайти телевизор тагида кўп ўтириб қолсам, мени огоҳлантириб қўярсан-а?!»

Бу ёшда, Ж.Пиажега кўра, шахсият шаклланади, сўнгра ҳаёт дастури тузилади. Бунинг учун эса мантиқий тафаккурни ривожлантириш лозим. Келажак ҳаёти учун режа тузар экан, ўспирин ўзини инсониятни қутқаришда муҳим ролдаги шахс деб тасаввур қилади, ҳаёт режасини шу мақсадга мувофиқ ташкиллаштиради. Мана шундай режалар ва дастурлар билан у катталар жамиятига кириб келади ҳамда уни ислоҳ қилиш пайида бўлади.

Унинг бу истакларида унга шерик бўлишга ҳаракат қилинг, шунда уни йўналтиришингиз, унга бош бўлишингиз мумкин бўлади.

Унга чамбарчас боғлиқ бўлган ҳолда жамият тарафидан тўсиқларга дуч келгач, ўспирин ижтимоийлаша бошлайди. Мана шу ерда унга сизнинг ёрдамингиз керак бўлади! Жамият унинг умидларини оқламаган, у истаган ўзгаришларни қабул қилмаган чоғда уни қўллаб-қувватлашга тайёр бўлинг.

Лейла Наталья Бахадори,

рус тилидан Зарнигор Аҳмадалиева таржима

Мавзуга оид мақолалар
Иккинчи ташаҳҳуднинг уч хил кўриниши бор А. Ўнг оёқни тик тутиб, чапини ўнг болдирининг тагига қилиш ва давоми...

18:38 / 09.12.2016 2927
Масаллиқлар 200 гр қайнатилган мол гўшти, 4 та помидор, 2 та бодринг, 2 та пиёз, 200 гр гуруч, 200 гр сметана, давоми...

13:05 / 29.11.2016 3449
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим  Юраклар тўлди, эй воҳ, бениҳоя дарду ҳасратдан, Суяклар зирқирар, тан ўртанар давоми...

08:01 / 03.02.2017 9576
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим Ё Расулуллоҳ, Сиз кетмоқдасиз Муборак ҳужрангизга кириб, Ўзингиз учун ҳаммадан давоми...

17:19 / 21.01.2017 5713