Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ўн саккизинчи кун...
Ассалому алайкум! Мана бугун Рамазоннинг ўн саккизинчи куни!
Кеча бозордан қайтгач ифтор вақтида уйимизга кичик холам келдилар. Кечқурун уйга кетаётиб менга қараб:
- Муҳаммад Айюб! Юр бизникига! Жиянларинг билан ўйнайсан. Бир икки кундан кейин поччанг олиб келиб қўядилар!? - дедилар.
Мен ва ойин дадамга қарадик. У киши бошларини салгина чайқаб рози эканликларини билдирдилар. Кейин эса холажоним билан бирга кетдим. Уларникига етиб борганимизда жиянларим ўйнаб ўтиришган экан. Кириб поччамга салом бериб кўришдим. Кейин жиянларим билан ўйнаб ўтирдик. Бир вақт қарасам хуфтом вақти кириб бўлибди. Бориб қарасам поччам билан холам телевизор кўриб ўтиришибди. Ҳайрон бўлдим. Наҳотки поччам дадамга ўхшаб таровеҳ намозига чиқмасалар? Ҳаттоки хуфтон намози вақти кириб ҳам бўлди. Лекин парво ҳам қилишмаябди. Кейин ўзим таҳорат олиб, намозимни ўқидим. Одатда ўқиб бўлгач, саҳарликка эртароқ туриш учун ваҳлироқ ухлардик. Лекин бу ерда ундай эмас экан. Нима қилишимни билмай, холамниниг ўғилларидан қаерда ухлашимни сўрадим. У кўрсатган жойга ётиб ухладим.
Тунда ухлаб ётганимда қўлимдаги соат жиринглади. Қарасам саҳарлик вақти бўлган экан. Ҳайрон бўлдим. Менимча дадам бураб қўйган бўлсалар керак.
Ўрнимдан туриб юзимни ювдим. Лекин негадур мендан бошқа ҳеч ким турмасди. Ошхонага кириб чироқни ёқдим. Ҳали ҳам ҳеч ким йўқ. Секин чой қўймоқчи бўлдим. Лекин газни ёқишни билмайманку. Эҳҳ нима қилишимни билмай тургандим холам уйқисираб чиқдиларда менга қараб:
- Ҳа Айюб нега турдинг? Чанқадингми, ёки ўрнингни ҳўл қилиб қўйдингми? - дедилар. Мен эса:
- Йўқ хола чанқамадим. Ахир кап-катта болманку! Нега ўрним ҳўл бўлсин!? - дедим. Шунда холам:
- У ҳолда нега турдинг ярим кечада!? - дедилар. Ҳайрон бўлдимда кейин холамга қараб:
-Билмайсизми хола? Ахир саҳарлик вақти бўлдику, - дедим. Холам эса:
- Ҳа я! Сен рўза тутар эдинга? Эсимдан чиқибди, - дедилар. Шунда мен:
- Хола фақат мен эмас, сиз ҳам, поччам ҳам тутишилар керакку, - дедим. Холам эса:
- Буни сенга ким айтди? - дедилар. Шунда мен:
- Дадам ва ойимнинг айтишларича, ҳар бир катта одам касал бўлмаса рўза тутиши керак экан. Тутмаса гунох бўлар экан. Билмайсизми хола? - дедим. Шу пайт ошхонага поччам кириб келдилар. Бизни гапимизни эшитиб қолибдилар. Киришлари билан холамга:
- Дарров ейишга нарса тайёрла. Мен болаларни уйғотаман. Айюб сен холангга ёрдамлашасанми? - дедилар. Мен:
- Ҳа, албатта ёрдамлашаман! - дедим. Кейин холам икковимиз овқат тайёрладик. Жиянларим туришган биргалашиб саҳарлик қилдик.
Кейин билсам холамнинг уйларида мен боришимдан олдин рўза тутишмас экан. Энди эса улар ҳам ҳар доим рўза тутамиз дейишди.