Интернетдаги хуружлар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Интернет. Халқаро тармоқ. Ҳозирги кунда жаҳондаги энг йирик тармоқ. Энг ўзига тортувчи ва энг хавфли тармоқ. Энг ривожланган ва энг вақтни олувчи тармоқ. Ҳақиқий “ўргимчак тўри” бўлган тармоқ. Кўзга кўринмас тузоққа илинтирувчи тармоқ.

Ҳа, биз шундай замонда яшаяпмизки, бирор кунимизни интернетсиз ўтказа олмаймиз. Бир кун кирмасак, худди бирор нарсамизни йўқотиб қўйгандекмиз. Кимдир янгилик олиш мақсадида, кимдир ахборот улашиш мақсадида, кимдир илм олиш мақсадида, кимдир ўйин ўйнаш мақсадида, кимдир беҳаёликлардан нафсини қондириш мақсадида, кимдир шунчаки, бекорчиликдан вақтини ўтказиш мақсадида, кимдир кино кўриш мақсадида, кимдир керакли дастурларни юклаш мақсадида, кимдир бойлик орттириш мақсадида, кимдир кимнидир алдаш мақсадида, кимдир бизнесини ривожлантириш мақсадида, кимдир нимадир сотиб олиш мақсадида...

Эҳ-ҳе, рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Ушбулар орасидан ўзингизни топдингизми? Сиз нима мақсадда интернетдан фойдаланасиз? Мақсадингизни аниқ қўйганмисиз? Шу мақсадингиз ўзингиз ё оилангиз фойдасигами, жамият ривожи, ватанимиз равнақи учун ҳисса қўшадими? Мақсадингиздан оғишмай, собитқадам юра оласизми? Интернетдаги мафтункор фитналарга чалғиб қолмайсизми? Ундаги кўзга кўринмас хуружлардан етарли даражада ҳимояланганмисиз? Ҳар бир қилаётган ишингиздан Аллоҳ гувоҳлигию, фаришталар амалларингизни ёзувга тушираётганини ҳар доим ҳам ҳис қила оласизми?

Оҳ, бу хуружлар қанчадан-қанча ёшларнию, эс-ҳуши шаклланган катталарни не кўйларга солмайди-я!

Албатта, интернет узоғимизни яқин, оғиримизни енгил, биримизни икки, ишимизни осон қилишга хизмат қилади. Ушбу мақолада интернетнинг ижобий жиҳатлари ҳақида тўхталмаймиз. Кўплаб ижобий жиҳатлар билан биргаликда ҳаммамизни огоҳликка чақирадиган, интернет тармоғидан фойдаланганимизда ҳушёрликни талаб этадиган жиҳатлар бор.

Интернет хуружлари ҳақида гапирганда, энг аввало ғоявий, мафкуравий, ахборий, психологик, сиёсий, ҳарбий, иқтисодий хуружларни эслаш лозим. Чунки ХХI аср ахборот асри бўлгани сабабли, ушбу асрда энг қиммат манба бу ахборотдир. Биргина ахборот (ёлғон, бузғунчи ёки тузоқли) билан бутун бир давлат ичида ёки халқлар, миллатлар орасида, кишилар орасида ёхуд давлатлараро, қитъалараро турли низолар, келишмовчиликлар, ҳатто қонли урушлар келтириб чиқариш мумкин.

Дастлабки ўринда диний бузғунчилик хуружлари ҳақида гапириш ўринли бўлади. Бу ўринда инсонларни диндан чиқариш, динсизлик, бошқа динларга тарғиб, диний экстремизм ва террорчиликка даъват каби масалаларни келтириш мумкин. Бу хуруж ҳозирги кундаги энг қўрқинчли хуружлардан бўлиб, унинг оқибатларини ёзишга эҳтиёж бўлмаса керак, чунки ҳар куни дунёнинг қайсидир ерида инсонларнинг ўлимига сабаб бўлаётган кудхушликларни эсламасликнинг иложи йўқ.

Ундан ташқари ёшлар тарбиясини бузишга қаратилган беҳаёлик, зўравонлик, бепарволик, дангасалик ва шу каби бошқа салбий жиҳатларга ундовчи хуружлар ҳақида гапирилади. Бу хуружлар ҳам ўсиб келаётган ёш авлоднинг бузилишига, унинг оқибатида эса бутун бир халқ, миллат, жамиятнинг бузилишига, турли фисқ-фасод, фитналар ёйилишига, ўғриликлар, йўлтўсарликлар, боқимандаликлар, фаҳш ишлари кўпайишига олиб келади.

Ушбу фитналар қаторида яна сиёсий ҳамда ҳарбий хуружларни ҳам келтириш мумкин. Турли давлатлар орасидаги турли сиёсий ўйинлар, ҳарбий тактикалар ҳам дунёни парокандаликка олиб келади.

Кейинги ўринларда иқтисодий хуружларни келтириш мумкин. Бунда дунёдаги катта банклардаги бировларнинг пулларини ўмаришдан, турли ташкилот ва фирмаларнинг пулларини ўз ҳисобига ўтказиб, уларни банкрот қилишдан бошлаб, то алоҳида шахсларни бойиб кетишга тарғиб қилувчи хуружларни ҳам келтириш мумкин бўлади.

Яна ўйинларга муккасидан кетиш касалига (рус тилида “игромания”) олиб борадиган хуружлар, турли миш-мишларни тарқатувчи хавф-хатарларни санаб ўтиш мумкин.

Биз ҳар биримиз ушбу турли фитналарга алданиб қолмаслигимиз учун ўзимизда ахборот истеъмоли маданиятини шакллантиришимиз, турли фитналарга қарши ғоявий иммунитетимизни мустаҳкамлашимиз даркор, акс ҳолда биринчи қарашда ҳеч қандай таҳдид йўқдек кўринган мафтункор сайтлар, рекламалар, блогларга кириб қолиб, қўрқинчли оқибатлар юзага келиб қолиши мумкин.

Ахборот истеъмоли маданиятини шакллантириш, ғоявий иммунитетни мустаҳкамлашда асосан, педагоглар, журналистлар, ёзувчилар, режиссёрлар, психологлар, ахборот технологияси соҳаси мутахассислари, сиёсатшунослар, давлат арбоблари, раҳбарлар, ота-оналар, маҳаллалар, экспертлар, имомлар, ҳукумат органлари ходимлари, қўйингки, ҳар бир онг-тафаккури соғлом шахс ўз ҳиссасини қўшиши керак.

Ахборот технологиялари соҳаси мутахассисларининг бундаги вазифаси провайдерлар даражасида бузғунчи сайтлар, реклама ва блогларга фильтрлар қўйиш бўлса, бошқа касб эгалари ўз фаолиятларидан келиб чиқиб, турли чиқишлар, маърузалар, кўрсатувлар, тушунтириш ишлари олиб боришлари керак бўлади. Шунингдек, китоблар, рисолалар нашр этиш керак бўлади.

Ҳар бир ўз қадрини билган, ҳаётда нима мақсадда яшаётганини аниқ ҳис қилган, ўз оиласи, жамият, халқ ва ватан манфаатини кўзлаган инсон худди еб-ичиш, кийиниш, ухлаш каби инсонга зарур эҳтиёжлар қаторига ҳозирги даврда яна “мафкуравий иммунитет” номли эҳтиёжни ўзида жамлаши керак бўлади. Бунда ҳар бир кираётган сайти, кўраётган ва ўқиётган ахбороти, қилаётган иши, гапираётган ёки ёзаётган гапи буюк зот – Аллоҳ томонидан кузатиб турилганини ҳис этиши, ҳар бир амалини фаришталар ёзиб бораётганини асло унутмасликлари керак бўлади, яъни ҳар бир шахс ўз-ўзини назорат қилиши, ўзининг қилмоқчи бўлган ё қилаётган ишини таҳлил ва тафтиш қилиши унинг адашмаслигига сабаб бўлади. Бунда ёшларга уларнинг устозлари, ота-оналари, маҳаллалар, олимлар, экспертлар, ОАВ лари ёрдам беришлари керак.

Зеро, фақат тинчлик ҳукм сурган маскандагина бахт-саодат, хотиржамлик, ривожланиш, гуллаб-яшнаш, ўйин-кулги барқ уради.

Мақола сўнггида шуни айтамизки, интернет бу жоҳил учун жаҳолат, жиноятчи учун жиноят, тижоратчи учун тижорат, зоний учун зино, судхўр учун рибо, ўғри учун ўғрилик, тўғри учун тўғрилик, толиби илм учун илм, олим учун зиё, золим учун зулм, даъватчи учун даъват, адашган учун разолат, мунажжим учун башорат манбаидир.

Азиз ўқувчи, хулоса чиқариш ўзингиздан.

Зуҳра Ҳожимуродова,

“Хадичаи Кубро” номли аёл-қизлар ўрта махсус

Ислом билим юрти мударрисаси

Мавзуга оид мақолалар
Мажлис уйланишдан олдин икки никоҳланишни истовчилардан бирида юқумли ёки уйланиш мақсадларига таъсир давоми...

16:51 / 16.10.2016 3222
Барча нарсаларни йўқотдим деб ўйласанг, Аллоҳ сен билан бирга эканини ёдга ол, шунда сен Уни йўқотмайсан, давоми...

22:05 / 17.05.2017 6271
Борлиғимда қирқ икки ой яшаган рўё Амира жуфтим ҳалолим. 1975 йил уни йўқотиб, оғир мусибатга учраганман ва давоми...

10:13 / 24.01.2017 4358
Бир ёшга тўлганимда дадам бу оламдан риҳлат қилганлар. Мен вояга етгунимча «етим» ҳисобланишим керак бўлади давоми...

11:40 / 25.01.2017 5543