Сен Роббингга суяниб талаб қилган нарса тўхтаб қолмас
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сен Роббингга суяниб талаб қилган нарса тўхтаб қолмас. Сен ўзингга суяниб талаб қилган нарса осон бўлмас.

Аллоҳ таоло учун бўлган нарса давом этиб тураверади, ундан бошқасига бўлгани кесилиб қолади.

Биз билишимиз керакки, ҳар бир ишни қилишдан аввал Аллоҳга суяниш керак, Аллоҳга таваккул қилиш керак ва натижани ҳам фақат Аллоҳдан кутиш керак.

Бир ишга муваффақиятга эришилса, Аллоҳдан деб билиш керак, лекин Аллоҳни унутиб қўйиб, унга суянишни унутиб қўйиб, ўзим қила оламан, деб ўзимизга таянадиган бўлсак, унда қийинлашиб кетаркан. Чунки Аллоҳ таолонинг изнисиз ҳеч нарса бўлмайди, ўзининг кучига ишониб иш қиладиган бандасига Аллоҳ таоло: “Қани, нима қила оларкинсан, деб берадиган неъматларидан кесиб қўяди, чунки биз бандалар ожизмиз. У Зот хоҳласа, кўз қорачиғимизни ҳам ҳаракатдан тўхтатиб қўяди, қўлларимизу тилларимизнинг ҳаракати, ҳатто нафас олиб-чиқаришимиз ҳам Аллоҳга боғлиқ. Шуни идрок қилмасдан, бунга таслим бўлмасдан: “Ўзим қиламан, бажариб ташлайман”, дейдиганларни Аллоҳ таоло хоҳлаган пайтида тўсиб қўйиши аниқ. Шунинг учун бирор нарсага киришмоқчи бўлсак, иш бошлашдан аввал Аллоҳ таолонинг ёрдамига, қавлига суяниш керак.

Бизда кўп учрайдиган ҳолат шуки, бир нарсага қаттиқ киришамиз-да, тил учида бир-икки марта эътироф этиб: “Аллоҳ ҳоҳласа”, “Аллоҳ ирода қилган бўлса” деймиз-да, лекин қалбимиз билан ўша нарсани тан олиб турмаймиз. Кейин бошимиз бир жойга бориб урилиб, ишлар орқага кетиб, нимагадир эришолмасак, кейин тушуниб етамиз ва: “Бошидан Аллоҳ демабман-да...” деб пушаймон бўлиб қоламиз. Буни эса иш ўтиб бўлгандан кейингина англаб етамиз, айтамиз.

Ушбу ҳикматда Аллоҳдан сўрашни, Аллоҳга суянишни ишнинг аввалида қилиш лозимлиги айтилади.

Кўпчилик: “Бу нарсани ўзим биламан”, дейди аммо ишни бошлаганидан кейин қараса, орқага қараб кетяпти. Нимага бунақа бўлаётган экан, хатойим нимада экан, дейди. Унинг ўлчови бўйича, ўқиган йўналишим бўйича кетсам, ҳаммаси яхши бўлади, деб ўйлайди. Лекин ҳаммаси Аллоҳнинг қўлидалигини унутиб қўяди. Яна кимдир роса ҳаракат қилади, лекин охирида натижа у кутгандек бўлмайди. Нимагаки, у фақат ўзининг кучига таянган эди, Аллоҳнинг изнини, неъматлар фақат Аллоҳ хоҳласагина етишини унутиб қўйган эди. Яна бировлар бор, ҳамма нарсани пулга сотиб оламан, дейди. Бор пулини сарфлайди, аммо қараса, ҳеч нафи йўқ, чунки иш бошида у: “Аллоҳ насиб қилса, бўлади”, демаганди. Ўша ишончга қалбан эътиқод қилиб суянмаган. Бунга чиройли бир мисол бор: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадр жанггида инсоний ўлчов билан қаралса, оз сонли мусулмонлар сон жиҳатидан ҳам қурол жиҳатидан ҳам куч жиҳатидан ҳам неча баробар кўп бўлган мушриклар устидан ғалаба қозонишлари мумкин эмасди. Лекин улар ўзларининг бандалигини ҳис этиб дуо қилдилар, шунда Аллоҳнинг инояти билан ғолиб келишди.

Банданинг ўлчови билан Аллоҳнинг ўлчови орасидаги фарқни бандалар ғофил қолиб тушуна олмайдилар. Масалан бир киши ўқишга кирмоқчи, дейлик. Яхшилаб ўқисам, репетитор ёлласам, китобни ёдлаб олсам, имтиҳонлардан ўтсам, қизил диплом олсам, ютуқ – меники, дейди. Бу бандалик ўлчови. Аллоҳнинг ҳузуридаги ўлчов-чи? Бу йўлга тушиб, кимнингдир кўнглини оғритиб, онасининг айтганини қилмай, фақат ўзининг дарсини қилиб ёки орада ношаръий ишлар орқали дипломга эришди, лекин у Аллоҳни рози қила олганмикин, бу иши билан?! Лекин ўқишга киришни мақсад қилиб, қўлдан келган ҳамма ҳаракатлар, сабабларни қилиб, Аллоҳга суяниб: “Ўзинг насиб қилсанг мен ютаман, бўлмаса – ютқазаман...” дея хокисорлик билан турсангиз, сўнг қаердадир ақланми ёки илманми бир заифлик қилиб, сўраган нарсангизга ета олмадингиз, лекин етолмаганингиздан кейин яна: “Аллоҳ, Ўзингга шукр! Сенинг берганингга розиман, бир ҳикматинг бордирки, бирор яхшилик бордирки, ўқиш насиб бўлмади, дипломни қўлга кирита олмадим...” деб бандалигингизни изҳор қилсангиз, ана ўша ютуқ ҳисобланади!

Чунки бизнинг ўлчовимиздаги ютуқ бошқа, Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги ўлчов бошқа. Инсон бошидан қалбини тўғри тутиши керак – Аллоҳ таоло қандай тақдирни берган бўлса, рози бўлиш керак. Энди бошида ниятни яхши қилган бўлса, натижага рози бўлса, савоб олаверади. Аллоҳнинг ҳузурида мартабаси улуғ бўлади. Чунки унга азият етди, у сабр билан рози бўлгани учун азиятига каффорат бўлади, хайр бўлади.

Лекин бандалик ўлчовидаги-чи? Зоҳиран у кўзлаган мақсадига эришди, лекин бошида ниятини тўғри қилдими, Аллоҳнинг ҳузуридаги мартабаси нима бўлди, бу – номаълум. Муҳими бирор нарсага эришиш эмас, муҳими бандалигида туриш.

Одинахон Муҳаммад Юсуф

Мавзуга оид мақолалар
БАА давлат ахборот агентлиги WAMнинг хабар беришича, БАА президенти Халифа бин Зоид Ол Наҳаён имзо чеккан давоми...

11:59 / 25.03.2019 2590
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим Ҳазрат    Сешанба, хуфтон кирган палла. Мен уйда беморликдан ҳароратим ошиб давоми...

09:56 / 05.02.2017 6671
Халққа хизмат қилган зотларни, Дермишлар одамлар халқнинг устози, Нечун энди мен сизни демай, Ўзбек халқин давоми...

11:20 / 01.03.2017 4921
    Албатта, бу енгил кунлардир. Бизларга Аллоҳнинг улуғ ойи муборак Рамазон ойи кириб келяпти. Аллоҳ давоми...

16:23 / 07.02.2017 4089