Рамазони шарифга оид танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм Бугун, 30 июнь, соат 9. 30 да Islom.uz порталининг muslimaat.uz сайти ҳамда forum.muslimaat.uz да, шу билан бирга muslimaat.uz сайти қошида ташкил қилиниб, Facebook ижтимоий тармоғида  фаолият юритаётган Бинту Содиқ саҳифасида Рамазони шариф муносабати билан ўтказилган бир қатор танловларнинг ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Маросимни Дилафруз Юсупова олиб борди. Тақдирлаш маросими салафи солиҳларимизнинг одобларига риоя қилган ҳолда Қуръони Карим тиловати билан бошланди. Тиловатдан сўнг навбат сайт ходимаси Гўзал Дадамуҳамедовага берилди. У muslimaat.uz сайтида  ўтказилган танловлар, шунингдек, сайтимизда Рамазони шариф муносабати билан олиб борилган ишлар жараёни ҳақида қисқача маълумот бериб ўтди.

Биринчи йўналиш – «Исломий илмингизни синаб кўринг» рукни остидаги тест савол-жавоблари танлови бўлиб, унда Қуръони Каримга ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига оид 30 та савол берилган эди.

Иккинчи йўналиш – «Рамазон ҳайитига хос бўлган ижодий ишлар» танловидир. Унда иштирокчилар байрамга аталган табрикномалар тақдим этишлари лозим эди.

Учинчи йўналиш – «Ғайридинларнинг Рамазон ҳақидаги эътирофлари» мавзуси бўйича мақолалар танлови. Афсуски, сайтимиздан фойдаланувчилар томонидан ушбу йўналиш бўйича ташаббус кўрсатилмади. Билмадик, балки бу мавзу ижодкорларга оғирлик қилдими ёки... 

Ушбу йўналиш бўйича фақат Дурдона Вафоева ўзларининг «Бахтли ҳодиса» номли ҳикоялари билан қатнашдилар.

Тест савол-жавоблари танловида: 3-ўрин Марҳамат Нажмиддинова, 2-ўрин Раъно Усмонова, 1-ўрин Муслима Қодироваларга берилди. Ижодий ишлар танловида Ғофурова Нигора ғолибликни қўлга киритдилар. Мақолалар танловининг ягона иштирокчиси Дурдона Вафоеванинг меҳнатларини рағбатлантирган ҳолда уларга ҳам аталган совғамиз бор. Марҳамат, қабул қилиб оласиз.

Тадбир давомида forum.muslimaat.uz админи Сайёра Ҳусанова сўзга чиқиб, жумладан шундай деди:

«Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Форумимизда Рамазон ҳамда мавлид ойлари муносабати билан тўрт йилдан буён турли танловлар ўтказиб келинмоқда. Ушбу анъанага мувофиқ жорий йилда ўтказилган ўн кунлик савол-жавоблар кўринишидаги танловимиз ҳам жуда қизғин тарзда ўтди. Шу ўн кун давомида ҳар куни саҳарлик вақтида тўрттадан саволлар бериб борилди. Жавоблар эса ўша куни ифтор вақтигача қабул қилинди. Натижаларни аниқлаш жуда қийин кечди. Сабаби, иштирокчиларнинг кўплари саволларга атрофлича жавоб юборишга ҳаракат қилишган.

Танловдан мақсад фақат ғалаба эмас, оз бўлса-да, билимларимизни ошириш, илм ва маърифатга, китоб ўқишга тарғиб қилиш эди. Умид қиламизки, ниятимиз озми-кўпми, амалга ошди. Мусобақамизда форумимиз фойдаланувчиларидан 28 нафари қатнашиб, улардан кўплари жуда фаол иштирок этдилар. Юқори баллар йиғишга муваффақ бўлдилар.

Танлов натижаларига кўра:

1-ўрин Гулирайхонга,

2-ўрин Мужгонга,

3-ўрин Дилзода ҳамда Умму Фотималарга насиб этди.

Танлов ғолибларининг илмларини Аллоҳ зиёда қилсин, ҳар бир илмни амали билан берсин.

Барча қатнашчилардан Аллоҳ рози бўлсин, хайрли ишларда ҳамиша фаол бўлиб юришларини Ўзидан сўраймиз...»

Шундан кейин сўз  Facebook ижтимоий тармоғининг Bintu Sodiq саҳифаси танловида иштрок этиб, ғолибликни қўлга киритган Ойбек Ишниязовга берилди. У сўзининг давомида жумладан қуйидагиларни айтди:

«Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Бизларга илм ўрганиш ва ўргатишни фарз қилган ҳамда илм туфайли бизларни ушбу даврада жам қилган Аллоҳ таолога ҳамду саноларимиз бўлсин.

Илм ўргатишда чиройли намуна бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломларимизни йўллаймиз.

Авваламбор, сизларни ўтган Ийди Рамазон билан муборакбод этаман. Аллоҳ ўтган Рамазон ойида қилган ибодатларимизни қабул айлаб, ажру савобларини батамом қилиб берган бўлсин ва кейинги Рамазон ойларига барчамизни соғ-саломат етказсин.

Мусобақа ҳақида гапиришдан олдин бизга улкан илмий мерос қолдирган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳазратларини эсламаслик тўғри бўлмайди. У кишининг ҳақларига ҳар доим дуодамиз. Аллоҳ ҳазратимизни раҳмат қилсин, Ўзи мағфират этсин.

«Бинту Содиқ» саҳифасини доимий кузатиб борувчи сифатида саҳифа орқали улашилаётган илм ва уюштирилаётган тадбирлар бизлар учун манфаатли бўлаётганини, қалбимизни нурга тўлдиришга хизмат қилаётганини айтиб ўтмоқчиман. Бунинг учун ташкилотчи устозларимиз, хусусан, Одинахон муаллимамизга ташаккуримизни айтамиз. Устозларимизнинг қилаётган хайрли ишларида Аллоҳ таолонинг Ўзи ёрдамчи бўлсин, Ўзи мукофотласин.

Рамазон ойидаги мусобақага тўхталадиган бўлсак, нафақат ундаги ғолибларни, балки барча қатнашчиларни табриклаймиз. Чунки мусобақа иштирокчилари қалбида Аллоҳга нисбатан муҳаббат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан муҳаббат, Исломга нисбатан муҳаббат, илмга нисбатан муҳаббат бор ва Аллоҳнинг бу неъматлар билан бизни ризқлантирганининг ўзи биз иштирокчилар учун улкан муваффақиятдир. Мусобақанинг асосий мақсади эса юқоридагиларнинг тасдиғи сифатида қатнашувчилар қалбида китобга нисбатан муҳаббатни уйғотиш ва кучайтириш эди, деб ўйлайман. Ва бунга эришилди, деган чиройли умидим бор.

Сўзим сўнгида мусобақа ташкилотчилари, қатнашувчилари ва унга алоқадор бўлган барча кишиларга ташаккур айтаман. Аллоҳ холис амалларимизни Ўзи мукофотласин. Шундай ажойиб мусобақалар бардавом бўлсин. Сафларимиз кенгайсин.

Қимматли вақтингизни ва диққатингизни аямай, сўзимни тинглаганингиз учун яна бир бор ташаккурларим бўлсин».

Устозимиз Одинахон Муҳаммад Содиқ танлов ғолибларига аталган шаҳодатнома ва эсдалик совғаларни ўз эгаларига тақдим этдилар.

Ниҳоят, сўз сайтимизда эълон қилинган мазкур танловларни уюштириб, ушбу ишларга бош-қош бўлган, падари бузрукворларининг ишларини давом эттиришга астойдил бел боғлаган, халқимизнинг илмий-маърифий саводхонлигини, савиясини ошириш йўлида тинимсиз ҳаракат қилиб, жон куйдираётган устозимиз Одинахон Муҳаммад Содиққа берилди. У киши барча иштирокчиларга ўз миннатдорчиликларини билдириб, ғолибларни муборакбод этдилар, уларга ўзларининг самимий тилакларини билдирдилар. Шунингдек, сўзларининг давомида ўзларини қийнаётган баъзи масалалар, жумладан, халқимиз ўртасида китобга бўлган эътиборнинг камайиб бораётгани борасида куюниб гапирдилар.

Тадбир сўнгида Бинту Содиқ  саҳифасида ўтказилган 11 та хатми Қуръон якунланиб, у киши томонларидан хайрли дуолар қилинди.

 
Мавзуга оид мақолалар
embedhttpswww.youtube.comwatchvRF0x3RT0osfeatureyoutu.beembed

12:08 / 05.06.2018 3326
Исломий ўқув муассасаларининг барпо қилинишида аёлларнинг ўрни катта бўлган. Масалан, Фотима алФихри 859 давоми...

14:55 / 16.02.2017 3985
«Агар сабзини тўғрамасдан, бутунлигича қайнатилса, саратон хасталиги олдини оладиган моддалар унинг ичида давоми...

20:45 / 13.12.2016 4558
Кунига ўн оятдан ёдланса, 1 йилу 9 ойу 3 кунда.Кунига ярим бетдан ёдланса,3 йилу 4 ойу 24 кунда.Кунига бир бетдан давоми...

21:48 / 03.04.2023 2356