Рамазонда таом тайёрлаш одоби
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рамазонда таом тайёрлаш одоби

Рўзанинг кўп хислатларидан бири инсоннинг ейиш-ичиш талабларини изга солишга катта хизмат қилади. Инсон нафс балосидан қутилиб, иймон ва эътиқод билан рўза тутса, Аллоҳ таоло уни тақводорлардан қилади.

Рамазон ойида саҳарлик ва ифторликка таом тайёрлаш ҳар биримиздан ўзгача эътиборни талаб этади. Ҳар бир амалнинг одоби бўлгани каби таом тайёрлашнинг ҳам ўз одоб ва меъёрлари мавжуд. Хўш, таом тайёрлашни қайси одобдан бошлаш керак? Албатта, таом тайёрлаш учун озиқ-овқатларни ҳалол, пешона тери билан ишлаб топилган сармоядан харид қилишдан бошлаш керак. Ундан кейин масаллиқларнинг ҳалол ва пок бўлиши муҳимдир. Зеро, мана шу одоблар рўзадорларнинг рўзаларини, дуолари қабул бўлиш-бўлмаслигини ҳал қилади.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломга: «Эй Аллоҳнинг Расули, дуо қилинг, Аллоҳ мени дуоси қабул бўладиганлардан қилсин», дедилар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: «Эй Саъд, таомингни ҳалол қил, дуоси қабул бўладиган бўласан. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот билан қасамки, бир одам ҳаром луқмани қорнига ташласа, Аллоҳ унинг дуосини қирқ кунгача қабул қилмайди. Қайси банданинг гўшти ҳаромдан ва рибодан ўсса, унга дўзах муносибдир», дедилар.

Рўза кунларида тайёрланадиган таомлар одатий, кунлик  таомлар бўлиши мақсадга мувофиқдир. Рўзадорларни хушнуд қилиш учун тайёрланадиган лазиз, тансиқ таомларни тановул қилишнинг ҳеч қандай кароҳияти йўқ. Баъзи бузуқ табиатли одамлар яхши таом истеъмол қилмасликни тақводорликнинг чўққиси сифатида кўрсатишга уринадилар. Аллоҳ таоло фақат емиш ғамида, доимо унинг лаззатлисини ахтарувчи қорин бандаси бўлишни қоралаганидек, лазиз таомлардан ўзини тийиб, сифатсизинигина ихтиёр қилишни ҳам қаттиқ қоралайди. Еб-ичиш гуноҳ эмас, исроф қилиш гуноҳдир.

Имом Бухорий келтирган ривоятда ҳазрат Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер», деганлар. Бу, аслида, тўғри. Аммо керагидан ортиқ емоқ ҳам исрофдир. Еб-ичиш керак экан, деб қорин бандаси бўлиш ҳам Исломга, мусулмонга муносиб эмас.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Имом Термизийлар Миқдом ибн Маъдийкараб ал-Киндий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони қориндир. Одам боласига қаддини тургизадиган емаклар етади. Агар жуда лозим бўлса, таоми учун учдан бир, шароби учун учдан бир ва ҳавоси учун учдан бир», деганлар. Ислом ҳар бир соҳада мўътадиллик йўлини тутганидек, озиқ-овқат масаласида ҳам мусулмонлардан мўътадил бўлишни талаб қилади.

Бундан ташқари, кўпгина опа-сингилларимиз ҳомиладорлик, фарзанд эмизиш ҳамда ҳайз ва нифос кўриш сабабларидан рўза тутмай туришади. Ана шундай кунларда рўзадор бўлган оила аъзоларига ширин-ширин таомлар тайёрлаб берсалар, рўзғорга келтирилган масаллиқларни исроф қилмаган ҳолда чиройли тадбир қилсалар, катта савобга эга бўладилар. Негаки, баъзи аёллар ўзлари рўза тутмаганлари боис саҳарлик ва ифторлик дастурхонига, рўзадорлар ҳақларига бепарво бўладилар. Эрта туриб хизмат қилишга харис бўлмайдилар, кечки пайт овқатланиш вақтига риоя қилмаслик ила дангасалик қиладилар. Аксинча, рўза тута олмасалар ҳам, хизматларини аямасалар, турмуш ўртоқлари, қайнона ва қайноталарининг дуоларини олиб, катта ажрларга эга бўладилар. Рўза тутиб бериш бўйинларидан соқит бўлмаса-да, рўзадорларга ваъда қилинган савобларга эришадилар, иншааллоҳ!

Г.Қурбонова,

«Хадичаи Кубро» аёл-қизлар

ўрта махсус Ислом билим юрти

мударрисаси

Мавзуга оид мақолалар
Aллоҳ таоло иймон аҳлига ният суратида шундай кимёвий элементни ато этганки, у ёрдамида инсон озгина давоми...

20:39 / 13.12.2016 6511
Ривоятларда айтиладики, ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом бир куни ўғиллари ҳазрати Исмоил алайҳиссаломни давоми...

21:00 / 24.12.2019 3968
Фарғона вилояти бўйича ўтказилаётган яна бир Қуръон мусобақаси Бешариқ, Ўзбекистон ва Фурқат туманлари давоми...

12:05 / 07.02.2018 2553
       Инсоннинг яралиши ва унинг эркакаёл жуфтлигидан иборат бўлиши ҳақида одамларда турли қарашлар бор. давоми...

20:36 / 05.02.2017 10755