Аёлларга Рамазон насиҳатлари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Афсуски, кўпчилик бу улуғ ойда исрофлар қилишяпти. Оилаларнинг Рамазон ойида истеъмол қиладиган таомлар миқдори, йилнинг бошқа ойларига нисбатан кўпроқ. Фақат Аллоҳ раҳим қилганлар бундан мустасно. Шунингдек, аёл кунининг кўп қисмини ошхонада турли таомлар ва ичимликлар тайёрлаш билан ўтказиб юборади. Энди у қачон Қуръон ўқийди? Қачон Аллоҳни зикр қилиб, У Зотга дуо ва истиғфор билан юзланади? Қачон рўза ҳукмлари ва кечаси қоим бўлиш одобларини ўрганади? Қачон Аллоҳга итоат қилиш учун фурсат топади?

Оламлар Роббиси Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин ҳамда Пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, аҳли оилаларига ва саҳобаларига салоту саломлар бўлсин. Биз муборак Рамазон ойининг кириши муносабати билан ушбу қисқа калималарни ва қимматли нидоларни муслима аёлларга бағишлаймиз. Аллоҳ таъолодан бу насиҳатларни мўмина опа-сингилларимизга фойдали қилишини ва уларга Аллоҳга итоат қилишларида ҳамда бу улуғ ойда Аллоҳнинг розилиги ва мағфиратига етишишларида ёрдамчи қилишини сўраймиз.

Биринчи насиҳат

Рамазон биз шукр қилишимиз лозим бўлган неъматдир. Муҳтарама опа-сингиллар! Рамазон ойи Аллоҳнинг мўмин бандаларига берган энг улуғ неъматларидандир. Бу ойда Аллоҳнинг раҳмати ёғилади, гуноҳлар мағфират қилинади, ажр-савоблар кўпайтирилади ва Аллоҳ бандаларини жаҳаннамдан озод қилади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «... Агар Рамазон ойи кирса, жаннат дарвозалари очилади, жаҳаннам қопқалари ёпилади ҳамда шайтонлар занжирбанд қилинади...».

Муттафақун алайҳ.

«Кимки иймон билан ва савоб умид қилиб, Рамазон рўзасини тутса, унинг олдин қилган гуноҳлари кечирилади. Кимки иймон билан ва савоб умид қилиб Рамазонда (кечалари) қоим бўлса, унинг олдин қилган гуноҳлари кечирилади».

Муттафақун алайҳ.

Аллоҳ таъоло Ҳадиси Қудсийда айтади: «Одам боласининг барча амаллари ўзи учундир. Фақат рўза Мен учундир. Унинг мукофотини ҳам Ўзим бераман».

Муттафақун алайҳ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Рамазон ойининг ҳар кеча-кундузида Аллоҳнинг жаҳаннамдан озод қиладиган бандалари бор ва ҳар бир мусулмоннинг дуо қилса, ижобат қилинадиган бир дуоси бор».

Аҳмад ривояти.

Яна бу ойда Қадр кечаси ҳам бор. «Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир». (Қадр, 3)

Муниса опа-сингиллар! Биз Рамазон ойининг баъзи фазилатларини зикр этдик. Бу Аллоҳнинг сизга берган неъматининг нечоғлик улуғлигини баён қилиб беради. Сизни бошқалардан афзал қилиб, Рамазон рўзаси ва қиёми учун тайёрлади. Ўтган Рамазонда биз билан бирга рўза тутган қанча кишилар ҳозир тупроқ остида, қабрларидалар. Бу неъмат учун Аллоҳга шукр қилинг, уни гуноҳлар ва ёмонликлар билан қарши олманг. Акс ҳолда, бу неъмат завол топади. Мана бу шоирнинг сўзи қандай ҳам яхши:

Шукр эт, Аллоҳнинг иноятига, Токи гуноҳ сабаб топмасин завол. Омонлик фақат Ҳақ ибодатида, Ношукр бандага кўп оғир савол.

Иккинчи насиҳат

Рамазонни қандай қаршилайсиз?

  1. Ҳақиқий тавба қилишга шошиш билан... «Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар». (Нур, 31) 2. Ёлғон, ғийбат, чақимчилик, бузуқлик, мусиқа, жоҳилият ясан-тусани, номаҳрамлар билан аралашиш каби барча гуноҳлардан халос бўлиш билан... 3. Рамазонни солиҳ амаллар билан барпо қилишга ҳамда қимматли вақтларни беҳуда сарфламасликка қатъий ният ва олий ҳиммат билан... 4. Зикр, дуо, истиғфор ва Қуръон тиловатини кўпайтириш билан. 5. Беш вақт намозни ўз вақтида, хотиржам ва хушуъ билан адо қилиш. 6. Фарзларни бажаргандан кейин нафл ибодатларни ҳам комил адо қилиш билан.

Учинчи насиҳат

Муслима тутган рўзаси Аллоҳ ҳузурида қабул бўлиши учун рўзанинг фарзлари, суннатлари ва одобларини ўрганиши лозим. Аёллар рўзасига тегишли бўлган ҳукмларни келтириб ўтамиз. 1. Балоғатга етган, оқила, муқим (мусофир эмас), қодир (касал эмас), ҳайз ва нифос каби ман қилувчилардан холи ҳар бир муслима аёлга рўза тутиш фарз бўлади. 2. Агар навниҳол қиз кундузи балоғатга етса, куннинг қолган қисмида (рўзани бузувчи нарсалардан) тийилиши керак. Чунки унга рўза фарз бўлди. Ойнинг ўтган қисмининг рўзасини қазо қилиб тутиб бериши лозим эмас. Чунки у пайтда унга рўза вожиб эмас эди. 3. Фарз рўзада қалб билан ният қилиш шарт. Тил билан талаффуз қилинмайди. Шунингдек, қазо рўза ва кафорат рўзалари каби вожиб рўзаларда ҳам ният шарт. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳа васаллам айтадилар: «Кечаси рўза (тутишни ният) қилмаган кишига рўза йўқ. (Яъни рўзаси саҳиҳ эмас)». Аҳмад ривояти. Рўзани туннинг қайси қисмида, ҳатто тонг киришидан бир лаҳза олдин бўлса ҳам ният қилсангиз, рўза дуруст бўлади. 4. Рўзани бузадиган нарсалар еттита;

а) жимоъ; б) қучоқлашганда, ўпганда эркак ёки аёлдан маний келиши; в) емоқ, ичмоқ; г) озиқлантирувчи укол каби қувват бўладиган нарсалар; д) қон олдириш йўли билан қон чиқариш; е) қасддан қайт қилиш; ж) ҳайз ва нифос қонининг келиши.

  1. Ҳайз кўрган аёл оқ ипни (яъни ҳайз тугагандан кейин чиқадиган оқиш суюқлик.. Бу билан аёл покланганини билади) кўрса, кечаси рўзани ният қилиб, рўза тутади. Агар аёл покланганини билолмаса, пахта ёки шунга ўхшаш нарса билан артинади. Тоза бўлса, рўза тутади. Ҳайз қони бўлса, рўза тутмайди. 2. Ҳайз кўрган аёл ўз табиатида қолиши афзал. Аллоҳ унга ёзиб қўйган нарсага рози бўлсин ва ҳайзни тўсадиган амалларни қилмасин. Чунки бу (ҳайз) Аллоҳ таъоло Одам алайҳиссалом қизларига ёзиб қўйган нарсадир. 3. Агар нифос кўрган аёл қирқ кун тўлмасдан покланса, рўза тутади ва намоз учун ғусл қилади. Агар нифоси қирқ кундан ўтиб кетса, рўза ниятида ғусл қилади. Тўхтамаётган қонни истиҳоза деб эътиборга олади. Лекин одатий ҳайз вақтига тўғри келса, ҳайз ҳисобланади. 4. Истиҳоза қони рўзани бузмайди. 5. Ҳомиладор ва эмизикли аёл касалга қиёс қилинади. Оғиз очишлари жоиз. Улар қазосини тутиб беришади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ мусофирдан рўзани ва намознинг ярмини кечди. Ҳомиладор ва эмизикли аёлдан рўзани кечди». Термизий ривояти. 6. Рўзадор эҳтиёж туғилганда таомни татиб кўриши мумкин. Лекин ютиб юбормайди. Оғзига олган таомни туфлаб ташлаши рўзасини бузмайди. 7. Шом намозидан олдин ифторликни тезлаштириш ва саҳарликни кечиктириш мустаҳаб бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Инсонлар модомики ифторликни тезлаштирар эканлар, яхшиликда давом этадилар». Муттафақун алайҳ.

Тўртинчи насиҳат

Рамазон – рўза ойи, таом ойи эмас. Аллоҳ Рамазон рўзасини мусулмонлар сабрга одатланиши учун фарз қилган. Токи улар нафсларини ва шаҳватларини тийувчи, Роббиларига тақво қилувчи бўлсин. «Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби, сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди». «Бақара», 183. Салафларнинг биридан: «Рўза нима учун машруъ қилинган?»– деб сўралди. У жавоб берди: «Бой ҳам очлик нималигини билиши учун. Шунда камбағални унутмайди».

Муҳтарама опа-сингиллар! Бу ойни Аллоҳга итоат, ибодат қилмасдан беҳуда ўтказиб юборишдан эҳтиёт бўлинг. Дарҳақиқат, Рамазонга етиб, гуноҳлари кечирилмаган кимса бадбахт бўлибди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Одам боласи қорнидан кўра ёмонроқ идишни тўлдирмаган. Одам боласига гавдасини тутиб турадиган бир-икки луқма таом кифоя. Агар иложи бўлмаса, қориннинг учдан бири таомига, учдан бири ичимлигига ва яна учдан бири эса нафас олишигадир». Аҳмад ва Термизий ривояти.

Бешинчи насиҳат

Рамазон – Қуръон ойидир Рамазон ойининг Қуръон билан ўзига хос боғлиқлиги бор. «(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва Фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб, Қуръон нозил қилинган». «Бақара», 185. Рамазон ва Қуръон бир-бирига боғлиқдир. Рамазон зикр қилинганда Қуръон ҳам зикр қилинади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг қўли очиғи эдилар. Рамазонда Жаброил алайҳиссалом билан учрашган пайтларида яна ҳам сахийроқ бўлар эдилар. Жаброил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига Рамазоннинг ҳар кечасида келарди ва Қуръондан таълим берарди. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссалом билан учрашган пайтларида ҳур шамолдан ҳам яхшиликни улашувчи, сахийроқ бўлар эдилар».

Бухорий ва Муслим ривояти. Демак, Рамазон тунлари Қуръон тиловат қилиш ва Қуръондан дарс қилиш мустаҳаб экан. Чунки кечаси ташвишлар тин олади. Инсон бир хотиржамлик туяди.

«Албатта кечаси (ибодат учун бедор бўлиб) туриш (тун уйқу-ором вақти бўлгани сабабли) жуда оғир юкдир ва (лекин у пайтда кундузги безовталиклар бўлмагани учун) энг тўғри сўздир». «Муззаммил», 6. Салафлар Рамазонни Қуръон тиловати билан ўтказардилар. Баъзилари Рамазоннинг ҳар ўн кечасида қоим бўлиб, Қуръонни хатм қилардилар. Қатода ҳар доим етти кунда хатм қиларди. Рамазонда эса уч кунда хатм қиларди. Охирги ўн кунлигида ҳар кеча хатм қиларди. Зуҳрий Рамазон ойи кирса, «Бу ой Қуръон тиловат қилиш ва таом бериш ойидир», – деб айтарди. Ибн Абдулҳакам айтади: «Молик Рамазон ойи кирганида ҳадис ўқишни ва илм аҳли давраларини тарк қилиб, мусҳафдан Қуръон тиловат қилишга киришар эди». Абдураззоқ айтади: «Суфён Саврий Рамазон ойи кирганда барча ибодатларни тарк қилиб, Қуръон тиловатига киришарди». Сиз ҳам Қуръон тиловатини одат қилиб олинг. Шунда қалбингиз уйғонади, нафсингиз покланади ва аъзоларингиз Аллоҳ ҳукмига бўйсунади. Иншааллоҳ, Қиёмат куни Қуръоннинг шафоатига ноил бўласиз. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Рўза ва Қуръон Қиёмат куни бандага шафоатчи бўлади. Рўза айтади: «Эй Роббим. Мен уни таомдан ва шаҳватдан тўсдим. Мени унга шафоатчи қилгин». Қуръон айтади: «Мен уни кечаси уйқудан тўсдим. Мени унга шафоатчи қилгин». Ҳар иккаласи шафоатчи қилинади».

Аҳмад ва Ҳоким ривояти.

 Қолган насиҳатлар кейинги мақолаларда, иншааллоҳ.

Мавзуга оид мақолалар
Дастурхонимиз учун керак бўлади 500600 гр ингичка ип, крючок 1. 400 та катта мотив ва 324 та кичкина мотив тўқиб давоми...

12:17 / 25.01.2017 5146
Баъзан намозга турганимда бурним қичийди. Кейин қорним ғулдирайди. Деразадан ниманингдир товуши эшитилади. давоми...

11:18 / 27.03.2019 3794
Кўзларимизни ёшлаб, Кўнгилларимиз ғашлаб, Биз ғарибларни ташлаб, Устозим кетиб қолди Илм бобида давоми...

23:15 / 02.02.2017 5784
Қуръон мўъжизалариСийно тоғи билан қасам... ва мана бу эминлик юрти Макка билан қасам. Батаҳқиқ, инсонни энг давоми...

08:00 / 30.01.2020 3614