Мадинага қўйсам қадам (2-қисм)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Одинахон Муҳаммад Содиқ 

Давоми...

Мадинаи Мунавварада зиёрат қилинадиган ва ушбу зиёратлар учун кўплаб ажру савоблар ато этиладиган бир нечта муборак ерлар бор. Ана шулардан бири  Уҳуд тоғидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Уҳуд бизга муҳаббат қилган ва биз унга муҳаббат қилган тоғдир”, дея марҳамат қилганлар.

Эй Уҳуд! Мана, зиёратингга ҳам етиб келдик. Сенинг номинг сийрати мутаҳҳарадаги энг буюк жанглардан бирига берилмиш. Сен ўша шиддатли кун шоҳидисан.

Уҳуд ҳодисаси мен учун ўзига хос аҳамиятга эга. Ҳар сафар у ҳақда ўқир эканман, мени ажойиб ҳис-туйғулар қуршаб олади. У кунда содир бўлган воқеа-ҳодисалардан қаттиқ таъсирланаман. Гарчи  бу жанг мусулмонларнинг мағлубияти билан якун топган бўлса-да, унда вафо, садоқат, шижоат, қаҳрамонлик, фидокорлик, чин муҳаббатнинг гўзал намуналари бор. Шунингдек,  мусулмон уммати ўзи учун ундан улкан дарс олади.

Уҳудга назар солар эканман, ўзимни жанг  майдонида тасаввур қилдим.

Ана, сарвари коинот қўш совутда келмоқдалар. Ўнг томонларида Зубайр ибн Аввом, чап томонларида Мунзир ибн Амр, розияллоҳу анҳумо. Байроқни эса Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу кўтариб олганлар.

Мусулмонлар мана шу тоққа орқаларини қилиб жойлашмоқдалар. Улар етти юз кишидан иборат бўлиб, ичларида элликта отлиқ, элликта камончилар бор эди.

Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам камончи аскарларни тепаликка жойлаштирар эканлар: “Агар қушлар келиб, аскарларни олиб қочаётганини кўрсангиз ҳам, жойингизни тарк этманг”, деб тайинламоқдалар.

Абу Дужона, Толҳа, Ҳамза, Алий, Назр, Саъд розияллоҳу анҳум каби паҳлавон саҳобалар мушрикларга қарши аёвсиз курашмоқдалар. Ана, мусулмонлар зафар қучмоқдалар! Мушрикларнинг енгилиб, қочаётганини кўрган камончилар буйруққа хилоф қилиб: “Ўлжа! Ўлжа!” дея турган жойларини тарк этмоқдалар. Бирдан Уҳуд ортидан пистирмада турган Холид ибн Валид бошчилигидаги душман лашкари бостириб келди! Мусулмонлар қуршовда қолишди…

Эй Аллоҳ! Шаҳидлар сони кўпаймоқда!

Эй Роббим! Ҳаттоки Ҳабибимизга азият етди! У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Омир Фосиқ қазиган чуқурга тушиб кетдилар. Муборак бошлари ёрилди! Ёноқлари жароҳатланди! Муборак тишларидан биттаси синди!

Эй Парвардигор! «У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалок бўлдилар», деган хабар тарқалди. Мусулмонлар заифлашдилар. Кўпчилик қоча бошлади. Шунда Анас ибн Назр розияллоҳу анҳу: «У зотдан кейин дунёда яшаб нима қиласизлар?! Туринглар! Расулуллоҳ алайҳиссалом  жон берган нарса йўлида сизлар ҳам жон беринглар!» дедилар. Йўқ-йўқ, ана У зот!  У зот тириклар! Ҳабибимизни ҳимоя қилаётган саҳобалардан бир нечталари  ҳалок бўлдилар, яна бир қанчалари жароҳат олдилар. Хаёлларим оғушида бир неча дақиқа саодат асрида яшадим-у, бир сонияда ортга қайтдим...  Қани эди, мен ҳам  ана шу буюк инсонлар билан бирга яшаган, У зот учун жон фидо қилган бўлсайдим! Қурбонингиз бўлай, эй Аллоҳнинг Расули! Жанг тугаб, шаҳидлар дафн қилинмоқда. Ҳар бир муборак жасад соҳиби жон таслим қилган ерга кўмилиши ҳақида амр бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қабрга бир-бирига муҳаббат қилган икки кишини қўйишга буйруқ бердилар. Нақадар таъсирли ҳолат! Муҳаббатнинг нақадар гўзал намунаси! Ҳазрати Мусъаб! Маккада фароғатли ҳаёт кечирар эдингиз. Ҳамма ҳавас билан боқадиган задагон йигит эдингиз. Энди эса либосингиз жасадингизни тўлиқ ёпишга ҳам етмаяпти.  Аллоҳнинг шери, ҳазарти Ҳамза! Расулуллоҳ кўзларида ёш ила тепангизга келиб: “Сенинг мусибатингдек мусибатга учрамасам керак”, дея, ниҳоятда маҳзун бўлмоқдалар. Дафн ишлари битгач, шаҳидлар учун жаноза намози ўқимоқдалар. Мана, шаҳидлар саййиди бўлмиш ҳазрати Ҳамза дафн этилган қабрнинг ўнгида турибмиз. Ассалому алайкум, эй шаҳидлар саййиди! Ассалому алайкум, Уҳуд шаҳидлари! Кейин эса Қубо масжидига бордик. Аллоҳ таоло Тавба сурасида бу масжиднинг тақво асосида қурилганини айтади: “Албатта, биринчи кундан тақво асосида қурилган масжид унда туришинг учун ҳақлидир”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келишлари билан Бану Амр ибн Авфга тушиб, илк кундаёқ Қубони – тақво асосидаги масжид биносини  бошламоқдалар. Йиллар ўтиб, Табук ғазотидан қайтаётиб, Қубо ёнида Ислом душманлари томонидан қурилган “Зирор” масжидини бузиш учун одам юбордилар. Бу ерларга қадам қўяр эканман, ёнғиндан кейинги аччиқ тутун ва кейинчалик унинг ўрнини тўлдирган ахлатхонанинг қўланса ҳиди димоғимга урилгандек бўлди... Қубога яқинлашар эканман, Ҳабибимиз Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар шанба бу ерга пиёда келиб, уловда қайтишларини эсладим. «Қубо масжидидаги намоз худди умра кабидир», деган сўзлари сабаб, кириб, унда намоз ўқидик. Аллоҳ таоло Ўз даргоҳида қабул айлаган бўлсин. Мана “Қиблатайн”, “Икки қибла” масжиди. Хаёлим яна Ҳабибимизга кетди. Гоҳ-гоҳида осмонга термулиб, қибланинг Мақдис томондан Каъба томонга  ўзгартирилишини кутмоқдалар. Айнан мана шу масжидда аср намозини ўқиб турганларида, қибланинг Каъба томон қаратилгани ҳақида оят нозил бўлди... "قَدْ نَرَىٰ تَقَلُّبَ وَجْهِكَ فِي السَّمَاءِ فَلَنُوَلِّيَنَّكَ قِبْلَةً تَرْضَاهَا فَوَلِّ وَجْهَكَ شَطْرَ الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ " Энди “Етти масжид”ни зиёрат қилиш навбати келди. Яна сийратга қайтамиз. Бу ерлар бизга Ҳандақ кунини эслатади. Унинг яна бир номи “Аҳзоб” урушидир. Мадина аҳли учун бундан ҳам хатарлироқ кун бўлмаган бўлса керак. Турли кофир ва мушрик қабилалари бирлашиб, мусулмонларни томири билан йўқ қилиш мақсадида Ясрибга бостириб келмоқдалар. Салмон Форсий розияллоҳу анҳунинг маслаҳатларига кўра Мадина атрофида арабларга ёт бўлмиш ҳандақ – чуқур қазилмоқда. Вазият ўта кескин. Ана, Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир нечта намозни қазо қилиб, бунинг учун душманларни дуоибад қилмоқдалар. Бир томонда У зоти бобаракот, бир томонда ҳазрати Салмон, яна бирида ҳазрати Абу Бакр, бошқасида ҳазрати Умар, яна бирида ҳазрати Алий, яна бир томонда Фотима, яна бошқасида яна бирлари жойларидан қимир этмасдан, жамоалари ила ўта зийраклик ва хушёрлик билан Мадинани қўримоқдалар. Мана шу жойларнинг ҳар бири кичик масжидларга айланиб, бугунги кунда «етти масжид» дея аталур. Аллоҳ таолонинг Ҳабибига салоту саломларимиз, саҳобаи киромларга У Зотнинг розилиги бўлсин. Зиёратларимизни мақбул айласин! Омин.   Кўз очиб-юмгунча сафаримиз ҳам қариди. Бир зумда юртга қайтадиган пайтимиз ҳам келди. Мадинага тўймадим. Ул зотнинг дийдорларига тўймадим. Энди қандай қилиб Ҳабибимиз билан хайрлашаман? Қандай қилиб Мадина билан видолашаман? Равза томон сўнгги бор назар солар эканман, кўз ўнгимдан тасвир тасмаси айлана бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужраи саодатларининг пардасини кўтариб, сўнгги бор биз умматларига назар солиб турибдилар. Бизларга табассум қиляптилар. Юзлари худди мусҳаф саҳифасига ўхшаш. Бирдан парта тушди.... ул зот Оиша онамизнинг кўксиларига бош қўйиб.... Шу онда муборак жасадингиз устига келиб, пешонангиздан бўса олган Ҳазрати Абу Бакрнинг шуурини англадим. Вужудимда вафотингизга ишонгиси келмасдан, «Ким Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлди, деса, калласини оламан!» дея қилич кўтариб юрган ҳазрати Умарнинг дард-аламларини ҳис қилдим. “Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳ. Ашҳаду анна”, деб туриб, исмингизни айта олмай, тили бўғизига тиқилган, сиздан кейин Мадинада тура олмаган ҳазрати Билолнинг ҳижронларини ҳис қилдим. Соғинч аламидан ҳазрати Савбон каби кўз ёш тўкдим. Ҳазрати Савод каби фироқ ғамига ботдим. Умматингиз учун сизнинг вафотингизданда оғирроқ мусибат йўқдир. Айрилиқда ҳам ажиб бир ҳикмат бор. Ҳижронсиз муҳаббат комил бўлмас. Фироқ маҳбубни янада қадрли қилур. Жудолик ишқни зиёда қилур. Ишқ кучайган сари маҳбубга интилиш янади ортар.  Эй Ҳабибим! Мен ҳузурингизга юрагим ғаму ғуссаларга тўлиб келгандим. Дунёнинг жабру жафолардан ҳасрат қилмоқ ниятим бор эди. Умматингиз ҳолидан шикоят қилгим бор эди. Юракдаги дардларимни тўкиб солсам, қалбимни бўшатсам, дегандим. Аммо сиз билан, саҳобаларингиз билан кечирган ушбу уч кун менга бутун дарду аламимни унуттирди. Яшаб турган дунёим ва унинг муаммоларини ёдимдан чиқарди. Бу уч кун мен гўёки саодат асрида яшадим. Бу зиёратимдан мажруҳ кўнглим анча таскин топди, сизнинг дийдорингиз дардларимга малҳам бўлди. Энди қандай қилиб яна ўз дунёимга қайтаман?! Эй Аллоҳнинг Набийси! Сизнинг олдингизда умматингиз аҳволидан жуда ҳижолатдаман. Жоним Сизга фидо бўлсин, мени ҳам, умматингизни ҳам афв этинг, узримизни қабул қилинг! Биз сизга лойиқ уммат бўла олмаяпмиз... Эй Роббим! Нақадар карамли Зотсан! Бизни мусулмонлардан қилганинг учун Сенга ҳамд бўлсин! Ислом учун, иймон учун ҳамд бўлсин! Бизни Ҳабибинг умматидан қилганинг учун ҳамд бўлсин. Қалбларимизни Ўзинг ва Расулингга бўлган муҳаббат ила тўлдирганинг учун ҳамд бўлсин! Макка ва Мадина юртларини муборак қилганинг, уларни бизга маҳбуб қилганинг учун Сенга ҳамд бўлсин! Биз ожиз бандаларингга шундай юртларнинг зиёратини насиб қилганинг учун ҳамд бўлсин! Эй Парвардигор!  Ўзингнинг ишқингда, Расулуллоҳнинг ишқларида, Макка ва Мадинанинг ишқида куйган ҳар бир бандангга мана шундай муборак зиёратни, зиёрат бўлганда ҳам, мақбул зиёратни  насиб айла!  Ўзинг рози бўладиган, даргоҳингда қабул бўладиган ибодатларга муваффақ қил! Ўзингни танишмизда, Расулингни танишимизда, дин ва сийратни билишимизда сабабчи бўлганларга, аввало Аллоҳнинг Набийси Муҳаммадга энг афзал салоту саломларимиз бўлсин! У зотнинг Оли байтларига, саҳобаи киромларига Ўзингнинг розилинг бўлсин! Барча уламоларга, хусусан сийрат олимларига Ўзингнинг раҳматинг ва беҳисоб ажру савобларинг бўлсин! Эй Аллоҳ! Эй Мужиб! Уммати Муҳаммадияга инсофу тавфиқ бер, гуноҳларини мағфират қил, уларни рушду ҳидояга бошла! Бизни Ул зотга муносиб уммат қил. Саҳобалар каби Ўзингга, Расулингга, динингга итоатда бўлишимизни насиб айла! Илоҳо, барчамизга қиёмат куни Сарвари олам байроқлари остида тўпланиш, ул зотнинг фахрланишларига арзигулик уммат бўлиш, миск бўйли муборак қўлларидан кавсар сувини ичиш, шафоатларига мушарраф бўлиш насиб этсин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрмай туриб, Ул зотга иймон келтирган, Ул зотга муҳаббат қилган барча  бандаларингни Ўзинг сийлагин! Аллоҳумма солли васаллим ва барик ала саййидина Муҳаммадин ва ала алиҳи вардо ан асҳабиҳи ажмаъин!

 

Мавзуга оид мақолалар
ГУНОҲЛАРДАН ХАЛОС БЎЛАЙ ДЕСАК...  ТАВБА Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Тавба қилишлик неъмати Аллоҳ давоми...

20:25 / 21.03.2017 3997
Кузнинг иккинчи ойи бошланди. Буёғига ҳаво ҳарорати янаям салқинлашади. Ёмғирли кунлар ҳисобига қуёш давоми...

21:07 / 19.10.2023 2618
 Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм  Бизларни бир томчи сувдан яратиб, қалбимизга иймон неъматини ато қилган давоми...

13:47 / 26.05.2017 7079
Назарбекда мусобақа ўз якунига етди Бугун Назарбек туманидаги Қуръон мусобақаси ўз ниҳоясига етди. Шу давоми...

10:45 / 13.02.2018 3810