Зеб-зийнат закоти
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Амр ибн Шуъайбнинг бобосидан ривоят қилинди: «Бир аёл қизи билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди, қизининг қўлларида олтин билагузук бор эди. Шунда (Расули Акрам) уларга: «Буларнинг закотини берасизларми?» дедилар. У: «Йўқ» деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдиларки: «Аллоҳ таоло иккалангизга оловдан иккита билагузук тақдирмоғини хуш кўрасизларми?» Улар: «Йўқ!» дейишди. (Расулуллоҳ): «Унда закотни берингизлар!» дедилар.

ИЗОҲ

Закот ёрдамлашиш, мадад беришнинг муҳим асосидир. Ишлаб топилган пулнинг, мол ва зебу зийнатнинг қирқдан бир миқдорининг фақир ва камбағалларга берилиши билан бажариладиган закот, бир йилда бир марта адо қилинадиган ибодат бўлиб, фарздир. Закот мусулмоннинг ибодатга бўлган сидқу садоқатини кўрсатгани боис «Садақа» деб ҳам аталади. Қизи билан бирга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келган аёлнинг Ансордан Асмо бинти Язид бинти ас-Сақан экани айтилади. Асмо розияллоҳу анҳонинг саҳобий аёллар орасида алоҳида ўрни бўлганлиги маълум. У бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб шундай деганди: «Мен аёллар жамоасидан элчи бўлиб келдим. Шубҳасиз, Аллоҳ Сизни бизларга – умматга Пайғамбар қилиб юборди. Бизлар Сизга иймон келтирдик ва итоат қиламиз. Биз аёллар эрларимизга итоат қилиб, уйда ўтирамиз ва ёпинғичда юрамиз. Эркаклар эса жума ва жаноза намозларига иштирок қилиш билан жамоатларга қўшилиб (савобда бизга нисбатан) устунликка эришдилар. Биз эса уларнинг бойликларини қўриқлаб, болаларини тарбияламоқдамиз. Ажабо, уларнинг савобларига биз ҳам шерикмизми, эй Аллоҳнинг Расули?» Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга юзланиб шундай дедилар: — Сиз бирорта аёлнинг динини ўрганиш мавзусида бундан кўра гўзалроқ савол сўраганини эшитдингизми? Саҳобалар: — Йўқ, эй Аллоҳнинг Расули! — дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: — Эй Асмо! Ортингга қайт ва аёлларга шуни етказ: Сизлардан бирингизнинг эрига итоат қилиб, яхши муомала қилиши, унинг кайфиятини кўтариши ҳамда эрининг кўнглига мос ҳаракат қилиши, савоб жиҳатдан санаб ўтган нарсаларингизнинг барчасига тенгдир», — деб марҳамат қилдилар. Бу хушхабарни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган Асмо розияллоҳу анҳо севинч ва бахтиёрликдан такбир ва таҳлил айтиб, ортига қайтди. Шу ҳодисадан кейин Асмо розияллоҳу анҳо «Хотибатун-нисо» (аёлларнинг хотиби) лақаби билан танилган. Яҳё ибн Саъид ал-Каттон (ваф. 198/813) тақинчоқ (зеб-зийнат)лар билан алоқадор бўлган юқорида келтирганимиз ҳадиси шарифни иснодининг саҳиҳ эканини айтган.

ҲАДИСИ ШАРИФДАН ЎРГАНГАНЛАРИМИЗ

1.Аёлларнинг билагузук, сирға, занжир каби тақинчоқларидан закот бериши.. Шунга кўра 85 грамм олтин тақинчоғи бўлган аёл (шахсан ўзиники бўлса) ундан закот бериши вожибдир. Жумладан, ҳанафий мазҳабининг фиқҳшунослари шундай фатво беришган. Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо шундай дейдилар: (Бир кун) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнимга кирдилар. Қўлимда катта-катта кумуш узукларни кўрдилар ва: — Бу нима, эй Оиша?– деб сўрадилар. Мен: — Сизнинг олдингизда безаниш учун тақдим, ё Расулуллоҳ! – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: — Яхши, уларнинг закотини берасанми? – деб сўрадилар. Мен эса: — Йўқ, — дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: — Бу – жаҳаннам олови учун сенга етарли! – дедилар. Ҳеч шубҳасиз, ривоятнинг охиридаги дўзах оташи билан қўрқитиш жумласи зеб-зийнатлардан закот бериш лозимлигини таъкидлаш, масаланинг жиддийлигини билдириш ва бу мавзуга бепарво қарайдиган мусулмонларни огоҳлантириш учундир. 2.Закотнинг ҳаётимизда жуда кўп фойда ва ҳикматлари бор. Шулардан бир нечтасини санаб ўтмоқчимиз: а) закот сармоянинг ишлатилишини ва шунга боғлиқ ҳолда кўпайишини таъминлайди. Бу жамият фаровонлигида муҳим аҳамият касб этади; б) закот – неъматлар ато этган Аллоҳ таолога шукронадир. Закот бойлар билан муҳтожлар ўртасида меҳр-муҳаббат ришталарини боғлайди, жамиятда ижтимоий ва иқтисодий мувозанатни сақлайди. Бунинг натижасида камбағалларнинг сони камаяди. Мамлакатимиз ва бошқа Ислом дунёсида закотлар жиддий тарзда ёндошилса ва ҳаққи билан адо қилинса, бугун ер юзида қорни оч киши қолмаган, моддий қийинчилик чекаётган Ислом миллати қолмаган бўларди. Закот,  бойнинг молига қоришган фақирлар ҳақидир. Шунинг учун Жаноби ҳақ: «Уларнинг мол-мулкларида соил ва маҳрум (муҳтож) кишилар учун (ажратилган) ҳақ (улуш) бўлар эди», дея буюрган. Шу боис фақирнинг қирқдан бир ҳаққини ўзлаштирган бой, молининг закотини бермаслик билан буюк бир зулм қилади ва номи золимлар қаторидан жой олади; в) закот – ихлос ва тақвонинг кўринишидир. Қуръони Каримда закот бериш Аллоҳдан қўрққан тақво эгалари бўлган мўминларнинг сифатларидан саналган, бермаслик эса мунофиқларнинг аломати экани ифодаланган: «(Улар дўзах аҳлига): «Сизларни Сақарга нима киритди?» (деганларида), улар айтурлар: «Бизлар намозхонлардан эмас эдик, мискин (бечора)га таом берувчи ҳам бўлмадик. Бизлар (беҳуда сўзларга) шўнғийдиганлар билан бирга шўнғир эдик. Жазо куни (қиёмат)ни ёлғонга чиқарар эдик, то аниқ нарса (ўлим) келгунича». Мана шунинг учун закот беришга қодир бўлган ҳар бир эркак ва аёл мусулмон молининг ва зеб-зийнатининг закотини бериш билан ўзини жаҳаннам азобидан ҳимоя қилмоғи керак. Ҳар бир мўмин ўзи эга бўлган мол-дунёсидан ҳисобга тортиладиган охират кунини унутмаслиги, у даҳшатли қиёмат кунида олтин ва кумушнинг эмас, фақатгина иймон ва ибодатнинг: намоз, рўза, закот, хайр-ҳасонот ва ҳар турли солиҳ амалнинг фойда беришини англамоғи лозим. Бу ҳақда оламлар робби бўлган Аллоҳ таоло шундай буюради:«У кунда на мол-дунё ва на фарзандлар фойда бермас. Фақат Аллоҳ ҳузурига соғлом дил билан келган кишиларгагина (фойда берур)»; г) закот – Аллоҳнинг раҳмат ва мағфиратига василадир. Жаноби ҳақ шундай буюради: «Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир». Бошқа бир оятда Роббимиз закот гуноҳларнинг кечирилишига сабаб бўлишини баён қилган: «...(Сўнгра) Аллоҳ деди: «Дарҳақиқат, Мен сизлар билан биргаман. Агарда намозни мукаммал адо этсангиз, закот берсангиз, пайғамбарларимга иймон келтирсангиз ва уларни шарафлаб, мадад берсангиз ҳамда (савобли ишлар қилиб) Аллоҳга чиройли «қарз» берсангиз, албатта, гуноҳларингизни кечаман ва остидан анҳорлар оқадиган боғлар (жаннат)га киритурман. Шундан кейин ҳам сизлардан кимки куфрга кетса, тўғри йўлдан бешак озган бўлур». Шунингдек, Қуръони Карим севги ва ҳурматга лойиқ мўмин бир инсон бўла олиш учун закот беришнинг шарт эканлигини ҳам ифода қилган: «Агар тавба қилсалар ва намозни мукаммал адо этиб, закот берсалар, у ҳолда (улар) сизларнинг дин жиҳатдан биродарларингиздир. Биладиган қавм учун оятларни батафсил баён этурмиз».

Мавзуга оид мақолалар
ЗАКОТ БЕРИШДА ХАТО ҚИЛСА, НИМА БЎЛАДИ Айтайлик, бир киши закотни беришдан олдин яхшилаб суриштирган бўлса, давоми...

14:19 / 07.10.2016 4408
embedhttpwww.youtube.comwatchvTyerWWs51zAembed

17:51 / 07.07.2015 10084
2013 йил 14 март куни Татаристон Республикаси Мусулмонлар диний идораси, араб ёзуви  хаттотлиги бўйича танлов давоми...

19:11 / 21.12.2016 4026